ADOLAT 24

Саъдулла Ҳаким: “Қўшиқлар ёнади юлдузлар каби…”

Бугунги “Машҳурларнинг аёллари” саҳифаси меҳмони Жиззах вилоятининг Фориш туманида камолга етиб, Тошкентда ижод қилган, ўзининг “Ҳамал тонглари”, “Сен кутган баҳор”, “Кўҳна ҳақ!”, “Ёз оқшоми”, “Кўнгил юзи” каби ўндан ортиқ шеърий тўпламлари, “Эсимда қолган кунлар”, “Атом қаърига саёҳат” каби публицистик асарлари, жаҳоннинг машҳур шоирлари ижодидан таржималари ва дилтортар қўшиқларга айланган шеърлари билан халқимиз кўнг­лидан жой олган, ўзбек журналистикасида ўз ўрнига эга, бир қатор газета ва журналларда мухбирликдан муҳаррирликкача бўлган йўлни босиб ўтган, Ўзбекистон Республикаси Президенти девонида, Ўзбекистон Ёзувчилар ва Журналистлар уюшмаларида масъул вазифаларда фаолият юритган, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган маданият ходими Саъдулла Ҳакимнинг (Аллоҳ раҳматига олган бўлсин!) турмуш ўртоғи, “Дўстлик” ордени сохибаси Санталат ая Ҳакимовадир.  

– Санталат ая, умр – оқар дарё, дейи­шади. Аммо инсоннинг ўзи улуғ ёшга етса ҳам ҳеч унута олмайдиган, ич-ичидан соғинч туядиган, ҳеч нарсага ўхшамайдиган, юрагининг, хотираларининг энг гўзал зарварағи сифатида эъзозлаб қўмсайдиган паллалари бўлади. Сиз учун улар нималар билан боғлиқ? 

– Олис болалигим, бетакрор ёшлигим – менинг ҳаётимнинг бетимсол гўзаллиги. Уни эсласам Нурота тоғлари бағрида жойлашган Гараша қишлоғимиз кўз олдимда гавдаланади. Қўни-қўшнилар жуда аҳил ва иноқ яшардик. Қишлоқда ҳамма бир-бирини яхши танир, кимнинг нечта боласи бор, шароити қанақа, ҳатто кимнинг қўрасида қанча қўйию моли борлигигача билишарди. Одамлар орасида бой, камбағал тушунчаси йўқ, деярли ҳамма бир хил турмуш кечирарди. Шунинг учун бўлса керак, қишлоқдошларимизнинг ҳаммаси содда ва самимий, жуда бағрикенг ва қўли очиқ инсонлар эди. Назаримда ичиқоралик, қизғанчиқлик каби иллатлар йўқ эди, ҳамма бир-бировига ёрдам бергиси, яхшилик қилгиси келар, тўю маъракалар ҳам оддийгина, дабдабасиз ўтар, ҳеч ким хонадон эгасининг дас­турхони ёки камчиқимлигига эътибор қаратмасди. Бир сўз билан айтганда, йиғласа чин дилдан йиғланар, кулса юракдан кулишар эди… 

Ёзги таътил пайти қишлоғимиз, маҳалламиз қизлари жам бўлиб, қашқар гилами тўқирдик. Қўшни Жашман момо, Момогул момо, Турсинтош момо, Карам момо, Ҳурлиқо момо, Қантар хола, Мухтасам холаларни эслайман. Улар бир-биридан доно, оқила аёл эдилар. Қизларнинг келинлик вазифаларини бажариши, оиласидагиларга, ён-атрофдагиларга муомаласи, турмуш ўртоғига муносабати, ҳурмати қандай бўлиши кераклиги борасида, аниқроғи, бахт­­ли бўлиш сирларини улардан ўрганганман. Улар кўплаб ҳикматли сўзлар, ривоятларни урчуқ йигириб ўтириб айтиб беришарди. Бир гилам битса, бошқа қўшниникида гилам тўқишни бошлардик, шу тарзда ёз бўйи беш-олтита гилам тўқиларди… 

– Менимча, бўйи етган қизлари бор хонадонларда, албатта, қизларнинг сепи учун гилам тўқилган. Сиз ҳам тўйингизга атаб гилам тўқиганмисиз? Ўз меҳнатинг билан тўйинг учун гилам тўқиш ўзгача завқ берса керак-а? Ўша гиламлар сақланганми?

– Ҳа, албатта, тўйимга иккита гилам тўқиганман. У гиламлар ҳозир ҳам уйимизда турибди. Ўз қўлинг билан гилам тўқиш завқли иш, уч-тўрт қиз, момолар билан бирга тўқийсан, ҳангомалар, қизиқ ривояту эртакларни эшитиб, гиламни тугатиб қўйганингни сезмай қоласан. 

– Ёшликда олинган билим тошга ўйил­ган нақш кабидир, деган ҳикмат бекорга айтилмаган. Ҳунар ҳам шундай. Демоқчиманки, ҳозир ҳам гилам тўқий оласизми? Бу одат қишлоқда бугунги кунда ҳам мавжудми?

– Албатта, ёшим етмишдан ошган бўлса-да, ҳозир ҳам бемалол гилам тўқий оламан. Лекин бугун қишлоқда гилам кам тўқилади, сабаби – ҳеч ким урчуқ йигирмайди, чунки гиламни тез ва сифатли тўқийдиган технологиялар кириб келди. Лекин мен барибир ўша урчуқда йигирилиб, қўлда тўқилган гиламни соғинаман. Балки бу ёшлигимга бўлган соғинчдир. Болаликда қизлар томма-том ошиб қўни-қўшниларни йўқлагани борардик, қишлоғимиздаги кекса момолардан хабар олардик, бир сиқимгина туршак, битта-иккитагина иссиқ нон ёки боғимизда пишган мева, ҳатто қуруқ қўл билан бўлишининг фарқи йўқ эди, бирон юмуши бўлса ёрдамлашиб келардик. Ўша момоларни қўмсайман, уларнинг ҳикматли сўзларини эслайман. Биз қишлоқ қизлари меҳнат билан тарбия топганмиз. Ота-онам раҳматли тўқсондан ошиб дунёдан ўтишди, барибир уларни қўмсайман. Ота-онамни, уларнинг хислатларини, сўзларини, берган тарбияларини эслаб, соғинаман. Уларни эсласам ўзимни боладай ҳис қиламан.

– Ёшлик – орзулар фасли. Қиш­лоқнинг кенг ҳовлисида, узун ёз оқшомлари дугоналарингиз, опа-сингилларингиз, ака-укаларингиз билан осмон тўла юлдузларга термулиб, келажагингиз ҳақида нималарни орзу қилардингиз? 

– Мактабда аъло баҳоларга ўқиганман. Отам мактабда муаллимлик қилганлари учун бола тарбиясида меҳнатсеварликка, интизомга эътибор берарди. Аммо тоғ ён бағридаги қишлоғимиз марказдан анча узоқ бўлгани сабабли қизларни ўқишга камдан-кам жўнатишар эди. Мен шифокор бўлишни хоҳлаганман, биология, химия фанларини севиб ўқирдим. Оилада 11 фарзанд – етти ўғил, тўрт қиз эдик. Отам раҳматлик орамиздан фақат кенжа синглимизни ўқитди, аммо ўғилларнинг ҳаммаси олий маълумотли бўлишди. Табиийки, қиш­лоқдаги шароит шаҳардан катта фарқ қиларди. Ёзда ҳаммамиз супада ухлардик, тоза ҳаво жон роҳати эди. Юлдузларга термилиб, уларни санаб чарчамасдик. Қўшнимиз Қорақош момомнинг ўғли даштда, олисда ишларди. Момом бизни оқшом пайти уйига чақириб оларди. Тун бўйи жуда кўп эртакларни айтиб берарди. Эртак­ларда эса ҳамма орзулар ушалади. Улар болаларни орзу қилишга ва уларнинг рўёби сари интилишга ўргатади. 

– Турмушга чиқаётганингизда кўпроқ нималарга эьтибор қаратгансиз ёки тақдирингизни ота-онангиз танловига ишониб топширганмисиз?

– Ота-онам ихтиёри билан турмуш қурганмиз. Биз қишлоқ қизлари ёшликда турмуш ўртоғимиз қандай бўлиши ҳақида ўйламаганмиз. Ҳамма қизлар ота-онаси розилиги билан узатилар эди. Бешикдалик вақтимда раҳматли қайнотам ва отам мени турмуш ўртоғимга “бешиккерти” қилиб қўйишган, яъни унаштириб қўйишган. Бу урф-одатга кўра, “бешиккерти” қилинган қизга бошқа совчилар боришмаган. Саъдулла ака билан болаликдан бирга ўсдик, юқори синфларда ҳам бир мактабда ўқиганмиз. 

– “Бешиккерти” ҳозир хам сақланганми?

– Йўқ, бу одатлар ҳозир йўқ бўлиб кетган менимча. Балки, қишлоқларда бўлиши мумкиндир, яна билмадим.

– Бу одат қанчалик тўғри ёки нотўғри деб ўйлайсиз? Унинг афзаллик томонлари нимада? Бугунги кунда бир-икки кўришиб ёки кўнгил бериб турмуш қуришади. Лекин барибир оилаларда тушунмовчилик бўлиб, ажрашишлар сони анча юқори даражада эканлиги ҳеч кимга сир эмас.

– Чунки ёшлар бир-бирини билганга ўхшайди-ю, лекин қисқа муддатда инсон бир-бирини яхши ўргана олмайди. Бунинг устига оилалари бир-биридан фарқ қилади, қарашлар, тушунчалар мутлақо бир-бирига ўхшамайди. Ёшлардан кўра ота-оналар кўпни кўрган, узоқни кўра олади. “Бешиккерти” одатига кўра, бир-бирини, оиласини, яшаш тарзини яхши билган ота-оналар қуда бўлишни ният қилиб, чақалоқларини унаш­тириб қўйишган. Улғайгач, фарзандлар ҳам ота-онасининг гапини икки қилишмаган. Ота-она амри, оила муқаддас деб қаралган. Натижада, оилалар мустаҳкам бўлган. Икки оила бир-бирини яхши билгани учун тўйдан кейин муаммолар пайдо бўлмаган. Бугун кўп нарсалар ўзгариб кетди, одамлар ҳам бошқача фикрлайди. 

– Ўзингиз келин танлаганда нималарга эътибор қаратгансиз?

– Келинларим филолог, тилшунос. Бирини болаликдан биламан, яна бирининг онасининг фикрлари, дунёқарашлари ўзимга ўхшатганим учун ақлли онанинг қизи ҳам ўзидай бўлади, деб келин қилганман. Иккала келинимни ҳам ўз боламдай яхши кўраман. 

– Саъдулла ака билан узоқ йиллар бирга яшагансиз, оғир-енгил кунларда ҳамиша бирга бўлгансиз. У кишининг қандай хислатларини қадрлар эдингиз? 

– Турмуш ўртоғим билан эллик йил бирга яшадик. У киши маданиятли, маърифатли, пиру бадавлат кексалари бор оилада туғилиб ўсган. Оталари Ҳаким бобо эски ёзувда Яссавий, Машрабларни ўқийдиган, боғбон, табиб инсон бўлганлар. Давлат тайёрлов идорасида ишлаганлари боис болаликдан Саъдулла акани ўзи билан бирга тоғу тош, қиру адир ошиб, эл ичида кўп олиб юрганлар. 

Саъдулла ака назари тўқ, бағрикенг, халққа, одамларга муҳаббати баланд, сахий инсон эдилар. Оғир, вазмин, босиқ, таъби нозик, инсон кўнглини яхши тушунар, барчани ўзи каби оқкўнгил, деб билардилар. Ғийбатни сира хуш кўрмас, ёлғончи, фириб берадиган кишилардан қаттиқ ранжирдилар. “Бекатлар” шеърида:

Ўқдай учиб борар ҳаёт поезди,

Замонлар ўзгадир, суръат ҳам ўзга.

Томирларда ёнар ўт-оташ қонлар,

Бекатлар нур каби урилар кўзга.

Кимдир китоб ўқир,

Мудрайди кимдир,

Кимдир шеригини гапга солади.

Қоп-қора шарпадек судралиб кимдир

Ғийбат бекатида тушиб қолади.

Бир бола эргашар унинг ортидан,

Миямга уради қоним гупуриб:

“Болажон, бу сенинг бекатинг эмас,

Қайт!” дейман йўлида кўндаланг туриб.

Меҳнат бекатида зийнат бўлакча,

Чаноқлар порлайди чироқлар мисол.

Ўн бир фарзандини чорлар йўлакка

Ялангқат яктакли, дўппили бир чол.

Қўшиқлар ёнади юлдузлар каби,

Гоҳи шўх, гоҳ ҳазин янграр наволар.

Фақат кутиб олар севги бекати

Ва армон бекати кузатиб қолар.

Не қизиқ, қизиқдир фалакнинг иши,

Кошкийди, кўрганим бўлса афсона.

Имон бекатидан чиққан бир киши

Бўҳтон бекатига бўлар равона.

Йўл азоби оғир.

Ўйлайман босим,

Йўлдан озмасликка сабрим етарми?

Мол-дунё бекати ўтилгач босиб,

Бўшаб қолар гавжум вагоннинг ярми.

Бекатнинг сўнггиси – умр аро қутб,

Биродар, толсаму зўр келса уйқу,

Ўтинчим, бир оғиз огоҳ қилиб қўй,

Виждон бекатидан кетмайин ўтиб! –

деб ёзганлари бежиз эмас.

Саъдулла ака Ватанни, халқнинг дардини кўпроқ ўйлар, эл-юрт ташвишларини кўпроқ қайғурар эдилар. Мен рўзғор ишларини қилишда уларнинг маслаҳатини олиб, ўзим бажариб кетаверардим.

– Тошкентга янги кўчиб келган пайт­ларингизда, иқтисодий оғир шароитларда, бунинг устига яқинларингиздан йироқда яшаш, фаровон турмушга эришиш осон бўлмагандир?

– Тошкентга келган пайтимизда кўпчилик қатори ижарада яшаганмиз, лекин буни қийин­чилик, деб ҳисобламас эдик. Саъдулла ака пойтахтда иш бош­лаган чоғларида жуда тинч ва бахт­­ли яшаганмиз. Ижарада турсак ҳам уйимиз у кишининг дўстлари ва қадрдонлари билан тўла бўлар эди. Моддий нарсалар ҳақида қайғурганларини сира эслолмайман. Ҳаётда барчасига сабру қаноат ва шукрона билан эришдик.

– Оилада ким кўпроқ болалар тарбия­сига масъул эди?

– Оилада болалар тарбиясида асосий йўналишни Саъдулла ака берардилар. Болаларнинг дарсини назорат қилиш, ювиб-тараш каби ишлар менинг зиммамда бўлган. Лекин турмуш ўртоғим ҳамиша фарзандларига вақт топардилар, ҳар куни янги китобларни, газета ва журналларни оила даврасида, болалари билан бирга мутолаа қилиш одатлари бор эди. Китоб­лардаги ибратли воқеаларни менга ва фарзанд­ларига ўқиб берар, невараларига доим китоб совға қилардилар.

– Эр-хотин орасида, хоҳлайсизми-йўқми, баъзида тушунмовчилик­лар содир бўлиб қолиши табиий. Устоз билан сизнинг орангиздаги бундай ҳолатларда аразларни ким биринчи бўлиб бартараф этар эди?

– Тушунмовчиликлар бўлган пайтларда бироз муддат гаплашмай қўярдик. Аммо аёл бўлганим учунми, ишқилиб, ўртадаги жимликни биринчи бўлиб мен бузар эдим. Агар меҳмон келиб қолса-ку, нур устига нур бўларди – дарров ярашиб кетардик. 

– Турмуш ўртоғингиз касб тақозоси билан кўпинча уйга кеч келиши, сафарларда бўлгани табиий. Бунга қандай қарардингиз? Болаларнинг касалланиши, етишмовчилиги дегандай…

 – Қишлоғимизда эркаклар азал-азалдан аёлларга ҳисобот бермаган, эркаклар ҳамиша хотинлардан бир поғона юқори ўринда турарди. Оиламизда ҳам шундай бўлиши табиий ҳол. Ўзаро ишонч қалбимизда доим бўлган, деб ўйлайман. Турмуш ўртоғимнинг узоқ сафарларда бўлишини оддий қабул қилганман. 

У киши умрининг охирига қадар халқ хизматида бўлди, чарчаган вақтларида ҳам буни сездирмасди. Ҳаёт ташвишларида доим ёнларида кўмакчи бўлишга уринганман, қийинчиликлардан, етишмовчиликлардан нолишни ўзимга эп кўрмаганман.

– Устоз Саъдулла Ҳаким бир қанча масъул вазифаларда фаолият кўрсатганлар. Мансаб у кишини қайси томонга ўзгартирган? Албатта, шундай пайтларда “дўстлар”, “таниш-билиш­лар” кўпайиши табиий. Шундай манфаатпараст “янги дўстлар”га, хушомадгўйларга муносабати қандай эди?

– Саъдулла ака жуда камтарин инсон эдилар. У киши қайси лавозимда ишламасин, дўстлари, қадрдонлари учун ҳамиша “Ўша-ўша Саъдулла” бўлиб қолавердилар. Бу ҳақда “Кўрганларим” шеърида:

Баландман, деб кибр этмадим пастни кўрсам,

Гул вақтини алқаб ўтдим хасни кўрсам.

Қайда нодон, хода ютган касни кўрсам,

Этак силкиб, тўрт қир нари қочганларим, – 

деб ёзганлар.

– Саъдулла ака нафақат публицист, балки қўшиқчи-шоир сифатида ҳам эл эътиборига тушган. Ўз шеърлари асосида айтилаётган қўшиқлардан кўнгли тўлармиди?

– Ўзлари ҳам мактабда пайтларданоқ рубоб чалиб қўшиқ айтганлар, яхшигина овоз эгаси бўлганлар. Болаликда кўпкариларда Маъмуржон Узоқовнинг ашулаларини айт­ган пайтлари бўлган. Кўплаб шеър­лари қўшиқ қилиб айтилгани рост. Ўзлари ҳам уларни севиб хиргойи қилар, гоҳо меҳмонларга рубоб чалиб, қўшиқ айтиб берар эдилар. Агарда қўшиқларнинг бирор жойи маъқул бўлмаса ҳам буни ҳеч қачон ҳофизларнинг юзига айт­маганлар. Зарур бўлса, чиройли лутфу ҳазил қилиб, фикрларини малол келмайдиган қилиб етказардилар. 

– Устознинг ота-онасига, яқинларига бўлган меҳр-муҳаббати, муносабати нималарда намоён бўлар эди?

– Ота-оналарини жуда ҳурмат қилар эдилар. Уларга атаб ёзган шеърларида ҳам ҳурматини кўриш мумкин. Мана бу сатрларда ота ўгити шеърга солинган:

Мен боламни ўйламай ҳарчанд,

Отажоним ёдимга тушар.

Дуоларим эшитмас гарчанд,

Дуолари ёдимга тушар:

“Эл корида бўл мисоли қанд,

Ўзи эриб чойга тот қўшар”.

Дуоларим ўшал дуолар, –

Мендан нима боламга қолар?

Вилоятимизга борса фурсат бўлди, дегунча қишлоққа кириб, онасини, жигарларини, дўстларини зиёрат қилишни канда қилмасдилар. Қишлоғимизга йўл олганларида дунёларга сиғмай кетардилар. Қавму қариндошига меҳр-оқибати жуда баланд бўлиб, барчаларининг невара, чевараларигача исмини билар эдилар. Жуда болажон бўлганлари сабабли невараларининг мактабдаги тадбирларига алоҳида тайёргарлик кўриб, ўзлари борардилар. Саъдулла ака билан суҳбатлашган одамнинг у кишига, албатта, меҳри тушарди. 

– Алоҳида аҳамиятга эга кунларда сизни қандай хурсанд қилардилар, нималар совға қилишни яхши кўрардилар? 

– У киши байрамларга, тантаналарга жуда этиборли бўлиб, оилада яқинлари, фарзандлари, невараларининг – барчанинг шукрона кунларини бирор марта унутиб қўймас, ҳаммани муносиб совға, таб­рик билан йўқлаб бориш одатлари бор эди. Менга байрамларда ҳамиша гул совға қилардилар. 

– Ҳаётда тушкунликка тушган вақтлари бўлганми? Руҳий зарбалардан қандай чиқиб кетар эдилар?

– Турмуш ўртоғимнинг бирон марта тушкунликка тушиб, ўзини йўқотиб қўйганларини эслай олмайман. Руҳий зарбаларни шеър ёзиб, дардини қоғозга тўкиб, енгиб кетардилар. Атрофдагиларнинг ҳам дарҳол руҳини, кайфиятини кўтаришни уддалардилар. Тўғриси, тунд, қовоқ солиб юрганларини эслолмайман. 

– Ёшликда қилган хатолар… Ҳар бир инсонда бўлиши мумкин бўлган афсуслар, армонлар… Агар шу умрни қайта яшаш имкони бўлганида қандай яшаган бўлар эдингиз?

– Мен қишлоқда интилувчан, қизиқувчан, меҳнатсевар қиз бўлиб вояга етганман ва кейин афсусланадиган хатолар қилмаганман. Қишлоқда ўқитувчилар алоҳида ҳурматга лойиқ одамлар ҳисоб­ланарди. Балки шунинг масъулияти ҳам бизни ҳамиша тўғри йўлга бошлаб тургандир. Ҳозир ҳам туғилган қишлоғимизни ва элимизни соғиниб яшайман, шунгами яна яшаш имкони бўлганида, яна худди шундай яшаган бўлардим…

– Инсон ортида унинг чироғини ёқувчилар, ишларини давом эттирувчилар, яратган яхшилик боғини парваришловчилар бўлса, демак, у ҳаётда бекор яшамабди.

– Беш фарзандимиз бор. Қизларим Фотима-Зуҳра филолог, Барно олий тоифали шифокор, ўғилларим Ойбек ҳуқуқшунос бўлса ҳам шеъриятга ошно қалб эгаси – болаликдан шеърлар ёзади. Дурбек ўғлим иқтисодчи. Ҳаммаси оилали, ҳаётда, жамиятда, оилада ўз ўринларига эга. 16 нафар невара, икки нафар чеварамиз бор. Неварам Лола бобосининг касбига қизиқади. Невараларим ичида шеъриятга қизиқмайдигани йўқ, десам муболаға бўлмайди. Ҳожиакбар Лондонда ўқигани сабабли инглиз тилини мукаммал билади ва инглизчада шеър­лар ёзиб, бобосига юборар эди. Уларнинг барчасига шук­роналик, инсонийлик хислатлари, китобсеварлик, шеъриятга муҳаббат бобосидан мерос бўлиб қолди.

– 2021 йил 8 март – Халқаро хотин-қизлар байрами куни Юртбошимиз сизга “Дўстлик” орденини топширдилар. Бундай эътибор ва эътирофни кутганмидингиз?

– Тўғриси, мен бунчалик эҳтиромни кутмаган эдим. Инсон қадр-қиммати шунчалар улуғланаётган юртда Президентимизнинг шахсан ўзларининг қўлларидан орден олар эканман, юрагим тўлиб кетди… Ўзбекистондек гўзал, тинч, одамлари эъзозланадиган мамлакат фуқароси эканлигимдан, Саъдулла Ҳаким каби эл эътиборидаги шоирнинг рафиқаси бўлганимдан, оналик, бувилик бахтига эгалигимдан фахр туйдим!

“Adolat” мухбири Саодат МАТЁҚУБ қизи 

суҳбатлашди.

Tegishli xabarlar

ПОЧЧАСИНИ тунаган қайни

admin

Муаллимларга

admin

ТЕКИН ДЕГАНИ ҚАДРИ ЙЎҚ ДЕГАНИМИ?

admin