ADOLAT 24

ЎЗ ЧОҲИГА ЎЗИ ЙИҚИЛДИ

Жиноят ҳеч қачон ўз-ўзидан ва бесабаб содир бўлмайди. Биров мол-дунё орттириш мақсадида шу ишга қўл урса, бошқа биров қасд олиш ниятида қабиҳ йўлга қадам қўяди. Аммо ҳеч ким содир этаётган жинояти фош бўлишини, охири бехайр бўлишини ўйламаса керак. Акс ҳолда ҳеч ким ўз бахтини, умрини хазон қилмас эди.

Қўқон шаҳрида истиқомат қилувчи Азиза (исм-фамилиялар ўзгартирилган – таҳририят) Акрамжон билан турмуш қуриб, шаръий никоҳ ўқитишганида 20 ёшида эди. Олдинига янги оила, умр йўлдошига меҳри баланд эди. Аммо ширин онлар тезда ўтиб кетди, беҳаловат кунлар бошланди: оиладаги етишмовчилик, бир-бирини тушунмаслик… Бу орада икки фарзандли бўлишди. Аслида фарзандли бўлиш бахти Яратганнинг улуғ инояти эканини англаб, шукрона қилиш, бир-бирини қадрлаб яшаш ўрнига майда-чуйда нарсалар хусусида тортишиб, бу тортишувлар жанжалга айланиб кетаверди. Натижада оила пойдевори дарз кета бошлади. 

Ниҳоят икки боласини олиб уйдан чиқиб кетган Азиза алоҳида яшай бош­лайди. Аммо бу тақдирга Акрамжон кўнмайди. У оилавий низолар сабабли 3 йилдан буён хотини билан яшамаётган бўлса ҳам Азизанинг уйига келишни канда қилмас, бу ҳолат Азизага ёқмас, аммо Акрамжон унинг қаршилигига қарамай болаларини кўриш учун келаверар эди. Бу ҳолатдан безор бўлган Азиза унинг яшаш хонадонига келиб, жанжаллашиб юргани сабабли ИИБга мурожаат қилиб, “ҳимоя ордери” олади. Аммо бу ҳам болаларининг отасини аҳдидан қайтаролмайди: у болаларини соғингани учун келишни канда қилмайди ва бу албатта доимий жанжалларга сабаб бўлаверади…

Ниҳоят Азиза ўйлай-ўйлай бир режа тузади – шу режаси амалга ошса бирданига икки ниятига етади: ҳам собиқ турмуш ўртоғи ўғри сифатида жазога тортилади, ҳам уни безовта қилмайди. Бунинг устига ундан қасдини олади!

У режасидаги барча ишларни бажаргач, Фарғона вилоят ИИБнинг “102” қисқа рақамига қўнғироқ қилади ва яшаш хонадонида ўғирлик содир бўлгани, яшаш уйи ётоқхонасидаги 1500 АҚШ долларилик тилла тақинчоқларини номаълум шахс ўғирлаб кетгани ҳақида хабар беради.

Тезда унинг хонадонига етиб келган ИИБ ходимлари уйнинг бетартиблигига, уйдаги жиҳозлар, кийим-кечаклар тартибсиз ҳолатда сочилиб ётганига гувоҳ бўлишади. Азиза ИИБ ходимларига кимдир тилла тақинчоқларини ўғирлаб кетгани, уйнинг калити фақат собиқ турмуш ўртоғида борлигини айтади. 

Ҳолат юзасидан жиноят иши қўзғатилади. Олиб борилган суриштирув жараёнлари эса у кутган натижани бермайди… Азиза тергов ҳаракатлари ва судда айбини тан олиб, турмуш ўртоғини ИИБ ходимларига ўғри кўрсатиш мақсади бўлгани, бу ишларни турмуш ўртоғига жаҳл қилиб, ундан қасд олиш мақсадида қилгани, аслида тилла тақинчоғи бўлмагани, унинг мурожаати бу даражада жиддий тус олишини билмагани ҳақида кўрсатув бериб, қилган ишидан пушаймонлигини, аёллигини, оилавий шароитини, қарамоғида икки нафар воя­­га етмаган фарзанди борлигини инобатга олиб, енгиллик беришини сўради. 

Суд Азизани Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг 237-моддаси 2-қисми “а, б” бандлари билан айбли деб топиб, унга нисбатан ЖКнинг 57-моддасини қўллаб, 4 йил муддатга куннинг соат 20:00 дан соат 6:00 гача бўлган вақтида яшаш жойидан чиқишни чеклашдан иборат озодликни чеклаш жазоси тайинлади ва унинг зиммасига назорат қилувчи органнинг розилигисиз яшаш жойини ўзгартирмаслик, Фарғона вилояти ҳудудидан ташқарига чиқмаслик каби қўшимча тақиқлар юклатилди. 

Шунга айтса керак-да, ҳар ким ўз қазиган чоҳга ўзи йиқилади, деб.

 Қобилжон АБДУЛЛАЕВ, 

жиноят ишлари бўйича Қўқон шаҳар судининг судьяси

Tegishli xabarlar

Мурожаатлар ижобий ечим топди

admin

ТИЛАК ЖЎРАНИ ЙЎҚЛАБ…

admin

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ ПРЕЗИДЕНТИ ШАВКАТ МИРЗИЁЕВНИНГ “ХИТОЙ – ҚИРҒИЗИСТОН – ЎЗБЕКИСТОН” ТЕМИР ЙЎЛИ ҚУРИЛИШИ БЎЙИЧА СТРАТЕГИК ЛОЙИҲАНИ АМАЛГА ОШИРИШ ТЎҒРИСИДАГИ БИТИМНИ ИМЗОЛАШ МАРОСИМИ ИШТИРОКЧИЛАРИГА ТАБРИК СЎЗИ

admin