ADOLAT 24

Ўзбекистоннинг янги таълим модели

Ҳар бир давлатнинг барқарор тараққиётини таъминлашда асосий пойдевор – инсон омили, унинг интеллектуал салоҳияти билан узвий боғлиқ. Шу боис, кейинги йилларда мамлакатимизда “Янги Ўзбекистон мактаб остонасидан бошланади” деган ғоя асосида мактаб таълими тизимида улкан ўзгаришлар амалга оширилмоқда.

Хусусан, Тошкент шаҳри ва ҳудудларда Президент мактаблари, ижод ва ихтисослашган таълим муассасалари ташкил этилди. Бу каби мактабларда ўқувчилар илғор методикалар асосида таълим олишмоқда. Лекин соҳада эришилган ютуқлар билан бирга ўз ечимини кутаётган муаммолар ҳам бор.

Жумладан, амалдаги таълим стандартлари, ўқув дас­турлари асосан ўқувчини таълимнинг навбатдаги босқичига тайёрлашга йўналтирилган бўлиб, ёшларни эркин фикр­лаш ва мустақил ҳаётга тайёрлаш масаласи эътибордан четда қолмоқда. Ҳозирги кунда мамлакатимизда ўқувчи ёшлар билимлари даражасини баҳолашнинг “миллий баҳолаш тизими” мавжуд эмас. Бу эса, ҳудудлар кесимида ёшлар томонидан у ёки бу фанни ўзлаштириш даражасининг сифати ва соҳада амалга оширилиши лозим бўлган ишлар кўламини белгилаб бориш ва тегишли ислоҳотлар ўтказиш имкониятини чеклаб қўймоқда.

Айнан шу каби оғриқли масалалар Президентимиз томонидан халқ таълими соҳасида амалга оширилаётган ислоҳотлар натижадорлигининг таҳлили юзасидан ўтказилган видеоселектор йиғилиши кун тартибидан ўрин олди.

Танқидий руҳда ўтган йиғилишда умумтаълим мактаб­ларидаги асл ҳолат очиқланиб, давлат раҳбари томонидан чуқур ўрганиш ва таҳлиллар натижалари келтирилди. Хусусан, мактабларни компьютер билан таъминлаш бўйича маб­лағлар ажратилган бўлса-да, Қорақалпоғистон Рес­публикаси, Андижон, Жиззах, Қашқадарё, Наманган ва Тошкент вилоятларида ишлар суст кетаётганлиги, олис ва чекка ҳудудлардаги мактабларда таълим сифатининг қониқарсиз аҳволи Юртбошимиз томонидан танқид қилинди.

Йиғилишда давлатимиз раҳбари томонидан Ўзбекис­тоннинг янги таълим модели тақдим этилди. Эндиликда мактаб ўқитувчилари янги методика асосида қайта тайёрланади, янги тизим доирасида келгуси 3-4 йилда мактаблардаги барча синф ўқитувчилари янги методика асосида ўқитилади. Бунинг учун ҳар бир ҳудудда Малака ошириш марказлари негизида педагогларни янги методикаларга ўргатувчи Миллий таълим марказлари ташкил этилади. Уларга аниқ ва табиий фанлар бўйича хориждан энг малакали мутахассислар жалб қилинади.

Бундан ташқари, ҳар бир вилоят кесимида “тренерлар гуруҳи” шакллантирилиб, улар жойларда мактаб ўқитувчиларининг малакасини ошириб боради. Уларнинг ойлик иш ҳақига 100 фоизгача устамалар тўланади. Албатта, бу каби эзгу амаллар замирида юксак маънавият ва маданият ётибди. Юқорида келтирилган барча мисли кўрилмаган шароитлар, имкониятлар фақатгина маънавий соғлом муҳитдагина куртак ёзиб, кутилган мевани беради.

Зеро, мактаб фақатгина таълим берадиган маскан эмас, барчамиз учун юксак маънавият бешигига, фарзандларимизни болаликдан касбга ўргатувчи даргоҳга айланиши зарур. 

Гулруҳ АГЗАМОВА,

Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги

“Адолат” СДП фракцияси аъзоси

Tegishli xabarlar

39 нафар талаб-қизларнинг бир йиллик тўлов-контракт маблағлари институт томонидан тўлаб берилди

admin

“ҲАЛИЯМ ЁШ… ҲАЛИЯМ ЧИРОЙЛИ…” Ҳалима опага (ҳикоя)

admin

Буюк инсон ортидаги ФИДОЙИ АЁЛ

admin