ADOLAT 24

Муаммолар бартараф этилмоқда

Хоразм: 

Айни кунларда Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Мақсуд Қурбонбоев хонқалик сайловчилари ҳузурида бўлиб, уларни кўпдан ўйлантириб келаётган муаммоларнинг ечимини топишга киришган. 

Хусусан, Хонқа туман “Знахос” маҳалласида яшовчи аҳоли томонидан маҳаллада жойлашган “Бобо Хўжа бобо” жоме масжидга борадиган йўлда пиёдалар юрадиган йўлакча ҳамда тунги чироқлар йўқлиги муаммоларга сабаб бўлаётгани юзасидан мурожаат бўлди. Депутат сайловчилар мурожаатлари юзасидан ўрганиш ишларини олиб борди. Депутатнинг таъкидлашича, пиёдалар йўлакчаси ва тунги чироқ масаласи бир ой ичида ижобий ечим топади. 

Шу маҳаллада яшовчи нафақахўр Эгамберган Қаландаровнинг пилла етиштириш бўйича тут боғига зарурати борлиги тўғрисида амалий ёрдам сўраб қилган мурожаати ҳам қанотлантирилди. Депутат мазкур мурожаат юзасидан туман пилла корхонаси раҳбариятига оғзаки мурожаат этди ва мурожаатчига шу йил тут боғи учун ер ажратиладиган бўлди.  

Депутат М.Қурбонбоев тумандаги “Маштўғай” маҳалласида фаолият олиб бораётган Оилавий шифокорлик пункти жамоаси билан суҳбатлашди ва яратилган шароитлар билан яқиндан танишди, кундузги муолажалар хонасида даволанаётган беморлар билан мулоқот қилди.  

Жамоа билан суҳбат жараёнида давлатимиз томонидан тиббиёт соҳасига ҳамда соҳа ходимларига қаратилган ва яратилган имкониятлар хусусида сўз юритилди. Жорий йилнинг 18 март куни пайтахтимиздаги Анжуманлар саройида Президентимизнинг соҳа ходимлари билан очиқ мулоқоти тўғрисида суҳбат ташкил этилди. 

Шунингдек, депутат учрашувлар давомида давлатимиз томонидан инсон қадри учун амалга оширилаётган ислоҳотлар, қарор ва фармонларнинг мазмун-моҳияти тўғрисида атрофлича тушунчалар берди.

Мулоқотлар давомида сайловчилар томонидан баён этилган бошқа бир қатор мурожаатлар ҳам депутатнинг диққат марказидан жой олди ва муаммоларни бартараф этиш чора-тадбирлари бошлаб юборилди.

Депутат учрашувлари давомида Хонқа туманидаги “Таянч” маҳалласида фаолият бошлаган ҳоким ёрдамчиси Акмал Шерматовнинг маҳалла аҳолисига қай даражада ёрдами тегаётганини ўрганди. Ҳоким ёрдамчисининг таъкидлашича, унинг саъй-ҳаракатлари билан фуқаро Усмонбек Одамовнинг мурожаатига асосан, имтиёзли кредит асосида ток кучайтиргич ускунаси олиб берилган. Туманда фаолият олиб бораётган хом ғишт ишлаб чиқариш заводига уч нафар ёшлар ишга жойлаштирилган. Мурожаатчилардан Мирзобек Раҳимовга 15 миллион, Ниятбек Худайбергановга асаларчилик бўйича тадбиркорлик қилиши учун 20 миллион сўм миқдорида кредит олиб берилган.

Шундан сўнг М.Қурбонбоев ҳамда туман ҳокими М.Давлатовлар туманда олиб борилаётган 12,3 километр узунликда оқава сув канализация тармоғи қурилиш ишларини ўрганишди, ушбу йирик лойиҳанинг қурилиш жараёнлари билан танишиб, муҳандислар билан суҳбатлашишди.

Умумий қиймати 47 миллиард сўм бўлган мазкур лойиҳанинг қурилиш-таъмирлаш ишлари пудратчи ташкилот “Оби Ҳаёт” инжиниринг МЧЖ томонидан олиб борилмоқда.

Лойиҳанинг амалга оширилиши натижасида 35 минг фуқаро янгидан марказлашган оқава сув хизматига уланади.

Шундан сўнг депутат М.Қурбонбоевнинг хизмат сафари Янгиариқ туманида яшовчи сайловчилар билан давом этди.

Тумандаги 12-сонли мактабгача таълим ташкилоти мудири Гулнора Собирова мактабгача таълим ташкилоти 75 та ўринга мўлжалланган бўлиб, ҳозирда 120 нафар бола тарбияланаётгани тўғрисида сўзлаб, муассасанинг шахмат-шашка май­дончасига зарурати борлиги тўғрисида мурожаат қилди. Депутат мурожаатни эътиборга олиб, боғча ҳудудида газон майдончаси ҳам ташкил этишда амалий ёрдам беришини билдирди ва жойнинг ўзида мазкур масала юзасидан туман ҳокими билан телефон орқали боғланди. Мурожаатлар тез кунда ижобий ҳал этиладиган бўлди.

Депутат тумандаги 2-сон касб-ҳунар мактабига ташриф буюриб, ўқувчиларга яратилган шарт-шароитлар билан танишди, мактаб жамоаси билан суҳбатлашди. Яратилган имкониятлардан самарали фойдаланилаётгани ва мактабда йўлга қўйилган тартиб-интизом учун жамоага ташаккур билдирди.

Депутат туман тиббиёт бирлашмаси бош шифокори Абдушариф Назаров билан суҳбатлашганида бош шифокор муассаса ҳудудида автотураргоҳ мавжуд эмаслиги сабаб, аҳолига ноқулайликлар туғилаётгани тўғрисида гапирди. Депутат тиббиёт бирлашмаси ҳудудини кўздан кечирди ва мурожаатни тегишли ташкилот вакиллари билан келишиб, ечимини топишни ва назоратга олишини билдирди.  

Замира Абдуллаева

Хоразм вилоят кенгаши матбуот котиби

**

СирдарЁ: 

Халқ қабулхоналарида фуқароларнинг ариза ва шикояти белгиланган тартибда, холислик тамойиллари асосида кўриб чиқилиб, ижобий ҳал этилаётгани мамлакатимизда инсон ҳуқуқ ва манфаатларига олий қадрият сифатида қаратаётганининг яна бир ёрқин ифодасидир.

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Иномжон Қудратов Боёвут туман ҳокими Д.Уралованинг халқ қабулида иштирок этди.

Фуқароларнинг соғлиқни сақлаш, уй-жой, йўл таъмири, моддий ёрдам, иш билан таъминлаш, кредит, тадбиркорлик фаолияти билан боғлиқ мурожаатларига масъул ташкилот раҳбарлари иштирокида шу жойнинг ўзида ечим қидирилди.

Мурожаатларнинг 7 таси жойида ижобий ҳал этилган бўлса, 10 таси масъул ташкилот иштирокида ўрганилиб, тушунтириш берилди. Маълум вақт талаб этадиган 15 та мурожаат жойига чиққан ҳолда ўрганиш орқали ечим топиладиган бўлди.

* * *

 Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Нодира Жанибекова Янгиер шаҳар ҳокими ўринбосари А.Назирқулов ҳамроҳлигида Янгиер шаҳридаги руҳиятида сезиларли нуқсонлар бор бўлган аёллар учун тиббий-ижтимоий хизматлар кўрсатадиган “Мурувват” аёллар интернат уйига борди.

“Мурувват” уйи раҳбари Н.Шарипова беморларга яратилган шароитлар билан таништирди. 1994 йилдан буён фаолият юритаётган “Мурувват” уйи қарамоғида айни пайтда 160 нафар турли ёшдаги аёллар стационар даволанишади. Уларга 6 нафар малакали шифокор ва 27 нафар ҳамшира, тажрибали психолог ва бошқа соҳа мутахассисларидан иборат жамоа амалий ёрдам кўрсатиб келмоқда. 

“Мурувват” аёллар интернат уйида ташкил қилинган кутубхона 600 яқин китоб фондига эга.

Депутат томонидан тадбир сўнггида “Мурувват” уйи учун совғалар топширилди. 

Сирдарё вилоят кенгаши матбуот хизмати

**

ФарҒона:

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Муҳаммаджон Валиев Қўқон шаҳар шошилинч тиббий ёрдам шифохонасида бўлиб, янги келтирилган тиббий асбоб-ускуналар, тиббий хизмат сифати билан танишди. Радиология бўлимида ўрнатилган магнит резонанс томография­си ва мульти­спирал компьютер томография­­си ускуналари суяк тўқималаридаги хасталик­лар, ўсмалар, туғма нуқсонлар, юрак қон-томир сис­темаси, бош мия ва орқа мия касалликларини аниқлаш ва ташхис қўйиш имконини беради. Шаҳар тиббиёт бирлашмаси раҳбари Комил Бобожонов билан келгусида амалга оширилиши кўзда тутилган вазифалар юзасидан фикр алмашилди.

“Адолат” СДП Қўқон шаҳар кенгаши томонидан “партия пат­ронажи” лойиҳаси доирасида шаҳардаги “Истиқбол ёшлари” хусусий ўқув маркази корхонасида депутат ва ёшлар учрашуви ташкил этилди. Давра суҳбатида Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати иштирок этиб, таълим тизимида ёшларга яратилаётган имкониятлар ҳақида батафсил маълумот берди. Ўқув марказининг 11 нафар малакали ўқитувчилари партия сафига қабул қилиниб, аъзоларга партия билетлари топширилди ҳамда янги бошланғич партия ташкилоти тузилди.

Муҳаммаджон Валиевнинг шаҳардаги 31-умумтаълим мактаби жамоаси билан давра суҳбати ҳам самимий руҳда ўтди. Суҳбат давомида миллий қонунчилигимизда олиб борилаётган ислоҳотлар, ўзгаришлар бўйича атроф­лича тушунча берилди. Мактаб жамоаси томонидан таълим-тарбия жараёнида ота-она­ларнинг масъулияти, ўқитувчиларнинг мақоми, дарслик­лар масалаларида бир қатор таклифлар билдирди. Тадбир якунида жамоа аъзоларининг 4 нафари партия сафига қабул қилинди.

**

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Гулбаҳор Саидғаниеванинг Бағдод туманидаги сайловчилар билан нав­батдаги учрашуви кўплаб муаммоларнинг ижобий ечим топишига хизмат қилди.

Жумладан, туман ҳокимлигининг мажлислар залида МФЙлардаги фаол аёллар билан суҳбат ташкил этилиб, уларга янги қонун лойиҳалари мазмун-моҳияти етказилди, шу билан бирга таклиф ва мурожаатлар тинг­ланди.

“Матқулобод” МФЙда яшовчи Мавжудахон Юнусалиева туғиш ёшидаги аёлларни мажбурий тиббий-кўрикдан ўтказиш таклифини берди. “Хўжақишлоқ” МФЙда яшовчи Санобархон Солиева туманда болалар кардиожарроҳи йўқлиги, мутахассис зарурлигини билдирди. Шунингдек, “Қирқволида” МФЙдаги фермер хўжаликларида кўплаб фуқаролар узоқ муддат давомида кунбай ишлаши, меҳнат дафтарчаси юритилса мақсадга мувофиқ эканлиги, шунинг­дек, алимент ундириш масаласи бўйича фикрлар тингланди. “Гулистон” МФЙ Қосимобод қиш­лоғидаги фуқароларнинг табиий газга уланиш муаммоларига оид мурожаати юзасидан туман ҳудудгаз таъминоти раҳбари билан учрашилди. “Сайидобод” МФЙда яшовчи Муҳаббатхон Тешаеванинг оилавий боғча очиш бўйича мурожаати туман мактаб­гача таълим бўлими мудири Озодахон Зияева билан муҳокама этилиб, тегиш­ли тартибда ҳал этиладиган бўлди.

Тумандаги “Чекмирзобод” МФЙ, Барҳаёт кўчаси, 11-уйда вақтинча яшовчи Санобархон Нажиеванинг уй-жой билан таъминлаш масаласи бўйича мурожаати ҳам эътиборсиз қолмади.

Маълум бўлишича, аёл аввал “Қўғоли” МФЙ, Болғоли қишлоғида яшаган. Эрининг вафотидан сўнг икки фарзанди (улардан бирининг ногиронлиги бор) билан турмуш ўртоғининг қариндошлари томонидан хонадонидан чиқариб юборилган. Ҳозирда 48 ёшли аёл икки укаси оиласи билан яшайдиган ҳовлига кўчиб келган. Бундан ташқари, пилла ширкати билан шартнома асосида тут плантация­си учун олган ерига қайноғаси ноқонуний уй қуриб олган.

Г.Саидғаниева, депутат ёрдамчиси Э.Холматов, маҳаллий Кенгаш котибияти мудири Д.Абдуқодирова, партиянинг туман кенгаши раиси Э.Абдувалиева билан биргаликда аёлнинг шароитини ўрганиб, суҳбатлашди. Маҳалла раисига аёлни моддий ва маънавий қўллаб-қувватлаш, уй-жой билан таъминлаш чораларини кўриш бўйича тавсиялар берилди.

Депутат ўрганишларининг иккинчи кунида халқ депутатлари туман Кенгашининг 43-нав­батдан ташқари сессиясида иштирок этди. Сессия кун тартибига фуқаролар йиғинлари раислари(оқсоқоллар) сайловига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш, “Аёллар дафтари”ни юритиш ва ижтимоий қўллаб-қувватлаш тизимидаги муаммолар киритилди. 

Гулбаҳор Саидғаниева сайлов қонунчилиги бўйича маъруза қилди ва сессия қатнашчиларининг саволларига жавоб берди. Маҳаллий Кенгаш депутатлари open budget, smart market ва бошқа электрон тизимлар, қишлоқларда ҚВПлар очиш каби айрим тизимли муаммоларни баён этишди. 

Г.Саидғаниева кўтарилган масалалар юзасидан тегишли вазирлик ва идораларга депутат сўрови чиқаришга ваъда берди.

 Фарғона вилоят кенгаши 

матбуот хизмати

Tegishli xabarlar

АДОЛАТЛИ ҚОНУНЛАР аҳоли фаровонлиги, мамлакат тараққиёти учун хизмат қилади

admin

Ҳар бир мурожаат ижобий ечим топмоқда

admin

Бош тамойил: “Инсон – жамият – давлат”

admin