ADOLAT 24

Муаммолар бартараф этилмоқда

Андижон: 

Хотин-қизларга эътибор кейинги йилларда янада долзарб аҳамият касб этмоқда. Бу бежиз эмас. Ҳар соҳада фаол, ташаббускор ва оила деб аталмиш институтнинг бутун юкини елкасига олувчи аёлларимизга қанча ғамхўрлик қилсак арзийди. 

Давлатимиз раҳбарининг 2022 йил 1 мартдаги “Оила ва хотин-қизлар билан ишлаш, маҳалла ва нуронийларни қўллаб-қувватлаш тизимини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони ҳам айни шу мақсадга қаратилган. Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Олтиной Мамирова Жалақудуқ туманида ўз сайловчилари билан навбатдаги учрашувида шу хусусда сўз юритди. 

Таъкидланганидек, оила институтини мус­таҳкамлаш ва хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш давлатимиз сиё­сатининг асосини ташкил этмоқда. Хотин-қизларнинг таълим ва касбий кўникма олиш­лари ҳар томонлама қўлланилиши, уларнинг иқтидорларини юзага чиқариш долзарб вазифага айланди. Гендер тенг­ликни таъминлаш сиёсатини давом эттириш, айниқса, қишлоқларда хотин-қизларга кўрсатиладиган тиббий-ижтимоий хизматлар сифатини, улар ўртасида соғлом турмуш тарзини таъминлаш борасидаги ишлар самарадорлигини оширишга бўлган эътибор барчани қувонтирмоқда. Чунки бу келажакка, соғлом авлодни яратишга хизмат қилади.

– Президентимизнинг ташаббуси Ўзбекис­тон хотин-қизларини қувонтирди, – деди депутат Олтиной Мамирова. – Айниқса, турар жойга муҳтожларни уй-жой билан таъминлаш, уларнинг меҳнат шароитларини яхшилаш, оғир ижтимоий аҳволга тушиб қолган хотин-қизларга ижтимоий, ҳуқуқий ва психологик ёрдам кўрсатиш ҳам жуда зарур. Шунинг учун мазкур фармондан келиб чиқиб, маҳаллаларда хотин-қизлар билан ишловчи кадрлар зиммасидаги масъулиятни қайта-қайта тушунтиряпмиз… 

Жалақудуқ туманидаги Ғозичек маҳалласида яшовчи Гулнозахон Матёқубова 3 фарзанднинг онаси. Боқувчиси йўқлиги сабаб ижтимоий кўмакка муҳтож. Бироқ ҳаётидан нолимайди, доим ҳаракатда.

Депутат Олтиной Мамирова бу оила ҳақида эшитиб, опанинг хонадонига йўл олди. Фуқаро билан суҳбат чоғида унинг ёлғиз эмаслиги, давлатимиз томонидан ғамхўрлик кўрсатилиши ва хотин-қизларга бўлган эътибор ҳақида гапирди. Ўз ўрнида Рамазон ойи олдидан оилага моддий кўмак берди.

* * *

Аҳоли бандлигини таъминлаш ва ижтимоий ҳимоялаш олдимизда турган долзарб вазифалардан бири. Халқ вакилларининг бу борада МФЙ фаоллари билан ҳамкорликда иш олиб бораётгани эътиборли.

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Мавлуда Адҳамжонова ҳам Андижон туманида сайловчилар билан учрашувда ишсизлик масаласига алоҳида эътибор қаратмоқда. 

Тумандаги “Бахт” МФЙ ҳоким ёрдамчиси Яҳёбек Каримовни ҳам шу муаммо қийнаётганди. Фуқаро Азизахон Турғунова бир неча бор унга иш сўраб мурожаат қилди. Бироқ муаммо ечимини топ­мади. Депутат аралашуви билан фуқаронинг муаммоси ечилди. Унга паррандачилик билан шуғулланиш учун кредит ажратилди. Энди А.Турғунова тадбиркор.

Мазкур МФЙда яшовчи Сурайё Ортиқова ва Зиёдбек Саидмухторов ҳам яшаш хонадонида ишли бўлди. 

Халқ вакилларига бўлган ишонч ортмоқда. Авваллари депутатларга ишончсизлик билан қараган сайловчилар энди ўзларини қийнаётган муаммоларнинг ечимини топишда уларга суянмоқда.

Шунингдек, Андижон туманидаги “Гузар” маҳалласида яшовчи фуқаро Акмалжон Ҳамроқулов кўпдан буён оилавий тадбиркорлик билан шуғулланиш ҳаракатида. Бироқ маблағ масаласи уни қийнарди. 

Нима қилиш керак? У Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Мавлуда Адҳамжоновага мурожаат қилди. Мурожаат депутатнинг эътиборини тортди. Айни шу масалада “Агробанк”нинг Андижон туман филиалига чиқди. Банк бошқарувчиси Омадбек Ҳакимов ҳам тадбиркорнинг ташаб­бусини қўллаб-қувватлади. Қисқа вақтда унга 30 миллион сўм кредит ажратилди.

Андижон вилоят кенгаши матбуот хизмати

Тошкент шаҳри:

Пойтахтимизнинг Сергели туманидаги “Ўзгариш” маҳалласида Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Гулруҳ Агзамова мазкур маҳалла фаоллари, нуроний отахон-онахонлар билан учрашди.

Маҳалла фаолларининг маълум қилишича, бугунги кунда маҳаллада боғча йўқ. Бу ҳолат маҳалла аҳолисининг қўшни маҳалла ёхуд узоқ масофадаги боғчаларга қатнашига сабаб бўлмоқда. Шунингдек, бу ерда маҳалла гузари, оталар чойхонаси йўқлиги ҳам айтилди.

Ушбу маҳаллада яшовчи Эътибор Мамадалиева тадбиркорлик мақсадида гидромассаж хонаси ташкил қилиш режаси борлигини, бунинг учун қандай йўл-йўриқ тутиш лозимлиги бўйича депутат Г.Агзамовадан зарур ҳуқуқий тавсиялар олди.

Шунингдек депутат Гулруҳ Агзамова Янги ҳаёт туманидаги “Олчазор” МФЙ аҳолиси билан ҳам учрашди.

Учрашувда депутат билан бирга унинг ёрдамчиси Ш.Шомуродов, Янги ҳаёт тумани Маҳалла ва оилани қўллаб қувватлаш бўлими бошлиғи ўринбосарлари И.Худойқулов ва Г.Тўлаганова, партия ва маҳалла фаоллари, шунингдек, кенг жамоатчилик вакиллари иштирок иштирок этди.

Бугунги кунда ушбу маҳаллада 5287 нафар аҳоли истиқомат қилади. Хонадонлар эса 1250 тани ташкил қилмоқда. Маҳаллада турли миллат-элат вакиллари аҳилликда яшаб келмоқда. Албатта, маҳаллада боқувчисини йўқотган, ёлғиз оналар, оталар, ёлғиз кексалар, кам таъминланган, ногиронлиги мавжуд оилалар ҳам йўқ эмас. Улар доимий ушбу маҳалла назоратида турадилар. Депутатга тақдим этилган ҳужжатда кўрсатилишича, маҳаллада 58 нафар ногиронлиги мавжуд шахслар бор. Шундан 56 таси ногиронлик нафақаси билан таъминланган. Аҳоли бандлиги ҳам яхши йўлга қўйилган. Бугунги кунда маҳаллада атиги 11 нафар ишсиз мавжуд. Маҳалла раиси Қодиржон Тошмуҳаммедовнинг таъкид­лашича, бу ерда боғча ва мактаб йўқлиги асосий муаммо бўлиб турибди. 

Маҳалла аҳли билан учрашувда, шунингдек, болалар майдончалари йўқлиги таъкидланди. Маҳалла фаоли Ўткир Умаров агар стадион қурилса, спортга эътибор кучайишини айтди. 

Янги қарорга кўра, эндиликда пенсия ёшига етганларни ишдан бўшатиш бекор қилинди. Ушбу янгилик маҳалла аҳли томонидан қувонч билан қабул қилинди. Шунинг­дек, “Нуронийларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш уларнинг турмуш даражасини оширишга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарор бўйича тушунчалар берилди. Унга кўра, ёшлар тарбиясига эътибор беришда нуронийлар тажрибасидан фойдаланиш, уюшмаган ёшларни нуроний отахонларга бириктириш, иш билан таъминланиш­ларига кўмаклашиш масалалари муҳокама қилинди. 

Меҳринисо БОБОНАЗАРОВА,

Тошкент шаҳар кенгаши матбуот котиби

Қашқадарё:

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Махфурат Хушвақтованинг Миришкор туманида сайловчилар билан мулоқоти ғоят самарали кечди. 

Депутат қишлоқ аҳолиси билан учрашганида “Чандир” МФЙ раиси Исмат Авезов 1990 йил қурилиши бошланиб, чала ташлаб кетилган мактаб биносини фойдаланишга топширишга ёрдам беришини илтимос қилди. Ҳақиқатан ҳам, бундан 30 йил олдин 640 ўринга мўлжалланган мактаб қурилиши бошланган-у ташлаб кетилган. Депутат муаммони ўрганиб, мутасадди ташкилотлар билан мулоқотга киришиб, масалани ҳал этди. Тез кунлар ичида мактабда бунёдкорлик ишлари бошлаб юбориладиган бўлди.

Депутатнинг “Чандир” қишлоғи аҳолиси билан юзма-юз мулоқотида ҳам одамларни қийнаб келаётган жумбоқларга ечим топилди. Қиш­лоқ фуқаролари Даврон Отахонов, Оқмурод Раҳимов депутатга ички йўллар қишда лой, ёзда чанг эканлигидан шикоят қилиб, уни асфальтлашга амалий ёрдам беришини сўрашди. Депутат аралашуви билан бу муаммо ҳам туманни ижтимоий-иқтисодий ривож­лантириш дастурига киритилиб, ҳал этиладиган бўлди.

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Абдуғани Умиров Нишон туманида бўлиб, хорижда ишлаб келган фуқаролар билан суҳбат қурди. 

Жорий йилнинг ўтган ойлари давомида туманга хориждан 580 нафар фуқаро қайтиб келган. Шу давр ичида эса 47 нафар фуқаро ишлаш мақсадида чет давлатларга жўнаб кетган. Депутат ўзга юртлардан қайтиб келган мигрантларнинг бандлигини таъминлаш масалалари билан қизиқди. Уларнинг яшаш хонадонларига ташриф буюриб, оилаларидаги шарт-шароитлар ва уларнинг ижтимоий фойдали меҳнат билан шуғулланишлари учун мутасаддилар томонидан кўрсатилаётган ёрдамлар билан танишди. Кўпгина мигрантларни қийнаб келаётган муаммолар депутат томонидан жойида ўрганилиб, уларга ҳуқуқий тушунтиришлар берилди.

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Дилшод Ҳамзаев Ғузор туманидаги “Янги ҳаёт” МФЙда бўлиб, аҳолининг иш билан бандлиги масалалари билан қизиқди. Депутат фуқаро Азиз Мейлиев хонадонида бўлиб, оила аъзоларининг ҳаммаси йирик шохли мол боқиш ва деҳқончилик билан мунтазам шуғулланиб, ўз бандлигини таъминлаб келаётганлигини ижобий баҳолади. Шунинг­дек, Д.Ҳамзаев маҳалладаги кўпгина фуқаролар билан юзма-юз мулоқотга киришиб, уланинг муаммоларини тинглади ва ҳуқуқий маслаҳатлар берди. Тадбиркорлик билан шуғулланишлари учун ер олиш, кредит ва бош­қа масалаларда фуқароларга амалий ёрдам кўрсатди.

Нодир Исомов, 

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати ёрдамчиси

Tegishli xabarlar

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ ДАВЛАТ МУСТАҚИЛЛИГИНИНГ ЎТТИЗ ИККИ ЙИЛЛИК БАЙРАМИГА ТАЙЁРГАРЛИК КЎРИШ ВА УНИ ЎТКАЗИШ ТЎҒРИСИДА

admin

ТАРИХИЙ САММИТ: ЎЗАРО МАНФААТЛИ ҲАМКОРЛИКНИ КЕНГАЙТИРИШГА БЎЛГАН УМУМИЙ ИНТИЛИШЛАР МАЙДОНИ

admin

Волонтёрлик: ҳамкорлик истиқболлари

admin