ADOLAT 24

Абдулла Орипов: Наврўз

Аввал юрагингга мўралайди у,

Сўнгра куртакларга ўргатади сўз.

Заминнинг кўзидан қочади уйқу,

Демак, Баҳор келди,

Келмоқда Наврўз.

Қишнинг аҳволига боқиб ҳойнаҳой,

Юм-юм ёш тўкмоқда эриётган муз.

Жилва қилаётир тенгсиз бир чирой,

Демак, Баҳор келди,

Келмоқда Наврўз.

Она бағри каби илиқдир олам,

Ҳарир ҳовур ичра яйрар дала-туз.

Қолди пучмоқларда хазон янглиғ ғам,

Демак, Баҳор келди,

Келмоқда Наврўз.

Яна кўнгиллардан рутубат кетди,

Яна шуълалардан қамашмоқда кўз.

Яна дилдорликнинг фурсати етди,

Демак, Баҳор келди,

Келмоқда Наврўз.

ЁМҒИР

Ёмғир ёғса шоирлар

           Эрк берарлар мияга,

Тайёр мавзу топилди,

           Тизарлар қофияга.

Ёмғир ёғса қушлар-чи,

           Таҳликага тушади.

Ва лекин севишганлар 

          Зонтикка ёпишади.

Ёмғир ёғса бемаҳал

          Куяр ўзбек деҳқони:

— Ҳосилни поймол қилди,

         Етди қанча зиёни.

Женевалик қувонар

         Ёмғир ёғмасин қачон:

— Ҳаво анча тозариб,.                      

         Яшнайди яна газон.

Аллоҳ барака сочар

        Қай фасл, қай палладир,

Ким қандай қабул қилар?            

        Бу бошқа масаладир.

2015 йил 4 апрель

Tegishli xabarlar

Чиқиндилар кўчага ташланса кони зарар, қайта ишланса катта фойда келтиради

admin

САЙЛОВ ҚОНУНЧИЛИГИ янада халқчил ва демократик нормалар билан бойитилмоқда

admin

ЯНГИ ЎҚУВ ЙИЛИГА ҲОЗИРЛИК БУГУНДАН БОШЛАНАДИ

admin