ADOLAT 24

Фалак тоқига юксалган аллома (22 март – Мирзо Улуғбек таваллуд топган кун)

Унинг ёруғ дунёга келиши таҳликали дамларга тўғри келганди. Соҳибқирон Амир Темур жануби-ғарбий Осиё мамлакатларига халоскорлик юришларини давом эттириб, Мордин қалъасининг фатҳида тўхтади. Буюк ипак йўлидаги шаҳар ва унинг қалъаси савдо карвонлари йўналишида муҳим нуқталардан ҳисобланиб, унда ўрнашиб олган бебошлар йўловчиларга катта ташвиш орттирарди. Қалъа муҳофазаси ҳам пухта ташкил қилинган бўлиб, қарийб уч ойдан бери дарвозаларини зафарнишон Самарқанд қўшинига очмай, мустаҳкам қаршилик қиларди. 

Ниҳоят жами кучлар сафарбар қилиниб, ҳал қилувчи юришга киришилди. Еру осмонни ларзага келтирган зарбага дош бера олмай алал-оқибат қалъа таслим бўлди. Соҳибқирон ортиқ ғазабланган, қасос шафқатсиз бўлиши кутилаётганди. Аммо фалакнинг шафқат буржи заминга юз бурган эканми, вазият бутунлай ўзгариб кетди. 

Гап шундаки, чопар ўша пайтда Салжуқийлар давлатининг пойтахти бўлган Султония шаҳридан хуш хабар келтирганди (Соҳибқироннинг муваққат ўрдуси сафар асносида шу шаҳарда танда қўйганди). Толеи баланд амирзода Шоҳрух Мирзога Яратган тўнғич фарзанд ато этган – ўғил билан сийлаган эди. Бу хабар ҳазратнинг қаҳр билан тўлган қалбига шундай меҳр улашдики, борлиқни зеру забар қилиб ташлайдиган куч дунёни яшнатадиган қувватга айланди. 

Соҳибқирон янги зурриёднинг дунёга келгани хабаридан бағоят шодланди, шу кайфиятининг суюнчиси сифатида қалъа мудофаачиларини кечирди, жами асирларни озод қилди. Бундайин мислсиз шафқатни Буюк Амир Темурнинг жами юришларида бирга бўлган сафдошлари кўришмаган эди. Соҳибқироннинг қалби қандайдир илоҳий нурдан мунаввар тортган, мурғак жон тимсолида ер юзига янги бир илтифот мушарраф бўлганини сезганди гўё. Қувончини дилбандга исм танлашда ҳам намоён этди, завқ-шавқ пўртанасида зилзилага тушган шуури билан ўтган сару сомон кунларини ёдига олди, яқинларини эслади. Қовоқлари тўлишиб, мижжаларига ёш қалқди ва тўпланган аърофу ашроф­­га тантана билан: 

– Набиранинг исми Муҳаммад Тарағай бўлади, – деб эълон қилди. 

Таомил бўйича, зурриёдларга Соҳибқирннинг ўзи исм қўйишига одатланган аҳли ҳашам ва аҳли ҳарам бу қарордан тўлғаниб кетди. Бу гал бутоқнинг янги навдасига ҳазрат улуғ марҳамат кўрсатган, болажонга отасининг исмини нисор этган эди. 

Бир кунда бўлаётган бундай саховатдан борлиқ ҳайратда эди. Ҳа, мўътабар бобонинг илтифоти бежиз бўлмаганини келар йиллар тасдиқлади. Ўша куни – ҳижрий 796 йил жумади ул-аввал ойининг 19-(милодий 1394 йил 22 март)да бўлажак қомусий олим, фан тарихидаги ўн йирик олимнинг бири, қирқ йил салтанатни бошқарган ҳукмдор, Темурийлар сулоласиниинг ифтихори Мирзо Улуғбек туғилган эди. 

Кейинчалик ҳам Соҳибқирон бу набирасига алоҳида муносабатда бўлди. Аввало, унинг тарбиясига жиддий эътибор қаратди, гўдакни саройда мавқеи энг баланд малика Сароймулкхоним ихтиёрига берди, баҳодир навкар Шоҳмаликни эса отабеги (бек-атка) этиб тайинлади. Сафарлари асносида қадами етган жойлардан ноёб китобларни махсус саралаб, Улуғбек учун пойтахтга жўнатиб турди, оқибатда, Самарқандда дунёнинг энг бой кутубхоналардан бири юзага келди. Шаҳзода эсини танигач, юртдаги муқаддас қадамжоларни, муборак обидаларни бир-бир кўрсатди, Мароғада жойлашган Розий, Носириддин Тусий сингари, Элхонийлар давридаги энг йирик расадхоналарга ташриф ёш Улуғбекда ўзгача таассурот уйғотган бўлса керак, вояга етгач, асосий фаолиятини осмон илмига бағишлади. 

5-6 ёшларида “Мохабхарата”, “Рамаяна” сингари энг қадимий бадиий ёзма ёдгорлик­лар ватани, саванналарида филлар, ўрмонларида маймунлар яйраб юрадиган эртаксимон Ҳинд ўлкасини кўрсатиш мақсадида ўзи билан сафарга олиб чиқди. Ҳа, бобонинг илтифоти чексиз эди, бу балки бир илоҳий пайғом, чинакам хуш хабар эди. Қолаверса, тарихий Хитой юришида тенгдоши Иброҳим Султон билан бирга Соҳибқиронга сафардош эди, ўша мангу айрилиқ лаҳзаларининг ҳаммасини ўз бошидан ўтказишига тўғри келганди. Мирзо Улуғбекнинг шарафли умри шу тахлит йўналиш олганди. У, бир сўз билан айтганда, бобосининг умиди, келажакка йўлчироғи эди… 

Албатта, бу фахрли аждодимиз ҳақида турли жанрларда кўп битиклар ёзилган, фильмлар ишланган, саҳна асарлари қўйил­ган, ранг-тасвир намуналари яратилган, мусиқа асарлари басталанган ва бошқа санъат турларида унинг мадҳи васф этилган. Неча асрдирки, Улуғбекнинг шуҳрати маърифат аҳлини лол қолдириб келмоқда, иншаолооҳ, бу ҳол инсоният тамаддуни бўйи шараф билан давом этгусидир. Биз бу ўринда ана шу машҳур инсон ҳаёти ва фао­лияти билан боғлиқ, нисбатан кам эътибор қаратилган нуқталарга диққатни тортишни мақсад қилдик.

Шуниси борки, яна бир бора таъкидлаш ноўрин бўлмас, Мирзо Улуғбек – Муҳаммад Тарағай бугунги кунда кўпроқ жамоатчиликнинг эътиборида бўлган Иккинчи Ренессанс деб юритилаётган тамаддунга пойдевор қўйган Соҳибқирон Амир Темурнинг эркалатиб улғайтирган набираси ҳисобланади.  

Яна бир тарихий далил – давлат арбобларининг фаолиятида амалга оширган ислоҳотлари, умуман, сиёсатлари қанчалик самарали бўлганининг эътироф этилишида, ўша давр вояга етказган буюк шахс­ларга қараб баҳо берилади. Гёте ёки Ньютон, Пушкин ёки Ломоносов ана шундай ижтимоий юксалишларнинг маҳсули сифатида майдонга чиққанлар. Темурийлар, аслида, Соҳибқирон Амир Темур фаолиятига баҳо берганда эса илмда – Мирзо Улуғбек, санъатда – Алишер Навоий феноменига алоҳида эътибор бериш лозим. 

Бу давр инсоният учун нимаси билан қадрли, улар инсоният тамаддунига нима берди, деган саволлар қўйилса, ана шу икки зотни эслаш кифоя. Яна бир нодир жиҳат шундан иборатки, даҳоларнинг бири – Мирзо Улуғбек бевосита буюк давлат арбоби Амир Темурнинг тўғридан-тўғри зурриёди – набираси. Ҳамма бойлар, ҳукмдорлар авлодининг машҳур бўлишини истайди, бироқ ҳаммага ҳам бу бахт насиб этмайди. Олмос қиррали истеъдод ва фаолият соҳиби Соҳибқирон Амир Темурга бундай толеъ ҳам насиб этганди!

Қайд этиш мумкинки, аллома ва ҳукмдор Мирзо Улуғбекнинг ҳаёти зиддиятлар ичида ўтган. Бу ҳол, аввало, унинг ҳаёт тарзидан, у танлаган йўлнинг маҳсули эди. Яъни олим сифатида у эркинлик тарафдори эди, чунки тафаккур қанча эркин бўлса, илмда ва тахайюлда шунча кенг қамровни забт этади. Одми тасаввур оламидан ташқарига чиқмай, юксакка кўтарилмай, нарсаларнинг моҳиятини тўла ва теран англаш мумкин эмас. Фаннинг табиати ижодкорликни талаб қилади, ижоднинг бош шарти эса – эркинликдир. Шунинг­дек, ўзи эркин бўлмаган одамнинг тафаккури ҳам эркин бўла олмайди. 

Ҳукмдорлик эса қарор топган ақидаларга амал қилишни, босиқ, вазмин яшаш тарзини тақозо қиларди. Гўё бир томон олов, иккинчи тараф эса сув эдики, бу қарама-қарши ўзанда оқиш осон эмас эди. Тарих китобларида Мирзо Улуғбекнинг саройда эркин тартиблар жорий қилгани, яъни қатъий ақидаларни эркинлаштиргани қайд қилинган. Бундай ҳол эса мутаассиб зотларга, ақидапараст сарой амалдорларига ёқмаганлиги бор гап. Бу ҳол ҳатто катта-катта фитналарга олиб борган. 

Улуғбекнинг фарзандлари ҳам “отасининг пешонасини терлатиб” қўйгани, яъни тинчитиб қўйгани йўқ. Катта ўғил Абдуллатиф гарчи истеъдодли бўлса-да, иззатталаб бўлиб вояга етди, ҳатто баъзи соҳаларда ўзини отасидан устун қўярди. Вояга етгач, бувиси Гавҳаршодбегимнинг муносабатлари туфайли аламзадалик кайфиятини орттирди. Кичик ўғил Абдулазиз эса эрка, тантиқ, маишатга ўч бўлиб ўсди.

Хуллас, бундай зиддиятлар йиллар ўтган сари кучайиб ва чуқурлашиб борди. Жонли ҳаёт эса бу гулханга мой қуйиб турарди: турли кайфиятдаги ташқи кучлар таъсирида муносабатлар кескинлашиб бораверди. Таҳлилчиларнинг қайд этишича, гарчи Мирзо Улуғбек 40 йил муттасил подшолик қилган бўлса-да, умри давомида бетимсол илмий салоҳиятини ҳукмронликда намойиш эта олмади, офтобдек чароғон ақл шаъми сарой зулмати қуршовида хира тортиб, тафаккур ва истеъдод ҳокимият хуружлари қаршисида чорасиз қолди, яъни бир қинда икки қилич – олим ва подшо сиғмади, бир қўлда икки кемани тутиб туриш имкони бўлмади.

Айниқса, Мирзо Улуғбек умрининг охирларида ихтилофлар жуда кескинлашиб кетди. Ҳиротда мағлуб бўлиб қайтган подшоҳни пойтахт Самарқандга киритишмайди (шаҳар Абдулатиф ва тарафдорлари қўлида эди). Ҳатто Тошкент яқинидаги Шоҳрухия шаҳрида турган амакилар ҳам унга илтифот кўрсатишмайди. Яна Самарқандга қайтиб боришади. Ниҳоят, Абдуллатифга инсоф кириб, отаси ва унинг ҳамроҳи, укаси Абдулазизни қабул қилади. Боғимайдонда “ота ва ўғил қучоқлашиб кўришадилар” (Бўрибой Аҳмедов), кечқурун зиёфат уюштирилади. 

Абдуллатиф тўрда, отасидан юқорида ўтирди, аммо зиёфат совуққина ўтади. Улуғбек тахтни Абдулатифга топширмоқчи, ўзи илм-маърифат билан шуғулланмоқчи эканини айтади. Қолаверса, мусулмончилик фарзларидан ҳаж зиёратига бориш мақсади борлигини маълум қилади. “Ота-бола суҳбати шу билан тугади. Балки кўп нарсалар тўғрисида гурунглашишга майллари бўлгандир, лекин гаплари қовушмади” (Б.Аҳмедов). 

Кейинчалик маълум бўладики, айни лаҳзаларда тақдир ҳукми ўқилган, зимдан Улуғбекни бартараф этиш режаси тайёрланаётган эди. Гарчи бу мудҳиш тадбир подшо Абдуллатифга маълум бўлса-да, у буҳронни тўхтатиб қолишга ожиз, деярли қаршилик кўрсатишга ҳам мойил эмас эди. Уни вақтинча тахтдан тушурадилар, қадимги сарой одатларига кўра мўғуллардан Муғлуқ исмли кимса қўғирчоқ хон этиб тайинланади. 

Шаҳар аъёнлари иштирокида машварат чақирилади, унда Улуғбек тахтдан маҳрум қилингани, кимнинг унга даъвоси бўлса, хонга арз қилиши мумкинлиги айтилади. Сулдуз уруғидан Аббос деган девсифат йигит унинг отаси бегуноҳ қатл этилгани ва у хун талаб қилишини маълум қилади. Уламолар жамоаси даъвони муҳокама қилишга киришадилар. “Хон шаръан нима бўлса, шуни қилинг­лар, деб буюрди” (Абдураззоқ Самарқандий). Деярли ҳамма бир овоздан “қонга – қон” одати Чингизхон ясоғида борлигини таъкидлаб, Аббоснинг талабини қондиришга овоз беради. 

Фақат қозикалон Шамсиддин Муҳаммад Мискин қарши чиқиб, ислом шариатида бу ҳолат рад этилиши, нари борса, дийа(хун ҳақи)га тортилишини маълум қилади. “Ахир подшо кимнидир ўлимга маҳкум этган бўлса, эл-юрт эмнияти ва рифоҳияти деб қилғон. Модомики шундай эркан, у шариат олдида жавобгар эмасдур”. Аммо мажлис аҳлининг кўпчилиги фикрида қаттиқ туриб олади. Шуниси эътиборлики, манбаларда қайд этилишича, Мирзо Улуғбек машваратларида ҳам улар нуқул ҳукмдор тарафида бўлишар, фақат қозикалон Шамсиддин Муҳаммад Мискин кўп масалаларда талашиб-тортишар, подшога қарши чиқарди. Бу сафар ҳам ҳамма тахт эгасига қуллуқ қилаётганди. Шундай қилиб, фатвога ҳамма қозилар муҳрларини босдилар, фақат қозикалон бу ишни қилмади. Барибир кўпчиликнинг фикри устун келди. 

Ҳижрий 853 йил рамазон ойининг еттинчиси (милодий 1449 йил 25 октябрь) куни Улуғбек ҳамроҳлари билан Самарқанддан чиқди. Боғишамолни ортда қолдириб, илгари юрганларида бир кичик қўрғонда уларни тўхтатадилар ва машъум ҳодиса рўй беради. Бу ҳақда тарихчи Мирхонд “Равзат ус-сафо” китобида аниқ гувоҳ – Адуллатиф отасининг сафарига ҳамроҳ қилиб қўшган Муҳаммад Хисравнинг сўзлари билан батафсил маълумот қолдирган.

Ўша йилнинг 27 октябри машъум воқеа содир этилган сана сифатида солномаларда қора ҳарфлар билан ёзилди. Буюк олим Мирзо Улуғбекнинг қатл этилиши инсоният тарихининг энг машъум лаҳзаларидан бири эди. Шу дамда гўё қуёш куйганди. Аслида қуёшнинг мавжудлиги водород ва гелий газларининг тинимсиз ёнишидан иборат кимёвий реакция. Куйиш (ёниш) қуёш учун (қуёшлик учун) одатдаги жараён, аммо “Обисужъ ариғининг бўйгинасида жойлашган кичик қалъада” (Б.Аҳмедов) рўй берган ҳодиса пайти, эҳтимол, қуёш юзи ҳам бир зум қорайгандир. 

Аристолис ва Афлотун ва Битлимус ва Жолинус,

Риёзи ҳашт ва ҳикмат расад иксир ва Иқлидис.

Али Сино ва Файлақус, Арасту ва Абу Маъшар, 

Бадиъи ва саноиъун сенингдек билмоди онлар.

Фалак йиллар керак сайр этса ва келтурса илкига

Менингдек шоири турки,  сенингдек шоҳи донони, 

деб ёзганди Улуғбекнинг замондоши шоир Саккокий. Замонлар оша вақт ҳукмини рад этиб, бундай таърифу тавсифлар мангу яшайверади. 

Яна Мирзо Улуғбекнинг номини мангуликка муҳрлаган омил илмий кашфиётлари, айниқса, «Зижи жадиди Гурагоний» асари бўлди. “Зиж”ни яратиш учун подшоҳ ва аллома бутун имкониятини йўналтирди, дейиш мумкин. Умуман, осмон ёритқичларининг жадвалини тузиш анъанаси мавжуд бўлиб, “Ердаги ҳар қандай ўзгариш олдин фалакда маълум бўлади” тарзидаги космогоник қарашнинг натижаси эди. ХV асргача ер юзидаги расадхоналарда Клавдий Птолемей (100-170 йиллар, Миср) ва Кастилия қироли Альфонс Х (1221-1284 йиллар) тузган жадваллар обсерваториялар учун асосий қўлланма ҳисобланарди. Шарқда ҳам кўп­лаб юксак даражадаги зижлар тузилганди.

Самарқандда, Обираҳмат ариғининг бўйида бунёд этилган расадхонада қарийб 30 йил давомида олиб борилган кузатишлар натижасида тузилган Улуғбек “Зиж”и ҳар жиҳатдан мукаммал эди ва шу жиҳати билан тез шуҳрат қозонди. У форс тилида ёзилган, кўп ўтмай араб ва турк тилларига таржима қилинган. Кўп олимларнинг саъй-ҳаракати билан ундан парчалар (амалий эҳтиёж ва зарурат нуқтаи назаридан) Европа тилларига ўгирилган, бундай юмуш 1638 йилдан 1917 йилгача давом эттирилган. Асар 1994 йилда профессор Ашраф Аҳмедов томонидан рус тилига таржима қилинган. 

“Зиж” икки катта бўлимдан иборат бўлиб, “Муқаддима” ва “Асосий қисм”(4 боб)дан ташкил топган. Дастлаб анъанавий ҳамду наът (Аллоҳ ва пайғамбарлар мадҳи) ва Қуръони каримдан хос оятлар келтирилади. Сўнгра асарнинг ёзилиш йўсини, унда иштирок этган олимлар – устоз Ғиёсиддин Жамшид Коший, Қозизода Румий, “фарзанди аржуманд” (Улуғбек шогирдини шундай деб атайди) Али Қушчи ва бошқалар хизмати тилга олиб ўтилади. Асосий қисм (1-бўлим 7 боб, 2-бўлим 22 боб, 3-бўлим 13 боб, шу бобда 1018 юлдуз ҳолати акс этган жадвал келтирилган, 4-бўлим 2 боб) 44 қисмдан тузилган бўлиб, уларда эралар, мучал ҳисоби, ҳандаса, математика фанлари, илми нужум ҳақидаги олимнинг қарашлари ифодаланган. Асарнинг кўплаб қўлёзмалари ва нашрлари ер юзи бўйлаб тарқалган бўлса-да, тўла ҳолда бирор замонавий тилга таржима қилинмаган ва мукаммал тадқиқ этилмаган. Жумладан, ҳалигача унинг ўзбекча таржимаси ҳам амалга оширилмаган.

Мирзо Улуғбек ўз кашфиётлари билан Ернинг Қуёш атрофида айланиш даври – йил ҳисобини ўта аниқликда – 365 кун 6 соат 10 дақиқа 8 сония эканини ҳисоблаб чиққанди. Бу ҳозирги ҳисобдан бор-йўғи 58 сония фарқ қилади. Шунингдек, эклиптиканинг осмон экваториясидаги оғиши 23 даража 32 дақиқа 17 сония эканини аниқладики, бу ҳисоб аниқ оптик асбоблар кашф қилинган ҳозирги давр­­да ҳам тўғрилиги тасдиқланган. 

Хулоса ўрнида айтиш мумкинки, Мирзо Улуғбекнинг хизматларидан космик парвозларни тайёрлашда ҳам фойдаланилган ва ҳамон фойдаланилмоқда. Илмда шундай юксакликка эришган олимнинг номи ҳамиша ҳам барҳаётдир. 

Ҳаким САТТОРИЙ

Tegishli xabarlar

Ҳудудлардан хабарлар: (Тошкент шаҳри, Андижон, Жиззах, Бухоро вилоятлари)

admin

Саудия Арабистонидан ажойиб хушхабар!

admin

Тиббий суғуртанинг конституциявий эътирофи – давр талаби

admin