ADOLAT 24

ОЛИЙ ЎҚУВ ЮРТЛАРИ ТАЛАБАЛАРИ БАНДЛИГИНИ ТАЪМИНЛАШ БЎЙИЧА УСТУВОР ВАЗИФАЛАР БЕЛГИЛАНДИ

Президент Шавкат Мирзиёев раислигида 4 март куни олий ўқув юртлари талабалари бандлигини таъминлаш бўйича устувор вазифаларга бағишланган видеоселектор йиғилиши ўтказилди.

Мамлакат келажаги, барча соҳалар ва лойиҳалар муваффақияти билимли, замонавий фикрлайдиган, ўз соҳасининг усталари бўлган инсонларга боғлиқ. Шу боис мамлакатимизда айнан таълим соҳасини, инсон капиталини ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда.

Қайд этилганидек, ҳозирги кунда олий ўқув юртларимизда 510 минг нафар талаба кундузги таълим шаклида ўқимоқда (жами 820 минг нафар). Давлатимиз раҳбари топшириғига мувофиқ, талабалар билан суҳбат ва сўровномалар ўтказилди. Талабаларнинг 100 минг нафарга яқини ишлаш ва қўшимча даромад топишга эҳтиёжи борлигини билдирган. Айниқса, улар орасида 7,5 минг чин етим ёки ногиронлиги бўлган ҳамда 4,5 минг нафар турли “дафтарлар”га киритилган талабалар бор.

– Олий ўқув юрти катта оила. Бу оилани раҳбари – ректор. Ота-оналар энг катта бойлигини, фарзандини сизларга топширган. Шунинг учун ректорлар ҳар бир талаба билан шахсан учрашиши шарт. Бу борада ҳақиқий ҳолатни билиб, талабаларнинг оилавий аҳволи, шароити, қандай ўқияпти, муаммолари ва таклифлари, хуллас, ҳаммаси ҳақида ҳар ойда ҳисобот беради ва бу масалага шахсан масъул бўлади, – деди Шавкат Мирзиёев.

Қайд этилганидек, бугунги кунда талабалар ишлаши мумкин бўлган 105 мингта вакант иш ўрни мавжуд. Таълим ва хизмат кўрсатиш соҳаларида – 22 мингтадан, саноатда – 17 минг, соғлиқни сақлашда – 9 минг, қурилиш ва қишлоқ хўжалигида – 6 мингтадан, молия соҳасида – 3 минг, алоқа ва IT соҳасида – 2,5 минг иш ўрни бор. 

– Мутасаддилар ишлашга эҳтиёжи бор талабаларга ёрдам бериб, уларнинг бандлигини таъминлаши шарт, – деди давлатимиз раҳбари.

Йиғилишда бу ишларни тизимли ташкил этиш учун Бош вазир раҳбарлигида республика комиссияси тузилиши маълум қилинди. Шунингдек, вилоят ҳокимлари бошчилигида ҳудудларда ҳам шундай комиссиялар ташкил этилади.

Комиссия вилоят ҳокимлари ва ректорлар билан бирга вакант ўринларни таҳлил қилиб, ҳар бир вилоят бўйича биринчи, иккинчи ва учинчи курс талабаларининг камида 30-40 фоизини ишга жойлаш чораларини кўради. Бундан ташқари, битирувчи курслар талабаларининг келгусидаги иш жойини белгилаб олади ва уларни ҳақ тўланадиган 3-4 ойлик стажировкага юборади.

Давлатимиз раҳбари олий ўқув юртлардаги бўш хона ва иншоотларни талабаларга бепул ажратиш орқали уларда пуллик курслар, тўгараклар ва бошқа хизматлар ҳамда ишлаб чиқаришлар ташкил этиш орқали иш ўринлари яратиш мумкинлигини таъкидлади.

Ректорлар олий ўқув юртларнинг йўналишига қараб, аҳоли ва тадбиркорларга пуллик хизматлар кўрсатиб, 5 минг нафар талабага қўшимча даромад олиш имкониятини яратиши шартлиги қайд этилди.

Мутасаддиларга ҳар бир олий ўқув юртида бир ой муддатда бандлик марказлари, шунингдек, ўн кун муддатда бу ердаги бўш хона ва иншоотларни талабаларга бепул ажратиб, камида 10 тадан пуллик курслар, маиший ва бошқа хизматларни ташкил этиш вазифаси топширилди. Бу орқали 5 минг нафар талаба даромад келтирадиган иш билан банд бўлади.

Ушбу ишларни қўллаб-қувватлаш бўйича давлат томонидан барча шароитлар яратиб берилади. Жумладан, олий ўқув юртлари ҳудудида пуллик ўқув курслари, спорт тўгараклари ва бошқа хизматларни ташкил этган талабалар даромад солиғидан озод қилинади. Умуман, талабаларнинг олий ўқув юртлари ҳудудидаги лойиҳалари учун 100 миллиард сўм кредит ресурслари ажратилиши маълум қилинди.

Бундан ташқари, ректорлар бир ой муддатда ўз ҳудудида талабалар бўш вақтида ишлаб, даромад топиши учун биттадан коворкинг марказини ташкил этишни бошлаши кераклиги кўрсатиб ўтилди.

Яна бир масала – олий ўқув юртларидаги бошқарув, техник, хизмат кўрсатувчи ва ўқув-ёрдамчи лавозимлари бўйича мавжуд вакант жойларда 3 мингдан зиёд талаба бандлигини таъминлаш мумкин.

Тошкент тиббиёт академиясида 70 нафар талаба иш юритувчи, кафедра лаборанти, кутубхоначи, омборчи каби лавозимларда ишламоқда. Лекин ҳозир олий ўқув юртларидаги кўп лавозимларга олий маълумот бўлиши талаб этилади. Шу боис истисно тариқасида ректорларга ўз тизимидаги лавозимларга талабани билим ва салоҳиятидан келиб чиқиб ишга жойлаштиришга рухсат этилиши белгиланди.

Бундан ташқари, барча давлат ташкилотлари ва муассасаларида талабалар учун ишлашга рухсат бериладиган бўлди.

Масалан, олий ўқув юртлари атрофидаги шаҳар мактаблари ва боғчаларида 13 минг вакант иш ўрни мавжуд. Мутасаддиларга бир ой муддатда камида 10 минг нафар талабани улар учун жойлашуви қулай бўлган мактаб ва боғчаларга ишга жойлаштириш чораларини кўриш вазифаси қўйилди.

Марказий банк тажрибаси асосида талабаларнинг ҳақ тўланадиган стажировкаларини ташкил этиш ва уларнинг якунида энг яхши стажёрларга иш таклиф этиш тизими иқтисодиёт, молия, қурилиш, энергетика, қишлоқ ва сув хўжалиги вазирликлари, солиқ, кадастр идораларида ҳам жорий этилиши белгиланди.

Ушбу янги тизим орқали, ҳар йили 3 минг нафар талабанинг бандлиги таъминланади.

Йиғилишда давлат грантлари ҳисобидан амалга ошириладиган илмий лойиҳаларга 2022 йилда камида 3 минг нафар талабани жалб қилиш лозимлиги айтилди. Шу мақсадда олий ўқув юртлардаги илмий лойиҳа гуруҳлари таркибининг камида 40 фоизини талабалар ҳисобидан шакллантириш вазифаси белгилаб берилди.

Давлатимиз раҳбари вилоят ва шаҳар ҳокимлари ректорлар билан биргаликда олий ўқув юртлари ва хусусий сектор ўртасида ҳамкорликни тизимли йўлга қўйиб, 30 минг нафар талабани иш билан банд қилиши лозимлигини таъкидлади. Бунда вилоят ҳокимлари иш берувчилар билан ҳамкорликда вакансия ва амалиёт ярмаркалари, талабалар учун бизнес учрашувлар ташкил этиши белгиланди.

Вилоят ҳокимлари икки ой муддатда олий ўқув юртлари билан йирик компания, кластер ва бошқа корхоналар ўртасида ҳамкорлик тизимини яратиб, йил якунига қадар 10 минг нафар талабанинг бандлигини таъминлаши лозимлиги қайд этилди.

Йиғилишда 2021 йилда талабалар ётоқхонаси бўйича тизим яратилгани таъкидланди. Лекин, барча ҳудудларда ҳам ишлар бир хилда олиб борилмаётгани кўрсатиб ўтилди. Бир ой ичида бу борада ўзгариш қилмаган ҳудуд раҳбари ва олий ўқув юрти ректори ишдан олиниши маълум қилинди.

Қайси олий ўқув юрти ректори ётоқхона қурилишининг 50 фоизини ўзи раҳбарлик қилаётган ОТМ маблағи ҳисобидан амалга ошириш ташаббусини билдирса, қолган 50 фоизи бюджетдан қоплаб берилиши белгиланди.

– Яна бир долзарб масала. Бугунги кунда Украина олий ўқув юртларида 370 дан зиёд ёшларимиз таълим олмоқда ва шундан 200 га яқини ватанга қайтарилди. Қолганларини ҳам яқин бир ҳафтада қайтариш учун барча чораларни кўряпмиз, – деди Президентимиз.

Тегишли комиссия ташкил этилиб, бир ҳафта муддатда Украинадан қайтган талабаларнинг мамлакатимиз олий ўқув юртларида ўқишини давом эттириши учун барча шароит яратиб берилиши кўрсатиб ўтилди.

Мутасаддилар йиғилишда муҳокама қилинган вазифалар ижроси бўйича қилинадиган ишлар юзасидан ахборот берди.

ЎзА

Tegishli xabarlar

Муаммолар ҳал этилмоқда

admin

“Ҳар не истарсен…”

admin

ОТАШИН ШОИР, ТАРЖИМОН ВА ДРАМАТУРГ УСМОН НОСИР ТАВАЛЛУДИНИНГ 110 ЙИЛЛИГИНИ КЕНГ НИШОНЛАШ ТЎҒРИСИДА

admin