ADOLAT 24

ЎЗБЕКИСТОН ВА ПОКИСТОН: МАЪНАВИЙ ИЛДИЗЛАР БИР, ОРЗУ-ИНТИЛИШЛАР МУШТАРАК

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 3 март куни давлат ташрифи билан Покистонга келди.

Исломобод шаҳридаги аэропортда давлатимиз раҳбарини Покистон Ислом Республикаси Бош вазири Имрон Хон кутиб олди.

Покистон Бош вазирининг қароргоҳида Ўзбекистон Республикаси Президентини расмий кутиб олиш маросими бўлди.

Шавкат Мирзиёев ва Имрон Хон фахрий қоровул олдидан ўтиб, шоҳсупага кўтарилди. Ўзбекистон ва Покистоннинг давлат мадҳиялари янгради.

Давлатимиз раҳбари халқларимиз дўстлиги, ҳамжиҳатлиги рамзи сифатида қароргоҳ боғига кўчат экди.

Шундан сўнг Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев ва Покистон Ислом Республикаси Бош вазири Имрон Хон тор доирада музокара ўтказди.

Покистон Бош вазири давлатимиз раҳбарини ташрифи билан қутлаб, Ўзбекистон билан ҳамкорликни ривожлантириш Покистон учун устувор аҳамиятга эга эканини қайд этди.

Учрашувда асосий эътибор икки давлат ўртасидаги стратегик шерикликни мустаҳкамлаш, сиёсий, савдо-иқтисодий, инвестициявий ҳамкорликни ривожлантириш масалаларига қаратилди.

Кейинги йилларда алоқалар анча фаоллашди. Бундан ташқари, икки мамлакатнинг турдош вазирлик ва идоралари, ҳудудлар раҳбарлари доимий мулоқотда бўлиб, олий даражада эришилган келишувларни амалга оширмоқда.

Пандемияга қарамай, барча соҳалардаги алоқалар ривожланмоқда. Хусусан, 2021 йилда ўзаро савдо айланмаси қарийб 50 фоизга ўсди. Жорий йил бошидан яна 70 фоиз ўсиш кузатилди. Бугунги кунда Ўзбекистонда покистонлик инвесторлар томонидан ташкил этилган 177 та корхона фаолият кўрсатмоқда.

Ўзбекистон Президентининг ташрифи арафасида Исломободда Ҳукуматлараро комиссия йиғилиши, бизнес-форум, сиёсий маслаҳатлашувлар бўлиб ўтди.

Шавкат Мирзиёев ва Имрон Хоннинг мулоқотида ушбу тадбирларнинг натижалари кўриб чиқилди. Савдо-иқтисодий ва инвестициявий келишувлар ҳажми аввалги йилларга қараганда ўсгани, шу билан бирга, ҳали фойдаланилмаган имкониятлар кўплиги қайд этилди.

Минтақавий ва халқаро аҳамиятга молик масалалар юзасидан фикр алмашилар экан, томонларнинг позицияси бир хил ёки ўхшаш экани тасдиқланди.

Ўзбекистон ва Покистон халқаро майдонда, жумладан, Бирлашган Миллатлар Ташкилоти, Шанхай ҳамкорлик ташкилоти, Ислом ҳамкорлик ташкилоти ва Иқтисодий ҳамкорлик ташкилоти доирасида бир-бирини қўллаб-қувватлаб келмоқда.

Афғонистонда кун сайин мураккаблашаётган гуманитар ҳолат унинг яқин қўшнилари сифатида Ўзбекистон ва Покистонда жиддий ташвиш уйғотмоқда. Ушбу мамлакатга инсонпарварлик кўмаги кўрсатишга жаҳон ҳамжамияти эътиборини кучайтириш муҳимлиги таъкидланди.

Имрон Хон Ўзбекистон Президенти туҳфа қилган Урдуча-ўзбекча муштарак сўзлар луғатини катта мамнуният билан қабул қилди. Унда ўзбек ва урду тилларидаги 3 мингдан ортиқ бир хил маъноли сўзлар жамланган.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев ва Покистон Ислом Республикаси Бош вазири Имрон Хон музокараларни икки мамлакат расмий делегациялари иштирокида давом эттирдилар.

Унда сиёсий, савдо-иқтисодий, инвестициявий, транспорт ва логистика, туризм, маданият соҳаларидаги ҳамкорликни ривожлантириш масалалари муҳокама қилинди.

– Қадимий Буюк ипак йўлида жойлашган Ўзбекистон ва Покистон халқларини азалдан умумий тарих, ўхшаш тил ва бой маънавий мерос боғлаб туради. Биз бугун бу кўҳна анъаналарни қайта тиклаяпмиз. Давлатлараро муносабатларимиз стратегик шериклик даражасига кўтарилганидан мамнунмиз, – деди Шавкат Мирзиёев.

Давлатимиз раҳбари яқин истиқболда ўзаро савдо ҳажмини 500 миллион доллар, келгусида эса 1 миллиард долларга чиқариш имконияти борлигини таъкидлаб, бу борадаги муҳим йўналишларни кўрсатиб ўтди.

Аввало, саноат соҳаларида кооперация дастурини, савдо айланмаси таркибини кенгайтириш бўйича “йўл харитаси”ни биргаликда ишлаб чиқиш зарурлиги қайд этилди.

Иккинчи муҳим йўналиш – мамлакатларимиз ва минтақаларимиз ўртасида мультимодал транспорт, юк ва ҳаво ташувлари бўйича ҳамкорликни кучайтириш. Яқинда Транзит ва савдо битими кучга кирди, мунтазам юк ташувлари учун асос яратилди.

Президентимиз транспорт-логистика соҳасидаги ҳамкорликни ривожлантириш бўйича лойиҳаларни амалга ошириш муҳимлигини яна бир бор таъкидлади. 

– “Термиз – Мозори Шариф – Кобул – Пешовар” темир йўли бизнинг умумий келажагимиздир. Бу йўл битса, Покистонни Марказий Осиё билан боғлайдиган, Ўзбекистонни Карачи, Гвадар ва Қосим портларига олиб чиқадиган энг яқин, арзон ва хавфсиз йўлакни яратамиз. Бу темир йўл минтақаларимиз қиёфасини бутунлай ўзгартириб юборади, – дея таъкидлади Ўзбекистон раҳбари.

Музокарада ушбу лойиҳани янада илгари суриш бўйича келишувга эришилди.

Доимий авиақатновларни қайта тиклаш истиқболлари муҳокама қилинди.

Икки мамлакат ҳудудлари ўртасида тўғридан-тўғри алоқалар ҳам ривожланмоқда. Жумладан, Наманган вилояти ва Панжоб музофоти ишбилармонлари кўплаб лойиҳаларни амалга оширмоқда. Келгусида Сурхондарё вилояти билан Хайбер-Пахтунхва провинцияси ва бошқа ҳудудларда ҳам ана шундай самарали ҳамкорликни йўлга қўйишга келишиб олинди.

Зиёрат туризми – яна бир муҳим йўналиш. Покистонда нақшбандия тариқатининг миллионлаб вакиллари, улуғ алломаларимизнинг ихлосмандлари бор. Қадимий обида ва зиёратгоҳлар, Заҳириддин Муҳаммад Бобур ва бобурийлар мероси икки халқ учун ҳам қадрли.

Президентимиз зиёратларни тизимли ташкил этиш мақсадида қўшма гуруҳ тузиш, икки мамлакат Туризм вазирликларининг ваколатхоналарини очишни таклиф қилди.  

Учрашувда илм-фан, экология, олий таълим, санъат, кино, спорт соҳаларидаги алоқаларга ҳам эътибор қаратилди.

Ҳукуматлараро комиссия ҳамраислари, вазирлар эришилган келишув ва келгусидаги режалар ҳақида ахборот берди. Шавкат Мирзиёев ва Имрон Хон уларнинг таклифларини қўллаб-қувватлаб, тегишли кўрсатмалар берди. 

– Ўйлайманки, бугунги очиқ ва сермаҳсул мулоқотларимиз, имзоланадиган ҳужжатлар стратегик шериклигимизнинг янги истиқболли йўналишларини очади. Энг асосийси, биз – икки биродар бир-биримизни яхши тушунамиз. Биз қўйган катта марраларга эришиш учун Ҳукуматларимиз доимий мулоқотда бўлишлари зарур, – деди Президентимиз.

Музокаралар мамлакатларимизда ҳамкорликни янги босқичга олиб чиқиш бўйича катта хоҳиш-ирода ва интилиш борлигини яна бир бор тасдиқлади.

Исломободдаги музокаралар якунида икки томонлама ҳужжатларни имзолаш маросими бўлди.

Президент Шавкат Мирзиёев ва Бош вазир Имрон Хон Ўзбекистон Республикаси билан Покистон Ислом Республикаси ўртасида Стратегик шерикликни ривожлантириш бўйича келгуси қадамлар тўғрисидаги қўшма декларацияни имзоладилар.

Шунингдек, ҳукуматлар ва идоралар ўртасида имтиёзли савдо тўғрисида, атроф-муҳитни асраш, зиёрат туризми, темир йўл соҳаларидаги ҳамкорлик тўғрисида келишувлар, Сурхондарё вилояти билан Хайбер-Пахтунхва провинцияси, Тошкент шаҳри билан Исломобод шаҳри ўртасида шартномалар каби 10 га яқин ҳужжат имзоланди. 

Бундан ташқари, ташриф арафасида ўтган бизнес-форумда 800 миллион долларлик қўшма савдо ва инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш бўйича келишувларга эришилган.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Покистон Ислом Республикасига давлат ташрифининг биринчи куни якунлари бўйича оммавий ахборот воситалари вакиллари учун брифинг ўтказилди.

Ўзбекистон Президенти ва Покистон Бош вазири ҳар доимгидек очиқлик ва ишонч муҳитида ўтган музокаралар натижаларини мамнуният билан қайд этдилар.

Давлатимиз раҳбари журналистлар билан мулоқотда Покистон халқини яқинлашиб келаётган Покистон куни байрами билан яна бир бор табриклади. Ушбу ташриф катта тарихий воқеа – мамлакатларимиз ўртасида дипломатик муносабатлар ўрнатилганининг 30 йиллиги арафасида ўтаётгани рамзий маънога эга эканини алоҳида таъкидлади. Олий даражадаги конструктив мулоқот, айниқса, кейинги йилларда фаоллашгани Ўзбекистон ва Покистон ўртасидаги шериклик ва ишонч даражасининг жадал ўсиб боришига хизмат қилмоқда.

– Биз Покистон билан биргаликда нафақат икки мамлакат, балки стратегик жиҳатдан муҳим бўлган Марказий ва Жанубий Осиё минтақалари ўртасидаги мустаҳкам ҳамкорлик кўпригини бунёд этаяпмиз, – деди Шавкат Мирзиёев.

Мамлакатларимизда амалга оширилаётган “Янги Ўзбекистон” ва “Ная Покистон” дастурларининг муштарак экани ҳам икки мамлакатнинг қараш ва интилишлари бир-бирига уйғунлигини тасдиқламоқда.

Ташриф доирасида Имтиёзли савдо тўғрисидаги битимнинг имзолангани муҳим қадам бўлди.

Фармацевтика, тўқимачилик, чарм-пойабзал, озиқ-овқат, қишлоқ хўжалиги, қурилиш, банк-молия ва бошқа асосий йўналишларда кооперацияни кенгайтириш юзасидан муҳим келишувларга эришилди. 

Томонлар Марказий ва Жанубий Осиёнинг ўзаро боғлиқлигини мустаҳкамлашга қаратилган йирик қўшма транспорт-коммуникация лойиҳаларини амалга оширишни жадаллаштиришга келишиб олдилар.

Покистон ҳудуди орқали халқаро денгиз портларига чиқувчи “Термиз – Мозори Шариф – Кобул – Пешовар” стратегик темир йўлини қуриш ишларини яқин муддатларда бошлаш муҳимлиги алоҳида таъкидланди.

– “Аср лойиҳаси” деб аталаётган “Термиз – Мозори-Шариф – Кобул – Пешовар” темир йўли нафақат мамлакатларимиз, балки кенг минтақаларимиз халқлари умумий равнақига ҳисса қўшишига ишонамиз, – деб таъкидлади Шавкат Мирзиёев.

Ўзбекистон ва Покистон ўртасида хавфсизлик, ҳарбий-техник соҳаларида, терроризм, экстремизм ва трансмиллий жиноятчиликка қарши курашиш борасидаги ҳамкорлик самарали ривожланмоқа.

Маданий-гуманитар соҳа шерикликнинг энг муҳим ва истиқболли йўналишларидан бири сифатида белгилаб олинди.

Икки мамлакат фан, санъат, кино, спорт соҳаларидаги алоқаларни кенгайтириш, ёшларга оид дастурларни амалга ошириш тарафдори.

Ўзбекистонда йил сайин урду тилини ўрганишга қизиқиш ортиб бораётгани таъкидланди. Покистонда ҳам Исломобод замонавий тиллар университети, Панжоб ва Пешовар университетлари каби олий таълим муассасалари негизида ўзбек тили ва адабиёти, Ўзбекистон тарихини ўрганишга катта эътибор қаратилмоқда.

– Ташриф давомида салмоқли ҳужжатлар тўпламини, жумладан, Стратегик шерикликни ривожлантириш бўйича келгуси қадамлар тўғрисида қўшма декларацияни имзоладик. Унда мамлакатларимиз ўртасидаги ҳамкорликни янада кенгайтириш бўйича бўлажак саъй-ҳаракатларимиз белгилаб олинган. Маънавий илдизлардан куч ва илҳом олаётган алоқаларимиз келгусида ҳам халқларимизнинг орзу-интилишларига ва биз тузаётган катта-катта режаларга мос равишда янги марраларга кўтарилади, – деди Ўзбекистон Президенти. Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Покистон Ислом Республикасига ​ давлат ташрифи давом этмоқда.

Ташрифнинг иккинчи куни Президент Шавкат Мирзиёев “Покистон монументи” миллий ёдгорлик мажмуасида бўлди.

Исломобод шаҳридаги мажмуа қарийб 3 гектар майдонни эгаллаган, уч йил давомида қурилиб, 2007 йилда  очилган. Ёдгорликнинг шакли гул баргларига ўхшайди. Тўртта йирик барг Покистоннинг тўрт провинциясини ифодалайди.

Эътиборлиси, мажмуа бобурийлар меморчилиги анъаналари асосида барпо этилган. Бу ерда тарих музейи ҳам бор.

Давлатимиз раҳбарига мажмуадаги суратлар тарихи ҳақида сўзлаб берилди

ЎзА

Tegishli xabarlar

“Биздан эрта кунга нелар қолмоқда?..”

admin

Одил ЁҚУБОВ: “Яхшиям хаётимда сен борсан, Марям!”

admin

⚡️Тезкор хабар

admin