ADOLAT 24

Германиядан қайтгач отилган ёхуд қатағон қурбони Хайриниса Мажидхонова ҳақида 

Тебралмаскан, нега булар тирилди?

Учолмаскан, нечун қанот берилди?

Фитрат

Хайриниса Мажидхонова 1905 йил 25 декабрда Тошкент шаҳрида оқсоқол Мажидхон Жалилов хонадонида дунёга келган. Бу маърифатпарвар инсон Россиянинг Москва, Санкт-Петербург каби қатор шаҳарларига сафар қилиб, жадид ғоя­лари билан танишганди. У оила аъзоларининг, хусусан, қизларининг ҳам европача таълим олишига тўсқинлик қилмади, аксинча ёрдам берди. 

Хайриниса дастлаб Мирободдаги янги мактабда таҳсил олиб, рус ва немис тилларини ўрганди. Унинг дунёқараши шаклланишида Туркистон жадид матбуотининг, шунингдек, бу вақтда биринчи ўзбек хотин-қизлар билим юртида ўқиётган опаси Ойпошшахоннинг ҳам таъсири катта бўлди. 1922 йили “Туркистон” газетасида чоп этилган Хайриниса Мажидхонованинг мақоласида эндигина 17 ёшни қаршилаган қизнинг Ватан истиқболи ҳақидаги орзу-истаклари ўрин олди. Мақолани ўқир экансиз, энг аввало, ўтган асрнинг бошида яшаган ўзбек қизининг тарихий тафаккури нақадар кенглиги, Ватан тақдири олдида ўзини қанчалик дахлдор сезиши кўпчиликни ҳайратга солиши табиий. 

“Туркистоннинг дунё савдо майдонида тутқон вазияти XVII асрдан бери тубан даражада қолиб келди. Бу аср умуман мусулмон мамлакатларининг таназ­зул даври бўлиб, таназзулнинг ҳам кўп сабаби карвон йўлларининг аҳамияти кетиб, ғарблилар тарафидан денгиз йўлларининг юксалтирилиши эди. XIX асрда ҳам Туркистон Ғарбий Овруподан узоқ бўлғонлиғи учун, тараққиёт томонидан бошқа мусулмон мамлакатларидан ҳам тубан даражада турди. XX асрнинг бошида ҳам қўшнимиз бўлган Эрон халқи сиё­сий фикрлар билан суғорилиб, ўз элида саноат турғизиш ва четларнинг таъсиридан қутулиш йўлида қон тўккани муддатда бизнинг Туркистон тинч ухламоқда эди… Фақат Руссиядан темир йўл келиб, савдо майдони кенгайди… Бундан очиқ англашиладирки бизнинг мозийи­мизни порлоқ қилғон – элимиздан ўтган карвон йўли бўлса, истиқболимизни порлоқ қилғучи, элимизни жаҳон савдо майдониға тутошдирғувчи улуғ темир йўлдир. Улар бизнинг савдомизни кенгайтурур, бизга бойлиқ ва ободлиқ берур ва ўзимизга катта саноат турғазишга имкон очар”, деб ёзганди ўсмир Хайриниса. 

Мақолада Туркистон жамиятининг маънавий қиёфасига ҳам тўхталиб: “… бизнинг бу дардимизнинг ҳам буюк қуроллари матбуот, мактаб ва театрдир. Бизда буларнинг ҳар қайсиси бор. Локин, улар ўзларининг тарихий вазифаларини ерига етказа оладирғон даражада эмасдирлар. Бизнинг янги мактабларимиздан шул вақтғача халқ ҳуркиб келди. Матбуот­дан узоқ турди. Театрни англамади. Чунки, буларнинг ҳар қайсиси ўзининг асосий вазифасининг ҳайкал мужассами бўла олмади. Халқнинг руҳига эҳтиёт билан яқинлашиб, унга таъсир ижро қила олмади. Ҳар бир халқнинг уйғониш даврида ғоят муҳим ўрин тутадирғон бу уч буюк қуролни ўз вазифаларининг руҳи билан суғориш бизнинг навбатдаги ишимиздир… Бизнинг тад­рижий тараққиётимиз шул йўллар билан борса керак. Акс ҳолда, биз ўз мозийи­миздан узулиб халқнинг ғурбатда қолишига сабаб бўлурмиз”, деб хулосалайди.

Германияга йўл

1922 йилнинг сўнггида Германияда таҳсил олишга юборилаётган талабалар қаторида ўзбек қизлари тошкентлик Хайриниса Мажидхонова, Саида Шераҳмадбоева ва хоразмлик Марям Султонмуродова бор эди. 

Қизлар учун оддий мактабга қатнашнинг ўзи жиддий қаршиликка учраб турган бир вақтда уларнинг таҳсил учун узоқ хорижга йўл олиши зиёлилар томонидан улкан жасорат сифатида баҳоланди. 

Ҳатто, ёш шоир Боту Хайринисанинг Германияга кетаётгани муносабати билан шеър битди:

Қоро турмуш чангалидан қутилиб,

Эрк чечаги тақа олғон кучли қиз,

Эски одат санамларин парчалаб

Эрк-Тангрига сажда қилғон руҳли қиз,

Йўлинг тўғри, ортга боқма, кетавер!

Илгарилаш ашуласин айтавер!..

Хайриниса Мажидхонова 1923-24 йилларда Берлинда “Хорижликлар учун немис тилини ўрганиш” мактабида ўқиб, ўрта маълумот тўғрисида шаҳодатнома олди. 1924-26 йилларда Дармштадтдаги (Darmstadt) ўқитувчилар семинариясида немис тили ва адабиёти йўналишида ўқиди. 1926-28-йилларда амалиётни Берлин шаҳридаги ўқув муассасаларида ўтаб, ўрта махсус маълумот олгани тўғрисидаги дипломни қўлга киритди. У Берлинда педагогик амалиёт билан бир пайтда машҳур доктор Феккельманнинг тиббиёт ходимларини тайёрловчи хусусий мактабида ҳам таҳсил олди. 

Хайриниса Мажидхонова 1928 йили Ўзбекис­тонга қайтиб, Тошкентдаги Касаба уюшмалари Марказий қўмитаси ходимлари жумҳурият бош­ланғич ва умумтаълим ўқитувчиларининг дам олиш уйида шифокор бўлиб ишлай бош­лади.1935 йили Тошкент тиббиёт инс­титутини битирган Хайриниса ўқитувчилар дам олиш уйида врач-терапевт ҳамда Файзулла Хўжаев номидаги Ўзбек пойабзал трести амбулаториясида шифокор-врач бўлиб ишлади. 

Олдига қўйган буюк мақсадлар йўлидан бораётган Хайриниса Мажидхонова навқирон 32 ёшида тоталитар тузумнинг қонли қатағони гирдобига тортилди. У ҳали оила ҳам қуриб улгурмаганди. 

“Катта қирғин”

1937 йил. Миллат гулларини маҳв этишга киришган Сталинча қатағон қиличи қонсираган кунлар. Ўша йилнинг 13 сентябрида “1922-28 йилларда Германияда ўқиган ва 1928 йил СССР ҳудудига жосус сифатида қайтган” деган сохта айблов билан Хайриниса Мажидхонова ҳам қамоққа олинди. Шу куни берилган ордер асосида у яшаётган отасига тегишли “Катта Миробод” кўчаси 43 уй, 1-хонадонда тинтув ўтказилди. Натижада унинг умри давомида тўплаган китоблари, таржималари, хатлари, суратлари, ҳатто қўл соати, шахсий ойнаси, уйнинг калити, тинтув пайтида топилган 30 сўм пул ҳам хатланиб, далолатнома асосида олиб кетилди. 

Тергов жараёнида асосий эътибор 1927 йилнинг ёзги таътили вақтида дугонаси Мариям Султонмуродова билан бирга Париж саёҳати ва у ерда Мустафо Чўқай ҳамда Бухородан Германияга таҳсил олиш учун юборилган Аҳмад Наим билан бўлган тасодифий учрашуви тафсилотига қаратилди. Хайриниса туҳматлардан иборат айбловларнинг барчасини рад этди, қийноқларга чидади. Бироқ бу унинг айбдор деб топилишига тўсқинлик қила олмади. 1938 йилнинг 9 октябрида ўтказилган машъум “Учлик” суди қўйилган айбларнинг ҳеч бири исботланмаганига қарамай, унга ўлим жазосини белгилади. Ҳукм ўша куннинг ўзидаёқ ижро этилди.

“Оқланди”

Сталинизмнинг сохта айбловлари фош этилиши билан унинг опа-сингиллари Хайринисанинг сўнгги тақдирини суриштиради. Масъул идоранинг Хайриниса Мажидхонова 1942 йил жазони ижро этиш даврида вафот этган деган хабаридан сўнг оила аъзолари қайта бу масалани кўтармайди. 

Боиси, улар совет жазо органларининг қўлидан нима ишлар келишини яхши билар, 1937-38 йилларда 75 ёшли қария Мажидхон оқсоқолни қизининг аксилинқилобий фаолиятини яширганликда айблаб, не куйларга солганини ҳали ҳануз унута олишмаган эди. 

Хайриниса Мажидхонова мус­тақиллик даврида, 1999 йил 7 октябрь куни Ўзбекистон Республикаси Олий суди томонидан оқланди.

Баҳром Ирзаев,

Қатағон қурбонлари хотираси давлат музейи катта илмий ходими, 

тарих фанлари бўйича фалсафа доктори

Tegishli xabarlar

АҲОЛИНИНГ ИЖТИМОИЙ ҲИМОЯГА МУҲТОЖ ҚАТЛАМЛАРИНИ МАНЗИЛЛИ ҚЎЛЛАБ-ҚУВВАТЛАШГА ОИД ҚЎШИМЧА ЧОРА-ТАДБИРЛАР ТЎҒРИСИДА

admin

ЎЗБЕКИСТОН – ХИТОЙ: САМАРАЛИ МУЛОҚОТЛАР, ИСТИҚБОЛЛИ ТАШАББУСЛАР – МУШТАРАК МАҚСАДЛАР ИФОДАСИ

admin

Ўзбек санъати дурдоналари жаҳон кўргазмаларида: Лувр музейидан Жидда шаҳригача

admin