ADOLAT 24

Римда пиширилган палов

1997 йили Археология институтининг уч илмий ходими: Темур Ширинов, Жамолиддин Мирзааҳмедов ва камина Римга илмий сафарга йўл олдик. Бизни Римдаги Ла Сапиенса университети профессори Кьяра Силвия Антонини таклиф қилган эди. 1404 йили ташкил этилган Ла Сапиенса университети Европанинг энг қадимий университетларидан бири ҳисобланар экан. Биз сафаримиз давомида қадимги Рим ёдгорликлари билан танишдик ва университетда талабаларга Марказий Осиё археологиясининг турли даврлари ҳақида маърузалар ўқидик. Бир куни Кьяра хоним Темур Шириновга қараб: 

– Мен сизларнинг паловингиз ҳақида Италиядаги дўстларимга кўп марта гапирганман. Яқинда ўша дўстларимни уйимга таклиф қилиб, сизлар билан таништирмоқчиман. Меҳмонлар орасида университетимиз ректори ҳам бўлади. Шунга бир палов қилсак, дегандим. Ичингизда палов қила оладиган киши борми? – деди. Темур ака мени кўрсатиб: 

– Амриддин палов пиширишга жуда уста. Паловни у пиширади, – деди. 

Мен астойдил эътироз билдирган эдим, Темур ака:

– Бўлди, ука, масала ҳал, энди орқага йўл йўқ. Паловни нима ширин қилади, биласанми? Уни гўшт ширин қилади. Қанча гуруч солсанг, шунча гўшт соласан, – деди.

Хуллас, белгиланган куни Кьяра хонимнинг Рим марказидаги вилласида палов пиширадиган бўлдим. Хонимнинг айтишича, меҳмонларнинг умумий сони қирққа яқин экан. Маслаҳат билан олти кило гуруч дамлайдиган бўлдик. Кьяра хоним бой-бадавлат аёл. Шу сабабли масаллиқлар ҳам мўл-кўл ва сара бўлди. Бузоқ гўшти, зайтун ёғи, эроннинг зираси ва ҳоказолар. Хоним менга ёрдам бериш учун университетдан бир армани аёлни чақирибди. Бу аёл тўрт-беш йиллар илгари Арманистондан Италияга кўчиб келган экан. Юрагимга “Палов бузилиб қолса нима бўлади” – деган ваҳима тушади. Бунинг устига Темур ака ошхонага кириб: 

– Ука, ўлсанг ўласан, аммо ошни бузмайсан. Агар ошни бузсанг, шарманда бўламиз. Ошни бузиб қўйсанг, итальянлар, ўзбеклар қанақа халқ экан, шуни ҳам овқат деб юрган бўлса, дея ҳайрон бўлишади. Миллат ва Ватаннинг шаъни, ори сенинг қўлингда, – дея чиқиб кетди. 

У кишининг бу гапидан сўнг баттар ваҳимага тушдим. Меҳмонлар аста-секин келиб зални тўлдиришди. Кьяра хоним мени ҳам залга таклиф қилиб, меҳмонларга таништирди. Дастурхонда ҳамма нарса бор, аммо ҳеч ким ҳеч нарса емаяпти. Ҳамма паловни кутмоқда. Ошхонага қайтиб, ҳар бир ҳаракатимни қайта-қайта ўйлаб кўрдим. Мендаги ҳаяжонни сезган армани аёл: “Нега ҳаяжонланаяпсиз?” деб сўради. 

Мен палов бузилиб қолмасмикан, деган хавотирда эканимни айтдим. Армани аёл: “Аввал палов қилмаганмисиз?” деб сўради. Мен авваллари палов қилганимни, аммо бу даражадаги юксак меҳмонлар учун хорижда биринчи марта палов қилаётганимни айтдим. Аёл менга далда бериш учунми, «қўрқманг, ҳаммаси яхши бўлади» деди. Хуллас, белгиланган муддатда палов тайёр бўлди. Қозоннинг қопқоғини очиб, апил-тапил татиб кўрдим. Ҳаммаси жойида эди. Шартта иккинчи қозонни очиб, уни ҳам татиб кўрдим. Бу қозондаги ош ҳам жойида эди. Шундан сўнг ўзимни босиб олдим. Паловни лаганларга сузиб, армани аёлнинг қўлига тутдим. У ошни даврага олиб кетди. Охирида ўзим ҳам бир лаганни кўтариб даврага кирдим. Темур ака имо билан:

– Қандай? – деди. Мен «яхши» ишорасини қилдим. 

Палов ҳақиқатда ҳам яхши чиқибди. Меҳмонлар ош муаллифи шарафига қадаҳ кўтарди. Темур ака аста ёнимга келиб: «Ука, Худо шарманда қилмади. Ошни қотирибсан, яша!», деди.

Менимча, Ватаннинг жонтомирларидан бири – шу Ватанда яшайдиган инсонларнинг Ватаннинг шаъни, ор-номуси учун бефарқ бўлмай қайғуришларидан ҳам сув ичса керак.

археолог олим Амриддин Бердимуродовнинг 

“Ватан хаққига муножот” китобидан

Tegishli xabarlar

ФАРЗАНДИНГИЗГА КИТОБ ОЛИБ БЕРИНГ!

admin

Таклифларимиз муҳим ҳужжатда акс этди

admin

Нажот мактабда, таълимда, билимда

admin