Йўл ҳаракати хавфсизлиги соҳасида ўз ечимини кутаётган кўплаб тизимли муаммолар мавжуд эканлиги сир эмас. Сўнгги йилларда йўлларда ҳаракат хавфсизлигини таъминлаш ва унинг ташкилий-ҳуқуқий асосларини тубдан такомиллаштириш масалалари фуқароларимизни, ваколатли давлат органларини, кенг жамоатчилик вакилларини, умуман олганда, жамиятимизни ўйлантириб келаётган асосий муаммолардан бири ҳисобланади. Бу жабҳада йўл ҳаракати қатнашчилари хавфсизлигини, уларнинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини таъминлаш, йўл-транспорт ҳодисалари сонини камайтириш, мамлакатимизда ҳайдовчилар тайёрлаш ва фуқароларга ҳайдовчилик гувоҳномаларини бериш тизимини тубдан ислоҳ қилиш, бу борадаги ваколатли давлат органлари масъулиятини янада ошириш, соҳага кириб келаётган янгиликларнинг қонуний асосларини яратиш ва ҳуқуқий бўшлиқларни бартараф этиш масалалари жамиятимизни ўйлантириб келаётган асосий муаммолар сирасига кириб улгурди.
Йўл ҳаракати хавфсизлиги соҳаси Ўзбекистон Республикасининг “Йўл ҳаракати хавфсизлиги тўғрисида”ги Қонуни ҳамда Вазирлар Маҳкамасининг 2015 йил 24 декабрдаги 370-сон Қарори билан тасдиқланган “Йўл ҳаракати қоидалари” ва бошқа элликдан ортиқ норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар билан тартибга солиб келинмоқда. “Йўл ҳаракати хавфсизлиги тўғрисида”ги Қонуннинг 3-моддасида “йўл ҳаракати хавфсизлиги – йўл ҳаракати қатнашчиларининг йўл-транспорт ҳодисалари ва уларнинг оқибатларидан ҳимояланганлик даражасини акс эттирувчи йўл ҳаракати ҳолати” эканлигига ҳуқуқий таъриф берилганлигига қарамасдан, йилдан-йилга сони ортиб бораётган йўл-транспорт ҳодисалари орқали ҳуқуқни қўллаш амалиётида мазкур нормалар тўлиқ ишламаётганлигининг яққол гувоҳи бўлиб турибмиз.
Шунинг учун ҳам 2022–2026 йилларга мўлжалланган Янги Ўзбекистоннинг тараққиёт стратегиясидаги 16-мақсад доирасида “йўл инфратузилмасини такомиллаштириш ва хавфсиз ҳаракатланиш шароитларини яратиш орқали йўлларда авария ва ўлим ҳолатларини қисқартириш, шу жумладан ҳаракатни бошқариш тизимини тўлиқ рақамлаштириш ва жамоатчиликнинг ушбу соҳадаги ишларда кенг иштирокини таъминлаш” бўйича вазифалар белгиланганлиги бежиз эмас.
Шунингдек, Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 20 октябрдаги 841-сон Қарори билан тасдиқланган “2030 йилгача бўлган даврда барқарор ривожланиш соҳасидаги Миллий мақсад ва вазифалар”нинг 3-мақсади 3.6-вазифасида “2025 йилгача йўл-транспорт ҳодисалари сонини, жумладан, пиёдалар томонидан йўл ҳаракати қоидаларининг бузилиши натижасида юзага келадиган ЙТҲ ҳолатларини икки баравар қисқартириш” вазифаси назарда тутилган.
Президентимиз Шавкат Мирзиёев раислигида жорий йил 11 февралда йўл ҳаракати хавфсизлигини кучайтириш чоралари муҳокамасига бағишланган видеоселектор йиғилиши ўтказилди. Унда йўл ҳаракати хавфсизлиги соҳасидаги асосий, ечимини кечиктириб бўлмас муаммолар сифатида йўл-транспорт ҳодисалари ҳамда улардаги ўлим ҳолатлари сонини қисқартириш, ушбу соҳадаги миллий қонунчилигимизни мавжуд муаммолардан келиб чиққан ҳолда қайта кўриб чиқиш ва такомиллаштириш, йўл ҳаракати қатнашчиларининг ҳуқуқий маданиятини, ўзаро ҳурмат ва билим-тажрибасини ошириш, қўпол қоидабузарликлар содир этаётганларга нисбатан жазо муқаррарлигини таъминлаш, ҳайдовчиликка ўқитиш ва гувоҳнома бериш тизими умуман талабга жавоб бермаётганлиги қайд этилди. Йўл ҳаракати соҳасидаги тизимли муаммоларнинг ташкилий-ҳуқуқий ечимини топиш мақсадида Давлатимиз раҳбари томонидан йўл-транспорт ҳодисалари ва қўпол қоидабузарликлар сонини камайтириш; қоидабузарлик учун жазо муқаррарлигини таъминлаш; йўл ҳаракати қатнашчиларининг ҳуқуқий маданияти, ўзаро ҳурмати ва билим-тажрибасини ошириш; автомактаблар фаолияти самарадорлигини ошириш; йўл ҳаракати соҳасини рақамлаштириш; йўллар ҳолати ва инфратузилмасини яхшилаш; хайдовчилар ва пиёдалар учун қулай ва хавфсиз йўл ҳаракатини ташкил этиш каби устувор йўналишларда мутасадди давлат ташкилотлари ва мансабдор шахсларга топшириқлар бериб ўтди.
Хорижий мамлакатлар миллий қонунчилигида йўл ҳаракати хавфсизлигини самарали таъминлашга қаратилган турли нормалар белгиланганлигининг гувоҳи бўлишимиз мумкин. Россия Федерацияси қонунчилигига мувофиқ йўл ҳаракати хавфсизлиги соҳасидаги қонунчиликни бузган шахслар фуқаровий-ҳуқуқий, маъмурий, жиноий ва бошқа турдаги жавобгарликка тортилиши мумкин. Қозоғистон Республикаси, Германия, Франция ва Россия Федерацияси қонунчилигига кўра эса полиция ходимларининг қонуний талабларига бўйсунмаганлик, уларга жисмоний қаршилик кўрсатганлик ёки жисмоний куч ишлатганлик учун жиноий жавобгарлик турлари, Швеция Йўл ҳаракати қоидаларига мувофиқ умумий фойдаланишдаги йўлларда велосипедлар ва пиёдалар учун алоҳида йўлакча бўлиши кераклиги белгиланганлигини кўришимиз мумкин.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев томонидан йўл ҳаракати хавфсизлигини кучайтириш бўйича берилган вазифа ва топшириқларни амалга ошириш мақсадида:
биринчидан, депутатлар, экспертлар ва жамоатчилик билан бамаслаҳат ҳолда “Йўл ҳаракати хавфсизлиги тўғрисида”ги Қонунга бу соҳадаги халқаро ҳуқуқ нормаларига мос қўшимча ва ўзгартишлар киритиш бўйича қонун лойиҳасини ишлаб чиқиш ҳамда унда қуйидагиларни назарда тутиш мақсадга мувофиқ: йўл ҳаракати хавфсизлигини таъминлаш соҳасидаги давлат бошқарувини амалга оширувчи Вазирлар Маҳкамаси, маҳаллий давлат ҳокимияти ва махсус ваколатли давлат органлари, яъни Ўзбекистон автомобиль ва дарё транспорти агентлиги, Автомобиль йўллари қуриш ва фойдаланиш ташкилоти, Ички ишлар вазирлигининг Давлат йўл ҳаракати хавфсизлиги хизмати ваколатларини аниқлаштириш ва бунда бир-бирини такрорлаш ҳолатларига йўл қўймаслик; йўл ҳаракатининг рақамли бошқарувини ва хавфсизлигини таъминлаш; йўл ҳаракати қатнашчиларининг ҳуқуқ ва мажбуриятлари масалалари;
Вазирлар Маҳкамасининг 2015 йил 24 декабрдаги 370-сон Қарори билан тасдиқланган “Йўл ҳаракати қоидалари”га йўл ҳаракати қатнашчиларининг ҳуқуқий маданиятини ошириш ва уларнинг қонунга итоаткорлик руҳини кучайтиришга, “жарима баллари” тизимини, автомактаблар фаолияти ва ҳайдовчилик гувоҳномасини олишга нисбатан янги талаблар жорий этишга, йўлларда ҳаракат тезлигига нисбатан чекловни қайта белгилашга, “йўл безорилиги” тушунчасининг ҳуқуқий таърифи берилишига қаратилган тегишли ўзгартиш ва қўшимчалар киритилиши лозим;
иккинчидан, Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги ва Жиноят кодексларига йўл ҳаракатида қўпол қоидабузарликларни, шу жумладан такроран содир этганлик, йўл ҳаракати хавфсизлиги инспекторларининг қонуний талабларига бўйсунмаганлик учун жазо чораларини кучайтиришни назарда тутувчи тегишли қўшимчалар киритилиши зарур;
учинчидан, пиёдаларни ва йўл ҳаракати бошқа иштирокчиларини йўл ҳаракати қоидаларини бузганлик учун маъмурий жавобгарликка тортишнинг аниқ механизмларини белгилаш ва жазо муқаррарлигини таъминлаш шарт;
тўртинчидан, ҳуқуқбузарликларни ўз вақтида аниқлаш ва уларга чек қўйишнинг, назоратнинг юқори самарадорлигини таъминловчи йўл ҳаракатини автоматлаштирилган тарзда тартибга солиш, видеокузатув ва йўл ҳаракати қоидалари бузилишини қайд этиш тизимларини, бошқа техник воситаларни янада кенгайтириш керак;
бешинчидан, “Хавфсиз йўл ва хавфсиз пиёда” умуммиллий дастури доирасида йўл ҳаракати қатнашчиларининг йўл ҳаракати қоидаларига риоя қилиш маданиятини оширишга қаратилган самарали тушунтириш ишлари тизимини, шу жумладан оиладан бошлаб, боғча, мактаб, ўрта махсус ва олий таълим муассасалари ҳамда мулк шаклидан қатьи назар, барча корхона, муассаса, ташкилотларда амалга ошириш лозим.
Хулоса қилиб айтганда, 2022–2026 йилларга мўлжалланган Янги Ўзбекистоннинг тараққиёт стратегияси ва 2030 йилгача бўлган даврда барқарор ривожланиш соҳасидаги Миллий мақсад ва вазифалар асосида олиб борилаётган кенг кўламли ислоҳотлар, албатта, йўл ҳаракати хавфсизлигини кучайтиришда ҳам ўз самарасини беради.
Фозилжон ОТАХОНОВ,
Олий Мажлис ҳузуридаги Қонунчилик муаммолари ва
парламент тадқиқотлари институти директори,
юридик фанлар доктори, профессор