ADOLAT 24

Жаҳон аҳлига андин муждаи равон келди

Ўзбекис­тон Фанлар академияси Абу Райҳон Беруний номидаги Шарқшунослик инс­титути, Лаъл Баҳодир Шастри номидаги Ҳиндис­тон маданият маркази ҳамда “Адолат” социал-демократик партияси ҳамкорлигида Заҳириддин Муҳаммад Бобур ва унинг авлодлари фаолиятига бағиш­ланган “Бобурийлар сулоласи: тарихи, адабиёти, маданияти” мавзусида халқаро семинар ва Ҳиндистондаги қўлёзмалар хазинасида сақланаётган Бобур меросининг нодир нусхалари фотокўргазмаси ўтказилди.

Семинарда Ҳиндис­тоннинг Ўзбекистондаги Фавқулодда ва мухтор элчиси Маниш Брабхат, Лаъл Баҳодир Шастри номидаги Ҳиндистон маданият маркази директори Чандер Шекхар, Ҳайдар Алиев номидаги Озарбайжон маданият маркази директори Самир Аббасов иштирок этди. Шарқшунослик институти директори, профессор Баҳром Абдуҳалимов шарқ манбаларининг ўзига хос жиҳатлари, институт қўлёзмалар хазинаси ҳамда ундаги Бобур Мирзо меросининг аҳамияти, шу билан бирга, унинг жаҳон бўйлаб тарқалган қўлёзмалари ҳақида сўз юритди. Ўтказилаётган тадбир халқаро аҳамиятга эга эканини, Ҳиндис­тоннинг Ўзбекистондаги элчихонаси ва Ҳиндистон маданият маркази билан ҳамкорликда ташкил этилганини алоҳида таъкидлади.

Элчи Маниш Брабхат нутқида Ўзбекистон ва Ҳиндис­тон қадимий муштарак маданиятларга эга экани, ҳозирги кунда сиё­сий, иқтисодий муносабатлар билан бир қаторда икки давлат ўртасидаги маданий алоқалар тобора кучайиб бораётгани ҳақида сўз юритди. 

Ҳиндистон маданият маркази директори, профессор Чандер Шекхар анжуман иштирокчиларини экспозиция материаллари ва Бобур асарларининг Ҳиндистон фондларидаги ноёб нусхалари суратлари билан таништирди.

Озарбайжон маданият маркази раҳбари Самир Аббасов Заҳириддин Муҳаммад Бобур меросига бағишланган тадбир юқори савияда ташкил қилингани, Ўзбекистон – Озарбайжон давлатлари ўртасидаги алоқалар янги мақомга кўтарилгани, Ўзбекистон Фанлар акаде­мияси Абу Райҳон Беруний номидаги Шарқшунослик институти ҳамда Ҳайдар Алиев номидаги Озарбайжон маданият маркази ҳамкорлигида катта лойиҳалар амалга оширилгани, хусусан, ўтган йили декабрь ойида Шарқшунослик институтида Низомий Ганжавий ва Алишер Навоий юбилейлари муносабати билан буюк мутафаккирлар асарларининг Озарбайжон ва Туркия кутубхоналарида сақланаётган нодир нусхалари кўргазмаси, таржима нашрлари тақдимоти ўтказилганини мамнуният билан эътироф этди. Тадбир учун тайёрланган Бобур асарларининг Ҳиндис­тондаги нусхалари кўргазмаси ва илмий семинар ҳам илмий-адабий алоқаларнинг яна бир гўзал шаклда давом этаётгани, Фанлар академияси Шарқшунослик институтининг халқаро миқёсдаги нуфузи янада ошганини кўрсатишини таъкидлади. Шунинг­дек, келажакда Шарқшунослик инс­титути билан Озарбайжон Илмлар академияси Фузулий номидаги Қўлёзмалар институти олимлари ўртасидаги илмий алоқалар манбашунослик асосида кучайтирилиши, бунда Озарбайжон маданият маркази мустаҳкам кўприк бўлишини алоҳида қайд этди. 

Тадбирда онлайн шаклда иштирок этган Ўзбекистондаги Бобур номли халқаро жамоат фонди раиси Зокиржон Машрабов “Бобур изидан” экспедицияси натижалари, сўнгги йилларда яратилган Бобур энциклопедияси ҳамда унинг инглиз тилидаги варианти устида олиб борилаётган ишлар ҳақида сўзлаб берди. 

Туркиялик таниқли адабиётшунос олима, профессор Танжу Сейҳан хоним “Бобуршоҳ ижодида вақтга оид лексика” мавзусидаги маърузасида Мирзо Бобур асарларидаги вақт, хусусан, йил, ой, кун ва куннинг паллаларига оид атамаларнинг қўлланилиши (масалан, оқшом, эрта, кеча, тонгла, кундуз, кун, тушлик, тун ва ҳ.к.), уларнинг хусусияти, форс ва араб тилларидаги эквиваленти хусусида фикр юритди. 

Низомий Ганжавий номидаги Адабиёт институтининг Озарбайжон – Туркманистон –Ўзбекистон адабий алоқалари бўлими мудири, профессор Алмаз Улвий-Биннатова “Бобурнома”да тазкирачилик анъаналари” мавзусидаги маърузасида асар мемуар услубда ёзилган бўлишига қарамасдан, унда Ҳиндистон ва Марказий Осиёда етишиб чиққан шоир ва шоираларга оид маълумотлар берилгани ҳақида тўхталди.

Швециялик бобуршунос олима Шафиқа Ёрқин “Бобурнинг яхлит воқеа ҳақида ҳикоя қилувчи шеърлари” хусусиятига тўхталиб, шоирнинг катта мавзуни кичик бир шеър орқали моҳирона ифода этиши, тарихий воқеаларни талмеҳ, истиора каби турли шеърий йўналишлар воситасида сўз билан тасвирлаш услубини ёритиб берди.

Семинарда Ўзбекистон ва Озарбайжон адабий алоқаларини мустаҳкамлашда жонбоз­лик кўрсатиб, Низомий асарларини ўзбек тилига, Навоий ва Бобур асарларини озарбайжон тилига таржималарини амалга ошираётган озарбайжонлик профессор Рамиз Аскар онлайн шаклда иштирок этди. Олим ўз маърузасида Бобур қаламига мансуб асарларнинг Озарбайжон тилига таржималари хусусида, шоир девонининг Ҳиндис­тон ва Қобул нусхалари, 500 дан ортиқ сайланма шеърлари, “Эъти­қодия”, “Рисолаи волидия” каби асарлари, “Бобурнома”нинг Озарбайжон тилига таржимасини амалга оширгани ҳақида сўзлади.

Семинарда ўзбекистонлик олимлардан Шуҳрат Ҳайитов “Бобур ижодининг хорижда ўрганилиши”, Мирмаҳмуд Мирсайдуллаев “Бобур муҳри”, Дилором Каромат “Бобурийлар давридаги ҳинд мусиқасига оид манбалар”, Ботир Йўлдошев “Бобурнома”, “Ҳумоюннома” ва “Жаҳонгирнома” асарларидаги Боғи Бобур тавсифи” хусусида қизиқарли маълумотлар билан ўртоқлашишди. Шунингдек, Шарқшунослик инс­титути олимлари маъруза билан қатнашиб, тадбир иштирокчиларини фондда сақланаётган Бобурийлар меросига мансуб адабиёт, тарих, дин ва тазкиранавислик соҳасидаги қўлёзмалар билан таништиришди. Хусусан, Салимахон Эшонова “Шарқшунослик институтидаги Бобурийлар сулоласига оид назмий асарлар”, Саидакбар Муҳаммадаминов “Шарқшунослик институтидаги “Фатавойи Оламгирия” тўплами қўлёзма нусхалари”, Жалолиддин Жўраев “Нафоис ул-маосир тазкираси”, Ойсара Мадалиева “Абдулла Носировнинг “Заҳириддин Муҳаммад Бобур дафтари” ҳақидаги манбавий маълумотлар аҳамиятини иштирокчилар эътиборига ҳавола қилди.

Тадбир мобайнида элчи Маниш Брабхат, Ҳиндис­тон маданият маркази директори Чандер Шекхар, Озарбайжон маданият маркази директори Самир Аббасов ва бошқа олимлар оммавий ахборот воситаси вакилларига Бобурга бағишланган кўргазма ҳамда халқаро семинар ҳақидаги ўз фикрларини билдирди. 

Ҳиндистон ва Озарбайжон маданият маркази раҳбарлари кўргазма ва семинарни ташкил этишдаги хизматлари учун ташаккурнома билан, маърузачилар, институт ва “Адолат” партиясининг айрим ходимлари эса фаол иштироклари учун сертификат билан тақдирландилар.

Халқаро семинар якунида манбашунос олимлар ҳамкорлигида жаҳон фондларида сақланаётган Бобур ҳамда Бобурийлар сулоласига мансуб барча қўлёзмалар ва уларнинг нусхалари тавсифини амалган ошириш орқали манбаларни жамлаш, таснифлаш, тартиб­лаш бугунги куннинг долзарб вазифаси эканлиги алоҳида қайд этиб ўтилди. 

Ўз мухбиримиз 

Tegishli xabarlar

Жамиятнинг мустаҳкам пойдевори

admin

Барча соҳаларда самарадорлик таъминланади

admin

МОЛИЯ СОҲАСИГА янгича ёндашувлар

admin