ADOLAT 24

Ёнимиздаги одам

Одатда журналистлар турли соҳа вакиллари ҳақида ёзишганда мақтовни жуда жойига қўйишади. Лекин доимий ҳамроҳларимиз, яъни яхши-ёмон кунимизда ёнимизда турадиган ҳамкасблар ҳақида ёзишга келганда, негадир кўнглимиздаги фикрларнинг сўзга кўчиши қийинроқ кечади…

Ўзбекистонда хизмат кўрсатган маданият ходими, атоқли адиб, киносценарийчи, драматург, фидойи журналист АБДУҚАЮМ ЙЎЛДОШЕВ билан бир таҳририятда ишлаётганимиздан ҳар биримиз фахрланамиз. Устоздан журналистлик, умуман, ижод борасида “текин дарс” оламиз. 

Абдуқаюм акани таниганлар яхши билишади. У ниҳоятда мулойим, ўта камтар ва ўзига жуда талабчан ижодкор. Иш жараёнида ҳам “бу иш менга тааллуқли эмас” ёки “ёшим улуғ, бу ишни ёшлар қилсин” каби гапларни ҳеч қачон ишлатмайди. Ишга ҳамиша жонфидолик билан ёндашади.

Буни қарангки, ҳаш-паш дегунча АБДУҚАЮМ ЙЎЛДОШЕВ ҳам ОЛТМИШни уриб қўйибди!

Биз таҳририятда устоз ҳақида кўнглимиздаги битикларни битаётганимизда газетанинг электрон почтасига у киши ҳақида ўнлаб мақолалар келиб улгурган экан. Шу сабабли улардан айримларини эътиборингизга ҳавола қиламиз.

Ҳа, айтганча, биз, таҳририятдошлар АБДУҚАЮМ акани муборак олтмиш ёш билан муборакбод қилиб, у киши ҳақида ўзимиз ёзганларимизни етмиш ёшга кирганларида эълон қилишга келишиб олдик…

ТАҲРИРИЯТ 
***   
  

ҚОБИЛ УКАМ, сўз бобида ҚОДИР УКАМ

Абдуқаюмбо-ой! Дарровдан шундай бўпқопти-да, а? 60? Э, қўйинг-э, биз сингари етмишдан дадил ҳатлаган оғаларингиз назарида – ҳали “ёш бала”! Бир кўз очиб юминг-чи, ана ўшанда кўрамиз! Лекин ҳозирданоқ алқаб қўйсак биров ёқамиздан олмас: қутли бўлсин, муборак бўлсин!

Ўзингизга ҳам айтиб бергандирман, Сиз билан “танишувимиз” қизиқ кечган.

Матбуот оламида “Моҳият” деган газета пайдо бўлиб, ҳаш-паш дегунча биринчиликка чиқиб кетди. Сармуҳаррири Абдуқаюм Йўлдошев дегич экан. Танимаймиз, билмаймиз, аммо озроқ ғашимиз келгани рост. Бизнинг ҳам муҳаррирлик даъвомиз кам эмас-да. Гадонинг душмани гадо бўлади, биласиз…

Бир эрта денг, таҳририятга уволгина қизча кириб келди, азза-базза “Моҳият”нинг мухбири эмиш!

– Мана шу анкета саволларига жавоб берар экансиз, раҳбаримиз тайинладилар.

– Бориб раҳбарингга айт, қизим, менинг вақтим йўқ.

– Кечқурун келсам бўладими?

– Тавба, мен сенга нима деяпман… 

Ҳақиқатан мухбир экан, “ёзмай кўринг-чи” деган каби тиккасига қараб турибди.

– Раҳбаримиз сизга салом айтиб юбордилар!

– Раҳмат, саломат бўлсин… – Кўрмаган-билмаган одам салом йўллабди, нимадир қилиш керак, ноқулай. – Майли, сен боравер-чи, бир гап бўлар.

Мухбир қиз кечқурун иш тугар маҳал пайдо бўлди. Бир бетликкина жавобни кўриб, ажаблана-ажаблана олиб кетди. 

Индинимиди, қисқа-қисқа жавобларим матндан ҳам катта бир сурат билан газетада босилиб чиқди. Қолдим балога! Раҳбарларимиздан бирига малол келибди: нега расмини бунча катта қилиб чиқаради?! Билиб турибман, гап суратнинг катта-кичиклигида эмас (қолаверса, уни мен бермаганман, таҳририят ўзи қайдандир топиб босган), муаллифнинг “ўқир-дўқир” жавобларида эди.

Ёзган-ку шунча гапга қолди, чиқарганнинг ҳоли не кечди экан? Бир кўнгил сўраб қўйиш керак… Иттифоқо, аллақандай матбуот анжуманидан кейин кўчада машинага ўтираётсам, бир йигит кўзимга иссиқ кўринди. Мени деб гап эшитган Абдуқаюм Йўлдошев шу бўлса керак дея, бориб қуюқ сўрашиб, узрхоҳлик қилган бўлдим. Йигит илтифотларимни жилмайибгина эшитди-да… Қайсидир чет эл радиосининг мухбири экан, лекин каминани танир экан…

Бош муҳаррирнинг “Моҳият”дан этак силкишига акаларининг суратини ана шундай катта-катта қилиб чиқаравергани ҳам сабаб бўлгандир-ов.

Абдуқаюм Йўлдошев билан “танишувимиз” ана шундай бошланган. Дарвоқе, йўқ, бундан олдин мен унинг мухлисларини билар эдим. Таҳририятимиздаги китобхон қиз-жувон бари китобларини кўкрагига босиб юрар, қўли бўшади дегунча “Тимсоҳнинг кўзёшлари”дан баҳс қилишар эди. Шулардан олиб адибнинг бир-икки нарсасини ўқидиму ўзим ҳам мухлислардан бирига айланиб қолдим. 

Шоир дўстим Хуршид Давроннинг бир гапи менга доим нашъа қилади. “Эркиннинг душмани бўлса, – деб ёзган эди у, – барини муҳаррирлик орқасидан орттирган. Шеъру ҳикоясини қайтариб берсангиз – тап-тайёр душман-да”. Агар шу гап ҳақиқат бўлса, мени хушламайдиган, менга душман сафнинг бошида Абдуқаюм Йўлдошев ҳам турмоғи керак.

Танишиб, дўст бўлиб, ака-ука бўлиб кетганимиздан кейин мен айниқса “ҳаддимдан ошдим”. Инимнинг китоблари ё қўлёзмаларини ўқийтуриб ҳавасларим келади: ана тил, ана тасвир, ана – воқеликка янгича ёндашув! Бу одамлар, бундай тақдир, бундай можароларни қайдан топади-я! Лекин муҳаррир талабчанлиги-ку майлига, гоҳо инжиқ феъл бош кўтариб, асарнинг қаеридир, кўпинча охири, ечими нодуруст кўриниб, жаҳл тошиб кетади-ку! Нима қилиб қўйдинг-а, эй бала! Бу нимаси, Абдуқаюмбой иним! Асар меники, ўзимникига айланиб бўлганида унинг бенуқсон, янада мукаммал бўлмоғини хоҳлайман-да, ахир! Ён-веримдаги биров-яримга “арз” қилганим етмагандай муаллифнинг ўзига ҳам шартта-шартта айтиб юбораман-да! Шунда у “Ёзсанг, ўзинг шундай ёзавер, ака!” дея шартта бурилиб кетиши керак. Йўқ-да, жилмайиб тураверади. Яна дўст бўлиб, ука бўлиб қолаверади. Ёзувчи одам, бу дашномларда қаҳр эмас, меҳр устунлигини сезади чоғи. 

Булар энди қалам аҳли ўртасидаги ўзаро икир-чикир масалалар. Китобхон эса суйиб-суйиб, кўзларига суртиб-суртиб ўқийверади. Тўғри-да, Абдуқаюм Йўлдошевдек ёзувчини экиб қўйибдими денг!..

Сираси, Абдуқаюмбой укамизнинг “азоби қаттиқ”. Бизга ўхшаган “танқидчи”ларнинг гап-сўзи-ку кўчада қолиб кетади, уйдагиси чатоқ, ёнгинасидагиси чатоқ. У билан бақамти, мусобақалашиб келаётган синглимизни Зулфия Қуролбой қизи дейдилар! Қатор-қатор роману ҳикоялар муаллифи. Бугунги ўзбек адибаларининг пешқадами. Тўпорича қилиб айт­ганда, улар – “қўш ҳўкиз”. Сузишиб кетса, ҳай, ҳай, алҳазар! Шунинг учун буни назокат билан “адабий оила” деб атайдилар. Адабий оила: каттакон ижодхона, икки деразанинг олдида иккита ёзув столи, деразалар тагида туп-туп ўрик оппоқ гуллаган, қаламини иягига тиргак қилган қўш ижодкор илҳом тўла кўзларини ана шу нав­чечакларга тиккан, дам-бадам бир-бирига жилмайишиб бир-биридан қофия қарз сўрайди… Афсона! Адабий афсона! Ўлмаган қул, шунақа ижодхоналарга билиб-билмай бош суққан жойларимиз бор. Худо кўрсатмасин!.. Қўрқа-писа қўнғироқ қиламан, гўшакни Зулфияхон олади. Абдуқаюмбойнинг дурустгина шоирлигини пешсухан айлаб, ҳар эҳтимолга қарши, ҳазил билан сўрайман: “Қани, сингил, шоирингиз уйдамилар?” Ёйинки, машҳур ҳикоясига нисбатан: “Пуанкаре жанобларини топсак бўладими?” Зулфиямиз – дала қизи, кенгфеъл, хушфеъл – дарров қақиллаб-қувнаб жавоб қилади. Кўнгил жойига тушади. Доим шундай бўлсин илоҳим! Кўз тегмасин!

Abduqayum Yo`ldoshev va Zulfiya Qurolboy qizi

Абдуқаюмбой иним! Сизга айтар сўзимиз кўп! Лекин ҳозирча шу. Чўзма гапда хосият йўқ, биласиз. Қолганини оқшомлари сим қоқишиб отамлашаверамиз. Худога шукр, гўшакбардоримиз – сизга завжа, бизга сингил. Қани, сингил, шоирингиз уйдами? Алё, Пуанкаре жаноблари, ўзларими?..

Эркин АЪЗАМ,

Ўзбекистон халқ ёзувчиси
***

«НИМА ҲАМ ҚИЛАРДИМ, НЕ ИЛОЖИМ БОР»

Баъзи одамлар бўлади: фикрлари шунчалик қолоқ, забунки, ғашинг келади, жаҳлинг ҳам чиқади. Ҳатто, бу нокас атайин шундай гапиряпти, мени синамоқчи, деб ўйлайсан. Ваҳоланки, у ёш бола эмас, кап-катта одам, ҳатто университетни битириб чиққан, дип­ломи бор. Ҳм-м, демак, гап дип­ломда эмас, каллада!

Anvar Nomozov, Abduqayum Yo`ldoshev

Яна шундайлар борки, тафаккури кенг, гаплари маънили, суҳбатлашиб тўймайсан. Сўзларини эшитиб, гоҳида ўзингдан уялиб кетасан: нега мен бош­қача ўйлайман, нима учун мана бу одамдек фикрламайман, дейсан. Унинг гап­лари миянгда айлана бош­лайди. Агар бу тоифа ижодкор бўлса, китоблари чиқса фойдаси шу: минг­лаб ўқувчилар ўқийди, онги ўсади. Абдуқаюм Йўлдошев – ана шундай ижодкор!

Шоир Муҳаммад Юсуф бир шеърида чиройли ўхшатиш қилган эди: «Хаёл қандай яхши, ўйнатар елкага кўтариб олиб…» Абдуқаюм Йўлдошев – ана шундай оға мен учун! Меҳрибон, ғамхўр у. Агар бошингизга ташвиш тушганини эшитса, сиздан-да кўп қайғуради, ишонаверинг. Ёрдам бергиси келади, чора излайди.

Мен Абдуқаюм аканинг ёзганларига ҳавас қиламан. Улар бошқача. Бироқ афсус шундаки, унинг асарлари дунё юзини кўриши осон бўлмаган. Бизда ўзи шу-ку: яхши ижод маҳсули бирдан қабул қилинмайди, эътироф этилавермайди. Аксинча – шунчаки ташлаб қўйишга, ерга уришга ҳаракат қилинади.

Абдуқаюм Йўлдошев заводда ишлаганида (оддий технологликдан цех бошлиғи, бош металлург даражасигача кўтарилган) ҳикояларини ўзбек газета-журналларига юборарди. Юқорида айтганимдай, бу ёзганлари муҳаррирларнинг ғаладонида ёки жуда бўлмаса столи устида ётаверарди. Шундан сўнг у рус тилида ёза бошлади ва асарларини Россия нашрларига жўнатди. У ердагилар инсофлироқ экан, пайдар-пай чоп этишди. Бизникилар бу ҳақда билгач, ғимирлаб қолишди: нега четга беряпсиз, шундай асарларни нима сабабдан бегона қиляпсиз ва ҳоказо-ҳоказо… Шундоқ тумшуғи тагида турибди бўлмаса бу муаллиф асарлари! Сўнгги қаҳрамон-да булар! Хуллас, кейин эътибор берилди. Худди шахматчи Рустам Қосимжонов ўз ҳисобидан хорижга бориб, жаҳон чемпиони бўлиб келгандай – бизда шундай деяпман-ку?

Абдуқаюм ака билан қачон танишганим аниқ эсимда йўқ. «Моҳият» газетасида ишлаган пайтларида бўлса керак. Янаям аниқроғи, «Фақат у сен эмас» шеъри қўшиқ қилинганидан кейинроқ эди, менимча. Бу шеърнинг тарихи қизиқ: хонанда Озодбек Назарбеков вилоят ва туманларда гас­тролда юрганида концертдан сўнг бир аёл шеър ёзилган қоғоз узатади ва қўшиқ қилиб куйласа, ажойиб чиқишини айтади. Озодбек уни олиб қўяди. Кейинроқ очиб қараса, тит­ратадиган (айниқса эркакларни) зўр шеър! Қўшиқ яратилади. Ҳайтовур Озодбек инсофли экан: шеърнинг муаллифи билан қизиқади. Биз бу ҳақда газетага бердик, шеър матнини эълон қилиб, «Муаллифи қидирилмоқда» дедик. «Ёнимда ётади бир мунис аёл»нинг муаллифи эса шундоқ «ёнимизда» экан.

Бора-бора Абдуқаюм ака билан яқинроқ танишдик. Тез-тез учрашадиган, ўзаро маслаҳатлашадиган, адабий ва бошқа мавзуларда суҳбатлашадиган бўлдик. Камина нашриёт очиш учун югуриб юрган пайтларимда Абдуқаюм аканинг «Пуанкаре»си журналда эълон қилинди. Бу энди «адабиий зилзила» бўлди. Ҳикоя­­ни қайта-қайта ўқишди, гапиришди, олқишлашди. Қойил, дедим, мана шундай ёзиш керак, дедим. Муаллиф билан асари хусусида узоқ гап­лашдик. Бу ҳикояни тезроқ китоб қилиб чиқариш керак эди. Абду­қаюм ака бош­қа асарларини қўшиб, яхшигина тўп­лам ҳозирлади. Мен «Академнашр» директори Санжар Назарга мурожаат қилдим: «Бир яхши китоб бор, бегона қилманг, «очко» оласиз». Санжар яхши китобни ерда қолдирармиди – чиройлигина қилиб чиқарди. Ҳозиргача босилиб турибди.

Китобга муаллиф билан уюштирилган интервью ҳам қўшилди. Шунчаки суҳбат эмас, фикрлар, ғоялар акс этган зўр мубоҳасамиз эди у. Суҳбатни «Адабиёт ва санъат»га тавсия қилиб кўрдим. «Йўқ», дейишди (уларнинг шаблон сўзлари бу, «ёруғ» нарса сўраб ўрганишган). Мен суҳбатни китоблар ва адабиёт дунёсини ёритадиган бошқа газетага беришга қарор қилдим. «Чиқарамиз» деди. Жўнатдим. Қани энди эълон қилинса! Кейин баҳоналар бош­ланди: «анови ери унақа, манови ери бунақа!» Хуллас, интервью эълон қилинмади…

Абдуқаюм Йўлдошев билан суҳбатимиз «Шарқ зиёкори»да босилиб чиқди. Жуда осон ва тезгина. Газетанинг ўша пайтдаги муҳаррири ҳатто хафа бўлди, нега бизга олдинроқ бермадингиз, деб. Мана муносабат, мана ёндашув! Мана дангаллик!.. Суҳбат Ўзбекистон халқ шоири Хуршид Давроннинг сайтида ҳам эълон қилинди.

Хуллас, «Пуанкаре» китоб бўлиб чиққач, уни ҳамма жойда баҳоли қуд­рат «реклама» қила бошладим. Кўпроқ одам ўқишини истар эдим. «Яхши нимарсалар йўқ» дейилган ҳозирги ўзбек адабиётида зўр ҳикоялар ҳам бўй кўрсатаётганини билишларини хоҳлардим. Бир куни эса «Пуанкаре» ҳикояси асосида Ўзбек давлат драма театрида саҳналаштирилган «Ҳаёт формуласи» спектакли премьерасига бордик… Айни кунларда «Пуанкаре» ҳақида кино олинаётганини ҳам эшитиб қолдим… 

Адабиётда шундайлар борки, уларсиз ҳам бу жабҳа ўз ўзанидан кетаверади. Ҳеч қандай ўрни, демакки, одамни жунбушга соладиган асарлари ҳам йўқ. Аммо ўзбек адабиётини Абду­қаюм Йўлдошевсиз тасаввур қилиб бўладими? Асло! Ҳар қандай каттаю кичик асарни – кифтини келтириб ёзадиган бу адибнинг ўрни ниҳоятда катта. Надоматлар бўлсинки, бизда кўролмаслар бор, кўриб турса ҳам тан олмас ҳасадгўйлар бис­ёр. Бундайлар очиқчасига ғайирлик қилади, ҳалол, камсуқум ҳамкасбига ола қарайди.

Бундай пайтларда Абдуқаюм ака маъюс кулиб қўя қолади. Ботинида нималар бўлаётгани ўзига аён. Уни четлаштиришга уринадилар. Бир вақтлар Тоҳир Маликка нисбатан ҳам шундай қилишган. Уюшманинг катта маблағини ўзлаштиришга қаршилик кўрсатгани учун баҳоналар топиб, ишдан бўшаш ҳақида ариза ёздириб олишган.

«Биз ижодкорларни, айниқса, қалам аҳлини салкам авлиё, миллат виждони деб ўсган, бунга чин дилдан ишонган авлодмиз. Балки шу боисдир, кейинги йиллар ичида имконим даражасида адабиёт аҳли орасида юрарканман, кўп қаламкашлар билан яқиндан танишганим, феъл-атворларини ўрганганим, инсоннинг асл кимлиги маълум бўладиган оний лаҳзаларда ёнма-ён турганимга хўб афсуслар едим, улар билан узоқдан қуюқ кўришиб, ҳурмат-иззатимни сақлаган ҳолда ўз йўлимдан кетавермаганимдан пушаймонлар чекдим. Аммо, шоир айтганидай, «нима ҳам қилардим, не иложим бор», – дейди Абду­қаюм ака.

Бир йили «Тафаккур» журнали таҳририятида «Армон асираси» романи ҳақида кўрсатув съёмкаси бўлди. Каминани китоб муҳаррири сифатида таклиф қилишди. Баҳоли қудрат гапирдик. Бу роман Абдуқаюм аканинг умр йўлдоши Зулфия Қуролбой қизининг қаламига тегишли. Жуда зўр асар. 2020 йили эса Зулфия опанинг «Машаққатли ҳаёт сўқмоқлари» романи чиқди. Бу ҳақда эшитган раҳматли дадам китобни албатта юборишимни сўрадилар. Жўнатдим. Дадам уни уч кунда ўқиб чиқибдилар. 

Абдуқаюм ака ва Зулфия опа бир-бирларига узукка кўз қўйгандек. Улар ўзбек адабиётда катта из қолдирмоқдалар. Илоҳим, бардавом бўлсин. Умрларига умр қўшилсин. Энг муҳими, адабиётни янги-янги асарлари билан бойитаверсинлар.

Бугун Абдуқаюм ака қултуғ ёш остонасида. Мен учун у киши табассум қилиб тушган расмидаги каби ҳамиша ёш ва навқирон. Ҳар доим ижодга маҳтал, қаламга ошуфта, ўзбек китобхонларига, кино ва спектакль томошабинларига гўзал асарларини қолдираётган забардаст ижодкор.

Умрингиз зиёда бўлсин, ижодингиз гуриллайверсин, қадрли Абдуқаюм ака!

Анвар Намозов,

Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси

Tegishli xabarlar

Ветеранлар

admin

Ўзбекистоннинг янги таълим модели

admin

Сўз — Қурултой иштирокчиларига

admin