ADOLAT 24

БЛЭКАУТ Бу нима дегани?

Маълумки, сешанба куни эрталаб Марказий Осиёнинг бирданига учта давлати – Ўзбекистон, Қозоғистон ва Қирғизистонда электр энергиясида катта узилиш юз берди. Улкан тизимдаги фавқулодда бундай экстремал ҳолат, яъни электр энергияси таъминотида узилиш ўз-ўзидан қандай улкан миқёсдаги салбий оқибатларга олиб келишига эса ҳаммамиз гувоҳ бўлдик: чироқ ўчишидан ташқари қатор ҳудудларда сув­ни етказиб беришда, иситиш тизимида жиддий муаммолар юз берди. Светофорлар ўчди, алоқа узилиб қолди. Пойтахтимизда метро вақтинча ишламади.

Албатта, бу кутилмаган фалокатдан тўғри хулосалар чиқариб олинади, келажакда бундай ҳолат қайтарилмаслиги учун барча чора-тадбирлар кўрилади.  

Биз масаланинг кичик бир жиҳатига тўхталиб ўтмоқчийдик, холос. Эътибор берган бўлсангиз, шу кунлари ижтимоий тармоқларда эълон қилинган мақола-хабарларда “Марказий Осиёда блэкаут!”, “Ўзбекистонда блэкаут!” қабилидаги бир қарашда ваҳимали ва совуқ туюладиган сарлавҳалар тез-тез учраб турди. 

Гарчанд хорижий атамаларни пайдар-пай ишлатишни хуш кўришимизни яхши билсак-да, ҳар қалай, ўзбекча таржимаси топилмаган бу сўз бирикмаси қандай маънога эгалиги билан қизиқиб кўрдик.

Оддий сўзлар билан айтганда, блэкаут – авария ёки жиддий узилиш туфайли электр энергиясини узатишнинг тўхташи. Атаманинг ўзи эса инглизча “black” (қора) – “out” (ташқарига ёки тутилиш) сўзларининг йиғиндиси, яъни яхлит ҳолда маъно берувчи ихчам иборадир. Одатда, мазкур атама кенг кўламли фавқулодда ҳолларда, чунончи электр энергияси катта ҳудудларда, бир неча соатдан бир неча ҳафтага қадар узилганида ишлатилади.

Дарвоқе, агар яқин тарихга назар ташлайдиган бўлсак ҳам, бундай ҳодисалар кўплаб мамлакатларда, жуда катта миқёсларда учраб турганига шоҳид бўламиз. Келинг, улардан айримларини эслаб ўтайлик. 

1977 йил: “Нью-Йоркнинг қўрқинчли туни” – 13 июль оқшомида чақмоқ электр узатиш линиясига келиб урилди. Натижада Нью-Йоркнинг 9 миллионли аҳолиси 25 соат мобайнида электр токисиз қолди. Зулматга чўмган шаҳар бирданига шафқатсиз жиноятчилар маконига айланди, кенг кўламли зўравонлик ва кафандўзлик (мародёрлик) авж олди. Ваҳимага тушган аҳоли мазкур блэкаутни “қўрқинчли тун” деб атай бошлади. 

2003 йил: “Буюк блэкаут” – 14 август куни АҚШ ва Канада давлатлари электр таъминотида юз берган улкан узилиш ортидан мисли кўрилмаган муаммолар келиб чиқди.

2015 йил: “Қрим блэкаути” – 20 ноябрдан 8 декабрга қадар давом этган мазкур фожиага электр узатиш тармоқларининг портлатилиши сабаб бўлган. 

Яна бир гап. Мутахассислар мазкур атамани ўрни келса-келмаса ишлатмаслик тарафдори. Зеро, “блэкаут” атамасининг яна бир қанча маънолари бор. Жумладан, “Пардалар блэкаути”. Бу умуман ёруғлик ўтказмайдиган, хонани мутлақо қоронғиликда сақлайдиган пардаларга нисбатан ишлатилади. 

Шунингдек, Европа тиббиётида “Алкоголь блэкаути” деган тушунча ҳам бор. Бу энди қаттиқ мастликдан чиққан одамнинг айрим воқеаларни эслай олмаслигини билдиради, холос.

Интернет хабарлари асосида тайёрланди  

Tegishli xabarlar

Ҳуқуқ тизимида сарсонгарчиликлар барҳам топади

admin

Депутат сўровига жавоб қани?

admin

СИЁСИЙ ПАРТИЯЛАР – фуқаролик жамиятининг муҳим элементи 

admin