ADOLAT 24

“Меҳрим кўп, улашгим келади…”

Институтда ўқиб юрган кезларимиз драматург Шароф Бошбеков билан бўлиб ўтган илк учрашув ҳалиям эсимда. Ўшанда устозни илк бор кўришим эди. Инс­титут кутубхонасида ташкил этилган ижодий учрашув жуда мароқли ўтди. Шоирликка даъво қилмасам-да, илҳомим жўшиб ўзим ёзган шеърни ўқиб бердим. “Барака топ” дегандилар. Уларнинг айтган ҳар бир сўзларини жон қулоғим билан тингладим. Менинг ҳайратимни янада орттиргани “Меҳрим кўп, улашгим келади…” деган сўзлари бўлди. Илк учрашувдаёқ устоз­­га меҳрим ошди. Эсдалик учун суратларга тушдик. Мана, энди ўша суратлар бор, аммо ёнимизда ўзи йўқ…

Учрашув тугагач, институт дарвозаси ёнигача устозни кузатиб бордик. Ичимда қандайдир ғалаён бўлди-ю, “Менам самарқандликман, Булунғурданман” дейишга журъат топдим. Ўшанда Шароф Бошбеков жилмайиб, қишлоғимни суриштира кетдилар. Ўзлари “Ғубур” қишлоғида туғилганини айтдилар. Мен эса ёзишга қизиқишим, ёзган машқларимни қандай юборишим ҳақида сўрадим. Устоз электрон поч­та манзилини бердилар. Шу кундан эътиборан нималардир ёзиб, устозга жўнатадиган бўлдим. Бу орада фейсбук саҳифасида ҳам Шароф Бошбеков билан дўстлашиб, маслаҳатлар олдим. Устознинг асарларини бирма-бир ўқиб чиқдим. Драматург Шароф Бошбековни ўзим учун қайтадан кашф қилдим. Ёзган машқларимга ҳам устоз ёзма жавоб қайтарардилар. Уларда насиҳат, тажриба, маслаҳат, куйинчаклик, меҳр ва ишонч бор…

Илк машқларимга устознинг ёзма жавобларини уларнинг меҳри каби барчага улашгим келди:

“Муҳиба, қизим! 

Ушбу муаллифларнинг асарларини ўқишни маслаҳат бераман.

Жаҳон адабиётидан:

Габриэль Маркес – “Танҳоликда юз йил” романи.

Грузин адиби Нодар Думбадзе – нимасини топсанг ҳам ўқи. Айниқса, Низом Комилов таржимасидаги ҳикоялари машҳур.

Чингиз Айтматов ҳикоя ва қиссалари: “Бўтакўз”, “Алвидо, Гулсари”, “Эрта келган турналар”, “Сарвиқомат дилбарим”, “Момо ер”.

Ўзбек адабиётидан:

Шукур Холмирзаевнинг ҳикоя ва қиссалари.

Эркин Аъзам ҳикоя ва қиссалари.

Шулардан нимани топа олсанг, ўқишни маслаҳат бераман”.

…Ўшанда қишлоқда эдим. Телефонда устоз­нинг рақамлари пайдо бўлди. Ҳам хурсанд, ҳам хижолатли ҳолда (баъзида устознинг ўзлари мени йўқлардилар, ҳолимни, ишимни, ота-онам, қиш­лоқни сўрардилар) телефонни олдим. 

– Муҳиба, яхшимисан? Уйингдагилар яхшими? Ишларинг қандай? Мен яхшиман. Худога шукр. Сенга мақтанай дедим, “Танланган асарлар” китобим “Энг яхши драматик асар” мукофоти билан тақдирланди.

– Табриклайман, устоз. Давомли бўлсин. Хурсанд бўлдим…

Бу сўнгги қўнғироқ ва сўнгги сўзлашув бўлди…

Шароф ака менга жуда кўп бебаҳо маслаҳатлар, ўгитлар бердилар. Армоним шуки, мен Устозимга ўз самимий миннатдорликларимни билдиришга улгуролмадим…  

Алвидо, УСТОЗ!..

Муҳиба ИСМАТИЛЛАЕВА

Tegishli xabarlar

“Uzbekistan GTL”: табиий газ ва ноёб ёқилғи

admin

Журналистнинг рафиқаси бўлиш ҳам жасорат

admin

АҲОЛИ БАНДЛИГИНИ ТАЪМИНЛАШ ЙЎНАЛИШЛАРИ БЕЛГИЛАНДИ

admin