ADOLAT 24

Ўз шеърига ўзи йиғлаган шоир…

Ўзбекистон халқ шоири, элимизнинг севимли фарзанди Муҳаммад Юсуфнинг шеърларини ёд олмаган, қўшиқларини севиб тинг­ламаган инсон бўлмаса керак. Унинг содда, равон ва халқчил шеърларида каттаю кичик ўз дарду ташвишини, қувончу шодлигини ҳис этади, шунинг учун ҳам ҳар бир сатрини юрагига жо қилади. 

Бугунги суҳбатдошимиз халқимизнинг ана шундай эрка шоири Муҳаммад Юсуфнинг ҳаётига елкадош ва ҳамнафас бўлган рафиқаси, шоира, “Фидокорона хизматлари учун” ордени соҳибаси Назира ас-Саломдир.  

– Назира опа, сиз жуда гўзал адабий муҳитда камол топгансиз. Оилангизга, қалбингизга, ишқингизга муносиб йигит билан илк учрашувингиз қай тарзда кечган, демоқчиман-ки, шеъриятга ошуфта дилингиз уни қандай таниган? 

– Аввало мени суҳбатга чорлаганингиздан мамнунман. Чунки бугун яқинларимни хотирлаш ҳаётим мазмунига айланган ва бу менга 21 йилдирки, таскин бериб келади. Шундай яқинларимдан бири, албатта, умр йўлдошим! 

Тошкент шаҳридаги машҳур “Навоий-30” деб номланувчи нашриётлар уйининг 3-қаватида, “Ўқитувчи” нашриётида талабалик йилларимдаёқ, яъни 2-курсда сиртдан ўқиб юрган кезларимда иш бошлаганман. Нашриётларнинг барча ходимлари шу бинонинг ошхонасига тушлик қилгани тушишарди. Ўша куни мен ҳам ҳамкасб дугоналарим билан ошхонага отландим. Эгнимда ҳарир кўйлак, сочим майда ўрилган, бошимда дўппи, нозиккина қиз эдим. Негадир дўппи кийиш урф бўлмаса ҳам бу менга ёқарди. Ҳатто гоҳида замонавий кийинганимда ҳам бошимга дўппи кийиб олардим.

Ўша куни ошхона эшигидан нарироқда 3-4 нафар йигитлар баҳслашиб туришганини сезмай ўтиб кетаётганимизда улардан бири менга қараб нимадир деди. Мен индамай, қарамасдан йўлимда давом этдим. Таомланиб бўлгунимизча ярим соатдан кўпроқ вақт ўтди. Қайтиб чиқаётганимизда эса эшик олдида бир қорачадан келган озғин йигит турганига кўзим тушди. У кутилмаганда менда гапи борлигини айтиб, уни тинглашимни илтимос қилди. Мен эса яна индамай ўтиб кетавердим. Кейинчалик билсам у йигит мени биринчи кўрганидаёқ ёнидаги дўстларига: “Мана шу қиз менинг тақдирим. Кўрасизлар, шу қизга албатта уйланаман!” деган экан. Шу тариқа у йигит мени кўпинча бекатларда кутиб турадиган бўлди. Аммо мен ўзимни кўрмаганга олиб, секингина қочиб қолардим.

Нашриёт биносининг учта эшиги бўлиб, мен ишдан сўнг атай ҳар хил эшиклардан чиқар, трамвайда (16-трамвай мен яшайдиган Бодомзор маҳалласигача юрарди) кетаётиб, у йигитнинг мени кутиб турганини кўрардим.

Бекатларда мен қоларман-да

Айтар сўзим қолиб кетади.

Трамвайлар сени ҳар куни 

Бодомзорга олиб кетади –

шеъри ўша пайтлари ёзилган.

Кейинчалик билсам, ҳарбий хизматга кетган экан. Орадан 2 йил вақт ўтгач, у яна бизнинг бинода пайдо бўлди. 

Йигит энди узоқдан мени кузатаётганини, ёнимга келолмаса-да, нигоҳларини сезиб турардим. Аммо дадил ёнимга келолмасди. У жуда тортинчоқ кўринарди.

Кунларнинг бирида юртдошим Бахтиёр ака Муҳаммадиев билан сўрашиб ўтарканман, Бахтиёр ака, бу хонадошим Муҳаммад, танишинглар, ўзи андижонлик, деди. Кейин билсам, у Назира билан таништириб қўй, деб бир неча бор илтимос қилган, Бахтиёр ака, йўқ, у сенга тўғри келмайди, деб пайсалга солиб келаркан.

Шу-шу, Муҳаммад ака йўлакда узоқдан кўрса ҳам, сал эгилиб сўрашадиган бўлди. У жуда камгап ва тортинчоқ кўринарди.

Кунлардан бир куни “Альманах” журналини хонамга олиб кирди-да: “Шеърларингиз чиқибди. Олиб келдим”, деб мендан суюнчи олди. Мен журнални варақларканман, Муҳаммад Юсупов ёзувига ва суратига кўзим тушиб: “Бу сизми? Сиз ҳам шеър ёзасизми?” дедим. У кулимсираб, ҳа, дегандай ишора қилди. Шундагина унинг ҳам шеърлар ёзишини билдим. 

Муҳаммад ака танимасдан, оиламни билмасдан умрига йўлдош қилиб мени танладилар. Бир кўришдаёқ қарор қабул қилганлар. Яна мени ижодкор сифатида ҳам қадрлашларини кўп бора исботлаганлар. Уларнинг сиймосида орзуимдаги инсонни кўрганман.

– Янги оиладаги қандай воқеа-ҳодисаларни, шоирнинг шоирага шоирона муносабатларини ширин хотира сифатида эслайсиз?

– Улар менга кўпроқ ўзимнинг шеърларимни ўқитар, айрим маслаҳатлари билан бирга шеър­ларимга юқори баҳо берардилар. Бу билан мени рағбатлантирмоқчи бўлар, кўпроқ ёзишимни талаб қилардилар. Мен эса уларнинг шеърлари билан тирик эдим. Қайта-қайта ўқийверардим. 

У киши ўзига эътиборни жуда қадрлардилар. Баъзида уйда қолганимда уларни эшик олдигача кузатиб чиқишимдан беғуборлик билан севинишларини яширолмас эдилар.

Тўйдан кейинги дастлабки пайтларда яқин дугонам Холиданинг уйида, Чилонзорнинг Оқтепасида турардик. Ҳали ўз уйимиз йўқ, Муҳаммад ака мен билан ишлайдиган дугонам билан ака-сингилдай муносабатда бўлиб, унинг оила аъзолари билан ҳам жуда иноқ эдилар. Шунинг учун бу таклифга рози бўлганлар. Биз ўз ота-онамизнинг бағрида юргандек ҳис қилардик ўзимизни. (Оллоҳ рози бўлсин улардан) Дугонам, унинг синглиси Фарида билан бирга киноларга борардик, муҳокамалар қилардик, шеърлар ўқиларди. Ҳазил-ҳузуллар, тортишувлар, самимий суҳбатлар қурардик.

Муҳаммад ака менинг ижодимга жуда эътиборли эдилар. Ҳатто бир гал мендан яширинча шеърларимни йиғиб, ўзларининг шеърлари билан битта тўп­ламга жамлаганлар. Буни мендан сир тутганлар. Тўп­лам нашрдан чиққач эса уни менга “сюрприз” қилган эдилар. Мен бундан норози бўлганман. Чунки, улар анча танилган, уларнинг тўпламига менинг шеърларим кириши ўзимга ҳам эриш туюлган. Ўшанда улар: “Сиз мендан олдин танилган эдингиз. Ўзингизга паст баҳо берманг!”, деб менга дакки берган эдилар. Шундай қилиб, “Эрка кийик” тўп­лами 50 000 нусхада нашр этилиб, тезда тарқаб кетган эди. У киши бундай “сюрприз”ларни кўп қилар, менинг ижодимга жуда эътиборли эдилар.

Вафотларидан олдин ҳам шундай тўплам тайёрлаганлар. Мен уни вафотларидан кейин нашр эттиришга истиҳола қилдим. 

– Устознинг шеъриятга ва оилага муҳаббати орасида тафовут бормиди?

– Бу икки муҳаббат бир-бирини доим тўлдириб турган. Шоирнинг шоирлиги, бу – қисмат! 

Оиласи бўлмаса ҳам шоирлар шеър ёзаверадилар. Лекин ҳаётда тушкунликка тушиб, девонаваш, мажнунона умр кечирадилар, деб ўйлайман. Ҳаётда бунга мисоллар кўп. Оила (рисоладагидай оила бўлса) уни мана шу тушкунликдан, оила ташвишидан, ҳаётдаги зарбалардан асрайди. Шоирнинг оиласига бўлган муносабати шоирга эмас, шоирнинг шахсиятига дахлдор, деб ўйлайман. Шоир оиласини, фарзандларини яхши кўрса, у улардан узоқда ижод қилиши қийин. Демак, оила ҳам илҳом манбаидир. 

– Ижод лаҳзалари, илҳом нашидасини кўнгил узиб бўлмас гўзал фариштага қиёслашади. Шундай паллаларда турмуш ўртоғингизнинг бутун борлиғи билан ижодга шўнғиши сизга эътиборсизлик каби туюлмасмиди? Ёки ижодкор сифатида уни тушунармидингиз?

– Муҳаммад ака, илҳом деган тушунчани тан олмаганлар. “Шоир нимадандир кўнгли тўлса, нимадандир озорланса шеър ёзади. Шеър туп­роққа аралашиб ётади. Уни топиб, артиб-суртиб уйга олиб келасан”, деганлар бир интервьюларида. 

Шоирнинг ҳолатини шоир тушунмаса, ким тушунади. У пайтлар ҳушёр бўлмасанг, бир ижод дурдонаси яралмай қолиши мумкин. У ҳеч кимни кўрмаяпти. Хаёли паришон. Олис-олисларга кўз тикиб, гоҳо жим, гоҳо пичирлаб, безовта бўляптими, тамом, унга халақит берадиган барча овозми, ҳаракатми, болаларми, ҳаммасини тинчитиш керак! Фақат ими-жимида, сездирмасдан! Болалар кичкина, бу ҳолатни тушунмайди, тушунишни ҳам истамайди. Минг ҳуш­ёр бўлсам ҳам, гоҳида мен истамаган вазият содир бўлган вақтлари ҳам бўлган. Бир куни қизим Нозима югуриб дадасининг хонасига кириб, тиззасига ўтириб олган. Кутилмаганда ота ўзига келиб, қизчамизга илкис овозини кўтариб юборган. Қизим қўғирчоғини кўтариб, хўмрайиб чиқиб кетган. Мен югуриб кирганимда, Муҳаммад ака ручкасини шарт синдириб, менга қарадилар. Кўзларидаги жиққа ёшни кўриб, ўзимни йўқотиб қўйдим. Бирпасдан сўнг уйдан чиқиб, Нозимани кўтариб олдилар-да, юзларидан ўпиб, эркалаб, ундан кечирим сўрадилар.

Кечаси эса яна ижодга шўнғидилар. Саҳар чоғи улар ухлашга ётганларида секин иш кабинетларига кириб, столларига қарадим ва ниҳоят шеър ёзилганини кўрдим. Уни ўқир эканман, кўзларимдан тирқираб ёш қуйилди. Бу шеър кечаги ҳолатнинг маҳсули эди:

Шуҳратга ўч бўлсам керак мен гумроҳ, 

Ёлғон бўлса керак дилда нолам ҳам. 

Тўпори байтларим битар пайтим гоҳ, 

Кўзимга кўринмай қолар болам ҳам. 

Оламни эркалаб, эрка сўз излаб, 

Боламни эркалаб бир сўз айтмайман. 

Мушукдай суйкалиб келса ҳам, музлаб, 

Бетидан бир ўпмай уйдан ҳайдайман. 

Бурчак-бурчакда жим тортишар бурун, 

Билмам, қандай ўйу хаёл ичида. 

Тузсиз шеърларим деб шириндан-ширин

Қизларим юришар оёқ учида.

Улар шеър ёзмасин ҳеч менга ўхшаб, 

Мендан нафи кўпроқ тегар элимга. 

Шоҳ асар бўлса ҳам, тупурдим ўша –

Боламни йиғлатиб ёзган шеъримга. 

Уларнинг ўзи билан ўзи қолишини, янги шеър дунёга келишининг руҳий ҳолатларини ўзимга эътиборсизлик деб тушунсам, мен ижодкор бўлмасдим ва зўр шоирни йўқ қилган бўлишим мумкин эди…

– Муҳаммад Юсуфнинг қизи бор хонадонларда гулу райҳонлар униши ҳақидаги бетак­рор сатрларини ҳар бир қиз ёддан айтади, деса муболаға бўлмайди. Шоирнинг ота сифатида қизларига муносабати, муҳаббати қай даражада эди?

– Муҳаммад аканинг ота сифатидаги қизларига муносабати, муҳаббати камдан-кам оталарда бўлса керак. Уларни яқиндан танийдиган ижодкорлар, ҳамқиш­лоқлари, дўстлари бунга кўп бора гувоҳ бўлишган. У киши учун қизларининг гапи гап, сўзи сўз, яъни, нима хоҳиш-истаги бўлса муҳайё қилар эдилар. Бир куни кенжатойим Мадина нимадир олиб беринг, деб хархаша қилибди (мендан буни сир тутишарди). Ҳазиллашиб, бунинг ҳозир иложи йўқ, дебдилар. Қизим эса аразлаб олибди. Муҳаммад ака харид учун бозорга кетдилар-да, қайтиб келиб, кичкина пакетни қизимнинг қўлига тутқаздилар. Ўзинг очиб, меваларни жойла, дедилар. Қизим хўмрайиб, ошхонага кириб кетди-да, бирдан “Уррееее” деб қичқириб юборди. Билсам, меваларнинг ичига Мадина сўраган нарсасини солиб қўйган эканлар. 

Муҳаммад ака уларни нафақат эркалардилар, шу билан бирга, уларга катталардай муомала қилардилар. Оилага дахлдор бирор режа бўлса мени ҳам, қизларни ҳам йиғиб, ҳар биримиздан фикримизни сўрардилар. Айниқса, тўнғичимиз Маъсуданинг ҳар бир гапини жиддий қабул қилар, кичкиналарнинг ҳам фикрини сўраб қўярдилар, негадир. 

Дўрмондаги Ёзувчилар боғидаги коттежимизга ёз, баҳор, кузда ҳаммамизни олиб кетар, қизларга машина ҳайдашни, футбол ўйнашни ўргатар, ҳатто қозонда овқат қилишни ўз зиммасига олардилар. 

Боғимизга ҳар хил сабзавотлар экишар, парваришлашар, қизлари билан бирга йиғиштириб олаётганларида қувончлари ичига сиғмасди. Баъзида “Оқтош”, “Сўқоқ” дам олиш масканларига олиб борардилар. 

Катта қизимни узатганимизда ҳеч кўниколмадилар. Ҳар ҳафта уйига бориб, кўриб келардилар. У биринчи фарзанди Билолни дунёга келтирганида мен Андижонда бўлганман. Келгунимча ундан хавотирланиб, туғруқхонага бориб, қудалар билан тонггача ўтириб чиқибдилар. Туғруқхонадаги аёллар ҳайрон бўлармиш, таниб қолиб, деразадан қарашармиш. 

– Ижод аҳли борки, кўнгил кишиси бўлганлиги боис жуда меҳрталаб, эьтиборталаб бўлишади. Улар учун на моддий бойлик, на тўй-томошадаги олди-бердилар аҳамиятсиз. Ҳаётий таж­рибангиздан келиб чиқиб айтинг-чи, шоирнинг рафиқаси қандай бўлиши керак?

– Бу таърифларингиз айнан Муҳаммад акага дахлдор. 

Ҳа, улар учун маънавий бойлик муҳим эди. Ҳеч қачон моддий бойлик ортидан қувмади. Бор имкониятларидан бировлар учун, халқ учун фойдаланганлар. Кимнингдир контракт пулини тўлашига, кимнингдир мукофот олишига, кимнингдир ўқишга киришига ёрдам берганига гувоҳ бўлганман. Баъзи билмаганларимни эса, мана, 20 йилдан бери эшитиб келаяпман. Бу савоб ишлари ҳам уларнинг халқ ичида севимли бўлишига сабаблардан бўлган. 

Буни қаранг-ки, мен улғайган оиланинг тутуми ҳам худди шундай эди. 

Раҳматли отам Ғайбуллоҳ ас-Салом ҳам фақат илм учун жон куйдирганлар. Катта бойнинг ягона ўғиллари бўлиш­ларига қарамай, 7-синф­дан ўз эҳтиёжларига ўзлари пул топганлар. Умрбод одамларга ёрдам бериб, савоб йиғиб, бизни ҳам шу руҳда тарбиялаганлар. Маънавий бойликни барча моддий бойликдан устун қўйганлар. 

Бизни Муҳаммад ака билан эҳтимол дунёқарашимиз бир хил эканлиги янада яқинлаштиргандир. Лекин ижодкор билан яшаш учун бунинг ўзи етарли эмас, деб ўйлайман. Мен уни ҳам, ўзимни ҳам бахтли қилиш учун ўзим яратган маълум қоидаларга қатъий риоя қилдим, яъни, қариндош-уруғ, дўст-ёрлар билан бўладиган тантаналар барҳам бериб, уларнинг хоҳишига қараб ўзимни ҳар томонлама мослаштирдим; ҳамиша ҳушёр бўлиб, дунёга келадиган янги ижод дурдонасини эшитишга ёки ўқишга шай турдим. Яъни, кечалари улар ижод қилаётганларида бедор бўлдим; қиз болага атаб ёзилган шеърларга беҳуда рашк қилиб, жанжаллашмадим. Кийимларининг ҳаммасини ҳар қандай шароитда шай қилиб қўйишга ҳаракат қилдим. Чунки уларнинг айнан ювилмай қолган кўйлак­ларини кийгилари келиб қолиши мумкин; уйда бўлганларида уйдан чиқмасликка ҳаракат қилдим; уйни озода тутиб, ишдан келганларида овқатни дарҳол дастурхонга қўйишга ҳаракат қилдим, негаки, беш дақиқа кечикса овқат емай қўйишлари мумкин эди; ўзимни ҳам, ижодимни ҳам ҳеч қачон биринчи ўринга қўймадим (ўз хоҳишим билан албатта). Балки бу бошқаларга маъқул бўлмас, аммо мен шундай яшадим…

– Халқнинг севимли фарзанди Муҳаммад Юсуф нималарни яхши кўрарди-ю, нималарни хушламас эди?

– Муҳаммад ака бировга хушомадни, ёлғонни, зиёфатларга, тўйларга боришни, кўп гапиришни, дангасаликни ёмон кўрардилар. 

 Улар футбол ўйнашни, ер чопишни, самимийликни, мардликни, қизларини ёнида олиб юришни, бўш вақтини улар билан ўтказишни, умуман оддий одамлар билан суҳбатлашишни ёқтирардилар. 

– Уларнинг ўзига хос фазилатлари ҳақида гапирсангиз.

– У кишининг бир одатлари бор эди, улар янги кўйлак кийишни ёқтирмасдилар. Олдин жомашовга солиб ювдириб, оҳорини тўкиб, сўнг киярдилар. Ҳеч қачон янгилигича киймас эдилар.

Пичоққа жуда қизиқар эдилар. Хонадонимизда Чуст пичоғимиз бўларди. Шуни ҳар куни артиб-суртиб, яна қинига солиб қўярдилар. Пичоққа бошқача эътибор берардилар. 

Энг ёмон кўрган иши пул санаш эди. Болаларими ёки бошқа бировми, ким бўлса ҳам пул сўрагудек бўлса, сиқимлаб бериб юбораверардилар. Бир куни, аниқроғи, маош олган куни бир мусофир йигитга тушлик олиб бермоқчи бўлиб иш жойларига чақирибдилар. У келгунича биров қарз сўраб қолибди. Улар бир сиқим қилиб бор пулини бериб юборибдилар. Мусофир йигит келгач эса, укам, энди уйда тушлик қиламиз, деб уни яёв уйга олиб келдилар. Чунки маошларидан йўлкира учун ҳам пул олиб қолмаган эканлар. Ана шундай олижаноб ва қўли очиқ инсон эдилар.

– Шоирнинг ҳар бир шеърининг мавзуси одамлар юрагидаги дардни, изтиробни, қувончни содда ва равон тилда ифодалайди. Аммо абадий айрилиқни ифодаловчи сатрлари бор-ки, улар кишида ўз тақдирини олдиндан билгандай таассурот уйғотиб, юракка оғриқ солади…

 – Биласизми, халқда “Шоирлар авлиёдурлар!” деган нақл бор. Муҳаммад ака бир интервьюсида айт­гандилар: “Шоирлар шеърни ўзлари ёзмайдилар. Кимдир айтиб туради. Бўлмаса нега ўзингнинг шеърингга ўзинг йиғлайсан…”

Яна бир интервьюда айтадилар: “Шеър бу дуо! Эҳтиёт бўлиш керак!” 

Сиз айтган башоратгўй шеърларнинг кўпи ёшлигида ёзилган. Лекин ўқисангиз, сесканиб кетасиз. Масалан, “Лолақизғалдоқ” шеърини олинг. Бу шеър шоирнинг ўзи ҳақидаги башорати. Буни қарангки, дала-ҳовлида ёнма-ён яшаган Шавкат Раҳмоннинг бевақт ўлими муносабати билан изтироблари уйғунлашиб кетди ва шеърни ёш вафот этган қадрдонига бағишлади.

Аслида у шеър ҳам тасодифан ёзилмаган.

Хулоса қилиш мумкин-ки, асл шоирлар башоратгўйлардир. Улар ўз ҳаётларини олдиндан башорат қиладилар, ҳис қиладилар, келажакни кўра оладилар…

– Халқимиз тилида айтганда, бугун шоирнинг охири обод, уйи чироқлари ёниқ, хотираси абадий тилларда ва дилларда. Унинг ишини шогирдлари, сиз ва қизлари давом эттираяпсизлар. Фарзандлар, неваралар чеҳрасида, камолотида, хислатларию хатти-ҳаракатларида бобосига ўхшашликни кўрганингизда кўнглингиздан нималар кечади?

– Биласизми, ҳаёт ўзи муаллим, дейдилар-ку! Ёшинг улғайган сари хулосаларинг ўзгариб борар экан. Бугун фарзандлар ягона овунчоғим, қувончим, неваралар ҳаётимнинг мазмунига айланган. 

Юрагимдаги энг катта қўрқув – отасининг қалами столда қолиб кетармикин, деган ҳадик эди. Яратганга шукрки, бу масалада ҳаёт мени сийлади: кенжа қизим Мадина адабиёт, шеърият ихлосманди. У бетак­рор шеърлар ёзиб, қалбимнинг тубидаги армонларимни аритди.

Неварам Билол ҳам шеърлар ёзади. Фақат ҳозирча ошкор қилмаяпти. Бир куни истеъдоди бўй кўрсатишига ишонаман. Отаси тўнғичим Маъсуданинг тележурналист бўлишига ишониб, дуо берганлар. Нозимам отасининг қадрдон дўс­ти Сирожиддин Саййиднинг ёрдамида фаолият юритмоқда. Отасининг зиёратига келувчилар билан суҳбатлашиб, отасини кўрганлардан куч олиб, қувониб яшамоқда.

Неварам Филиз эса қайнонамнинг феъл-атворини кўчириб олган: оғир, мулоҳазали, зеҳнли, доно. Унинг сиймосида қайнона ойижонимни кўраман. Исломбегим эса бой бўламан, додамнинг музейини қураман, дейди.

Хуллас, уларнинг ҳар бирида Муҳаммад аканинг бир бўлаги бор.

Унинг руҳларини шод қиладиган фарзанду набиралар тарбиялаётганимдан ғурурланиб қўяман.

Мен улар билан тирикман!

– Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев ўзбек халқининг севимли шоири Муҳаммад Юсуфнинг юксак ижодий фаолиятида Сиздек севимли рафиқасининг ҳиссаси улуғлигини эътироф этиб, сизни ҳам “Фидокорона хизматлари учун” ордени билан тақдирлаган эдилар. Албатта, шоирнинг аёли учун бу – улкан бахт, шундай эмасми?

– Очиғи, бундай тақдирловни кутмаган эдим. Ўзбек аёли аслида эри учун ниманингдир илинжида меҳнат қилмайди ва бу меҳнат доим пинҳона бўлиб келган.

Президентимиз ижодкорларимизни қадрлаб келар эканлар, бу ижодкорнинг орқасида барча машаққатни теппа-тенг тортиб келаётган рафиқалари ҳам қадрланиши керак, деган сўзларни катта саҳнадан баралла айтдилар. Бу тарихий воқеа бўлди. 

Мен “Фидокорона хизматлари учун” орденини нафақат ижодкорнинг аёли сифатида, балки ижодкор аёлнинг ҳам меҳнатлари ҳаққи-ҳурматига берилди, деб қабул қилдим. Чунки Президентимиз менинг кўксимга орденни тақаётиб: “Мен сизни қандай тақдирлашни узоқ ўйладим. Сиз шунга лойиқсиз!” дедилар. Демак, улар менинг ижодкор эканлигимни ҳам эътиборга олганлар, деган хулосага келдим. 

Бу ижодкорнинг аёли учун ҳам, аёл ижодкор учун ҳам катта эътибор! 

Адабиётга дахлдор инсонларнинг қадрланиши бу – маънавиятнинг қадрланиши, деб ўйлайман ва зукко Юртбошимиз бу ишларни ёшларнинг тарбиясига йўналтирмоқдалар!

Ўзбекистон халқ шоири Муҳаммад Юсуфнинг рафиқаси Назира ас-Салом билан суҳбатимизни якунлар эканман, кўнглимдан шундай фикрлар кечади: аслида аёл турмуш ўртоғини бахтли қилиши туфайли ўзини ҳам бахтли ҳис қилади. Назира опа эса ҳам жуфти-ҳалолини бахтли қилолган, ҳам ҳаётда, ҳам ижодда унга елкадош бўлолган, у туфайли ҳали-ҳанузгача бахт таъмини туяётган икки карра бахтли аёлдир. 

“Adolat” мухбири Саодат МАТЁҚУБ қизи суҳбатлашди

Tegishli xabarlar

Қўшнингизнинг қорни туқми?!

admin

МИЛЛИЙ АРМИЯМИЗ — ЯНГИ ЎЗБЕКИСТОННИНГ МУСТАҲКАМ ҚАЛҚОНИ

admin

Қашқадарёда муҳим сиёсий тадбирга пухта ҳозирлик кўрилмоқда

admin