Савол: Вакциналар вирусдан қандай ҳимоялайди?
Жавоб: Вакциналар танангизнинг табиий иммунитети билан биргаликда касаллик юқиши хавфини камайтиради. Вакцина – бу вирус ёки бактерияларнинг заифлашган, зарарсиз бўлагидан тайёрланган дори воситаси. Вакцина танангизга юборилгандан сўнг иммунитет тизимингиз танага кирган вирусни аниқлайди ва унга карши курашиш учун антитаначаларни ишлаб чиқаради. Агар ушбу микроб таъсирига яна учрасангиз, иммун тизимингиз уни қандай йўқ қилишини билади; сиз касал бўлмайсиз ёки хасталикни енгил даражада ўтказасиз.
Савол: Вакциналар узоқ муддатли ҳимояни кафолатлай оладими?
Жавоб: Ҳа, вакциналар узоқ муддатга ва бутун умрга етадиган ҳимоя воситаси бўлиб хизмат қилади, аммо бунинг учун тўлиқ эмланиш ва белгиланган вақтларда бустер дозалар олиб туруш зарур. Короновирус инфекциясига келсак, ҳозирда бу борада қўшимча изланишлар олиб борилмоқда. Маълумотларга кўра, COVID-19 касаллигидан тузалган одамларнинг аксариятида иммунитет шаклланади. Улар қанча сақланиб туришини вақт кўрсатади.
Савол: COVID-19га қарши вакцинация нима учун керак?
Жавоб: Ниқоб тақиш, ижтимоий масофани сақлаш, антисептик воситалардан фойдаланиш ва жамоат жойларига боришдан ўзини тийиш кабилар вирус юқиши ёки уни бошқаларга юқтириш эҳтимолини камайтиришда самарали омил эканига қарамасдан, бу чоралар пандемияни жиловлаш учун етарли эмас. Фақат эмлаш пандемияни жиловлашга ёрдам беради.
Вакциналар иммунитет тизимингизни мустаҳкамлаб, Сизга юқиши мумкин бўлган вирусларга қарши курашишда иштирок этади. Биз эмлаш орқали нафақат ўзимизни, балки атрофимиздагиларни ҳам ҳимоя қиламиз. COVID-19ни келтириб чиқарадиган вирус жуда осон юқади. Аҳолининг 60-70 фоизида ушбу касалликка қарши иммунитетни шакллантирмай туриб, унга қарши самарали кураша олмаймиз.
Савол: Мен COVID-19дан даволанган бўлсам эмланишим шартми?
Жавоб: Ҳа, COVID-19 билан боғлиқ хавфларнинг юқорилиги ва инфекция билан қайта зарарланиш эҳтимоли мавжудлиги сабабли, ушбу касаллик билан аввал касалланган бўлишингиздан қатъи назар, эмланишингиз шарт.
Савол: COVID-19га қарши вакцина хавфсизми?
Жавоб: Ўзбекистон Республикаси Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти томонидан самарадорлиги тан олинган, хавфсизлиги кафолатланган ва фавқулодда ҳолатларда коронавирус касаллигига қарши эмлаш учун ишлатишга тавсия этилган вакциналардан фойдаланади. Вакциналар барчаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан текширилиб, яроқлилик сертификати билан кафолатланган. Ўзбекистонда COVID-19га қарши эмланиш бепул.