ADOLAT 24

Инсон қадри — бош тамойил. Янги Ўзбекистоннинг тараққиёт стратегияси лойиҳаси муҳокамада

Хабарингиз бор, айни кунларда Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Янги Ўзбекистоннинг 2022-2026 йилларга мўлжалланган тараққиёт стратегия­­си тўғрисида»ги фармони лойиҳаси кенг жамоатчилик томонидан қизғин муҳокама қилинмоқда.

Мазкур жараёнда «Адолат» социал-демократик партияси фаоллари, депутатлар ҳамда республикамизнинг турли ҳудудларидан партия ҳайрихоҳлари таклиф, ташаббус ва фикр-мулоҳазалари билан фаол иштирок этмоқда.

Бунга биргина мисол сифатида жорий йилнинг 12-13 январь кунлари партия Сиёсий Кенгаши томонидан партия Марказий аппарати биносида айни лойиҳанинг муҳокамасига бағишлаб ташкил этилган конференцияларни келтириб ўтиш мумкин.

Мазкур конференцияларда Ўзбекис­тон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси депутатлари, «Адолат» СДП Сиёсий Кенгаши Марказий аппарати ҳамда ҳудудий кенгашлар ходимлари ва депутатлари, партиянинг «Ёш адолатчилар қаноти» ҳамда «Аёллар қаноти» кенгаши раислари, «Ёшлар парламенти» аъзолари, ОАВ вакиллари ҳамда партиянинг фаол хотин-қизлари ва ёшлари иштирок этди. Аҳамиятлиси, ушбу конференцияларнинг гибрид шакл­­да (ҳам офлайн, ҳам онлайн тарзда) ташкил этилгани, юртимизнинг турли ҳудудларида истиқомат қилувчи фуқароларимизга мазкур жараёнларда фаол қатнашиб, фикр-мулоҳаза ва таклифларини эркин ифода этиш имкониятини яратиб берди.

Айтиб ўтиш жоизки, партия томонидан мазкур тадбирларни ўтказишдан кўзланган асосий мақсад мамлакатимизда «Инсон қадри учун» деган тамойил асосида Ўзбекистон Респуб­ликаси Президентининг «Янги Ўзбекистоннинг 2022-2026 йилларга мўлжалланган тараққиёт стратегия­­си тўғрисида»ги фармони лойиҳасини партия фаоллари, кенг жамоатчилик ҳамда соҳа мутахассислари иштирокида таҳлил қилиш ва ўзаро муҳокама жараёнларини ўтказиш орқали инсон қадри учун муҳим бўлган адолат тамойилларини таъминлашга хизмат қилувчи таклифларни дас­турда акс этишига эришишдан иборатдир.

Айни шу мақсадда жорий йилнинг 12 январь куни Ўзбекистон «Адолат» СДП Сиёсий Кенгаши Марказий аппаратининг Аёллар ва ёшларнинг сиёсий фаоллигини ошириш бошқармаси томонидан ўтказилган тадбир ҳам қизғин муҳокамаларга бой бўлди.

Унда конференция­­ни очиб бериш учун партия Сиёсий Кенгаши раиси ўринбосари Абдукамол Раҳмонов сўзга чиқиб, Янги Ўзбекистон тараққиёт стратегияси ўтган 2017–2021 йиллардаги Ўзбекистон Республикасини ривож­лантиришга қаратилган Ҳаракатлар стратегиясининг узвий давоми бўлиб хизмат қилиши ҳамда бошланган демократик ислоҳотларимизни янада қатъий давом эттиришимизга замин яратиб, «Инсон қадри учун» деган устувор тамойилни тўла рўёбга чиқаришни назарда тутганлигини алоҳида таъкидлаб, тадбир иштирокчилари, қолаверса, юртимизнинг барча фуқароларини Ватанимизнинг келгусидаги тараққиёти, халқимиз фаровонлиги йўлида бевосита дахлдорликни чуқур ҳис этган ҳолда, лойи­ҳанинг муҳокама жараёнларида фаол иштирок этишга чақирди.

Шунингдек, тадбир давомида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси депутати, «Адолат» СДП «Ёш адолатчилар» қаноти Республика Кенгаши раиси Муҳаммаджон Валиев иштирокчиларга бугун қизғин муҳокамалар марказида турган лойиҳанинг мамлакатимиз тараққиётини таъминлашдаги муҳим аҳамиятини изоҳлар экан, унда илгари сурилаётган қатор масалалар хусусида фикр-мулоҳазаларини билдириб ўтди. Жумладан, партия «Ёш адолатчилар» қаноти Рес­публика Кенгаши раиси томонидан лойиҳадан ўрин олган «Мамлакатимиздаги ислоҳотларни изчил давом эттиришда Олий Мажлис палаталари ва сиёсий партиялар ролини янада ошириш» масаласига алоҳида урғу берилиб, бу жараёнларда партия, қолаверса, унинг фаол ёшлари асосий иштирокчи ва ташаббускор бўлишлари лозимлиги айтиб ўтилди.

Бундан ташқари, тадбирда Ўзбекис­тон Республикаси Олий Мажлиси ҳузуридаги Қонунчилик муаммолари ва парламент тадқиқотлари институти Йиғма ахборот-таҳлил бўлими бош­лиғи Акбаршох Тешабоев томонидан халқ муҳокамасига қўйилган лойиҳанинг мазмун-моҳияти, унинг амалга ошириш механизмлари ҳамда кутилаётган ўзгаришлар ҳақида иштирокчиларга маълумот берилди.

13 январь куни партия Сиёсий Кенгаши Марказий аппаратининг Аёллар ва ёшларнинг сиёсий фаоллигини ошириш бошқармаси ҳамда Мафкуравий ишлар бошқармаси томонидан ташкиллаштирилган ҳар икки тадбирда ҳам асосий мавзу Тараққиёт стратегияси лойиҳасининг муҳокамаси бўлди.

Мазкур тадбирларда партия Сиё­сий Кенгаши раиси ўринбосари Умиджон Сулаймонов сўзга чиқиб, айни даврда муҳокамалар марказидан ўрин олган Янги Ўзбекистоннинг тараққиёт стратегияси лойи­ҳаси келгусида амалга оширилиши кўзда тутилган демократик ислоҳотларда Ватан тараққиёти ва жамият ривожини белгилаб берувчи муҳим омил бўлишини таъкидлаб, унда бугунги глобал ўзгаришлар, аҳоли турмуш тарзи, ҳаёт талаби ва қадриятлардан келиб чиққан ҳолда, еттита йўналиш белгилаб олинганлиги, шунингдек, лойиҳадаги ҳар бир вазифа ва мақсадлар якунланган 2021 йилда бўлиб ўтган Ўзбекистон Рес­публикаси Президентлигига сайлов жараёнларида бевосита фуқароларимиз иштирокида муҳокамадан ўтказилиб, ҳаётий таклиф ва ташаб­буслар билан тўлдирилганлиги, қолаверса, лойи­ҳада илгари сурилаётган кўплаб масалалар партия­нинг устувор мақсад ва ғоялари, ташаббусларига ҳамоҳанглик касб этаётганлигини алоҳида эътироф этди.

Жумладан, партия Сиёсий Кенгаши раиси ўринбосари томонидан партия­нинг 2020-2024 йилларга мўлжалланган Сайловолди дастурида илгари сурилган ёшларнинг таълим-тарбия­сини янада юксалтириш борасида мактаб таълим тизимини ислоҳ қилиш, синф­ларда ўқувчилар сонини оптималлаштириш, электрон кундалик тизимини жорий этиш ҳамда мактаб ўқувчиларининг сифатли овқатланишини йўлга қўйиш борасидаги масалалар, шунингдек, юртимиз ёшларини олий таълимга кенгроқ қамраб олиш мақсадида қабул квоталари ҳамда давлат гранти асосидаги қабулларни кенгайтириш, олий таълимда таълим олувчи ёшларни бевосита ишлаб чиқариш амалиётига боғлаш ҳамда жамиятнинг эҳтиёжманд қатламлари учун ажратилган квоталарни умумий квоталар сонидан ажратишга доир таклифлар Янги Ўзбекис­тоннинг тараққиёт стратегия­­си лойиҳасида белгиланган қатор ташаббусларга монанд эканлиги қайд этилди ҳамда мазкур “Инсон қадри учун” тамойили бош мақсад қилиб олинган, халқчил лойиҳани такомиллашуви ва татбиқ этилишида партия ва унинг кўп сонли электорати фаол иштирок этиши лозимлиги айтиб ўтилди.

Шунингдек, конференцияда иштирок этган Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси депутати, «Адолат» СДП «Аёллар қаноти» Республика Кенгаши раиси Гулруҳ Агза­мова иштирокчиларга муҳокама қилинаётган лойиҳанинг жамият ривожи, қолаверса, юртимизда хотин-қизлар ҳуқуқлари ва гендер тенг­ликни таъминлаш борасидаги аҳамиятини юқори баҳолаб, унда белгиланган қатор масалалар юзасидан бир қанча таклифларини билдириб ўтди. Жумладан, партия «Аёллар қаноти» Респуб­лика Кенгаши раисининг мамлакатимизда бола парвариши таътилида бўлган оналарга ижтимоий келиб чиқишидан қатъий назар давлат томонидан моддий ёрдам берилишини назарда тутувчи таклифи кўпчилик томонидан маъқулланди.

Айтиш жоизки, тадбирларда иштирок этган адолатчилар «Ҳаракатлар стратегиясидан – Тараққиёт стратегияси сари» тамойили асосида ишлаб чиқилган лойиҳанинг юртимизда кечаётган улкан ўзгаришлар ва янгиланишлар даврида инсон шаъни, қадр-қимматини улуғлашга, жамиятимизда адолат мезонларини қарор топтиришга, бир сўз билан айт­ганда, фуқароларимизнинг эркин ва фаровон турмушини таъминлашга хизмат қилишини эътироф этиб, ўзларининг давлат дастури лойиҳаси бўйича қатор таклифлари ва уларни амалга ошириш механизмлари ҳамда истиқболи юзасидан фикр билдиришди. 

Хусусан, конференцияларда ZOOM платформаси орқали онлайн тарзда иштирок этган партиянинг Тошкент вилоят Кенгаши фаоллари томонидан мамлакатимиздаги умумтаълим мактабларида ўқитувчиларга тўланадиган устамалар тартиби тубдан қайта кўриб чиқилиши таклиф этилди.

Тадбирлар якунида иштирокчилар билан партиянинг устувор мақсадлари ва дастурий ғояларига ҳамоҳанглик касб этаётган, Янги Ўзбекистоннинг 2022-2026 йилларга мўлжалланган тараққиёт стратегияси лойиҳасини, унда илгари сурилаётган адолат ғояларини тўлиқ қўллаб-қувватлаш ҳамда унинг такомиллашиб, ҳаётга татбиқ этилишида партия ва унинг кўп сонли электорати фаол, ташаббус­кор бўлиши кераклиги ҳақида келишиб олинди. 

Маълумот ўрнида, айни кунларда ҳам партия тузилмасининг қуйи бўғинларида мазкур лойиҳага бағишланган муҳокама жараёнлари қизғин давом этаётганлигини қайд этиш лозим.

Муродилло Маҳмудов,

«Адолат» СДП Сиёсий Кенгаши Марказий аппарати мутахассиси

Tegishli xabarlar

Эркинликнинг яшаш қонуни – курашмоқ Омон Матжон таваллудининг 80 йиллигига

admin

Келажакка дахлдор дастур

admin

ЎЗБЕКИСТОН ПРЕЗИДЕНТИ МИСР ЕТАКЧИСИНИ САЙЛОВДАГИ ИШОНЧЛИ ҒАЛАБАСИ БИЛАН ТАБРИКЛАДИ

admin