ADOLAT 24

Мулоқотлар амалий ёрдамга айланмоқда

Фуқароларнинг муаммоларини ўрганиб, уларга амалий ечим топишда жойларда тузилган депутатлик гуруҳларининг ўзига хос ўрни бор. Халқ депутатлари Когон шаҳар Кенгашидаги депутатлик гуруҳи аъзолари ҳам халқ манфаатларини рўёбга чиқариш, аҳолининг таклиф ва муаммоларини ўрганишга алоҳида эътибор қаратиб келмоқдалар. Нодира Мўминова бошчилигидаги партия депутатлик гуруҳи аъзолари Жобир Ҳакимов, Дилфуза Эргашева, Ражабали Ашуров ҳамда Хуршида Каримовадан иборат ишчи гуруҳ партиянинг “Муаммо билан юзма-юз” лойиҳаси доирасида ҳар ҳафтанинг чоршанба куни маҳаллаларда бўлиб, аҳоли билан юзма-юз мулоқотлар ўтказишмоқда. Шу билан бирга, юзма-юз мулоқотлар чоғида фуқаролар томонидан тушган мурожаатлар асосида мутасадди ташкилотларга депутатлик сўровлари чиқарилиб, аҳоли муаммоларига ечим топишга эришилмоқда.

Ўтган давр мобайнида халқ депутатлари Когон шаҳар Кенгашидаги депутатлик гуруҳи аъзолари томонидан фуқаролар мурожаатлари асосида тегишли идораларга 57 та депутатлик сўровлари чиқарилди, шундан 48 та сўров ижроси ижобий ҳал этилди, 9 таси юзасидан мурожаатчиларга ҳуқуқий маслаҳатлар берилди.

Депутат Ражабали Ашуров томонидан ўтказилган мулоқотлар давомида “Мирзо Улуғбек” МФЙда яшовчи “Аёллар дафтари”да рўйхатга олинган фуқаро Зулфия Муратова нафақа ёшига етгани ва нафақага чиқиш учун керакли ҳужжатларни тегишли идорага тақдим этса-да, нафақа пули чиқмаётганлиги масаласида амалий ёрдам сўраб мурожаат қилди. Депутат фуқаро мурожаати асосида шаҳар Бюджетдан ташқари пенсия бўлимига депутатлик сўрови юборди, шундан сўнг фуқаро Зулфия Муратовага 2 кун муддатда нафақа пули тайинланиб, унинг мурожаати ижобий ҳал қилинди.

Шунингдек, Ражабали Ашуровга “Абдулла Қодирий” МФЙда яшовчи “Темир дафтар” рўйхатига олинган фуқаро Василий Захаров ёлғиз истиқомат қилиши, автоҳалокатга учрагандан сўнг ҳассага таяниб юришга зарурати борлигини айтиб, қўлтиқ ҳасса олиб беришда амалий ёрдам сўраб мурожаат қилди. Бу мурожаат ҳам ижобий ҳал этилди.

Халқ депутатлари Когон шаҳар Кенгаши депутати Дилфуза Эргашева томонидан “Бобур” МФЙ ҳудудидаги “Аёллар дафтари”га киритилган, психологик ёрдамга муҳтож 13 нафар аёлларга психологик тренинглар ташкиллаштириб берилиши натижасида ушбу аёллар ҳаётини ижобий томонга ўзгартиришга эришилди. Шунингдек, Дилфуза Эргашева ташаббуси билан шаҳарнинг “Махтумқули” МФЙ ҳудудидаги “Амир Темур” кўчаси 52-уйда яшовчи 82 ёшни қаршилаган Ҳалима Эргашевага қўлтиқ ҳасса ҳамда шу кўчадаги 39-уйда яшовчи 2-гуруҳ ногирони, 85 ёшли онахон Ражабой Бердиевага ногиронлик аравачаси топширилди.

Д.Эргашева ҳудуддаги муаммоларни ўрганиш жараёнида “Абдулла Қодирий” МФЙ “Маданият” кўчаси 73-уй 39-хонадонда яшовчи Сабина Самадованинг иш билан таъминлаш юзасидан мурожаатини тегишли ташкилот ходимлари билан ҳамкорликда ўрганиб чиқиб, уни “Когондон” корхонаси нон маҳсулотлари ишлаб чиқариш цехига ишга жойлаштиришга эришди.

Депутатимизга “Темирйўлчи” МФЙ, “Турон” кўчаси 56-хонадонда яшовчи боқувчисини йўқотган Гулноз Рамазонова ўғлининг таҳсил олаётган мактабидаги узайтирилган гуруҳ тўгаракларига тўловсиз иштирокини таъминлашда амалий ёрдам сўраб мурожаат қилди. Унинг мурожаати шу куннинг ўзида ишчи гуруҳи томонидан мактаб директори билан боғланган ҳолда ўрганиб чиқилиб, ижобий ҳал қилинди.

Халқ депутатлари Когон шаҳар Кенгашидаги депутатлик гуруҳи ташаббуси билан “Халқаро ногиронлар куни” арафасида 50 дан ортиқ ногиронлиги бор фуқароларга хайр-саховат улашилди.

Партиянинг “Мактабгача таълим – кадрлар тайёрлашнинг бирламчи бўғини” лойиҳаси доирасида депутатлик гуруҳи аъзолари томонидан шаҳар ҳудудидаги 15 та давлат мактабгача таълим муассасалари ўрганиб чиқилди ва ўрганиш натижаси халқ депутатлари шаҳар Кенгаши доимий комиссияси муҳокамасига киритилиб, тегишли қарорлар қабул қилинди.

“Бир ойда бир иш ўрни” лойиҳаси доирасида депутатлик гуруҳи томонидан олиб борилган ишлар натижасида Когон шаҳрида “Ёшлар дафтари”га киритилган 8 нафар ёшнинг иш билан бандлиги таъминланди.

Партиямизнинг маҳаллий Кенгашдаги депутатлари фуқаролар мурожаатларига мутасаддилар эътиборини қаратиб, ўз ўрнида ечим топилишига, халқнинг мушкулини осон қилишга сидқидилдан ёндашмоқдалар. Бир сўз билан айтганда, жойлардаги депутатлик гуруҳлари халқ манфаати, юртимиз тараққиёти йўлида бел боғлаб азму шижоат билан фаолият юритмоқдалар.

Мухтасар ЗОҲИДОВА,

Бухоро вилоят кенгаши матбуот котиби

Бизни ижтимоий тармоқлар орқали кузатиб боринг!

Tegishli xabarlar

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ ПРЕЗИДЕНТИ  ШАВКАТ МИРЗИЁЕВНИНГ НАВРЎЗ УМУМХАЛҚ    БАЙРАМИГА БАҒИШЛАНГАН ТАНТАНАЛИ МАРОСИМДАГИ НУТҚИ

admin

Йўл ҳаракати қоидаларига эътиборсиз бўлмайлик!

admin

Юз билан юзлашаётган “МУШТУМ” яна чоп этила бошланди

admin