ADOLAT 24

Болаларимиз олдида айбдор бўлиб қолмайлик

Маҳаллий Кенгаш депутати сифатида ҳудудларда сайловчилар билан юзма-юз мулоқотлар, учрашувлар ўтказамиз. Уларни қийнаётган муаммолар кўпинча бир хил. Аксарияти моддий масалалар билан боғлиқ.

Аммо шиддат билан ривожланиб бораётган бугунги давр­­да фақат ёмон йўлларни таъмирлаш, электр энергия­­си ёки табиий газ таъминотини яхшилаш орқали фуқароларнинг жонларига оро кириб бўлмайди.

Уларнинг маънавий онгини, дунё­қарашини ўзгартиришга ҳам алоҳида эътибор қаратиш керак. Жомбой туманида яшовчи ногиронлиги бўлган шахс­лар рўйхатини кўриб чиқиш ва қайта шакллантириш бўйича ўрганиш ишларини амалга оширишга тўғри келди. Ўрганиш давомида биргина маҳалланинг ўзида ўнга яқин шахс­лар хонадонида бўлдик. Фуқароларнинг яшаш шароити, уларнинг даромад манбаи ҳақида сўралганда томорқага экин экиб, деҳқончилик билан шуғулланишлари маълум бўлди. 

Ўрганишлар жараёнида мени бир нарса — хонадонлардан бирида ногирон неварасини боқаётган онахоннинг гап­лари оғир ўйга толдирди.

— Эй қизим, нимасини айтасиз, мана, йигирма беш йилдирки, ногирон боқаман. Ўзим инсульт олганман, қолаверса, келиним ҳам шунақа, унинг аҳволи оғир… — деди онахон. — Буларнинг барчасига ўзимиз айбдормиз, аслида. Бир пайтлар қайнонам айтарди, “Дадангиз сизни келин қилишимизни айтганида, аввалига мен жуда қарши бўлганман. Негаки, сиз менга бегона эмассиз — ўз жигарбандим, сингилимнинг қизисиз… Кўп қаршиликларга қарамай барибир сизни келин қилдик”. 

Энди бу гапларни эсласам, қайнонам бежизга айтмаган экан дейман. Қариндошлар никоҳ қуриши диний томондан ҳам, илмий томондан ҳам мумкин эмас экан. Бу ҳақда кўпгина шифокорлардан эшитдик, аммо кеч бўлган эди. Ногирон неварамнинг олдида қанча сиқилишимни тасаввур ҳам қила олмайсиз. Негаки, келиним ҳам қариндошимизнинг қизи. Бу ҳолатга эътибор бермаган эканмиз, афсус… 

Дарҳақиқат, тиббиётда тақиқланган бўлса-да, қариндош-уруғлар ўртасида никоҳланиш ҳали ҳануз давом этмоқда. Бугун ана шундай никоҳ асосида юзага келадиган ногиронлик ҳолати ҳақида кўп гапираямиз, аммо аниқ бир чора ҳақида ўйлаб ҳам кўрмадик…

Азиз замондош, эътиборли бўлайлик. Унутмангки, “Қиз меники, унинг кимга турмушга бериш менинг ишим” дегувчиларга тўғри йўлни кўрсатиш сизу бизнинг бурчимиздир.

Комила УМАРОВА,

халқ депутатлари Жомбой туман Кенгаши депутати

Tegishli xabarlar

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ ПРЕЗИДЕНТИ  ШАВКАТ МИРЗИЁЕВНИНГ ИККИНЧИ ХАЛҚАРО МАҚОМ САНЪАТИ АНЖУМАНИНИНГ ОЧИЛИШ МАРОСИМИДАГИ НУТҚИ

admin

Янги йил кечаси

admin

Юзма-юз мулоқот

admin