ADOLAT 24

ДУНЁНИ АХБОРОТ БОШҚАРАДИ

Ҳозирги глобаллашув даврида ахборот оқими шунчалар кўпки, уларни таҳлил қилиш, англаш, қолаверса, тегишли хулоса чиқариш ҳар биримизнинг билим ва дунёқарашимизга бевосита боғлиқ. Жамият ҳаётининг турли соҳаларини компьютерлаштириш, замонавий коммуникация воситалари, электрон маълумотлар базаси, тезкор ахборот технологияларидан фойдаланиш бизга қатор қулайликлар берди. Масалан, интернет тармоғи орқали дунёнинг исталган жойи­даги янгиликдан тезда хабардор бўламиз. Аммо шу ўринда ҳақли савол туғилади: биз қайси манбалардан ахборот олишни ва ундан қаерда, қандай фойдаланишни қай даражада биламиз?..

Ахборот майдонида яширин мақсад-муддаолар, ёт ғоялар, ғаразли мақсадлар бўлиши эҳтимолдан йироқ эмас. Биз жаҳолатга қарши маърифат билан курашишга бел боғлаган эканмиз, бу қарама-қаршиликлар ҳудудига қадам босишдан олдин тафаккурни чарҳлаб олишимиз зарур. Шундагина онгимизда мафкуравий ҳимоя тизими шаклланади, таҳдидларга қарши иммунитет ҳосил бўлади ва ахборот оқими бизга ҳеч қандай салбий таъсир кўрсата олмайди. Негаки, биз сония сайин селдек оқиб келаётган ахборотларнинг қайси ёлғон, қайси ҳақиқат эканини биламиз.

Халқаро ахборотлаштириш академия­­си ташаббуси билан 1992 йил 26 ноябрда ташкил этилган Биринчи халқаро ахборот форуми доирасида ушбу санани дунё миқёсида Халқаро ахборот куни сифатида нишонлаш белгиланган. Бундан кўзланган мақсад истеъмолчиларнинг кенг доираси ахборот ресурслари ва технологияларидан фойдаланиши учун мутахассислар эътиборини соҳадаги мавжуд муаммоларга қаратиш ва уларга ечим топишдан иборат. 

Инсоният ҳаётида ахборот ҳамиша муҳим аҳамият касб этиб келган. Айниқса, ХХ асрнинг ўрталаридан бошлаб ижтимоий тараққиёт, фан ва техниканинг жадал ривожланиши натижасида ахборотнинг роли беқиёс даражада ошди.

Ҳозирги вақтда рақамли технология­ларга ўтиш орқали телекўрсатувларни модернизация қилиш, юқори тезликдаги интернет ва мобил алоқани ривож­лантириш глобал тенденция ҳисобланади. Жамиятни ахборотлаштиришнинг энг муҳим йўналиш­ларидан бири бу инсоннинг ҳаётий фаолияти, умуман, барча соҳаларда интернет технологияларини ривожлантириш десак, муболаға бўлмайди.

Дарҳақиқат, замонавий дунёда ахборот асосий кучга айланди. Унинг қудрати кун сайин ошиб бораётгани ҳам бежиз эмас. Машҳур иборани ҳамма билади: “Ким ахборотга эгалик қилса, у дунё­­ни бошқаради”. Бугун ҳаётимизни ҳар куни олинадиган янги ахборотларсиз тасаввур қилиш қийин. Чунки илмий-техника тараққиёти жамиятда одамларнинг ҳаёти учун зарур бўлган ахборотларнинг аҳамиятини оширди. Интернет ва бош­­қа ахборот технологияларининг ривож­ланиши туфайли сайёрамизнинг деярли исталган нуқтасидан керакли маълумотларни олиш, ўша ҳудуддаги одамлар билан мулоқот қилиш, музокаралар олиб бориш имконияти пайдо бўлди. Ахборот технологиялари ҳаётимизга шу қадар чуқур кириб бордики, уларсиз кўплаб технологик жараёнларни, касбий таълим тизимини ва замонавий медиа маконини тасаввур этиб бўлмайди. Бунда интернет ва у тақдим этаётган имкониятлар муҳим ўрин тутади. Шунингдек, мобил алоқадан фойдаланувчилар сонининг тез ўсиши ҳам одамларнинг мулоқот қилиш ва ахборот олиш усулларини бутунлай ўзгартириб юборди.

Бугунги кунда соҳа ривожининг ўзига хослиги мобил алоқа, рақамли технологиялар ва интернетнинг роли ортиб бораётганида намоён бўлиб, улар аста-секин одатий ахборот манбалари – телевидение ва радио, шунингдек, босма оммавий ахборот воситалари ўрнини эгалламоқда.

Ҳар қандай соҳа тараққиёти, бир томондан, ажойиб қулайликлари билан оғиримизни енгил, узоғимизни яқин қилса, иккинчи томондан, айнан ўзи билан боғлиқ муаммоларни инсоният олдига кўндаланг қилиб қўяди. Буни интернетдан фойдаланиш оммалашиши мисолида ола­­диган бўлсак, бугунги кунда кўплаб одамлар янгиликлар, хабарлар лентасини доимий кўриб бормаса тура олмайдиган даражага тушиб қолди…

Унутмайлик, замонавий дунё­да ахборот нафақат узатилади, балки сотиб олинади ёки сотилади, ундан фойда кўриш назарда тутилади. Бунинг ортида маълум мақсадлар яширинган бўлади. Ахборотнинг кўпайиши билан бизга нафақат кўп фойдали маълумотлар, балки хавфли таҳдид­лар ҳам келади. Замонавий ахборот тармоғида чалкашиб кетиш ҳам ҳеч гап эмас. Чунки биз ҳар доим ҳам ахборот оқимини назорат қила олмаймиз, бундан ташқари, унда энг муҳим масалаларга жавоб топа олмаймиз. Бу ҳолат эса охир-оқибат руҳиятимизга салбий таъсир кўрсатиб, ахборот стрессига олиб келади.

Бугунги кунда ахборот хуружлари авж олгани кўпчиликка маълум. Бизга маълумотларни тақдим этувчи манбалар онгимизни эгаллаш орқали ўз мақсадларига эришишни кўзлайди. 

Афуски, биз баъзан қонун устувор бўлган жамиятда яшаётганимизни унутиб қўямиз. Ҳар бир фуқаро қайси соҳада фаолият олиб боришидан қатъи назар, қонунларга риоя этиши, бошқа фуқароларнинг ҳуқуқлари, эркинлик­лари, шаъни ва қадр-қимматини ҳурмат қилиши шарт. Айрим журналист ва блогерларимиз бунга амал қилмаслиги уларнинг қонунларни яхши билмаслигидан далолат беради.

Шу ўринда истаганча мисол келтириш мумкин. Ижтимоий тармоқларда бирон-бир суд мажлисида қатнашишга рухсат берилмади, деб аюҳаннос солишади. Аслини олганда эса қонунларимизда қайси суд мажлисларида ОАВ ходимларига қатнашиш учун рухсат берилиши, қайси суд мажлисларида рухсат берилмаслиги ёзиб қўйилган. Шундай ҳолатлар ҳам кузатиладики, журналистларнинг шошма-шошарлиги, шов-шувга ўчлиги, ҳуқуқий саводхонлиги етишмаслиги туфайли суднинг ҳал қилув қарори чиқмасдан гумонланувчи жиноятчи сифатида талқин қилинади. Бу ўша инсоннинг шаъни ва қадр-қиммати ерга уриш дегани эмасми?

Босма нашрлар саҳифаларида интернетдаги аллақайси манбадан олиниб, чала-чулпа таржима қилинган хабарларни ўқигандан сўнг аслини топиб солиштириб кўрсангиз, ҳайратдан ёқа ушлайсиз. Чунки маъно-мазмуни бир-бирига тўғри келмайди. Коронавирус инфекцияси дунёдаги баъзи давлатларда авж олганида ўлим билан боғлиқ ҳолат ва рақамларда бунга гувоҳ бўлдик. Одамларнинг қалбида ваҳима уйғотиш учун хоҳлаганча ёлғон ишлатиш ҳолатлари юзага келди.

Мухтасар айтганда, воқеа-ҳодисаларни холис ёритиш, янгиликлар, хабарлар, ахборотларни тезкор етказиб бериш ОАВ ходимлари зиммасига улкан масъулият юклашини унутиб қўймаслик керак. 

Абдуғани Мамасодиқов,

“Adolat” мухбири

Tegishli xabarlar

Меҳмонхоналарда ногиронлиги бўлган шахсларга шарт-шароитлар яратиш талабларини бажармаганлик учун жавобгарлик белгиланмоқда

admin

МИЛЛИЙ АРМИЯМИЗ — ЯНГИ ЎЗБЕКИСТОННИНГ МУСТАҲКАМ ҚАЛҚОНИ

admin

Ижтимоий соҳалардаги вазифалар муҳокама қилинди

admin