ADOLAT 24

Соғлиқни сақлаш соҳасида ўзгаришлар кутилмоқда

Мамлакатимизда соғлиқни сақлаш тизимини тубдан ислоҳ қилиш, аҳолига малакали тиббий хизмат кўрсатишни яхшилаш борасида кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда. Маълумки, ушбу соҳани Президентимиз 2017-2021 йилларга мўлжалланган Ўзбекистон Республикасини ривож­лантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегияси орқали асосий масалалардан бири сифатида белгилаб берганди.

Натижада бирламчи тиббий-санитария ёрдами муассасалари, шошилинч ҳамда аҳолининг заиф қатламларига тиббий ёрдам кўрсатиш каби масалаларга эътибор қаратилиб, аҳолига тиббий хизмат кўрсатиш сифати ва қулайлиги борасида бир қатор кўрсаткичларнинг ижобий томонга ўзгаришига эришилди.

Амалга оширилаётган ислоҳотларнинг давомийлигини таъминлаш мақсадида соҳада кадрлар масаласига ҳам жиддий эътибор қаратилиб, уларнинг касб маҳорати, тажрибаси ва салоҳиятини ошириш борасида бир қатор амалий ишлар қилинди ва қилинмоқда.

Президентимиз фармонига асосан яқинда Беҳзод Мусаевнинг Ўзбекистон Республикаси соғлиқни сақлаш вазири этиб тайинланиши ҳам бежиз эмас. У узоқ йиллар давлат бошқарувининг турли бўғинларида самарали фаолият олиб бориб, Ватанимиз равнақига сезиларли ҳисса қўшиб келмоқда.

2020 йил 14 майдан Президент фармонига асосан Бош вазирнинг ижтимоий масалалар бўйича ўринбосари этиб тайинланган Беҳзод Мусаев фаолияти давомида бевосита соғлиқни сақлаш тизими, ундаги жараёнлар ва соҳа муаммоларига алоҳида эътибор қаратиб келади.

Тиббиёт асбоб-ускуналарини хориждан олиб кириш борасида божхона божларини камайтиришда ҳам унинг муносиб ҳиссаси бор. Шунингдек, у тез тиббий ёрдам хизматини тубдан яхшилашни назарда тутувчи қатор ташаббусларни илгари суриб, амалиётга татбиқ қилганди. Аҳолининг репродуктив саломатлигини яхшилаш ҳақида ўз фикр-мулоҳазаларини билдириб, оналар ва болалар саломатлигига алоҳида эътибор қаратганди. Пандемия даврига қарамай республикамиздаги онкологик вазиятга урғу бериб, юртимизга хорижий мутахассисларни жалб этиш, тиббиёт анжомларининг жойларга вақтида етказилишини ўз назоратига олган эди.

Айни кунларда Беҳзод Мусаев ҳудудларда шифокорлар ҳузурида бўлиб, уларнинг муаммоларини ўрганаётгани ва ҳудуд масъулларига алоҳида топшириқлар бериб, ижросини шахсан ўзи назоратга олаётганига гувоҳ бўлмоқдамиз.

Янги вазир ўз иш фаолиятида тиббиёт соҳасини ривож­ланган давлатлар даражасига олиб чиқишга эътибор қаратиб, мавжуд тиббиёт марказлари ва шифохоналарини замонавий тиббий асбоб-ускуналар билан таъминлашга алоҳида урғу бермоқда. Шу билан бирга, айрим муассасаларда мавжуд тиббий ускуналардан мақсадга мувофиқ фойдаланилишини таъминлаш борасидаги масъуллар фаолиятини тўғри йўлга қўймоқда.

Соҳадаги ўзгаришлар ва тезкорлик билан амалга оширилаётган муҳим тадбирлар ҳамда туну кун тинимсиз меҳнатнинг самараси ўлароқ яқин орада юртимиз тиббиётида, соғлиқни сақлаш соҳасида ижобий ютуқларга эришилишига шубҳа йўқ.

Мадинахон Иброҳимова,

 “Адолат” СДП Тошкент шаҳар кенгаши 

туманлараро ижрочи котиби

**

Янги Ўзбекистон тараққиёт стратегиясида бош мезон этиб белгиланган «Инсон қадри учун» деган тамойил ҳар бир фуқаро учун муносиб турмуш шароитини яратишни назарда тутади. Шу жумладан, инсонларга муносиб турмуш шароитини яратишда соғлиқни сақлаш тизими ҳам алоҳида аҳамият касб этади. Ўтган давр мобайнида давлатимиз раҳбари томонидан соғлиқни сақлаш тизимини янги ривожланиш босқичига олиб чиқиш борасида улкан ислоҳотлар ҳамда кенг кўламли ишлар амалга оширилди.

Президентимиз томонидан Бош вазирнинг ижтимоий ривожлантириш масалалари бўйи­­ча ўринбосари Беҳзод Мусаев Ўзбекистон Респуб­ликаси соғлиқни сақлаш вазири лавозимига тайинланиши ҳам соҳа ривожида амалга оширилаётган ишларнинг давомийлигини таъминлашда катта аҳамият эга.

Беҳзод Мусаев лавозимига киришган илк кунлариданоқ пойтахт шифохоналаридаги вазиятни ўрганиб, ўша куннинг ўзида ўрганиш хулосалари таҳлил қилиниб, пойтахтдаги шифо мас­канларида 600 дан зиёд қўшимча ўрин-жойлар ташкил этилди ҳамда она ва болаларга даволанишлари учун етарли шароитлар яратилди, шунингдек, шошилинч тиббий ёрдамга муҳтож айрим йўналишдаги болаларнинг «Тез ёрдам» машиналари орқали ихтисослашган тиббиёт муассасаларига етказилиши таъминланди.

Соғлиқни сақлаш вазирлиги матбуот хизматининг ёзишича, хусусан, ўрганишлар давомида беморларнинг шифокор қабулига узоқ нав­бат кутиши, тиббиёт ходимларининг ортиқча қоғозбоз­лик билан боғлиқ юкламалари кўплиги каби камчиликлар қаторида жойлардаги аксарият даволаш-профилактика муассасаларида санитария-гигиена меъёрларига етарли даражада эътибор берилмаётгани маълум бўлди. Шундан келиб чиққан ҳолда соғлиқни сақлаш вазири тизимдаги барча муассаса раҳбарларига мазкур йўналишдаги муаммоларни зудлик билан бартараф этиш бўйича тегишли кўрсатма берди.

Албатта, соҳага оид амалга оширилаётган ислоҳотлар замирида инсон манфаати ҳамда унинг қад­ри учун эзгу амаллар мужассам. Бу эса Янги Ўзбекистон тараққиёт стратегиясида бош мезон этиб белгиланган «Инсон қадри учун» тамойили ўз ифодасини топаётганини кўрсатмоқда. 

Мақсуд Ҳамидов,

«Адолат» СДП Бухоро вилоят кенгаши 

раиси

**

Соат тунги 1.00 га яқин укам телефон қилди. Яқин орада фарзандли бўлиши кераклигини билганим учун ҳам шошиб телефонни кўтардим. Келинимизнинг мазаси бўлмаётганини айтишди. Шифокор назоратида бўлиши яхшироқ деб ўйлаб, шифохонага йўл олдик. Текширувдан ўтказган шифокорлар кутилаётган фарзанд эгизак эканлигини, муддатидан илгарироқ туғилишини маълум қилишди. Ярим тун бўлишига қарамай шифокорлар керакли муолажаларни ўз вақтида амалга оширишди. Туғруқ амалиёти муваффақиятли ўтди. Она ва болаларнинг саломатлиги учун барча шарт-шароитлар билан таъминланганини кўриб, соат 4.30 ларда уйга қайтаётганимда ҳам фидойи шифокорлар ҳали у беморга, ҳали бу беморга муолажа қилиб юрардилар.

Яқинда ижтимоий тармоқларда соғлиқни сақлаш вазири ярим тунда тиббиёт муассасаларини бориб ўргангани, унинг натижалари юзасидан мажлис ўтказганлиги тўғрисида хабар тарқалиб, халқ орасида илиқ фикрлар билдирилди. Бу вазиятга ҳар ким ўзича баҳо берди. Аммо, мен ўйлайманки, нафақат уйқу нималигини билмайдиган, ҳамиша бедорлар, биргина тиббиёт соҳасида эмас, балки барча соҳада ҳам тезкорлик билан юзага келган мавжуд камчиликларни бартараф этиш мақсадида амалга ошираётган бундай ҳаракатлар ўзининг ижобий самарасини беради. Масалага тезкорлик билан ёндашув, муаммонинг жойида ҳал этилиши аҳолида соҳага нисбатан ишонч уйғотади.

Мана, икки йилдирки дунёга хавф солган тождор вирус сабабли сифатли тиббий хизматга талаб янада ошди, шу билан биргаликда ушбу соҳада ҳали амалга оширилиши зарур бўлган ишлар талай эканлигини ҳам кўрсатди. Жумладан, фуқароларга чекка-чекка қишлоқларда кўрсатилаётган тиббий хизмат сифатини ҳам янада яхшилаш, соҳада малакали мутахассислар етишмовчилигининг олдини олиш, тиббиёт ва таълим соҳаси ҳамкорлигини йўлга қўйиш бугунги кун талаби.

Албатта, инсон манфаатларини таъминлаш, фуқароларимиз саломатлигини мустаҳкамлаш, уларнинг ҳаётдан, бугунги давр ислоҳотларидан рози бўлиб яшаши йўлида соҳада амалга оширилаётган изчил ислоҳотлар ўзининг самарасини беради.

Санобар Мирсаидова,

халқ депутатлари Самарқанд вилоят Кенгаши депутати

Tegishli xabarlar

Баҳром АБДУҲАЛИМОВ: ПРЕЗИДЕНТ САЙЛОВИ ЯНГИ ЎЗБЕКИСТОНГА ХОС СИЁСИЙ-ҲУҚУҚИЙ МУҲИТДА, МИЛЛИЙ ҲАМДА ХАЛҚАРО ҚОНУНЧИЛИК  ТАЛАБЛАРИГА МОС РАВИШДА ЎТКАЗИЛДИ 

admin

Аёлга эҳтиром

admin

Қадри баланд айём бу!

admin