ADOLAT 24

Транспорт вазирлиги диққатига! Пойтахтда жамоат транспорти билан боғлиқ муаммоларга қачон ечим топилади?

Ҳар куни гувоҳи бўлиб турганимиздек, янги ўқув йили бошланганидан буён Тошкент шаҳрида жамоат транспорти қатнови бугунги кун талабига умуман жавоб бермаслиги, бу тизим ислоҳотга муҳтожлиги яққол кўриниб қолди.

Маълумки, эрталабдан йўловчилар манзилига тезроқ етиб олиш пайида бўлишади. Улар орасида мактаб ўқувчилари, олий ўқув юрти талабалари кўпчиликни ташкил эта­ди. Яна иш жойига шошилаётган ёки уйидан бирон зарур юмуш билан кўчага чиққан кишилар, ёш болали аёллар, кекса ёшли нуронийлар, шаҳримиз меҳмонлари ҳам жамоат транспорти хизматидан фой­даланади.

Аввалги йиллар билан солиштирганда куннинг тиғиз вақтида, яъни соат 7-9 оралиғида пойтахт жамоат транспорти воситаларида юкламалар анча ортаётгани, йўловчиларнинг тўпланиб қолиш ҳолатлари кузатилаётганидан бугун асло кўз юмиб бўлмайди: метрополитен бекатлари чиптахонаси олдида икки энлик қоғоз чипта олиш учун йўловчилар турнақатор бўлиб навбат кутиб туриши, автобуслардаги тиқилинч, йўлларда шахсий автомобилларнинг тарбандлиги юзага келиши қанчадан-қанча асаббузарлик­лар­ни келтириб чиқармоқда.

Дарвоқе, ҳамма аллақаерга шошилаётган вазиятларда хўжакўрсинга тиббий ниқоб тақиб олганимиз билан карантин қоидаларига риоя этиш, ижтимоий масофа сақлашнинг имкони йўқлиги барчамизга аён. Наҳотки, эрталаб ва кечки тиғиз соатларда йўловчилар сонининг кўпайишини ҳисобга олган ҳолда метро поездлари қатнови оралиқ вақтини қисқартириш, қўшимча автобуслар ҳаракатланишини йўлга қўйиш тегишли ташкилот мутасаддиларига қийинчилик туғдирса?! Хизмат машинасида ишхонасига бориб келадиган амалдорлар ақалли бир кун жамоат транспорти хизматидан фойдаланиб кўришса, балки оддий йўловчилар дуч келаётган муаммоларни тушуниб етар ва уларни бартараф этишга киришармиди?!.

Маълумотларга кўра, Тошкент шаҳридаги жамоат транспорти йўналиш тармоқлари ўтган асрнинг 80-йилларида тузилган бўлиб, шу вақтга қадар мукаммал тарзда қайта кўриб чиқилмаган ва тизимда жиддий муаммолар йиғилиб қолишига сабаб бўлаётган экан.

Шу ўринда, “шаҳар жамоат транспорти” деган тушунчага аниқлик киритиб олсак, мазкур транспорт воситалари автобус, метрополитен, йўналишли ва йўналишсиз таксидан иборат бўлиб, улар ўта муҳим ижтимоий вазифани — йўловчиларнинг узлуксиз ҳаракатланишини таъминлайди ва ҳақли равишда жамиятнинг “қон томири”га қиёсланади. Бундан кўриниб турибдики, йўловчиларни ташиш билан шуғулланувчи ташкилотларнинг мулкчилик шаклидан қатъи назар, жамоат транспортидан фойда олишнигина кўзлаб иш тутиши адолатдан бўлмайди. Негаки, юқорида айтганимиздек, бирламчи вазифаси йўловчиларнинг узлуксиз ҳаракатланишини таъминлаш ҳисоб­ланади. Мабодо фаолияти давомида зарар кўрадиган бўлса, йўлкира нархларини ошириш орқали эмас, бюджет маблағлари ҳисобидан зарар қоплаб берилиши керак, назаримизда.

Бу борада хорижий мамлакатлар тажрибасига эътибор қаратсак, Европанинг бир нечта шаҳарларида жамоат транспортининг айрим турларидан йўловчилар бепул фойдаланади. Лондон, Париж ва Берлин шаҳрининг баъзи ҳудудларида шахсий автомобиллар, юк ташувчи машиналар учун чек­ловлар жорий этилгани, йўллар пулли қилиб қўйилгани тирбандликларнинг олдини олади ва жамоат транспорти ҳаракатланиши учун қулайлик туғдиради.

Маълумки, 2020 йил февраль ойи охиридан Люксембургда жамоат транспорти бепул бўлди. Бу бутун мамлакат бўйлаб жамоат транспортларига жорий этилди. Одатда, бундай чоралар алоҳида шаҳарлар ичида амалга оширилади. Шу билан бирга, кўпинча йўловчиларни ташиш маълум транспорт турларида (масалан, автобуслар­­да) бепул бўлади.

Эстония пойтахти — Таллин шаҳ­рида ҳам йўловчилар жамоат транспортидан бепул фойдаланади. Францияда эса бундай тизим йигирмага яқин шаҳарда йўлга қўйил­ган. Улардан энг йириги — Дюнкерк шаҳри аҳолиси 257 минг нафар атрофида бўлиб, 2018 йилдан автобус­лар шаҳар аҳолиси учун бепул хизмат кўрсата бошлаган. Натижада иш кунларида жамоат транспортида йўловчи ташиш 60 фоизга, дам олиш кунларида эса 100 фоизга ортган. Ўтказилган сўровномада жамоат транс­портидан фойдаланувчи рес­пондентларнинг 48 фоизи шахсий автомобилларини уйда қолдирганини, яна 5 фоизи эса сотиб юборганини маълум қилган.

Германия, АҚШ, Сингапур, Япония, Австралия каби мамлакатларда ҳам жамоат транспортидан бепул фойдаланиш бўйича экспериментлар ўтказилган. Айни пайтда дунёда жами 107 та бепул жамоат транспорти тармоғи мавжуд бўлиб, улардан 67 таси Европада жойлашган.

Албатта, жамоат транспортини бутунлай бепул қилиб қўйиш ҳам турли муаммоларни келтириб чиқариши мумкин. Агар эксплуатация, амортизация, ҳайдовчиларнинг иш ҳақи ва бошқа харажатлар тўлиқ шаҳар ёки вилоят бюджетига юкланса, юк яна солиқ тўловчиларнинг елкасига келиб тушади.

Шунинг учун аксарият мамлакатларда жамоат транспортидан кўрилган зарар йўлкира нархларининг оширилиши эвазига эмас, шаҳар ҳокимияти ёки йирик компаниялар, бюджет ёки солиқ тушумлари ҳисобидан қопланади.

Яна бир мулоҳаза. Биз Тошкент шаҳридаги чорраҳаларда автомобиллар тирбандлиги юзага келаётганидан кўп ёзғирамиз. Буни бартараф этиш учун қанчадан-қанча йўл ўтказмалари, яъни кўприклар қурилди. Лекин шаҳримизда шахсий автомобиллар сони кун сайин кўпайиб бораётгани учун муаммони ҳал этиб бўлмаяпти. Жамоат транспорти воситалари учун махсус йўлаклар ажратиш орқали уларнинг тез ва узлуксиз ҳаракатланиши таъминланса, йўлкира нархлари янада арзонлантиришса, шахсий автомобиллар қатнови кес­кин камаяди. Бу экологик мувозанат сақланишида ҳам қўл келади.

Мухтасар айтганда, пойтахтимизда жамоат транспорти билан боғлиқ муаммоларни камайтириш мақсадида куннинг йўловчилар энг гавжум бўладиган соатлари – ишга бориш ва ишдан қайтиш вақтида автобуслар сонини кўпайтириш, метро поездлари қатнови оралиқ вақтини қисқартириш, аҳолининг зичлик даражаси ва эҳтиёжига кўра шаҳарнинг автобус йўналишларини, уларнинг қатнов оралиғи вақтларини қайтадан кўриб чиқиш шарт ва зарур. Автомобиль йўллари инфратузилмасини янада ривожлантириш ва йўл ҳаракатини ташкил этиш тизимини такомиллаштириш чора-тадбирларини замон талабларига мос равишда ишлаб чиқиш ҳам кечиктириб бўлмайдиган вазифалар сирасига киради.

Суюндик МАМИРОВ,

“Adolat” мухбири

Tegishli xabarlar

ФАРҒОНА ИҚТИСОДИЁТИНИ РИВОЖЛАНТИРИШ БЎЙИЧА УСТУВОР ВАЗИФАЛАР БЕЛГИЛАБ БЕРИЛДИ

admin

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ ПРЕЗИДЕНТИ ШАВКАТ МИРЗИЁЕВНИНГ “ХИТОЙ – ҚИРҒИЗИСТОН – ЎЗБЕКИСТОН” ТЕМИР ЙЎЛИ ҚУРИЛИШИ БЎЙИЧА СТРАТЕГИК ЛОЙИҲАНИ АМАЛГА ОШИРИШ ТЎҒРИСИДАГИ БИТИМНИ ИМЗОЛАШ МАРОСИМИ ИШТИРОКЧИЛАРИГА ТАБРИК СЎЗИ

admin

ФАРЗАНДИНГИЗГА КИТОБ ОЛИБ БЕРИНГ!

admin