ADOLAT 24

КИТОБ ва ГАЗЕТА БИЛАН ҲАМНАФАС БЎЛАЙЛИК

– Наманган вилоятида “Адолат” социал-демократик партиясининг қирқ минг нафардан зиёд аъзоси бўлиб, улар сафида бир мақсад сари қадам ташлаётган олимлар, ижодкорлар, маориф, маданият ва санъат, тиббиёт, қишлоқ хўжалиги ходимлари, бун­ёдкорлар ва мамлакат иқтисодининг юксалишига муносиб ҳисса қўшаётган ёш тадбиркорлар бор, – деди суҳбат чоғида вилоят партия кенгашининг раиси Исроилжон Жўраев.

– Ҳаммамиз учун партиямиз нашри бўлмиш «Adolat» ижтимоий-сиёсий газетаси тарғибот-ташвиқот майдони ҳисоб­ланади. Унда партия ҳаётига дахлдор бўлган муҳим маълумот ва хабарлар, воқеалар, мамлакатимиз ички ва ташқи сиёсатидаги янгиликлар, халқимизнинг турмуш тарзи, бунёдкорлик ишлари, илм-фанда қўлга киритилаётган муваффақиятлар, тарих, маданий мерос, маънавият ва маърифат, маданият ва санъат, спорт ва соғломлаштириш соҳаларида эришилаётган ютуқлар ҳамда адабий ҳаётга доир қизиқарли мақолалар бериб борилади. Айни пайтда келгуси 2024 йил учун севимли нашримизга обуна мавсуми бош­ланди. Бунда партиямизнинг ҳар бир аъзоси фаол бўлади, деган умиддаман. Чунки «Ғазнаи Намонгон» шарафига мушарраф бўлган алломаю уламолар, фозилу фузалолар, шоиру шуролар фарзандлари бўлмиш наманганликлар азалдан газетхон ҳисобланишади. 

«Ўқитувчилар ва мураббийлар куни» арафасида Косонсой туманидаги 29-сонли умумий ўрта таълим мактабида «Adolat» ижтимоий-сиёсий газетасининг 2023 йил 1 сентябрь, 35-сонидаги «Таълим – истиқбол калити» ва 15-сентябрь, 37-сонидаги «Эртага нима бўлади?» сарлавҳаси остида чоп этилган журналист Муҳиддин Омаднинг долзарб мавзудаги мақолалари партия аъзолари ва бир қатор ўқитувчилар иштирокида кенг кўламда ўрганиб чиқилди. Дастлаб “Адолат” СДП туман кенгаши раиси Фарҳод Нўъмонов сўз олиб, аввало, юртимизда маорифни ривож­лантириш соҳасида амалга оширилаёган ижобий ўзгаришлар, ўқитувчилар ва ўқувчилар учун яратилаётган шароит­лар ҳақида тўхталиб, ҳамиша эҳтиромга сазовор бўлган ўқитувчи ва мураббийларни умумхалқ байрами билан табриклади. Сўнгра партия нашри ҳисобланмиш «Adolat» газетасининг ижтимоий-сиёсий ҳаётда тутган ўрни ва унда ёритилаётган мақолаларнинг ҳаётга дахлдорлиги ҳақида тўхталиб ўтди. 

Шундан сўнг сўзга чиққан тил ва адабиёт фани ўқитувчилари Тоҳира Тожибоева, Дилрабо Ваҳобова, Саломат Нишонова, бошланғич синф ўқитувчилари Гулноза Парпихўжаева, Дилафрўз Шерова газетада ёритилган мақолалар юзасидан фикр-мулоҳазаларини билдиришаркан, баъзи ёшларнинг ижтимоий тармоқ ёлғонларига эргашиб, хато қадам қўяётганлари, маънавиятимиз, қадриятимизни унутиб, ғарб маданиятига эргашиб кетаётганликларини, миллийлигимиздан воз кечиб, ажнабий либослар модасини танлаётганларини танқид остига олдилар. 

– Аҳвол шу даражага етдики, – дейилди уларнинг чиқишларида, – ота-она­лар ўз фарзандларини ёт урфу одатлардан қайтара олмасдан ўқитувчига илтимос қилишади. Боланинг ихтиёрини ёшлигидан ўзига топшириб қўйиш­нинг аҳволи шу-да! Натижада ўқитувчи таълим бериш ўрнига кўпроқ вақтини тарбияга сарфламоқда.

– Тоғ ёнбағрида жойлашган мактабимизда саккиз юз нафарга яқин ўқувчи таълим олмоқда, – деди ўз вақтида стол тенниси бўйича рес­публика чемпиони бўлган директор Абдусами Раҳимбоев. – Бу йилги кўрсаткич ёмон бўлмади. Ўн нафар битирувчиларимиз олий ўқув юртларига ўқишга киришди. Албатта, ёшларнинг ўқимиш­ли бўлишида китоб ва газета мутолаа қилишининг алоҳида ўрни бор. Биз асосий урғуни шунга қаратмоқдамиз. Кутубхонамиз бадиий адабиётлар билан бир қаторда рес­публикамизда чоп этилаётган газета-журналлар билан ҳам тўлдирилган. Ўқувчилар матбуот нашрлари билан ҳам танишиб бормоқдалар. 

– Фондимизда икки ярим мингта китоб бор, – деди тўрт фарзанди педагогликни танлаган кутубхоначи Зулфия Шербоева. – Айни пайтда ўқувчилар ҳам китобга анча қизиқиб қолишди. Чунки олийгоҳга кирган ака-опалари уларга намуна бўлишди-да. Мана, қиш­лоғимизда ўсиб-улғайган, олий маълумотли муҳандис укамиз Ғуломжон Ҳамдамов тадбиркор бўлиб, мактабимизга, жумладан, кутубхонамизни жиҳозлашга жуда катта ёрдам берди. Китобнинг қадрига етадиган инсон қандай бўлишини шу йигит тимсолида ҳам кўриш мумкин.

– Аввало, устозларни байрам билан қутлайман, – деди «Илҳом» қурилиш материаллари ишлаб-чиқариш хусусий корхонаси бошлиғи, халқ депутатлари туман Кенгаши депутати Ғуломжон Ҳамдамов. – Сиз каби устоз­лар тарбиясини олиб кам бўлмадим. Отам ҳам ўқитувчи бўлган. У кишини ҳам шогирдлари ҳурмат қилишарди. Сизлар учун, илм олаётган укаларимиз учун ҳар қанча маблағ сарфласак оз. Илмга сарфланган сармоя – сармоянгга барака киритади, деган гап бор. Зиёли кишиларимиз кўпайса, қиш­лоғимиз ҳам обод бўлиб бораверади. Дарҳақиқат, бугунги кун ёшлари учун муаммо йўқ. Биринчи синфдан ўн биринчи синфгача замонавий технология билан таъминланса, ҳамма китоблар қўлида бўлса, олийгоҳлар эшиклари очиқ бўлса, яна нима керак? Фақат ўқиш керак, холос!

– Набирам Иқболжон бу йил мазкур мактабнинг биринчи синфига қабул қилинди, – деди Аъзамжон ҳожи Мама­жонов. – Ўзим шеърият ихлосмандиман. Мен ёдлаган шеърларни ўйин­қароқ набираларим ҳам атрофимда ўралашиб юриб, ёдлаб олишяпти. Ҳавас қилиб, бир набирамга халқ шоири Иқбол Мирзодан розилик сўраб исмини қўйгандим. Шу набирам келажакда шоир бўлади, деган умидим бор. Болани мактабга тайёрлайдиган ота-она, бобо ва бувилар. Ҳар бир хонадон катталари қандай бўлса, болалари шундай бўлади. «Adolat» газетасида журналист дўстимиз Муҳиддин Омад ёзган иккита мақолани қайта-қайта ўқиб чиқдим. Қалбни уйғотадиган мақолалар бўлибди. Келинг, биргалашиб фарзандларимизни китоб­га, газета ўқишга қайтарайлик. Аммо катталар ўқимаса, ёшлар ўқимайди. Биз болаларимизга келажагимсан, орзу-умидим сендан, деймиз. Шундай экан, орзу-умидимизга етишиш учун болаларимизга яхши тарбия берайлик, ўқишига шароит яратайлик. Кўриб турибмиз, давлатимиз ёшлар учун нима керак бўлса – барчасини муҳайё қилиб қўймоқда. Биз ҳам шунга жавобан ҳаракат қилайлик.  

Фарҳоджон МАМАЖОНОВ,

маънавий-маърифий ишлар бўйича 

директор ўринбосари

Tegishli xabarlar

Xалқимиз фаровонлигини сақлаб, ташқи томондан бўлаётган баъзи ҳаракатларга бирдамликда собитқадамликни йўқотмаслигимиз керак

admin

Халқ билан ҳамнафас

admin

ВАҚТДАН ЎЗГАН “ТУРКИСТОН”чилар…

admin