ADOLAT 24

ОНА ЗАМИН ҚАЛҚОНИ

Озон қатлами она сайёрамизни қуёш нурининг зарарли таъсиридан ҳимоя қилувчи сеҳрли қалқондир. Афсуски, ҳозирги вазиятда бу қалқоннинг ўзи ҳимояга муҳтож. Стратосферанинг бир қисми бўлган озон қатлами қуёш ультрабинафша нурларининг молекуляр кислородга таъсири натижасида вужудга келади ва ҳаётий фаолиятимизда муҳим аҳамият касб этади.

Сайёрамизда экологик хавф-хатарлар миқдори ортиб бораётганлиги, шу жумладан, ёқилғининг органик турларидан фойдаланувчи иссиқлик электр станциялари ҳамда ички ёнув двигателларидан чиқаётган зарарли газлар туфайли атроф-муҳит ифлосланиши, атмосферага зарарли моддалар чиқиндисининг жуда катта миқдорда чиқариб юборилиши натижасида озон қатлами емирилиши инсониятни хавотирга солмоқда. 

Ҳар йили 16 сентябрь — Халқаро озон қатламини ҳимоя қилиш куни дунё бўйича кенг нишонланишидан кўзда тутилган мақсад Ер шарини ҳимояловчи, инсон саломатлиги, ўсимликлар ва ҳайвонот дунёсининг соғлом ҳаёт кечириши учун муҳим аҳамиятга эга бўлган озон қатлами емирилишининг олдини олиш тадбирларини самарали амалга ошириш, она табиатни асраш, атроф-муҳитни мусаффо сақ­лашни аҳоли ўртасида кенг тарғиб қилишдан иборат.

Шу ўринда таъкидлаш жоизки, озон қатламини емирувчи моддаларнинг аксарияти глобал исишни келтириб чиқарувчи газлар ҳисобланади. Шундай экан, озон қатламининг емирилиши мислсиз иқлим ўзгаришига, одамнинг иммун тизими пасайишига, тери саратони касаллиги кўпайи­шига, ўсимликлар ривожига, умуман, инсониятнинг турмуш тарзига салбий таъсир кўрсатади.

 Демак, озон қатламини муҳофаза қилиш масаласи бутунжаҳон ҳамжамиятини ҳамжиҳатликда фаолият юритишга ундайди. Шу мақсадда 1985 йили Озон қатламини муҳофаза қилиш тўғрисидаги халқаро ҳужжат — Вена конвенцияси қабул қилинди ҳамда 1987 йил 16 сентябрда Озон қатламини бузувчи моддалар бўйича Монреаль протоколи ишлаб чиқилди. 

Бугунги кунда 197 та мамлакат томонидан ратификация қилинган Монреаль протоколида озон қатламини емирувчи 100 га яқин моддалардан фойдаланишни бос­қичма-босқич қисқартириш бў­йича вазифалар қатъий белгилаб қўйилган. Ўзбекистон Республикаси 1993 йилдан буён Озон қатламини муҳофаза қилиш тўғрисидаги Вена конвенцияси мажбуриятларини бажариш, шунингдек, озон қатламини бузувчи моддалардан фойдаланишни тўхтатиш чора-тадбирларини амалга ошириб келаяпти. Хусусан, Озон қатламини бузувчи моддалар бўйича Монреаль протоколининг мажбуриятларини бажариш юзасидан 2005-2019 йиллар даврида озон қатламини бузувчи моддалардан фойдаланиш миқдори 884 тоннадан 33 тоннагача камайтирилганлиги, Монреаль протоколининг А, В ва Е рўйхатларида, шунингдек, С рўйхати II ва III гуруҳларида кўрсатилган моддаларни импорт қилиш тақиқланганлиги, озон қатламини бузувчи моддалардан фойдаланишни тўхтатиш бўйича Глобал экологик жамғарма, Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Атроф- муҳит ва Тараққиёт дастурлари кўмагида ҳамда маҳаллий ташкилотлар маблағлари ҳисобидан 2000-2018 йиллар давомида республикада 9,9 млн АҚШ долларига тенг бўлган 6 та лойиҳа амалга оширилганлигини алоҳида таъкидлаш жоиз. 

2019-2024 йилларда самарали технологияларни жорий этиш орқали гидрохлорфторуглеродни (ГХФУ) бутунлай истеъмолдан чиқариш бўйича Ўзбекистон Республикаси Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси, Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Тараққиёт дастури ва Глобал экологик жамғарма томонидан 8,6 млн. АҚШ долларига тенг бўлган қўшма лойиҳа амалга оширилиши режалаштирилган.

Янги таҳрирда қабул қилинган Озон қатламини бузувчи моддалардан фойдаланишни тўхтатиш бўйича Миллий дас­тур Ўзбекистон Республикаси томонидан Монреаль протоколи ҳамда ушбу протоколга киритилган Лондон, Копенгаген, Монреаль ва Пекин тузатишлари доирасида қабул қилинган барча мажбуриятларнинг бажарилишини қамраб олади.

Хусусан, Миллий дастурда маҳаллий ресурслардан фойдаланган ҳолда, озон қатламини бузувчи моддалардан ўрнини босувчи воситалардан фойдаланишга ўтиш соҳасида истиқболли илмий-тадқиқот ва тажриба-конструкторлик ишланмаларини амалга татбиқ қилиш, озон қатламини бузувчи моддалар ва таркибида улар мавжуд бўлган маҳсулотларнинг импорти ва экспорти бўйича маълумотлар базасини шакллантириш, божхона ва ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари ходимларининг маҳсулотлар импорти ва экспортини назорат қилиш бўйича билими ва малакасини ошириш, гидрохлорфторуглероддан қайта фойдаланиш тизимини мус­таҳкамлаш ва уларнинг технологияларини алмаштириш соҳасида ишлаб чиқиладиган лойиҳалар натижадорлигини кенг омма эътиборига намойиш қилиш назарда тутилган.

Озон қатламини бузувчи моддалардан фойдаланишни тўхтатиш, озон қатлами учун хавфсиз бўлган муқобил моддалардан фойдаланишга ўтиш бўйича чора-тадбирлар ушбу Миллий дастурнинг стратегик йўналиши бўлиб, у дастурни амалга оширишнинг «йўл харитаси»да акс эттирилган.

Мухтасар айтганда, дунё ҳамжамияти томонидан озон қатламини тиклаш бўйича кўрилаётган тизимли чора-тадбирлар самараси ўлароқ, ҳисоб-китобларга кўра, асримиз ўрталарида мавжуд озон туйнуклари тўлиқ қопланиши кутилмоқда. Бунга Ўзбекистон ўзининг муносиб ҳиссасини қўшиб келаётгани барчамизни мамнун этади.

Азиза Қурбонова,

“Адолат” СДП Сиёсий Кенгаши етакчи мутахассиси

Tegishli xabarlar

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ ПРЕЗИДЕНТИ ШАВКАТ    МИРЗИЁЕВНИНГ «МАРКАЗИЙ ОСИЁ – ЕВРОПА ИТТИФОҚИ» БИРИНЧИ САММИТИДАГИ НУТҚИ

admin

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Шанхай Ҳамкорлик Ташкилотига аъзо давлатлар раҳбарлари кенгашининг мажлисидаги НУТҚИ

admin

ТИНЧЛИК, ХАВФСИЗЛИК, БАРҚАРОРЛИК ВА ГЕНДЕР ТЕНГЛИК янги имзоланган қонун ана шу мақсадда қабул қилинди

admin