ADOLAT 24

МАКТАБ — ЭНГ УЛУҒ ИМОРАТ

Янги ўқув йили бошланди. Билим масканлари — мактаблар келажагимиз эгалари бўлган ўғил-қизларни ўз бағрига чорлади. Яна қўнғироқ садолари янгради. Дарҳақиқат, халқимизнинг энг улуғ, энг азиз байрами — Ўзбекистон Республикаси давлат мустақиллигининг 30 йиллиги ва 2021-2022 ўқув йили бошланишига бағишланган “Биринчи қўнғироқ” тадбирлари байрамона руҳда, “Янги Ўзбекистон мактаб осионасидан бошланади” деган пурмаъно сўзларга монанд ўтказилди.

Мамлакатимизда учинчи Ренессанс пойдевори илм-маърифат асосига тикланиши, навқирон авлодни соғлом ва баркамол инсонлар этиб вояга етказиш мақсадида уларга таълим бериш, ёшларни ватанпарварлик, миллий ва умуминсоний қадриятларга ҳурмат руҳида тарбиялашга алоҳида эътибор қаратилаётгани эътирофга молик, албатта.

Тошкент вилояти Халқ таълими бошқармаси бошлиғи Азамат Камалов билан суҳбатимизда ҳам айнан шу мавзулар доирасида сўз юритилди.

— Мамлакатимида сўнгги йилларда халқ таълими тизимида катта ислоҳотлар даври бошланди. Таълим соҳасини ислоҳ қилиш ва ривож­лантириш замирида ёшларимизни етук ва ватанпарвар кадр сифатида тайёрлаш, бу борада етарли шароит­лар яратиш масаласи устуворлик касб этмоқда, — деди Азамат Камалов. — Бугунги кунда Тошкент вилоятида 916 та таълим муассасаси фаолият олиб бораяпти, шундан 891 таси умумтаълим мактаби (14 таси махсус мактаб ва мактаб-интернатлар, 15 таси ихтисослаштирилган мактаб ва мактаб-интернатлар), 22 таси “Баркамол авлод” болалар мактаблари, 2 таси “Меҳрибонлик” уйлари ҳамда 1 таси вилоят халқ таълими ходимларини қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш ҳудудий маркази ҳисобланади. 2021-2022 ўқув йилида жами ўқувчилар сони 516 838 нафар, 1-синф ўқувчилари сони 52 786, 11-синф ўқувчилари эса сони 35 871 нафарни ташкил этади.

— Бу йил қутлуғ сана — мус­тақиллигимизнинг 30 йиллиги байрамига катта тайёргарлик кўрилди, улкан бун­ёдкорлик ишлари амалга оширилди. Умумтаълим мактаблари мисолида олсак, янги ўқув йили олдидан қандай ишлар бажарилди?

— Иморатларнинг энг улуғи мактаб, деб бежиз айтилмайди. Чунки уларда биз умид билан келажагига кўз тиккан ёшлар таълим-тарбия олади. Бундан кўриниб турибдики, таълим даргоҳларида ўқувчиларнинг яхши ўқиши учун биз, биринчи навбатда, қулай, замонавий шарт-шароитларни яратиб беришимиз зарур. Шу мақсад йўлида 2021 йилги Инвестиция дас­тури доирасида умумтаълим мактабларининг қурилиш-таъмирлаш ишлари учун 203 миллиард сўм маблағ ажратилди. Бу ўтган 2020 йилга нисбатан қарийб 5 баробар кўп маблағ демакдир.

Янгийўл туманида 3 та (“Гулбаҳор” қўрғонида 660 ўринли, “Чотқол” МФЙда 330 ўринли ва “Пис­тали” МФЙда 330 ўринли), Чирчиқ шаҳридаги 1 та (“Шодлик” МФЙда 792 ўринли) мактаб, Нурафшон шаҳрида 1 та 168 ўринли Президент мактабида қурилиш ишлари олиб борилмоқда.

Шунингдек, янги ўқув йилига тайёргарлик бўйи­­ча 418 та мактабга таъмирлаш ишлари учун 61 428,93 миллиард сўм маблағ ажратилди. Шундан 21 500,10 миллиард сўм маҳаллий бюджетнинг қўшимча манбалари ҳисобидан, 11 741,70 миллиард сўм Ижтимоий ва ишлаб чиқариш инфратузилмасини ривожлантириш дас­туридаги 2021 йил учун назарда тутилган маб­лағларни мақбуллаштириш ҳисобидан, 5 929,83 миллиард сўм маҳаллий бюджетларда умумтаълим мактабларини сақлаш учун назарда тутилган маб­лағлар ҳам­да маҳаллий бюджетлар харажат­ларини мақбуллаштириш ҳисобидан, 22 257,30 миллиард сўм республика бюджети параметрларида назарда тутилган маблағларни мақбуллаштириш ҳисобидан ажратилди. 418 та мактаб­ларда тўлиқ қурилиш ва таъмирлаш ишлари ўз якунига етказилди.

— Янги турдаги таълим мас­канлари, хусусан, Президент мактаблари, ижод мактаблари, ихтисослашган мактаблар фаолияти йўлга қўйилаётгани навқирон авлодни ҳар томонлама баркамол инсонлар этиб тарбиялашда муҳим аҳамият касб этади. Биргина 2020 йилда юртимизда математика фани бўйича 56 та, кимё-биология фани бўйича 28 та, информатика ва ахборот-коммуникация технологиялари бўйи­­ча 14 та ана шундай мактаблар ташкил этилгани ҳам фикримизни тасдиқлайди. Тошкент вилоятида бу борада қандай ишлар амалга оширилаяпти?

— Тошкент вилояти ҳокимлигининг 2021 йил  16 июнда қабул қилинган 2021-2023 йилларда чуқурлаштириб ўқитишга ихтисослаштирилган мактаблар фаолиятини таш­­кил этиш тўғрисидаги қарорига мувофиқ, 2021-2022 ўқув йилида вилоятда 4 та физика ва математика, 1 та физика (таянч мактаб), 1 та япон тили, 8 та информатика, 6 та кимё ва биология, 21 та чет тилларига ихтисослаштирилган мактаб­лар ташкил этилди. Бугунги кунда Халқ таълими бошқармаси тасарруфидаги 891 та таълим муассасасидан 53 таси ихтисослаштирилган давлат умумтаълим мактаблари ҳамда 2 таси ихтисослаштирилган давлат умумтаълим мактаб-интернатлари ҳисболанади.

— Маълумки, ўқитувчилик касби ҳам шарафли, ҳам машаққатли, шу билан бирга фидойиликни талаб қилади. Тошкент вилоятидаги мактаб­ларда ўқувчиларга сабоқ бераётган ўқитувчиларнинг илмий салоҳияти даражаси бугунги кунда халқ таълими тизими олдидаги вазифаларни бажаришга етарлими? 

— Ҳар қандай жамиятда ўқитувчилик касби ўзининг маъно-мазмуни, олижаноблигини ҳеч қачон йўқотмайди. Қайси касб эгаси бўлмайлик, қайси соҳада фаолият олиб бормайлик, эришаётган муваффақиятларимиз замирида, аввало, мактабда бизга таълим берган устозларимизнинг машаққатли меҳнати ётади. Бугунги кунда мустақил Ўзбекистонимиз тараққиётига улкан ҳисса қўшаётган минг-минглаб устоз ва мураббийларнинг меҳнати алоҳида эътироф этилмоқда, ўқитувчиларнинг нуфузи ва мақомини ошириш, уларнинг профессионал фаолият билан шуғулланишига янада қулай шароит яратиб беришга қаратилган чоралар кўрилмоқда.

Шу ўринда Тошкент вилоятида ўтган ўқув йили якуни бўйича сертификат тоифасига эга бўлган олий тоифали ўқитувчилар 1064 нафардан 1642 нафарга, биринчи тоифали ўқитувчилар 4423 нафардан 6729 нафарга, иккинчи тоифали ўқитувчилар 9603 нафардан 11909 нафарга ошгани барчамизни мамнун этади.

Вилоятдаги таълим муассасаларида таълим бераётган 3 024 нафар чет тили фани ўқитувчиларидан 221 нафари (7,3 %) Европа иттифоқининг CEFR (Common Europen Framework of Reference – Европа иттифоқида фойдаланиладиган чет тилини эгаллаганлик даража тизими) талабларига мувофиқ билимга эга бўлиб, улардан 78 нафарида C1-CЕFR, 28 нафарида IELTS, 110 нафарида B2-CЕFR ва 5 нафарида TOEFL сертификатлари мавжуд.

Албатта, ҳозирги даврда таълим жараёнларини замонавий технологияларсиз тасаввур қилиб бўлмайди. Умумтаълим мактабларининг интернет тармоғига уланиши, биринчи нав­батда, таълим сифатини ошириш, ўқувчиларнинг ахборот-коммуникация технологияларидан фойдаланиш кўникмасини шакллантириб бориш, ўқитувчиларнинг касбий малакасини юксалтиришга хизмат қилади. Шу ўринда мамнуният билан қайд этиб ўтишни истар эдимки, бугунги кунда вилоятдаги 891 та мактаб 100 фоиз оптик толали интернет тармоғига уланган.

Мухтасар айтганда, таълим тизимидаги ислоҳотлар, амалга оширилаётган чора-тадбирлар навқирон авлодни ҳар томонлама баркамол инсонлар этиб тарбиялашда муҳим аҳамият касб этади.

Суҳбатдош: Даврон АҲМАД

Tegishli xabarlar

Осиёнинг сиёсий ривожланишида сиёсий партияларнинг ўрни

admin

1 МАЙДАН ҚОНУНЧИЛИКДА ҚАНДАЙ ЎЗГАРИШЛАР БЎЛАДИ?
Янги йўл ҳаракати қоидалари жорий этилади
Янги таҳрирдаги Йўл ҳаракати қоидалари 2022 йил 1 майдан амалга киритилади.

admin

Ёшлар парламенти аъзолари сайланди

admin