ADOLAT 24

ТИНЧЛИК, ХАВФСИЗЛИК, БАРҚАРОРЛИК ВА ГЕНДЕР ТЕНГЛИК янги имзоланган қонун ана шу мақсадда қабул қилинди

Ўзбекистон Республикасининг 2023 йил 31 октябрь куни қабул қилинган “Ўзбекистон Республикасининг Жиноят кодексига ҳамда Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш ҳақида”ги қонуни тинчлик-осойишталик ва хавфсизлик, оилалар мустаҳкамлиги, барқарорлиги ҳамда гендер тенглик таъминлашга қаратилгани билан эътирофга молик бўлди.

Мазкур қонун асосида Жиноят кодекси 125 1-моддасининг номи “Никоҳ ёши тўғрисидаги қонунчиликни ёки никоҳ тузиш тартибини бузиш” дея баён этилди. Ушбу модданинг учинчи қисмига киритилган қўшимчага мувофиқ эса никоҳи қонунда белгиланган тартибда қайд этилмаган шахслар ўртасида, шу жумладан никоҳ ёшига етмаган шахс билан никоҳ тузишга доир диний маросимни амалга ошириш, шундай қилмиш учун маъмурий жазо қўлланилганидан кейин содир этилган бўлса, базавий ҳисоблаш миқдорининг етмиш беш бараваридан бир юз эллик бараваригача миқдорда жарима ёки уч юз олтмиш соатдан тўрт юз соатгача мажбурий жамоат ишлари ёхуд икки йилдан уч йилгача ахлоқ тузатиш ишлари билан жазоланади.

Жиноят кодексининг 156-моддаси “Миллий, ирқий, этник ёки диний адоват қўзғатиш” дея номланган. Янги қонун асосида мазкур модданинг биринчи қисми санкцияси “Базавий ҳисоблаш миқдорининг уч юз бараваридан олти юз бараваригача миқдорда жарима ёки икки йилдан уч йилгача ахлоқ тузатиш ишлари ёки бир йилдан уч йилгача озодликни чеклаш ёхуд бир йилдан уч йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади” тарзида ўзгартирилди. Иккинчи қисмига киритилган ўзгартиришга мувофиқ эса миллий, ирқий, этник ёки диний мансублигига қараб, аҳоли гуруҳларига нисбатан адоват, муросасизлик ёки нифоқ келтириб чиқариш мақсадида миллий шаън-шараф ва қадр-қимматни камситишга, диний эътиқодига ёки дахрийлигига қараб, фуқароларнинг ҳис-туйғуларини ҳақоратлашга қаратилган қасддан қилинган ҳаракатлар, шунингдек миллий, ирқий, этник ёки диний мансублигига қараб, фуқароларнинг устунлигини ёки нуқсонли эканлигини тарғиб қилиш, худди шунингдек миллий, ирқий, этник мансублигига ёки динга муносабатига қараб, фуқароларнинг ҳуқуқларини бевосита ёки билвосита чеклаш ёхуд уларга бевосита ёки билвосита афзалликлар бериш уч йилдан беш йилгача озодликни чеклаш ёхуд уч йилдан беш йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади.

Бундан ташқари, Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекси 473-моддасининг номи “Никоҳ ёши тўғрисидаги қонунчиликни ёки никоҳ тузиш тартибини бузиш” дея ўзгартирилди. Айни модданинг учинчи қисми эса “Никоҳи қонунда белгиланган тартибда қайд этилмаган шахслар ўртасида, шу жумладан никоҳ ёшига етмаган шахс билан никоҳ тузишга доир диний маросимни амалга ошириш базавий ҳисоблаш миқдорининг ўн беш бараваридан ўттиз бараваригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлади” тарзида ўзгартирилди.

Шуни алоҳида таъкидлаш лозимки, сўнгги йилларда мамлакатимизда хотин-қизлар ҳуқуқларини янада кенгроқ ҳимоя қилиш, гендер тенгликни таъминлаш, аёлларнинг жамият тараққиётидаги фаоллигини оширишга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Бинобарин, Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекс “Икки ёки ундан ортиқ хотин билан эр-хотин бўлиб яшашни тарғиб қилиш” деб номланган янги 478-модда билан тўлдирилди. Бу ҳам бўлса опа-сингилларимизнинг ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоясига, оилалар мустаҳкамлигини таъминлашга қаратилган. Унга биноан, икки ёки ундан ортиқ хотин билан эр-хотин бўлиб яшашни тарғиб қилиш, ушбу мазмундаги қарашларни, ғояларни ёки чақириқларни тарқатиш, шунингдек бундай хатти-ҳаракатларни рағбатлантириш базавий ҳисоблаш миқдорининг ўн беш бараваридан ўттиз бараваригача миқдорда жарима солишга ёки ўн беш суткагача муддатга маъмурий қамоққа олишга сабаб бўлади.

Кодексга янги киритилган “Жамоат жойларида шахсини идентификация қилиш имконини бермайдиган кўринишда бўлиш” дея номланган 1844-модда эса жиноят ва ҳуқуқбузарликларнинг олдини олишга қаратилган. Яъни жамоат жойларида шахсини идентификация қилиш имконини бермайдиган даражада юзини тўсган ҳолда бўлиш, бундан тиббий кўрсатмага асосан ёки йўл-транспорт ҳаракатида хавфсизликни таъминлаш учун кийиладиган махсус бош кийимда ёхуд меҳнат ва хизмат фаолияти билан боғлиқ ҳолларда юзини тўсган ҳолда бўлиш ёки спорт ва маданий тадбирларни ўтказиш вақтида ушбу тадбирлар иштирокчиларининг юзини тўсган ҳолда бўлиши, шунингдек қонунчиликда тўғридан-тўғри рухсат этилган бошқа ҳолатларда юзини тўсган ҳолда бўлиш мустасно базавий ҳисоблаш миқдорининг ўн бараваридан ўн беш бараваригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлади.

Янги 189 2-модда(Жинс бўйича камситишни тарғиб қилиш) ҳам аёллар ва эркаклар тенг ҳуқуқли эканлигини таъминлайди. Унга кўра, жинс бўйича камситишни тарғиб қилиш, шу жумладан хотин-қизлар ва эркаклар тенг ҳуқуқлилигини очиқдан-очиқ инкор этиш, ушбу мазмундаги қарашларни, ғояларни ёки чақириқларни тарқатиш, худди шунингдек бундай хатти-ҳаракатларни омма олдида оқлаш ва (ёки) рағбатлантириш базавий ҳисоблаш миқдорининг ўн бараваридан йигирма бараваригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлади.

Фурқатжон СОБИРОВ,

жиноят ишлари бўйича Балиқчи

туман судининг раиси

Tegishli xabarlar

Туркий давлатлар ташкилотига аъзо давлатлар Хавфсизлик кенгашлари котибларининг иккинчи йиғилиши иштирокчиларига

admin

Жуманиёз Жабборов: Наврўз  келибон…

admin

Эгри йўлнинг тўқмоғи!

admin