ADOLAT 24

Мустақил фикрлар ила навқирон ёшга етган истиқлол

Мустақил фикрлар ила навқирон ёшга етган истиқлол
30 йил… Бу мўъжаз фурсат ичра юртимиз ўзига хос синовли, машаққатли, шу билан бирга, шарафли йўлни босиб ўтди. Аслида истиқлол фақат байрам тантанаси эмас, у халқимизнинг ғурур-ифтиҳори, фахри ҳисобланади.
Айни шукуҳли дамларда Шарқ мутафаккири Абу Наср Фаробийнинг “Фозил инсон ўз давлатининг барча қонун-қоидаларини яхши билиши ва унга амал қилиши, доно фикрлаши, ўз касбининг устаси, керак бўлганда Ватани учун ўз жонини фидо қилиши лозимдир” деган ҳикмати ёдимга тушди.
Сўнгги йилларда мамлакатимиз муаллифлигидаги залворли ташаббуслар бутун дунё томонидан юксак эътироф этилмоқда. Бу ислоҳотлар натижасида қўшни давлатлар билан ҳамкорлик алоқалари янада яхшиланмоқда.
Бир ҳақиқатни дилдан англадикки, бизнинг ҳалқимиз матонатли, ҳар қандай машаққатли синовларни ҳам ўзининг мустаҳкам иродаси билан мардонавор енгиб ўтишга қодир.
Бугун Ўзбекистонда Учинчи Ренессанс пойдевори яратилмоқда. Илм-маърифат, фан-таълим, иқтисодиёт, қишлоқ хўжалигини модернизация қилиш, тадбиркорлик, спорт, ёшлар масаласига катта эътибор қаратилмоқда.
Ҳурматли юртдошлар!
Бу йил юртимизда Ватанимиз Мустақиллигининг 30 йиллигини нишонлашга “Янги Ўзбекистонда эркин ва фаровон яшайлик!” шиори танлангани ҳам бежиз эмас. Ушбу ғоя бугунги кундаги ислоҳотларга ҳамоҳангдир. Бинобарин, мустақил фикрли инсонгина ҳаёт неъматлари-ю меҳнат ютуқларига тайёр ҳамда лойиқ бўлади. Юрт мустақиллиги эса фаровон турмушни кафолатлайди.
Ҳақиқатдан ҳам қабул қилинаётган бир қатор қарор ва фармонлар мамлакатимиз тараққиёти, халқимизнинг ҳаёт даражаси ва турмуш сифатини ҳар томонлама юқори босқичга кўтариш йўлида хизмат қилмоқда. Бу ислоҳотларнинг асл мақсади – халқни рози қилиш, оғирини енгиллаштириш, муаммоларни ҳал этиб, қулай ва кенг имкониятлар яратишга қаратилганини чуқур ҳис қилмоқдамиз.
Кейинги беш йилда қилмишидан чин дилдан пушаймон бўлиб, тузалиш йўлига қатъий ўтган 5 мингга яқин маҳбус жазони ўташ жойларидан озод этилганлиги мамлакатимизда одилона сиёсат олиб борилаётганлигига яна бир исбот бўлди. Бу инсонпарварликнинг чинакам намунаси, тарбиянинг оқилона усулидир.
Мустақилликни асраб-авайлаш, унга муносиб бўлиш, ҳар биримиз учун ҳам фарз, ҳам қарз эканлигини шу кеча-кундузда, айрим давлатлардаги нотинчликлардан хулоса чиқарган ҳолда, ҳар қачонгидан ҳам теранроқ англаяпмиз, ҳис этяпмиз.
Ўзбек адабиётшунос олими Озод Шарафиддинов “Ватан севгиси одамдан бир қарашда маҳобатли кўринмайдиган, инсоннинг оддий фаолиятидан кам фарқ қиладиган, аслида эса жуда машаққатли меҳнатдан иборат бўлган кундалик жасоратни талаб қилади” дея доно фикр билдирган бўлса, рус ёзувчиси Михаил Булгаков Ватанга “ўз иқтидоримизни намоён этиш майдони” дея таъриф беради. Бу маънодор нақлларга изоҳ шарт эмасдир.
Биз мана шу ёруғ кунлар учун жон фидо этган ота-боболаримиз ва 36 миллионга яқин юртдошларимиз ҳақи-ҳурмати, бизга умид ва ишонч кўзи билан боқиб турган, келажак-авлодимиз ҳисобланмиш фарзандларимиз, набираларимизнинг келажаги ҳақи – мустақилликни мустаҳкамлаш йўлидан ҳеч қачон қайтмаймиз!
Азиз юртдошларимизни мамлакатимиз мустақиллигининг 30 йиллик юбилейи билан “Адолат” СДП Сиёсий Кенгаши ҳамда кўп минг сонли партиядошларимиз номидан муборакбод этамиз. Улуғ айём кунларида юртимизнинг ҳар бир фуқаросига сиҳат-саломатлик, оилавий хотиржамлик, қут-барака ва саодат тилаймиз.
Истиқлол ёши каби навқиронлик, озод юрт осмонидек мусаффолик ва мустаҳкам соғлиқ ҳаётингизнинг доимий ҳамроҳи бўлсин. Янги Ўзбекистон ислоҳотларидаги фаол иштирокингизда куч-қувват тилайман!
Жондан азиз Ватанимиз, хонадонларимиздан тинчлик-осойишталик, файзу барака ҳеч қачон аримасин! Тинч юртимизнинг мусаффо осмонида истиқлол қуёши доимо нурли порласин!

Tegishli xabarlar

ШАЙХ ХОВАНД ТАҲУР

admin

ҲУЖЖАТ КЕРАКМИ, МАРҲАМАТ!

admin

Аниқ вазифалар белгилаб олинди

admin