Маҳалла институтини халқнинг ҳақиқий таянч нуқтасига айлантириш давлатимиз сиёсатининг устувор йўналишларидан биридир. Президентимиз раҳбарлигида бўлиб ўтган видеоселектор йиғилишида ушбу тизимни янги босқичга олиб чиқиш борасида навбатдаги ташаббуслар илгари сурилди.
Дарҳақиқат, “еттилик” тизимининг жорий қилиниши, кредит, субсидия ва компенсация масалаларидан тортиб, моддий ёрдам ажратишгача бўлган юздан ортиқ хизматларнинг аҳолига яқинлаштирилгани халқ манфаатларига хизмат қилаётир. Бунинг натижасида 7,5 миллиондан ортиқ юртдошларимизни камбағалликдан чиқаришга эришдик. Ишсизлик даражаси 2 баробар қисқарди. Бу рақамлар жамиятда ижтимоий адолат қарор топаётганидан дарак беради.
Таъкидланганидек, белгилаб олинган 33 та туманга 100 миллиард сўмдан, 330 та оғир маҳаллага 5 миллиард сўмдан маблағ ажратилади. Жаҳон банки ва Ислом тараққиёт банкидан жалб қилинган 100 миллион АҚШ доллари ҳам мазкур мақсадларга қаратилади. Бундан ташқари, ушбу туман ва маҳаллалардаги “драйвер” лойиҳалар инфратузилмаси учун яна 2 триллион сўм йўналтирилади. Бу дастурни молиялаштириш учун жами 7 триллион сўмдан ортиқ маблағ сарф этилиши ҳам кўзда тутилмоқда. Эътибор қилсак, ажратилаётган маблағлар миқдори ниҳоятда кўп. Мақсад эса битта: халқимиз фаровонлигини ошириш, турмуш шароитларини яхшилашдан иборат.
Йиғилишда аҳоли уюшқоқлигини муносиб рағбатлантиришга асосий эътибор қаратилди. Айниқса, “Ташаббусли бюджет” жараёнининг такомиллаштирилишига оид таклифлар халқимиз иродаси билан ҳамоҳанг экани эътиборга молик.
Зеро, Президентимиз таъкидлаганидек, “Ташаббусли бюджет” дастури фуқаролик жамияти ривожининг янги босқичидир. Бу тизим орқали одамлар ўз маҳалласидаги йўл, сув, мактаб ёки боғчани таъмирлаш ташаббуси билан чиқиб, давлат билан елкадош бўлмоқда. Бундан буён ўзи яшаб турган ҳудуддаги инфратузилма ҳамда ижтимоий соҳа объектларини янгилашга бир ёқадан бош чиқариб киришган маҳалла аҳолисига қўшимча устуворлик берилиши белгиланмоқда.
Шунингдек, видеоселектор йиғилишида “Энг яхши солиқ тўловчи маҳалла” рейтинги тузилиб, энг илғор маҳаллаларга инфратузилма харажатининг 75 фоизи бюджетдан қоплаб берилиши ҳам қайд этилди. Ушбу маҳаллаларнинг ҳар бирига қўшимча 2 миллиард сўмдан ажратилиши таъкидланди. Бу, шубҳасиз, ижтимоий шериклик маданиятини шакллантиришда муҳим қадамдир. Давлат ва жамият ҳамжиҳатлиги ана шу нуқтада яққол намоён бўлмоқда.
Жараёнга Қонунчилик палатаси депутатларининг жалб қилиниши эса аҳолини қийнаб келаётган муаммоларга ечим топишда янги имкониятлар эшигини очади. Халқ вакилларининг масъулиятини оширади, парламент назорати самарадорлигини кучайтиради.
Йиғилишда камбағалликни қисқартириш, аҳоли бандлигини таъминлаш, айниқса, аёллар ва ёшларнинг меҳнат бозоридаги иштироки масалаларига алоҳида урғу берилди.
Президентимиз қайд этганидек, маҳалладаги ҳар бир имконият лойиҳага айланиши керак. Бу фалсафа партиямиз дастуридаги “адолатли меҳнат тақсимоти” ғоясига ҳамоҳангдир.
Аёлларнинг тадбиркорлик фаолиятига кириб келиши, микролойиҳалар орқали минглаб хонадонлар даромадли бўлаётгани олиб борилаётган ислоҳотларнинг ҳаётий самарасидир. Партиямиз бунга алоҳида эътибор қаратиб, аёллар бандлигини таъминлаш ва уларнинг соғлом турмуш тарзини қўллаб-қувватлашни ўз фаолиятининг устувор йўналиши, деб билади.
Ёшлар бандлиги ҳам ижтимоий адолатнинг муҳим кўрсаткичидир. Ҳар бир маҳаллада 40 тадан микролойиҳа ташкил этиш ташаббуси ёшларга ўз ҳудудида меҳнат қилиш имконини беради. Бу аҳоли миграциясини қисқартириш, оилалар барқарорлигини таъминлашга хизмат қилади.
Ҳудудлар ободончилиги, озодалиги, “Яшил ҳудуд”ларни кенгайтириш масаласига диққат қаратилгани ҳам айни муддаодир. Бу фақат санитария эмас – бу маданият, жамоавий масъулият, яшаб турган ҳудудимизга дахлдорлик ҳисси билан боғлиқ.
Давлатимиз раҳбари жамиятнинг энг оғриқли мавзуси бўлган оилавий ажримлар масаласига ҳам тўхталиб ўтди. Қайд этилишича, жорий йилнинг ўзида республикамиз бўйлаб 32 мингга яқин оила ажралиб кетган, 16 мингга яқин шахс алиментдан бўйин товлаб келмоқда. Келтирилган рақамлар жамиятимиз учун жиддий огоҳлик қўнғироғи бўлиши керак. Зотан, оилавий қадриятлар мустаҳкам бўлмаган жамиятда фаровон ҳаёт қуриб бўлмайди.
Партиямизнинг аёллар ва ёшлар қаноти бу масалада янада фаол тарғибот ишларини олиб боради, оилавий инқирозларнинг олдини олишда маҳалла еттилиги билан ҳамкорликни кучайтирамиз.
Президентимиз таъкидлаганидек, ҳар бир маҳаллага Янги Ўзбекистон нафасини олиб кириш – умумий вазифамиз. Бу нафас – ҳамжиҳатлик нафаси бўлиши керак.
Робахон МАХМУДОВА,
Ўзбекистон “Адолат” СДП Сиёсий Кенгаши раиси,
Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги
партия фракцияси раҳбари.
