ADOLAT 24

Шуҳратинг порласин токи бор жаҳон!

Францияда ўтказилган “Париж-2024” ёзги Олимпиа­даси Ўзбекистон учун муваффақиятли якун топти. Нақд саккиз маротаба юртимиз спортчилари рақиб­лар устидан ғолиб келиб, олтин медални қабул қилиб олиш учун шоҳсупага чиққан пайтларида, Байроғимиз юксакка кўтарилиб, Мадҳиямиз янгради…

Серқуёш ҳур ўлкам, элга бахт, нажот, 

Сен ўзинг дўстларга йўлдош, меҳрибон! 

Яшнагай то абад илму фан, ижод, 

Шуҳратинг порласин токи бор жаҳон!..

Давримизнинг улуғ алломаси сифатида яшаб ўтган Халқ шоири Абдулла Орипов томонидан битилган ушбу сатрлар гимн садолари остида янграганда қалбида Ватанга муҳаббати бўлган ҳар бир кишида ғурур ва ифтихор ҳисси уйғонади. 

Давлат Мадҳиясининг ҳар бир жумласида бир дунё ҳикмат, маъно ва боқий тафаккур акс этиб турса, ҳар бир сўзида феълимиз, фазилатимиз, хислатимиз намоён бўлиб туради. 

Иттифоқо, бахти келишиб, мустақиллик палласида дунёга келган йигит-қизларимиз ўттиз уч ёшга тўлдилар. Ана ўшалар орасидан илм-фанда, спортда тенгсиз бўлган ватанпарвар авлод етишиб чиқди. Қарангки, бугун улар ота-боболаримиз учун юз йиллар давомида армон бўлиб келган орзу-истакларнинг ушалишига сабабчи бўлиб турибдилар. 

Эришган ҳар бир ютуғимиз халқининг фаровонлигини, Ватанининг тараққиётини ўйлайдиган юрт раҳнамосининг ва дуога қўл кўтариб ҳамиша тинчлик ва хотиржамлик, тўкинлик тилайдиган оталарнинг дуо­лари мустажоб бўлганидан далолат бериб турибди.

Ҳа, бу галги Олимпиадада бағри кенг халқимизнинг шижоат ва иқтидорга эга бўлган йигит ва қизлари бутун дунё аҳлини маҳлиё этдилар. Ареналарга йиғилган турли давлат вакиллари, айниқса, Марказий Осиё халқлари бевосита ва беғаразона бизнинг йигит-қизларимизни олқишладилар ва қўллаб-қувватлаб туришди.

Париждан тўхтовсиз хушхабарлар келиб турган бир пайт­да Қозоғистонда Марказий Осиё давлатлари – Тожикис­тон, Қирғизистон, Туркманистон, Ўзбекис­тон ва Озарбайжон раҳбарларининг саммити бўлиб ўтаётган эди. Бунда Ўзбекис­тон етакчисига ҳурмат-эҳтиром кўрсатилди. Қозоғистон Президенти Қосим-Жўмарт Тўқаев Шавкат Мирзиёевга Ўзбекис­тон-Қозоғистон дўстлигини мустаҳкамлашга қўшган улкан ҳиссаси учун ўз давлатининг олий мукофоти – «Олтин Қирон» орденини тантанали равишда топширди. Остона шаҳрида Алишер Навоийга ўрнатилган ҳайкал икки халқ дўстлигининг яна бир рамзий маъноси бўлди. Шунинг­дек, Марказий Осиё давлатлари раҳбарларининг Маслаҳат учрашувида ҳам Президентимизга минтақада дўстлик, яхши қўшничилик ва ўзаро англашувни ривож­лантиришдаги алоҳида хизматлари учун Марказий Осиё давлатлари раҳбарларининг Фахрий нишони ҳам топширилди. Бундай юксак эътироф халқимиз кайфиятини янада кўтариб юборди. Ушбу кунларда содир бўлган яна бир воқеа Париж воқеаларини кузатиб турган халқлар ҳайратини яна бир карра ошириб юборди. Парижга мураббийсиз ва секундантсиз келган қирғизистонлик боксчи Мунарбек Сейитбек ўғлига ўзбекис­тонлик мураббий Акмал Ҳасанов ёрдам қўлини чўзиб, биродарлик борасида юксак намуна кўрсатди. Натижада Мунарбек Олимпиададан юртига бокс тарихидаги биринчи кумуш медални олиб қайтди. Ўз нав­батида Акмал Ҳасанов меҳнати юқори баҳоланиб, “Чингиз Айтматов номидаги Иссиқкўл форуми бирлашмаси” томонидан инсонпарвалик, бағрикенглик, гуманитар ва халқаро дипломатия­даги юксак савияси учун “Чингиз Айт­матов” медали билан тақдирланди. Бағри кенг ўзбек спортчиларининг дўстлик фазилати бутун дунё аҳлини ҳам ҳайратга солди. Бу олийжанобликни Қирғиз Республикаси Президенти Садир Жапаров эътироф этиб: “Спортчиларни қўллаб-қувватлаш ҳақида гапирганда, Париждаги Олимпиадада тарихи ва илдизи бир, тили ва маънавияти билан бирлашган қирғиз, қозоқ ва ўзбек мухлисларининг ўзаро ҳамжиҳатлиги бутун дунёда эътироф этилганини таъкидлаш лозим. Илойим, қирғиз, қозоқ ва ўзбек халқларининг ўзаро ҳамжиҳатлиги келажакда ҳам мустаҳкамланиб бораверсин”, деди.

Марказий Осиё давлатлари раҳбарларининг бир- бирини қўллаш учун дадил қадам қўйгани ўтмиши ва келажаги бир бўлган халқларнинг кўнглини чароғон этди. Дарҳақиқат, тинчлик олий неъмат. Бу улуғ неъматни қадрлаш, асраш ишида Ўзбекис­тон раҳбари ва ўзбек халқи байроқдор бўлиб турибди. Бундан ғурурланиб, енгил нафас олган чоғимда беихтиёр Мадҳиямиз сатрлари ёдимга келди… 

Бағри кенг ўзбекнинг ўчмас иймони, 

Эркин, ёш авлодлар сенга зўр қанот! 

Истиқлол машъали, тинчлик посбони, 

Ҳақсевар, она юрт, мангу бўл обод! 

Муҳиддин ОМАД, 

Наманган вилоят кенгаши матбуот котиби

Tegishli xabarlar

ХАЛҚ ТАЪЛИМИ СОҲАСИДАГИ ИСЛОҲОТЛАР НАТИЖАДОРЛИГИ ТАҲЛИЛ ҚИЛИНДИ

admin

ҲАҚИҚАТ ЙЎЛИ

admin

Маҳаллий Кенгашлар ривожланса,  ислоҳотлар самарадорлиги ошади

admin