ADOLAT 24

ҲУКМДАН ОЛДИН ОТИЛГАН ВАЗИР (Иккинчи мақола)

Февраль инқилобидан кейин у приставлик ҳузуридаги журналистлик фаолиятини тўхтатади. Марғилонда мусулмон ишчилари ва ҳунармандлари кенгашини ташкил этиш ҳамда “Ҳиммат” истеъмолчилар жамиятини тузиш ишларида қатнашади.

Жамиятнинг назорат комиссиясининг аъзоси қилиб сайланади. Кейин бир фурсат милиция соҳасида хизмат қилади. 1917 йилнинг кузида Фарғона область Ер қўмитаси аъзоси, кейин унинг бошлиғи қилиб сайланади. 1918 йилнинг баҳорида область Ер қўмитаси ҳам, унинг бўлимлари ҳам тугатилиб, уларнинг ўрнида шўролар давлатининг ер ишлари билан шуғулланадиган ташкилотлари ташкил этилади. 1917 йилда муваққат ҳукумат даврида Мусулмон ишчилар ва ҳунармандлар кенгаши ташаббуси билан Қўқон шаҳрида мусулмон меҳнаткашларининг область бўйича биринчи съезди ўтказилади. Ушбу съездда у солдат ва ишчи депутатларнинг область советига сайланади. Шу йилнинг кузида Қўқон шаҳар думасига сайловлар муносабати билан бойлар ва меҳнаткашлар вакиллари ўртасида рақобат ниҳоятда кучайди. Сайлов пайтида бўлиб ўтадиган тарғибот ишларида Қўқон меҳнаткашлар иттифоқи рўйхат бўйича 4-сон қилиб ёзилган эди. Тарғиб-ташвиқот пайтида ана шу иттифоқнинг 5 та аъзоси бойлар ва уламоларнинг хуружи туфайли ўлдирилади. Натижада Фарғона область меҳнаткашлар иттифоқи “тўртинчилар” деган ном олади. Меҳнаткашлар иттифоқи аъзолари учун овоз берганлар ҳам шу ном билан аталади. Шу тариқа большевиклар тарихга “тўртинчилар” номи билан киради. 

1918 йилда Скобелев совети депутатлигига бўлиб ўтган сайловларда кўпчилик қатори Б.Дадабоев ҳам депутат қилиб сайланади. Депутатларнинг биринчи йиғилишида Ижроия қўмита раисининг биринчи ўринбосари қилиб тайинланади. Бу лавозимда 1919 йил февралига қадар ишлайди. Шундан сўнг Фарғона область совети депутатларининг хабарномаси бўлган “Ахбор” номли мусулмонлар газетасига муҳаррирлик қилади. Шу пайтда эски Ўлка суди тарқатилиб юборилади ва унинг ўрнига Советларнинг область халқ суди ташкил этилади. У ана шу янги ташкил этилган халқ судининг аъзоси сифатида ҳам фаолият юритади.

Бу орада Тошкентга хизмат сафари билан келиб, Миллатлар Халқ комиссарлиги ҳузуридаги сиё­сий курсда икки ярим ой таълим олади. Курсни тугатганидан кейин Скобелев шаҳрига, область партия комитетига ишга юборилади. Революцион комитетнинг бошқарув бўлимининг бош­лиғи қилиб тайинланади. 

1920 йилда советлар ҳаётида бир мудҳиш воқеа рўй беради. Андижон уезд-шаҳар революцион комитетининг барча аъзолари “Қизил шарқ” поездида кетаётганда босмачилар (миллий озодлик ҳаракати вакиллари) томонидан қўлга олинади ва отиб ташланади. Шу сабабли область революцион комитетнинг буйруғига кўра, комитет ходимларидан кўпчилиги Андижонга ишга жўнатилади. Б.Дадабоев ҳам шулар қаторида Андижонга боради ва бу ерда Андижон уезд-шаҳар революцион комитетнинг раиси ҳамда Туркис­тон 4-ўқчилар бригадаси ҳузуридаги ҳарбий кенгашнинг аъзоси сифатида фаолият юритади. 1920 йилнинг сентябрида советларнинг Фарғона область комитети буйруғига кўра “Янги Шарқ”, деб номланган мусулмонлар газетасининг таҳрир ҳайъати аъзоси сифатида фаолият юритади.

1921 йилнинг бошида унинг ташаббуси билан Фарғона облас­тининг маркази қилиб Скобелев шаҳри ўрнига Қўқон шаҳри белгиланади. У марказнинг Қўқонга кўчирилиши билан боғлиқ ишларга бош бўлади. Қўқонга келганидан кейин Фарғона область революцион комитетнинг топшириғига кўра, Наманганга уезд-шаҳар революцион комитетнинг раиси вазифасига хизмат сафарига жўнатилади. Бу ерда юқоридаги лавозимдан ташқари Ижроия комитет, озиқ-овқат кенгаши, баҳорги экин экишга тайёргарлик кўриш, солиқларни йиғиш компанияларининг раислари вазифаларида ҳам ишлайди. 1922 йилнинг баҳоридан бошлаб Фарғона область революцион комитетнинг раислигига тайин­ланади. Ўша пайт­лари Совет ҳукумати органларида рус тилини биладиган ходимлар ниҳоятда кам бўлгани сабабли ҳар бир одам зиммасига кўп­лаб вазифалар топширилар эди. Шу сабабли Б.Дадабоев ҳам область революцион комитет раислигидан ташқари қизил армияга ёрдам берувчи область комиссиясининг, Очарчиликка қар­ши кураш комиссиясининг раислиги, ГПУнинг область бўлимининг вақтинча бош­лиғи, Фарғона область ижроия бюросининг аъзоси каби лавозимларда ишлайди. 

Шундан кейинги фаолияти ҳақида у таржимаи ҳолида бундай деб ёзади: “1923 йилнинг 14 апрелида Туркистон Республикасининг Юстиция Халқ комиссари ва май ойидан бошлаб Республика прокурори вазифаларини бажаришга киришдим. Ўша даврда бу икки лавозимни бир одам бошқарарди. Бу соҳада 1924 йилнинг 8 январига қадар фаолият юритдим. Айни пайтда 1923 йилнинг августь, сентябрь ойларида Туркистон Республикаси Марказий Ижроия комитети раиси вазифасида ҳам вақтинча ишладим. 1922-1924 йилларда Марказий Ижроия комитетнинг аъзоси бўлдим. 1924 йилнинг февралидан бошлаб рес­публика Ер ишлари бўйича Халқ комиссарининг биринчи ўринбосари ва шу комиссариатнинг Қиш­лоқ хўжалиги бошқармасининг бош­лиғи сифатида иш олиб бордим. Шундан кейин Фарғона областида ишладим, 1924 йилнинг охирларидан бошлаб Тожикистон Республикасини ташкил этиш ва у ерда раҳбарлик фаолиятини йўлга қўйиш ишларида иштирок этдим”.

Бўтабой Дадабоев Туркистон ССР Юстиция Халқ комиссари ва прокурори вазифасида кўп ишламайди, 8 ойдан ошиқ фаолият юритади. Лекин ана шу даврда юстиция ва прокуратура соҳасида бир қанча ташкилий ишларни амалга оширишга ҳисса қўшади. 1923 йилнинг 13-18 сентябрь кунлари Туркистон Республикасида прокуратура ходимларининг биринчи йиғилиши бўлиб ўтади. Бу йиғилишда прокуратура тизимида амалга оширилиши режалаштирилган масалаларга алоҳида аҳамият берилади. Айниқса, кадрлар етишмовчилиги, бор кадрларнинг касбий билимлари камлиги, прокуратура тизими фаолиятига шўро ташкилотлари раҳбарларининг асоссиз аралашуви, жойларда прокуратура тизими талаблар даражасида эмаслиги айтилади. Айтайлик, 1922 йилда прокуратура ходимлари 479 та суд ишларида, 438 та ташкилий ишларда, 548 та бошқарув ишларида қатнашган. Бундан англашилиб турибдики, прокуратура ходимлари ўз ишларидан кўра, бошқа ишларга кўпроқ жалб этилган.

Бўтабой Дадабоев Туркистон Рес­публикаси Марказий Ижроия комитетининг XII чақириқ II пленумида ўша давр учун ниҳоятда нозик ва лекин зарур бўлган масалани ўртага ташлайди. Маълумки, ўтган асрнинг 20-йилларида Рес­публикада босмачилик (миллий озодлик ҳаракати) кучайган эди. Бу ҳаракатнинг бир қисми советларнинг қуролли кучлари билан бос­тирилган ва бу ҳаракатда қатнашганларнинг аксарияти қамоқларга ташланганди. Ҳаракат иштирокчиларининг яна бир қисми эса қурол-яроқларини тинч йўл билан топшириб, совет ҳукуматини тан олган эдилар. Афсуски, ана шу қурол-яроқларини топшириб, тинч ҳаётга қайтганларнинг аксарияти ишсиз эди. Шу билан бирга босмачилик ҳаракатига қўшилиб қолганлар ва қамоқда сақланаётганлар орасида бегуноҳлари ҳам кўп эди. Ўша даврдаги Юстиция Халқ комиссари ўша бегуноҳ қамалганларни озодликка чиқариш ва тинч ҳаётга қайтганларни иш билан таъминлаш масаласини ўртага ташлайди. Иш билан таъминланмаган, оиласини боқа олмаганлар яна қўлларига қурол олиб, босмачилик ҳаракатининг фаол аъзоларига айланишлари мумкинлигини эслатади. Бироқ ўша даврдаги ҳаётда юз берган воқеалар Бўтабой Дадабоевнинг бу фикрлари, мулоҳазалари эътиборга олинмаганлигини кўрсатади.

Б.Дадабоев ҳаётининг охиригача совет ҳокимиятига сидқидилдан хизмат қилади. Аммо у бу ҳокимиятга қанчалик хизмат қилмасин, 30-йиллардаги оммавий қатоғондан қутила олмади. У 1936 йилда партия сафидан ўчирилади. 1937 йилнинг 31 августида Ашхобод шаҳрида қўлга олинади. У “яширин равишда аксилинқилобий ташкилотларнинг аъзоси” бўлганликда айб­ланади. 1938 йил 5 октябрда НКВД Ҳарбий коллегиясининг ёпиқ судида олий жазога ҳукм қилинади. Бироқ, афсус­ки, ижро ҳукм чиқарилишидан бир кун олдин амалга оширилган, собиқ адлия вазири (комиссари) 4 октябрда отиб ўлдирилган эди. Бундай жиноий ҳуқуқ­бузарликлар шўролар давлати учун одатий ҳол эди.

Бўтабой Дадабоев 1960 йилда “фаолияти таркибида жиноят бўлмаганлиги учун” оқланади. Аммо бу оқлов юрт учун фидойи инсонни ҳаётга қайтара олмасди.

Камол МАТЁҚУБОВ,

Ўзбекистонда хизмат кўрсатган журналист

Tegishli xabarlar

МАҲАЛЛА ТИЗИМИ ХОДИМЛАРИ КУНИ МУНОСАБАТИ БИЛАН БИР ГУРУҲ ЮРТДОШЛАРИМИЗНИ МУКОФОТЛАШ ТЎҒРИСИДА

admin

Эзгулик йўлида бирга бўлайлик!

admin

10 МИНГ ҚАДАМ СОҒЛИҚҚА ВА ҲАМЁНГА ФОЙДА!

admin