ADOLAT 24

ФАРҒОНА ШАҲРИДАГИ “ЯНГИ ЎЗБЕКИСТОН” БОҒИНИНГ ОЧИЛИШИГА БАҒИШЛАНГАН ТАНТАНАЛИ МАРОСИМ ИШТИРОКЧИЛАРИГА

Қадрли ватандошлар!

Ҳурматли Фарғона аҳли!

Авваламбор, сиз, азизларни “Олтин водий” дурдонаси бўлган Фарғона шаҳрида бунёд этилган муаззам мажмуа – “Янги Ўзбекистон” боғининг очилиши билан чин қалбимдан самимий муборакбод этаман.

Ҳеч шубҳасиз, Янги Ўзбекистонимизнинг яна бир мўъжизаси бўлган мана шундай гўзал ва бетакрор боғнинг барпо этилиши ҳақида сўз юритганда, сизлар билан 2021 йил 28 сентябрда Президент сайлови арафасида бўлиб ўтган учрашувимизни эсга олишимиз табиийдир. Ўшанда Фарғона шаҳрида 300 гектар майдонда Экошаҳар ва “Янги Ўзбекистон боғи”ни барпо этиш ҳақида келишиб олган эдик.

Ўтган давр мобайнида бу улкан лойиҳани рўёбга чиқариш масаласини сиз, азизлар билан биргаликда яна бир неча бор муҳокама қилиб, фикр алмашган эдик. Куни кеча ушбу ҳудудда барчамиз орзу қилган, замонавий қулайликларга эга бўлган “Янги Ўзбекистон” боғи қуриб битказилганини кўриб, ғоят хурсанд бўлдим.

Ушбу истироҳат боғи миллий анъаналаримиз ва жаҳондаги илғор боғлар андозаларига мос ҳолда, юксак талаблар асосида барпо этилганини алоҳида таъкидлашни истардим.

Жонажон Ўзбекистонимизнинг ёрқин тимсолларидан бири сифатида қад ростлаган бундай файзли ва муҳташам маскан барчамизга муборак бўлсин!

Азиз дўстлар!

Сизларга яхши маълумки, мамлакатимизда амалга ошираётган барча ўзгариш ва ислоҳотларимиз замирида инсон қадрини юксалтиришдек буюк мақсад мужассамдир.

Бугун сизлар билан биргаликда Фарғона заминида шу эзгу мақсад йўлида яна бир улкан амалий қадам қўйдик, десак, айни ҳақиқатни айтган бўламиз.

Чиндан ҳам, 70 гектар майдонни эгаллаган, ўзининг бетакрор қиёфаси, ноёб манзарали дарахтлари, замонавий дам олиш инфратузилмаси билан мамлакатимизда алоҳида ўрин эгаллайдиган ушбу муаззам истироҳат боғини айланар эканмиз, у шу юртнинг эгаси бўлган ватандошларимиз учун, уларнинг бахту саодати учун хизмат қиладиган сўлим ва тароватли маскан сифатида бунёд этилганига ишонч ҳосил қиламиз.

Айниқса, бу яшил маконнинг 65 минг аҳоли учун мўлжалланган “Янги Ўзбекистон” турар жой массиви ҳудудида барпо этилгани унинг ижтимоий аҳамиятини янада оширади. Кексаю ёш барча шаҳар аҳли, меҳмонлар ва туристлар бу ерда кўнгилли дам олиши, табиат билан ошно бўлиб, бу заминнинг мусаффо ҳавосидан баҳраманд бўлиши учун барча шароитлар яратилгани диққатга сазовордир.

Боғ ҳудудида 55 километр ирригация тармоқлари, 11 та суғориш қудуқлари, 16 километрдан зиёд узунликдаги канал барпо этилгани, бу ерни 32 минг туп бута ва манзарали дарахтлар безаб тургани, азиз болажонларимиз учун ўнлаб турдаги замонавий аттракционлар ўрнатилгани ҳам бу фикрни яққол тасдиқлайди.

Кеча мен боғ ҳудудида Ўзбекистон Қаҳрамони, халқимизнинг ардоқли фарзанди, раҳматли Лолахон Муротова номидаги қишлоқ хўжалигига ихтисослаштирилган касб-ҳунар мактаби учун барпо этилган янги бино билан ҳам танишдим.

Ишончим комилки, ушбу билим масканидан келгусида Лолахон опанинг кўплаб муносиб издошлари етишиб чиқади.

Бу ердаги яна бир муҳим маданий иншоот – 4 минг томошабинга мўлжалланган замонавий амфитеатр ҳақида алоҳида тўхталиб ўтмоқчиман.

Барчамизга аёнки, Фарғона – буюк санъаткорлар ва ижодкорлар юрти. Бу гўзал заминдан етишиб чиққан Ҳалима Носирова, Мукаррама Турғунбоева, Саодат Қобулова, Тамарахоним, Маъмуржон Узоқов, Жўрахон Султонов, Таваккал Қодиров, Муроджон Аҳмедов каби эл суйган атоқли санъат усталари, Ўзбекистон Қаҳрамони, халқ шоири Эркин Воҳидов, шунингдек, Йўлдош Сулаймон, Охунжон Ҳакимов, Анвар Обиджон, Энахон Сиддиқова сингари ҳассос шоир ва адиблар халқимизнинг фахру ғурури ҳисобланади.

Бугун мана шундай шукуҳли маконда ана шундай улуғ зотларнинг, таъбир жоиз бўлса, руҳи поклари ҳам шод бўлмоқда, десак, янглишмаган бўламиз.

Мазкур амфитеатр саҳнаси Фарғона водийсининг, хусусан, мақом ва аския каби нодир санъат анъаналарини давом эттирадиган истеъдодли ёшларимиз учун ўзига хос ижодий парвоз майдонига айланади, улар ўзларининг янги-янги асарлари билан халқимизни хушнуд этиб, миллий маданиятимиз равнақига муносиб ҳисса қўшадилар, деб ишонаман.

Фурсатдан фойдаланиб, жонажон Ватанимиз мустақиллигининг 33 йиллик байрами арафасида Фарғона аҳлига, бутун халқимизга мана шундай муносиб совға тайёрлаган қўли гул қурувчи ва муҳандисларга, меъмор ва боғбонларга, мутасадди раҳбарларга, бу эзгу ишга ҳисса қўшган барча-барча юртдошларимизга чин қалбимдан самимий миннатдорлик билдираман.

Фарғона элининг мана шундай савобли ишлари янада кўпайсин, халқимизнинг барча эзгу орзу-умидлари рўёбга чиқсин!

Ушбу сўлим ва бетакрор маскан барчамизга яна бир бор муборак бўлсин!

Шавкат МИРЗИЁЕВ,

Ўзбекистон Республикаси Президенти

Tegishli xabarlar

Вилоят Кенгашлари раислари Янгиланаётган Бош қомусимиз ҳақида

admin

ТОШКЕНТ ХАЛҚАРО ИНВЕСТИЦИЯ ФОРУМИ ИСТИҚБОЛЛИ ЛОЙИҲАЛАРНИНГ ТАҚДИМОТ ПЛАТФОРМАСИ БЎЛИБ ХИЗМАТ ҚИЛАДИ

admin

“Ямоқчилик” қачонгача давом этади?!

admin