ADOLAT 24

КОРЕЯ РЕСПУБЛИКАСИ ПРЕЗИДЕНТИ ДАВЛАТ ТАШРИФИ БИЛАН ЎЗБЕКИСТОНГА КЕЛДИ

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг таклифига биноан Корея Республикаси Президенти Юн Сок Ёль рафиқаси билан бирга 13 июнь куни давлат ташрифи билан мамлакатимизга келди.

Тошкент халқаро аэропортида олий мартабали меҳмонни Ўзбекистон Бош вазири Абдулла Арипов ва бошқа расмийлар кутиб олди.

Олий мартабали меҳмон шарафига икки мамлакат давлат байроқлари кўтарилди ва фахрий қоровул саф тортди.

Шундан сўнг Корея Республикаси Президенти Юн Сок Ёль “Янги Ўзбекистон” боғига ташриф буюриб,  Мустақиллик монументи пойига гул қўйди. 

Мажмуа билан қисқача танишув асносида Жанубий Корея делегацияси вакилларига бу ерда акс эттирилган сиймолар ва тарихий воқеалар мазмуни ҳақида батафсил маълумот берилди.

Уч минг йилдан зиёд давр – она Ватанимиз ҳудудидаги миллий давлатчилик тарихи илдизлари шу қадар теран. Монументга эътибор қаратган киши мана шу залворли ўтмишнинг бадиий ифодасига гувоҳ бўлади. 

Олий мартабали меҳмонлар, расмий хорижий делегацияларнинг мамлакатимизга ташрифи доирасида бу ердаги монументга гул қўйиш анъанага айланган.

Делегация аъзолари мажмуада акс эттирилган алломалар, буюк саркарда ва жаҳонгирлар, жадид боболаримизнинг сиймоларига алоҳида эътибор қаратди. Тинчлик, эркинлик, эзгулик тимсоли бўлган Ҳумо қуши тасвири мажмуанинг бамисоли гултожидай кўриниши эътироф этилди.

Сўнг Корея Республикаси Президенти Юн Сок Ёль Тошкент шаҳридаги “U-ENTER” инновацион тадбиркорлик марказида бўлди. 

Корея халқаро ҳамкорлик агентлиги ва Корея ахборот-коммуникация технологияларини ривожлантириш агентлигининг қўллаб-қувватлови билан ташкил этилган “U-ENTER” инновацион тадбиркорлик маркази Жанубий Кореянинг илғор тажрибаси асосида ўзбекистонлик ёш тадбиркорларга ўз бизнес лойиҳаларини амалга оширишлари учун ҳар томонлама кўмак беришга мўлжалланган.

Мазкур марказ стартапларни қўллаб-қувватлаш тизимини яратиш ва имкониятларни кучайтириш орқали Ўзбекистон стартап экотизимини жонлантириш, тажрибалар билан ўртоқлашиш, Корея стартапларининг Марказий Осиёга кириши учун асос бўлиб хизмат қилади. 

Дунё мураккаб глобал инқирозга юз тутаётган даврда ўзаро иқтисодий ҳамкорликни янада кенгайтириш ва бу йўлда самарали лойиҳаларни қўллаб-қувватлаш мамлакатлар тараққиёти учун муҳим саналади. 

Президент Юн Сок Ёль марказда Ўзбекистон ёшлари билан самимий суҳбатлашди. Марказнинг фахрий меҳмонлар китобига ўзининг самимий дил сўзларини ёзиб қолдирди.

Корея Республикаси Президенти мамлакатимизда истиқомат қилаётган бир гуруҳ корейс диаспораси вакиллари билан ҳам учрашди.

Ташрифнинг асосий тадбирлари 14 июнь куни бўлиб ўтади.

Олий даражадаги музокараларда Ўзбекистон – Корея дўстлик ва алоҳида стратегик шериклик муносабатларини янада ривожлантиришнинг долзарб масалалари кўриб чиқилади.

Саммит якунлари бўйича бир қатор ҳукуматлараро ва идоралараро ҳужжатлар имзоланиши кўзда тутилган.

Шунингдек, икки мамлакат Президентларининг қўшма бизнес-форумда иштирок этиши кутилмоқда.

Президент Юн Сок Ёль мамлакатимизнинг бой маданий-тарихий мероси билан танишиш мақсадида Самарқанд шаҳрига ташриф буюради.

Tegishli xabarlar

Сайловолди учрашувлари якунига етди (ЖИЗЗАХ ВИЛОЯТИ)

admin

ХАЛҚЧИЛ ВА ИНСОНПАРВАР ДАВЛАТ ҚУРИШ тамойиллари

admin

Ғараз туфайли СУИҚАСД

admin