ADOLAT 24

Хотин-қизлар ўз ҳақ-ҳуқуқларини яхши билишлари лозим

Ўзбекистон «Адолат» СДП Марказий аппарати, Тошкент шаҳар Кенгаши ҳамда Ўзбекистон Миллий университети ҳамкорлигида «Жамиятда хотин-қизларнинг сиёсий-ҳуқуқий билимларини ошириш, оилада зўравонликнинг олдини олиш» мавзусида навбатдаги давра суҳбати ташкил этилди.

Миллий университетнинг тадбирлар залида бўлиб ўтган анжуманда партия Марказий аппарати ҳамда Тошкент шаҳар кенгаши ходимлари, халқ депутатлари Тошкент шаҳар ва Олмазор туман Кенгаши депутатлари, университет жамоаси, талаба ёшлар, партия экспертлари ҳамда оммавий ахборот воситалари ходимлари иштирок этишди.

Тадбирда юртимизда хотин-қизлар Гендер тенглигини таъминлаш борасида давлатимиз томонидан олиб борилаётган кенг кўламли ислоҳотлар самараси ўлароқ, ижтимоий, иқтисодий, шунингдек, сиёсий соҳаларда ҳам хотин-қизларимизнинг иштироки кенгайиб бораётгани алоҳида эътироф этилди. 

– Бугунги кунда мамлакатимизда хотин-қизлар ҳақ-ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, уларнинг жамиятда эркаклар билан тенгма-тенглик асосида илм олиши, касб танлашининг ҳуқуқий асосларини таъминлаш мақсадида қатор қонунлар қабул қилинган, – деди «Адолат» СДП Сиёсий Кенгаши раиси Робахон Махмудова. – Барчамиз бу борада олиб борилаётган ишлар, истиқболли лойиҳалар йилдан-йилга ўзининг ижобий самарасини бераётганига гувоҳ бўляпмиз. Бироқ, амалга оширилаётган ислоҳотлар кўламига қарамай, мамлакатимизда зўравонликка учраётган, ҳақ-ҳуқуқлари поймол этилаётган хотин-қизларимиз ҳам йўқ эмас. Зўравонликка учраётган, тазйиқ ва босим остида яшаётган хотин-қизларимиз борасидаги статистика энг оғриқли нуқталаримиздан бири. Бироқ, бу каби нохуш ҳолатлар фақатгина жамиятдаги ижтимоий иллатлар оқибатида эмас, балки ўз ҳақ-ҳуқуқларини яхши билмаслик оқибатида ҳам содир этилмоқда. Шу нуқтаи назардан, мамлакатимиз хотин-қизларининг сиёсий, ижтимоий, иқтисодий фаоллигини юксалтириш баробарида, сиёсий саводхонлигини ошириш олдимизда турган энг долзарб масалалардан биридир.

Маълумот ўрнида айтиб ўтиш керакки, бугунги кунда Ўзбекистон «Адолат» СДП аъзолари 647 077 нафарни ташкил этиб, шундан 330 100 нафари, яъни 51 фоизи хотин-қизлардир.

Ҳозирда партиянинг Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги фракцияси аъзоларининг 13 нафарини (62 фоиз), халқ депутатлари маҳаллий Кенгашлардаги депутатларининг 255 нафарини (31 фоиз), партиямиз аъзоси бўлган сенаторларнинг 3 нафарини (33 фоиз) хотин-қизлар ташкил этади. Партия тизимида фаолият юритаётган ходимларнинг 99 нафари (25 фоиз) хотин-қизлардан иборат.

«Адолат» СДП фаолияти ва Сайловолди дастурида хотин-қизларнинг қонуний ҳуқуқ ва манфаатларини таъминлаш, уларнинг ижтимоий ҳаётдаги ролини, ижтимоий-сиёсий мақомини янада ошириш, иқтидорли ҳамда юқори малакали хотин-қизларни давлат бошқаруви ва сиёсатга фаол жалб этиб бориш, аёллар ва болаларга нисбатан зўравонликнинг олдини олиш устувор йўналишлардан бири сифатида белгилаб олинган. 

– Бугунги кунда орамизда «Қиз боланинг ўрни – фақат уйда, ошхонада» деб ўйлайдиганлар ҳам борлиги ғоятда ачинарли, – деди Миллий университет ректори, техника фанлари доктори, профессор Иномжон Мажидов. – Минг афсуски, жамиятимизда қиз бола бахтини фақат турмуш қуриши билан боғлайдиганлар ҳам кам эмас. Бироқ, айрим инсонлар фикр қилганидек, «қиз болани вақтида узатиб қутилиш» билан уларни бахтли қила олмаймиз. Аксинча, хотин-қизларимизга касб-ҳунар ўргатганимизда, илмли, маърифатли қилиб вояга етказа олганимиздагина уларнинг чинакам бахтли ҳаёт эгаси бўлишига замин тайёрлаган бўламиз. 

Қизғин савол-жавобларга бой тарзда ўтган тадбир сўнггида партия сафига қабул қилинган бир гуруҳ педагог ва талаба ёшларга партия аъзолик билетлари тантанали равишда топширилди. 

“Адолат” СДП Матбуот хизмати

Tegishli xabarlar

Сайловчилар олдидаги мажбуриятлар бажарилмоқда (Маҳаллий кенгаш депутатлари фаолиятидан)

admin

Ҳақиқатга тик боқиб бўлмаяпти

admin

Таъмирлаш ишлари қонуний бажарилганми?

admin