ADOLAT 24

Байрам табриги

Aссалому алайкум, азиз онажонлар, мўътабар ва ҳамиша эъзозимизда бўлган муҳтарама опа-сингиллар!

Ҳеч биримизга сир эмаски, ҳар бир халқнинг маънавий тараққиёти унинг аёлга бўлган муносабати билан белгиланади. Азал-азалдан шарқда аёл доимо эркак кишининг дўсти, ёри, оқила, меҳрибон, оилавий тинчликнинг раҳнамоси сифатида улуғланган. Аёл зеҳни, ақл-идроки, маънавияти ва тафаккури бевосита Ватан, халқ ва миллат келажагига дахлдор, энг муҳим омиллардан бири сифатида баҳоланган. Умумбашар тамаддунига буюк алломалар, аҳли-донишлар, фозил-фузалоларни дунёга келтириш, уларни меҳр-муҳаббат билан вояга етказиш, илм-маърифатли қилиб, улуғвор ишларга руҳлантириш орқали бемисл даражада ҳисса қўшган фозила аёлларимизга ҳамиша юксак эҳтиром кўрсатиб келинган. Азим шарқнинг бу каби гўзал анъаналари бугунги кунда бардавомлик касб этиш билан бир қаторда, янада такомиллашиб бормоқда. Эндиликда, жамиятимизда аёллар фақатгина она ёки уй бекасигина эмас, балки мамлакатнинг ижтимоий ва сиёсий соҳаларида амалга оширилаётган ислоҳотларнинг фаол ташаббускори сифатида ҳам намоён бўлмоқдалар.

Она Ватанимизда бунёд этилаётган эркин ва фаровон, демократик, дунёга очиқ жамиятни қуришда бутун халқимиз қатори хотин-қизларимиз ҳам беқиёс ҳисса қўшаётганини ҳаммамиз кўриб-билиб турибмиз  ва бундан фахрланамиз, албатта. Айниқса Ўзбекистонимизда Учинчи Ренессанс бунёдкори бўлган ёш авлодни тарбиялашда оналарнинг беқиёс мураббийлик фазилатларига таянилаётганини алоҳида қайд этиб ўтиш зарур.

Бизларни мамнун этадиган яна бир жиҳат шундаки, қабул қилинаётган қонун ва қарорлар, барча соҳаларда амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар, энг аввало, мунис оналаримиз, меҳрибон опа-сингилларимизнинг турмуш тарзини янада яхшилаш, уларнинг муносиб ҳаёт кечиришини ҳамда жамият ҳаётида фаол иштирок этишини таъминлашга қаратилаётгани бўлмоқда. Юртимиз хотин-қизлари бундай эътибор ва ғамхўрликни чуқур қадрлайди, албатта. Ўз навбатида шу халқ учун, шу Ватан учун астойдил хизмат қилишни ўзимизнинг нафақат асосий вазифамиз, балки шарафли бурчимиз ҳам деб биламиз. 

Бугунги Халқаро хотин-қизлар куни шодиёнаси билан муҳтарама онахонларимиз, опа-сингилларимиз, мунис ва лобар қизларимизни самимий муборакбод этамиз!

Азиз ва муҳтарама “адолатчи” опа-сингиллар! Олий Мажлис Қонунчилик палатаси, Сенат, барча ҳудудий Кенгашлардаги партиямизнинг фидойи, меҳнаткаш, илмли, маърифатли, гўзал вакилалари, “Адолат” аталмиш сиёсий кучга аъзо бўлган 630 338 фуқародан  323 919 нафарини, демакки, 52 фоиздан кўпроғини ташкил этаётган жами партиядош, шунингдек, ғоя­ларимизга хайрихоҳ хотин-қизлар, фасллар келинчаги бўлмиш баҳорнинг илк  айёми барча-барчангизга муборак бўлсин! 

Сизларга дунёдаги энг бебаҳо бойлик – оилавий бахт-саодат, тинчлик-хотиржамлик, фарзандлар ва набиралар камолини кўриб юриш қувончи ҳамиша ёр бўлишини тилаб қоламиз.

Иқболингиз баланд, умрингиз узоқ, ҳаётингиз фаровон бўлсин!
Қалбингиз доимо баҳордек яшнаб турсин!

Ўзбекистон “Адолат” СДП Сиёсий Кенгаши

Tegishli xabarlar

Инсонлар қалбига йўл топишнинг адолатли мезони

admin

ЎЗБЕКИСТОН ХАЛҚИГА БАЙРАМ ТАБРИГИ

admin

Конституциявий қонун лойиҳасининг мазмун-моҳияти ва аҳамияти тушунтирилмоқда

admin