ADOLAT 24

Огоҳ бўлинг: хавфсизликка таҳдид

Дунёдаги зўравон ва тажовузкор кучлар қайси бир халқ ёки мамлакатни ўзига тобе қилиб, бўйсундирмоқчи бўлса, авваламбор, уни энг буюк бойлиги бўлмиш миллий қадриятлари, тарихи ва маънавиятидан жудо қилишга уринади. Бугун инсоният глобал қарама-қаршиликлар, геосиёсий ўйинлар авжига чиққан таҳликали ва беқарор замонда яшаяпти. Бундай шароитда ҳушёрликни ошириш, дўст киму, душман кимлигини ажрата олиш жуда муҳим. Табиийки, дунёда кечаётган ўзгаришлар инсонларни бефарқ қолдирмаяпти. 

Хўш, дунё миқёсида ижтимоий ҳамкорликни мустаҳкамлаш эҳтиёжи ошиб борар экан, айнан қандай таҳдидларга қарши кураш талаб этилади? Бу соҳада Ўзбекистон кўтараётган ташаббусларнинг моҳияти нималардан иборат? Улар қандай аҳамиятга эга?

Ўзбекистонда олиб борилаётган ички ва ташқи сиёсатнинг асосини айнан тинчликпарвар ғоя, давлатлараро ва миллатлараро тотувлик, минтақа ҳамда дунёда хавфсизлик, барқарорлик ва глобал ҳамкорликни таъминлаш каби эзгу мақсадлар ташкил этишини бугун жаҳон ҳамжамияти эътироф этмоқда. Зеро, Ўзбекистоннинг Марказий Осиёда тинчликни сақлаш, бу минтақани барқарор хавфсизлик ҳудудига айлантириш, халқаро терроризм, диний экстремизм ва фундаментализм, гиёҳванд­лик, минтақавий можаролар, миллатлараро зиддиятлар, экологик муаммоларга қарши кураш борасидаги ташаббуслари дунё миқёсида қўллаб-қувватланмоқда, уларни ҳаётга татбиқ этиш энг мақбул йўл эканлиги ҳам эътироф этилмоқда. 

Экстремизм ва терроризм иллатининг сўнгги пайтларда тобора кучайиб бораётгани мазкур муаммонинг нақадар долзарб эканини кўрсатади. Президентимиз ҳам бу борада: “Айни вақтда дунёнинг баъзи минтақаларида юзага келган нотинч вазият аҳоли миграцияси кучайишига, бу эса, ўз навбатида, терроризм ва экстремизмнинг тарқалишига ҳамда уларнинг глобал муаммолардан бирига айланишига олиб келмоқда. Бундай вазиятда миллий давлатчилигимиз, мустақиллигимиз, аҳолимизнинг тинч ва осойишта ҳаёти ва хавфсизлигимизни сақлаш биз учун энг устувор вазифага айланиб бормоқда”, деб таъкидлаган эди.

Тан олиш керак, янги аср дунёнинг барча бурчакларида зўравонлик ва террорчилик ҳаракатларининг авж олиши билан бош­ланди. Ер юзининг турли нуқталарида портлатишлар ва ўзини қурбон қилишлар одат тусига кириб қолди. Шу боис, террорнинг асл маъноси нима, террорчиларнинг ўзлари ким ва улар аслида қандай мақсадни кўзлашади, деган саволлар бугун ҳаммани ўйлантириб, ташвишга солмоқда. Ўзбекистонда ҳам ана шундай террорчилик хуружлари пойтахтимизда 1999 йил 16 февраль куни, 2004 йил 29-31 март ва 1 апрель кунлари Тошкент шаҳри, Бухоро вилояти, 2005 йил 13 майда Андижон шаҳрида содир этилганди.

Луғатларда берилишича “қўрқитиш, ваҳима солиш” деган маънони англатувчи “террор” атамаси аслида жуда кенг маънони қамраб олади. Бугунги кунда эса бу атама радикал кайфиятдаги мафкураларга тобе гуруҳлар олиб бораётган қуролли курашга нисбатан ишлатиляпти. Маълумотларга кўра, бугун дунёда 500 га яқин террорчилик ташкилоти фаолият кўрсатмоқда. Уларнинг 80 фоизи ислом ниқоби остида фаолият юритади. Улар қаторига “ИШИД (Ироқ ва Шом ислом давлати)”, “Жаб­ҳатун-Нусра”, “Ансару аш-Шам” (Сурия), “Ал-Қоида”, “Ал-Жиҳод ал-Исломий”, “Ат-Такфир вал-Ҳиж­ра” (Миср), “Абу Сайяф” (Филиппин), “Озод Ачех”, “Лашкари жиҳод” (Индонезия), “Қуролли исломий ҳаракат” (Жазоир), “Боко ҳарам” (Нигерия), “Ислом жиҳоди уюшмаси”, “Ўзбекистон исломий ҳаракати” каби ташкилотларни киритиш мумкин.

Сиёсий ҳокимиятга интилаётган, диний шиорларни ниқоб қилиб олган ақидапараст оқимлар Марказий Осиё мамлакатлари, хусусан, Ўзбекистондаги ижтимоий-сиёсий вазиятга салбий таъсир ўтказишга ҳаракат қилмоқда. Мутаассиб оқимлар хорижий мамлакатлардаги меҳнат мигрантларини таъсир доирасига олиш, “Интернет” орқали тарғибот ўтказиш, турли инсонлар оила аъзолари, яқинлари ва қўшниларини ўз гуруҳига тортиш, яширин “ҳужралар” ташкил этиш, диний-экстремистик мазмундаги материалларни босма, электрон кўринишда тарқатишга уринмоқда.

Мутахассисларнинг фикрича, ҳозирда дунёда 100 мингдан ортиқ экстремизмнинг турли кўринишларини ўзида ташувчи ғоялар тарғиботи билан шуғулланувчи сайт­лар фаолият олиб бормоқда. Интернет орқали суҳбат олиб бориш жараёнида ёшларга куфр диёри, ҳижрат, жиҳод, шаҳид­лик, халифаликни тиклаш каби ғоялар сингдирилиб, улар турли тўқнашув ва низо ўчоқларига жалб қилинмоқда. Муайян сиёсий кучларнинг ноғорасига ўйнаётган ақидапараст, дийдаси қотган, мустақил фикр­лашдан маҳрум, раҳнамоларининг ҳар қандай буйруқларини қонун деб билувчи зомби жангарилардан тинч минтақаларда ҳам турли низолар ва беқарорлик­ларни келтириб чиқаришда фойдаланиш мақсади бугун кўпчиликка аён ҳақиқатдир. Айниқса, “жиҳодчи” гуруҳлар ўз сафига янги шахсларни жалб этишда интернет ва ижтимоий тармоқлардан кенг фойдаланмоқда. Турли интернет сайтлари, “Одноклассник”, “Твиттер” каби ижтимоий сайт­ларда ташкил этилган турли номлардаги форум ва гуруҳлар, “You Tube” порталидан кенг фойдаланилмоқда. Мазкур гуруҳларнинг тарғиботчилари кўп вақтини интернетда ўтказувчи, вақтинча ишсиз, хорижда пул топиш илинжида юрган ва ижтимоий ҳолатдан норози шахсларни ўз сафларига қўшиш мақсадида улар билан гўёки “мусулмонларнинг азобланаётгани” ҳақида суҳбатлар олиб борадилар. Сўнгра ислом оламидаги “муаммолар” санаб ўтилиб, айбдорлар сифатида дунё­вий давлат ва жамият кўрсатилади. Бундан кейин эса барча муаммоларнинг “ечими” сифатида “кофирларга” қарши “жиҳод” қилиш таклиф этилади. Бунинг учун эса, авваламбор, “ҳижрат” қилиш лозимлиги уқтирилади. Билимсиз, ўз мустақил фикри ва атроф­даги ҳодисаларни таҳлил этиш малакасига эга бўлмаган ёшлар бундай даъватларга учиб, ақидапараст оқимларга мойил бўла бошлайдилар. Қисқа қилиб айт­ганда “ижтимоий тармоқлар” “экстремистик қармоқлар” вазифасини ўтамоқда. Аслида эса, ёшларни ўз сафига чорлаётган, ўзини “мужоҳид” деб танитаётган кимсалар тинч аҳолини қатл этмоқда, аёл-қизларни хўрлаб, номусларига тажовуз қилмоқда. Норасида болаларни ўлдирмоқда. Исломнинг бешинчи аркони бўлган ҳаж амалини бажаришга бораётганларни “тошга сиғинувчилар” деб эълон қилиб, уларга таҳдид қилмоқда. Динимиз қибласи бўлган муқаддас Байтуллоҳни вайрон қилишга ваъда бермоқда. 

Ақидапарастлик жамиятимиздаги фуқароларни “ҳақиқий” ва “сохта” диндорларга ажратиши билан ҳам таҳдид солмоқда. Бундай ҳаракатларнинг оддий мисоллари сифатида гўёки исломий либос деб илгари сурилаётган “ҳижоб” масаласига ҳаддан ташқари урғу бериш, дунёвий ҳаёт кечирувчи фуқароларни гўёки “имони суст” сифатида кўришни қайд этиш мумкин. Таъкидлаш жоизки, бундай фитна чиқаришлар қандай оқибатларга олиб келиши Афғонистон, Покистон ва Жазоирда содир бўлган ҳамда ҳозирда Ироқ ва Сурия давлатларида юз бераётган воқеалардан бизга маълум. 

Дарҳақиқат ҳозирги кунга келиб диний-экстремистик ташкилотлар кенг тармоқли тизимга айланиб улгурди. Бу чуқур ўйланган стратегиянинг бир қисмидир. Аввало, барча экстремистик ташкилотлар ягона тадқиқот марказлари, таъбир жоиз бўлса, “ғоявий лаборатория”лар маҳсули эканини алоҳида қайд этишимиз лозим.

Диний-экстремистик оқимларнинг жамиятимиз барқарорлигига таҳдиди респуб­ликамиздаги ижтимоий сиёсий вазиятни беқарорлаштириш, динлараро ва миллатлараро муносабатларни кескинлаштириш, фуқарларни, айниқса, ёшларни қуролли тўқнашувлар рўй бераётган ҳудудларда фаолият юритаётган террористик гуруҳларга жалб қилиш каби ҳаракатларда, шунингдек, мамлакатимизда террорчилик ҳаракатлари содир этиш учун суқилиб киришга уриниш­ларда намоён бўлмоқда. Юқорида қайд этилган ҳолатлар ҳушёрликни қўлдан бой бермаслик, ҳамиша огоҳ бўлиб яшаш заруратини яна бир марта кўрсатмоқда. Бу эса, ўз навбатида, диний экстремизм ва терроризмга қарши курашда халқаро майдонда кўп ва икки ёқлама ҳамкорликни кучайтириш, БМТ, МДҲ, Шанхай ҳамкорлик ташкилоти каби халқаро ва минтақавий ташкилотларнинг фаолияти самарадорлигини ошириш масаласини қатъий қилиб кун тартибига қўймоқда. Маълумки, Ўзбекистон қатор минтақавий ташкилотлар доирасида қабул қилинган экстремизм ва терроризмга қарши курашга қаратилган шартномаларни бажаришда фаол қатнашиб келмоқда. Ҳозирда Ўзбекистон БМТнинг терроризмнинг олдини олиш ва унга қарши курашга қаратилган асосий 13 та ҳужжатини ратификация қилган. БМТ Хавфсизлик кенгаши Аксилтеррористик қўмитаси томонидан Ўзбекистоннинг терроризмга қарши курашдаги халқаро ҳамкорлиги юксак баҳоланган.

Шанхай ҳамкорлик ташкилоти фаолиятида “уч ёвуз куч”, яъни “террорчилик”, “айир­мачилик”(сепаратизм) ва “экстремизм”га қарши курашда хамкорликни ривожлантириш алоҳида ўрин тутади. 2004 йилдан бери Тошкентда ШҲТнинг Минтақавий аксилтеррор тузилмаси фаолият юритмоқда.

БМТ Бош Ассамблеясининг бир қатор саммитларида Президентимиз нутқ сўзлаб, терроризм, экстремизм, айирмачилик ва наркотрафикка қарши биргаликда курашиш ҳамда Афғонистондаги вазиятни барқарорлаштириш мавзусига тўхталиб ўтган. Шунинг­дек, Ўзбекистон АҚШ, Россия, Хитой, Марказий Осиё республикалари каби қатор мамлакатлар билан халқаро терроризмга қарши курашда самарали ҳамкорлик қилиб келмоқда.

Айни пайтда диний-экстремистик ҳаракатларнинг фаолият тактикаси ва услуби ўзгариб бормоқда. Уларнинг ташкилотчилари ва фаоллари, миллий менталитетдан фойдаланган ҳолда, ўз ноқонуний фаолиятига аёлларни жалб қилишга уринмоқда. Бунда асосий эътибор ҳуқуқий маданияти ҳали юксалмаган хотин-қизларга, вояга етмаганларга, моддий турмуш даражаси етарли бўлмаган оилаларга қаратилиб, ҳамдардлик қилиш баҳонасида ўз ғайриконституциявий қилмишларини амалга оширишга уринишади. Улар дўстлик, диндошлик, миллатдошлик каби тушунчалардан ғаразли мақсадлар йўлида фойдаланиб, керак бўлганда, ўзларини меҳрибон, инсонпарвар қилиб кўрсатиб, ёшларни йўлдан уришга интилади. Аслида, террорчилик ҳаракатларининг ислом динига ҳеч қандай алоқаси йўқ. Чунки тинчлик, инсонпарварлик ва раҳм-шафқат дини бўлган ислом ҳеч қачон зўравонликни, бировлар жонига қасд қилиш, адолатсизликни тарғиб қилмаган, қилмайди ҳам.

Марказий Осиё мамлакатлари ўз мус­тақиллигини қўлга киритиб, тараққиёт сари қадам ташлаётган ҳозирги шароитда ҳам жаҳондаги маълум бир сиёсий кучлар, мафкуравий полигонлар улкан иқтисодий салоҳият ва қулай геополитик мавқега эга бўлган бу минтақани ўз манфаатлари доирасига тортиш ниятидан тўхтагани йўқ. Улар ўз мақсадига эришиш учун минтақада тарихан шаклланган ижтимоий-иқтисодий, маданий-маърифий алоқаларни издан чиқариш, дўст ва биродар давлатлар, халқлар ва миллатлар ўртасига низо солиш, кескинлик ўчоқларини келтириб чиқариш каби турли ғоявий, диний ва мафкуравий воситалардан фойдаланмоқда. Айниқса, Марказий Осиё халқларининг дунё­қараши ва маънавиятида ислом динининг мустаҳкам ўрин эгаллаганини назарда тутиб, уларга исломий “сабоқ” бериш, исломни қайта тиклаш байроғи остида минтақада диний экстремизм ва фундаментализмни кенг тарқатишга қаратилган қўпорувчилик ҳаракатига зўр бермоқдалар.

Шундай экан, юртимиз хавфсизлиги ва тараққиётига бўлган ҳар қандай кўринишдаги таҳдид ва хуружларга нисбатан огоҳ бўлиш, уларга қарши кескин кураш олиб бориш, мус­тақиллигимизни кўз қорачиғидек асраб-авай­лаш, ёшларимизни турли ёт ғоялар таъсиридан ҳимоялаш, Ватан манфаатлари йўлида фидойилик кўрсатиш ҳар бир инсоннинг фуқаролик бурчи ва масъулиятига айланмоғи даркор.

Юқорида қайд этилганлардан келиб чиққан ҳолда, шунинг­дек, юртимизда ижтимоий-маънавий ва диний вазиятнинг барқарорлигини таъминлаш, турли диний экстремистик оқимларга қарши курашни янада фаоллаштириш ҳамда ёшларни ёт ғояларга қўшилиб кетишининг олдини олиш мақсадида қуйидаги ишларни амалга ошириш зарур:

– жойларда вазиятнинг барқарорлигини таъминлаш бўйича мутасадди ташкилот ва идоралар амалий ҳамкорлигини янада мустаҳкамлаш;

– ўқув муассассалари, маҳалла йиғинлари, корхона ва ташкилотларда ёшларни ватанпарварлик руҳида тарбия­лашга қаратилган маънавий-маърифий ишларнинг таъсирчанлигини ошириш;

– таълим муассасаларида “Тинчлик энг олий неъмат”, “Исломда экстремизм ва терроризмга ўрин йўқ”, “Диний-экстремис­тик оқимлар – давлат ва жамиятга таҳдид” каби мавзуларда давра суҳбати ва семинар-машғулотлар сон ва сифатини ошириш, тадбирларда диний экстремистик ва террористик гуруҳларнинг асл қиёфасини фош этувчи видеотасвирлардан фойдаланиш;

– маҳаллий ОАВда диний экстремизм ва миссионерлик ғояларининг жамиятга таҳдиди ҳақида давра суҳбатлари ташкил этиш, халқаро терроризм ҳамда диний экстремизм ғоялари замирида ғаразли геосиёсий мақсадлар ётганлиги, ақидапарастлар исломни бузиб талқин қилишларини асосли тарзда фош этувчи чиқишларни кўпайтириш;

– маҳалллаларда ҳушёрлик ва огоҳликни таъминлаш, ёшлар тарбиясида оила маъсулиятини оширишга қаратилган тадбирлар уюштириш ва меҳнат миг­рантларининг жиҳодий жамоалар таъсирига тушиб қолишининг олдини олишга қаратилган суҳбатлар ташкил этиш;

– диний-экстремистик оқимлар таркибида содир этган жинояти учун жазо ўтаган, ҳозирда тузалиш йўлига кирган ва амнистия туфайли озодликка чиққан шахслар билан ўтказиладиган тарбиявий ишларда қатнашиш, уларга ақидапарастликнинг асл моҳияти ва зарарли оқибатларини тушунтириш билан ижобий таъсир ўтказишга урғу бериш.

Тинчликни асраш ҳушёрлик ва огоҳликни талаб қилади. Шу нуқтаи-назардан, глобаллашув жараёнлари шиддатли тус олган ҳозирги замонда халқимизда, айниқса, ёшларда миллий ғурур, ифтихор туйғусини шакллантириш Ўзбекистон аталмиш буюк Ватанимиз келажагига ўзини масъул ҳисобловчи барча юртдошларимизнинг муҳим вазифаси бўлиши керак.

Тошпўлат МАТИБАЕВ, 

социология фанлари доктори, профессор,

халқ депутатлари Тошкент шаҳар Кенгаши депутати 

Tegishli xabarlar

САНОАТ ЗОНАЛАРИНИ РИВОЖЛАНТИРИШ ЧОРАЛАРИ МУҲОКАМА ҚИЛИНДИ

admin

“Адолат” партиясининг ХII Пленуми бўлиб ўтди

admin

Аёллар тадбиркорлиги: янгича ёндашув

admin