ADOLAT 24

Диққат марказимизда ЯНА ЎҚИТУВЧИ ВА ЎҚУВЧИ… ( Муҳокама учун мавзу)

Бугунги куннинг энг катта муаммолардан бири – ҳар қачондагидай мактаб ва ундаги таълим-тарбия масаласи бўлиб турибди. Ҳар икки масалага масъул бўлган ўқитувчиларнинг боши қотган:

“Қандай йўл тутсак, ўқувчилар билим олишга қизиқади, қандай тарбия услубини қўлласак, уларнинг ахлоқ-одоби яхшиланади?”

Ўқитувчи деган муҳтарам зот аслида ўқувчига таълим беришга масъулми ёки тарбия беришгами? Ўқувчи билим олиш учун ўқитувчини излаб келиши керакми ёки ўқитувчи билим бериш учун ўқувчини излаб бориши керакми? 

Бундай саволларга жўяли жавоб бериш бугун бироз мушкулроқ. Келинг, ундан кўра, яхшиси асосий мавзу: мактаб – ўқитувчи – ўқувчи ва ота-оналар ҳақида бош қотира қолайлик. Бўйи ўсиб, овози дағаллашиб, телефон орқали хуфёна “оқ-қора”ни таниб олган мактаб ёшидаги ўсмир – хоҳ ўғилдир, хоҳ қиздир, ўзини ҳаддан зиёд эрка тутиб, ҳар ишдан тоймайдиган, ҳаётдан қонмайдиган, билганидан қолмайдиган ҳолга келиб бўлган. Хоҳласа – дарсга қатнашади, хоҳламаса – йўқ. Хоҳласа – мактаб кийимида келади, хоҳламаса – йўқ.

Хоҳласа ўқийди, хоҳламаса йўқ. Чунки унинг кўз ўнгида тобора ғариб кимсага айланиб қолаётган устози ҳа деганда юқоридан дакки эшит­япти, иш фаолияти танқид остига олиняпти, ўз ўқувчисига қаттиқроқ дакки бериб қўйса ишдан ҳайдалаяпти. Боз устига, баъзилар ўқитувчининг олаётган маошини кўп кўришмоқда. Ўзини ҳаммадан ақлли тутаётганлар эса масофадан туриб маъорифни ҳар мақомга йўрғалатишмоқда.

Мақсад ва муддао нима эканини билиш учун “бош­қарув”чиларнинг сирли китобини ўқиб чиқиш керакка ўхшайди. Ёки улар ҳафсала қилиб, қутлуғ даргоҳга қадам ранжида қилиб, ҳақиқий аҳвол билан яқиндан танишиб, айтар гап­лари бўлса – айтиб, маслаҳатлари бўлса бериб, йўл-йўриқ кўрсатиб кетсалар яхши бўларди.

Чунки йигирма-ўттиз йиллик тажрибага эга бўлган, шу соҳада сочи оқарган ўқитувчиларнинг кўзи қорайган ҳозирги ёшларга ўргатадиган нарсалари қолмаган. Ёшларни, афсуски, ижтимоий тармоқ издан чиқариб бўлган. Йигит-қизларнинг севимли матоҳи бўлиб қолган телефонида ҳар қандай илмга панд берадиган ҳаволалар тўлиб- тошиб ётибди. Ўсмирларни чалғиган хаёлларидан қайтариб, йўлга солиш устозлар учун осон кечмаяпти. 

Аслида таълимда юзага келган муаммоларни рўкач қилиб, ўқитувчига баҳо беришга ҳеч кимнинг ҳаққи йўқ. Ўқитувчилар тўғрисида қонун қабул қилинган бўлса, эндиликда ўқувчи ва ота-оналарнинг ҳуқуқ ва бурчлари ҳақида ҳам қонун қабул қилишнинг вақти келиб қолди, шекилли. Лекин ҳақ гапни айтиш керак, ким устозни ҳурмат қилмаса, қаттиқ адашади. Чунки олий ўқув юртига киришга имтиҳон топширганларнинг ичида паст баҳо олганлар учун ўқитувчи айбдор бўлса, олий ўқув юртини битириб, “диплом” олган нўноқ мутахассис учун ким айбдор? Устозларга нисбатан паст назар билан қараётган, маошини ҳисоб-китоб қилишга тушган доно амалдор қайсидир муаллим қўлида ўқиганми ёки осмондан тушганми? Мактабда ўқиган бўлса, устози ҳолидан бирор марта хабар олганми, йўқми? 

Бир синфни ўттиз нафар бола битирган бўлса, шундан ўнтаси олий таълим олишга интилади, олий таълим даргоҳида ўқиган ўттиз нафар йигит-қиздан ҳам нари борса, ўн нафари ўз ишини топиб кетади. Чунки ҳамма бир хил беш баҳога ўқий олмагани каби, ҳамма ҳам танлаган касбининг етук мутахассиси бўлолмайди. Минглаб баланд, паст, ўртача мутахассислар давлат бюджетидан фалон сўмдан маош олиб ишлаяпти.

Шунга ўхшаганлари ўқитувчилар орасида ҳам бор. Сертификат олиш талаби фақат чет тилидан дарс берадиганга эмас, ўзбек тили, кимё, математика, физика, тарих каби бош­қа фан ўқитувчиларига ҳам қўйи­лиши керак ва билим даражасига қараб ёки ўқувчисининг олий ўқув юртига кирган-кирмаганлигини эътиборга олиб, маошини ошириш ёки камайтириш мумкин. Йил давомида нечта бадиий асар ўқиди, қайси матбуот нашри билан танишиб борди, қайси газета ёки журналда ишига боғлиқ мақола чоп эттирди, деган талаблар ҳам бўлиши шарт. Олий ўқув юрти талабаси ёки мактаб ўқитувчиси ёнидан пул сарфлаб, қайсидир чет эл нашрини ёки “сертификат” берадиган маъмуриятни семиртиришидан кимга манфаат бор? Бундай масалаларни ўзимизда ҳал қилса бўлмайдими? Бўлади! Бунинг учун ҳафсала керак.

Суҳбат чоғида ҳукумат идорасида ишлайдиган яқин дўстим шундай бир далилни келтириб ўтди:

– Бир тадбир олдидан адабиётдан сабоқ берадиган ёш ўқитувчилар билан суҳбатлашиб қолдим. Уларга “Ойбекнинг “Навоий” романини, Пиримқул Қодировнинг “Юлдузли тунлар”ини, Асқад Мухторнинг “Чинор”, Назир Сафаровнинг “Наврўз”, Саид Аҳмаднинг “Уфқ” романларини ким ўқиган?” дея мурожаат қилдим. Лекин ҳеч бир ўқитувчидан садо чиқмади. 

Буни қандай тушуниш мумкин? Дунё­даги китобхон давлатлар ўнталиги эълон қилинди. Ўша ўнталикдан жой олган Хитой, Россия, Испания, Италия, Буюк Британия, АҚШ, Аргентина, Бразилия, Мексика ва Канада давлатлари китобхонларидан қаеримиз кам? Қўлимизга китоб олиб, ҳар куни бир варақ ўқиб қўйишимизга нима етишмайди. 

Бир олий ўқув юртини битириб келган йигит ҳуқуқни муҳофаза қилиш идораларидан бирига ишга кирмоқчилигини айтиб, мендан давлат, ҳокимият, вазирликлар тўғрисида тушунча беришимни сўради. Менинг унга биринчи берган саволим шу бўлди:

– Вилоятимиз ҳокими ким? 

 У узоқ ўйланиб тургач, билмаслигини бош чайқаш билан ифода этди.

Мен бир бошдан барча вилоят ҳокимлари, вазирлар исми шарифини, қўшни давлатлар президентлари исми шарифини айта бошладим. У оғзини очиб, анграйиб турди-да:

– Илтимос, шуларни ёзиб беринг, ёдлайман, – деди. 

– Буларни ёдлаш эмас, билиш керак. Ёдлаб бўлгунингча, нечта амалдор янгиланиб кетади, – дедим унга. 

Бечора йигит пешонасини тириштириб жўнаб қолди. 

Бугун тест саволлари-ю жавобларини ёдлаб олий даргоҳга ўқишга кирган ва у даргоҳда ҳам ёдлаганларини айтиб бериб “диплом” олган ёш мутахассис ўқувчиларга сабоқ бериш мақсадида мактаб остонасига қадам ранжида қилса, ундан: “Қайси адибнинг асарини ўқигансиз?”, деб эмас: “Умрингда китоб ўқиганмисан?” деб сўрайдиган ҳолга келиб қолдик, назаримда.

Мактабда ўқитувчилар билан ҳали у, ҳали бу масалани муҳокама қилиб, бошоғриғи бўлиб юрадиган директор ўринбосаридан мавриди келганда қанча маош олишини сўрагандим:

 – Тўрт миллион, – деди.

– Эҳтиёжингиз учун етадими?

 – Қайда, – деди у киши бироз ўнғайсизланиб, – рўзғордан, бола-чақадан орттириб, кийим-кечак олишга имконим йўқ. Тўй, маъракаларга, тадбирларга мактаб формасида бораман. Болаларимнинг иккитаси олийгоҳда ўқийди, бу ёқда контракт пули… 

Маоши рўзғоридан ортмайдиган, тишини-тишига босиб ишлаётган таж­рибали устозларнинг ҳақиқий ҳаётини ўрганмоқчи бўлсангиз, уларнинг хонадонига кириб боринг. Устага тўлашга маблағ орттиролмагани учун уйини ўзи қуради, томини ўзи ёпади. Олийгоҳда ўқиётган фарзандининг контрактини тўлаш учун мол боқади, экин экади, тенгдошларига етиб олиш, ўғлини уйлантириш, қизини турмушга бериш учун ўз ҳисобидан таътилга чиқиб, чет элда ишлаб, пул топиб келади. Ахир унинг ҳам, болаларининг ҳам орзу-ҳаваси бор-да. Чунки улар ҳам эл қатори чиройли кийинишни, шинам уйда яшашни, машина минишни хоҳлашади… 

Ҳамма замонда ҳам илм ҳақида гапирилган. Ҳамма замонда ҳам болалар ахлоқ-одоби ҳамиша кун тартибида турган. Бугун ҳам шундай. Бу масалада кўпроқ ўйлайдиган ўқитувчилар. Лекин ота-оналар орасида ўзи бепарво бўлатуриб, ўқитувчиси яхши ўқитганда, тарбия берганда эди, менинг болам ҳам ўқимишли инсон бўларди, деб зорланадиганлари ҳам бор. Тўғри, шундай бўларди, лекин ҳамма нарсани боланинг уйда олган тарбияси ҳал қилади. Тарбия­си яхши бўлиши учун қўлига телефон тутқазиб қўймаслик керак. Лекин ҳозирги замонда бундай қилишнинг иложи йўқ. Чунки каттаю кичик аёлу эркакнинг қўлида телефон бор. Ҳамма унга маҳлиё бўлиб қолган. Кимлардир бу матоҳдан тўғри мақсадда фойдаланади, кимлардир ҳеч бир мақсадсиз фойдаланади. Лекин ривожланиш ўта кучли. Бунда муҳтарам устозларнинг катта ҳиссалари бор эканини инкор этмаган ҳолда, уларга ҳурмат бажо келтиришимиз керак. 

Турмуш тарзимизга разм солиб, маиший жиҳатдан ўзгариш катта эканини сезяпмиз. Лекин бемаъни ҳою-ҳавас­лар билан тақдиримизни ўзгартира олмаймиз. Ҳар куни дунё илм-фанида бир янгилик содир бўлмоқда. Янгилик яратаётганлар орасида бизнинг фарзандларимиз ҳам бор. Лекин жуда кам. Фарзандларимиз диплом учун ўқимасин. Ўзи учун, юрт келажаги учун ўқисин. 

Муҳиддин ОМАД,

Ўзбекистон журналистлар уюшмаси аъзоси

Tegishli xabarlar

ҚОНУНЧИЛИКДАГИ ЯНГИЛИКЛАР —  ДАВР ТАҚОЗОСИ, ЗАМОН ТАЛАБИ

admin

БЕҲАЁ РЕКЛАМАЛАР  ёхуд экраннинг эгаси йўқми?!

admin

Сувни асрайлик, акс ҳолда экологик танглик кучаяди

admin