ADOLAT 24

Мен қанд миқдорини текширтирдим.  СИЗ-ЧИ? 

Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти (ЖССТ) маълумотига қараганда, қандли диабет касаллигидан дунё бўйича 500 миллионга яқин инсон азият чекар экан. 

ЖССТ ва Халқаро диабетга қарши кураш федерацияси томонидан 14 ноябрь — Халқаро диабетга қарши кураш куни (World Diabetes Day), деб белгиланган.

Ўзбекистон “Адолат” СДПнинг дастурий мақсадларида ҳам аҳолининг саломатлигини асраш, мамлакатимизда тиббий хизмат кўрсатиш даражасини жаҳон андозаларига жавоб берадиган даражага етказиш, жамиятимизда соғлом турмуш тарзини кенг тарғиб қилиш, аҳолининг репродуктив саломатлигини асраш, “Соғлом оила — соғлом жамият” концептуал ғоясини амалга ошириш каби устувор мақсадларга алоҳида эътибор қаратилган.

Шунга мувофиқ, айни кунларда мамлакатимизда “Адолат” социал-демократик партияси ҳамда Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги академик Ё.Х.Тўрақулов номидаги респуб­лика ихтисослаштирилган эндокринология илмий-амалий тиббиёт маркази (РИЭИАТМ) ҳамкорлигида “Қандли диабетга қарши кураш ҳафталиги” доирасида қўшма тадбир ўтказилди. 

Дастлаб, партия Сиёсий Кенгаши Марказий аппарати ташаб­буси билан пойтахтимизда жойлашган Республика ихтисослаштирилган эндокринология илмий-амалий тиббиёт марказидан бошланган ҳафталикда соҳа вакиллари, партия Марказий аппарати ходимлари, фаоллар, депутатлар ва аҳоли вакиллари иштирокида ҳафталикнинг очилиш маросими ҳамда қондаги қанд миқдорини аниқлаш бўйича тиббий кўрик ташкил этилди. Шундан сўнг ҳафталик доирасидаги тадбирлар партиянинг ҳудудий Кенгашлари томонидан ҳам мамлакатимизнинг барча ҳудудлари бўйлаб кенг кўламда давом эттирилди.

Жумладан, партиянинг Тошкент шаҳар кенгаши ҳамда Республика ихтисослаштирилган эндокринология илмий-амалий тиббиёт марказининг (РИЭИАТМ) Тошкент шаҳар филиали ҳамкорлигида ташкил этилган тадбир ҳар жиҳатдан самарали кечди. Унда пойтахтимизнинг “Учувчилар” маҳалласида истиқомат қилувчи фуқаролар ихтиёрий равишда тиббий кўрикдан ўтишга таклиф қилинди. Соҳа мутахассислари иштирокидаги текширувлар натижасида 4 нафар 60 ёшдан ошган кекса онахонларимизда қандли диабет мавжудлиги аниқланди ва уларга даволанишлари учун зарур тавсиялар берилди.

Шунингдек, партия­нинг Қорақалпоғистон Республикаси Кенгаши жамоаси Академик Ё.Х.Тўрақулов номидаги Респуб­лика ихтисослаштирилган эндокринология илмий-амалий тиббиёт маркази Қорақалпоғис­тон Рес­публикаси филиалида даволанаётган болалар ҳолидан хабар олиш асносида давра суҳбати ташкил этилди. Унда иштирокчиларга ушбу касалликни эрта аниқлаш ва олдини олиш чоралари юзасидан соҳа мутахассисларининг маслаҳатлари берилди.

– Ўғлимни ҳар йили даволатиб келаман, – дейди тадбирда иштирок этган ота-оналардан бири. – Инсон ўз соғлиғига эътиборли бўлиб, шифокорларга тез-тез мурожаат қилиб, вақтида даволаниб турса, ҳар қандай касалликдан бутунлай соғайиш имконияти бор. Бугун болажонларни йўқлаб келган Ўзбекистон “Адолат” социал-демократик партияси Қорақалпоғистон Республикаси Кенгаши жамоасига миннатдорчилик билдираман. 

Тадбир давомида болажонларга шодлик улашиш мақсадида ўйин­чоқлар совға қилинди. 

Партиянинг Андижон вилояти кенгаши ва Андижон вилоят эндокринология диспансери ҳамкорлигида Андижон шаҳрида ўтказилган тадбирда “Баркамол авлод” МФЙда яшовчи фуқаролар билан суҳбат касалликнинг олдини олиш ва соғлом ҳаёт кечиришга бағишланди. Унда сўз олган диспансер бош шифокори вазифасини бажарувчи Иқболжон Иброҳимов қанд­ли диабет касаллиги ҳақида йиғилганларга батафсил маълумот берди. Мутахассис таъкидлаганидек, касалликнинг 2-тури кўпроқ тарқалган. Хавфлиси 1-тури ҳисобланади. Сабаби, у кўпроқ болалар ва ўсмирлар орасида учрайди. Агар ўз вақтида даволаш чоралари кўрилиб, назоратга олинмаса, бемор кома ҳолатига тушиб қолиши мумкин. Айни шу мақсадда йиғилганларга соғлом турмуш тарзига амал қилиш, тўғри овқатланиш ва касалликдан сақланиш бўйича маслаҳат берилди. 

МФЙ гузарида ташкил этилган тиббий кўрик доирасида қандли диабетда овқатланиш тартиби хусусида мутахассислар маслаҳат берди. Диабетнинг олдини олиш мақсадида қондаги қанд миқдорини аниқлаш текширувлари иштирокчиларни ўз саломатлик­ларига бўлган ишончини оширди, касаллик белгилари аниқланганлар даволанишга йўналтирилди.

– Қандли диабет касаллигининг даво чоралари кўп, – дейди Андижон вилоят эндокринология диспансери бош шифокори вазифасини бажарувчи Иқболжон Иброҳимов. – Бемор доимий равишда парҳезда бўлиши, қанд миқдорини пасайтирувчи воситаларни истеъмол қилиб бориши, жисмоний фаолликни ошириши зарур. Диабетга чалинган кишиларда ёшидан қатъи назар, у ёки бу даражада жисмоний юклама бўлиши лозим.

Сир эмас, бугун мазкур касаллик болаларда ҳам учраяпти. Бу, албатта, ташвишли. Болажонларга эътибор ва ғамхўрлик кўрсатиш долзарб вазифа. Айни шу мақсадда байрамона безатилган дастурхон атрофида жам бўлган болажонлар кўнглига қувонч олиб кирилди. Байрам муносабати билан “Адолат” СДП ва ҳомий ташкилотлар томонидан уларга совғалар улашилди. 

Партиянинг Сурхондарё вилояти кенгаши томонидан ўтказилган тадбирларда партия вакиллари ва тиббиёт ходимлари вилоят эндокринология диспансерига ташриф буюрган фуқаролар билан соғлом турмуш тарзи борасида суҳбатлашар экан, партия­нинг аҳоли саломатлигини асрашга қаратилган лойиҳалари юзасидан тушунчалар бериб ўтишди. Ўзаро очиқ мулоқот тарзида ўтган тадбир жараёнларида фаоллик кўрсатган иштирокчиларга партия­нинг эсдалик совғалари топширилди.

Партиянинг Самарқанд вилояти кенгаши томонидан вилоятда ташкил этилган тадбирларда мазкур ҳафталикдан кўзланган асосий мақсад — партия фаоллари, депутатлар ҳамда соҳа вакиллари иштирокида қандли диабет касаллигининг олдини олиш юзасидан давра суҳбатлари ўтказиш, қолаверса, беморлар ҳолидан хабар олиш эканлиги айтиб ўтилди ва кўнгилли фуқаролар иштирокида қондаги қанд миқдорини аниқлаш бўйича тиббий кўрик ташкил этилди.

Партиянинг Жиззах вилояти кенгаши томонидан ҳам “14 ноябрь — Халқаро диабетга қарши кураш куни” муносабати билан вилоят Эндокринология маркази билан ҳамкорликда тиббий кўрик ўтказилди. Қандли диабетга мойиллиги бор аҳоли қатламини аниқлаш, беморларга даво-ташхис ёрдамини кўрсатиш мақсадида ўтказилган мазкур кўрикда академик Ё.Х.Тўрақулов номидаги Республика ихтисослашган эндокринология илмий-амалий тиббиёт маркази эндокринологи, тиббиёт фанлари профессори Барно Шагазатова, вилоят Эндокринология маркази бош шифокори Озодбек Мавлонов, Ўзбекистон миллий университети Жиззах филиали ўқитувчилари, ўсмирлар, шунингдек, аҳолининг катта ёшдаги қатлами вакиллари иштирок этишди.

Соҳа мутахассислари томонидан тадбир иштирокчиларига юрак қон-томир касалликлари, қандли диабет каби юқумли бўлмаган касаллик­лар бутун дунёда ногиронлик даражасининг ортишига ва бевақт ўлимлар сони кўпайишига сабаб бўлаётгани, бу касалликларнинг келиб чиқишига тамаки ва алкоголь маҳсулотларини ҳаддан ташқари кўп истеъмол қилиш, жисмоний фаолликнинг сустлашиши, ортиқча тана вазни, мева ва сабзавотларни етарлича истеъмол қилмаслик каби омиллар сабаб бўлаётгани, қандли диабет ва унинг асоратлари, даволаш усуллари ҳақида тушунчалар берилди. 

Юқорида қайд этилганидек, мазкур ҳафталик доирасидаги тадбирлар айни кунларда партиянинг Бухоро, Қашқадарё, Сирдарё, Фарғона, Навоий, Наманган, Хоразм ҳамда Тошкент вилояти кенгашлари томонидан ҳам ўтказилмоқда. 

Айтиш жоизки, ушбу ҳафталик мамлакатимизда қандли диабет билан касалланган беморларга амалий ёрдам бериш, аҳолига касаллик келиб чиқиши сабаблари ва омиллари ҳақида маълумотларни етказиш, касалликнинг олдини олишга қаратилган тадбирлар ташкил этиш ва аҳолининг турмуш ҳамда овқатланиш тарзини ўзгартириш орқали беморлар сонини қисқартириш чораларини кўришга қаратилган.

“Адолат” СДП Матбуот хизмати

Tegishli xabarlar

ФАОЛ ВА ФИДОЙИ ДЕПУТАТЛАР ХОВОСДА

admin

ЯХШИЛИК УЛАШАЁТГАН ИНСОН Халқ депутатлари Тошкент шаҳар Кенгаши депутати, социология фанлари доктори, профессор Тошпўлат Матибаев 60 ёшда

admin

Темир йўл йўловчиларига яна бир қулайлик

admin