ADOLAT 24

Халқимиз кўнглидаги иш бўлди!

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Яқин Шарқдаги вазият бўйича баёноти эълон қилинди. Унда мамлакатимизнинг ушбу мураккаб масала юзасидан ўта мувозанатлашган ва оқилона позицияси баён қилинган. “Биз Фаластин халқи билан бирдаммиз. Мен Ғазо сектори аҳолисига баҳоли қудрат ёрдам кўрсатиш учун Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Яқин Шарқ агентлигига 1 миллион 500 минг доллар ажратиш ҳақида қарор қабул қилдим”, деб таъкидлади Президент. 

Очиғини айтиш керак, мамлакатимиз раҳбарининг мазкур баёноти юртдошларимиз кўнглидаги иш бўлди. Тинчликсевар халқимиз мамлакатимиз раҳбарининг мазкур сўзлари ва муҳим ташаббусларини жуда илиқ кутиб олди. Куни-кеча ўз сайловчиларим билан бўлиб ўтган мулоқотда мен бунга яна бир бор амин бўлдим. Вобкентлик сайловчиларим менга Президентимиздан жуда миннатдор эканликларини изҳор қилишди ва унинг ҳаққига Яратгандан чексиз дуолар тилашди. 

Дарҳақиқат, мазкур баёнот Яқин Шарқдаги ҳозирги тобора кескинлашаётган вазиятда ўзининг тинчликка йўғрилгани ва прогрессив характери билан ажралиб туради. Баёнотда Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош Ассамблеяси ва Хавфсизлик Кенгаши томонидан бундан анча йиллар олдин қабул қилинган резолюцияларни асос қилиб олган ҳолда Фаластин давлатини барпо этиш зарурлиги қайд этилган бўлиб, бу ҳозирги вазиятнинг буткул издан чиқишини ҳамда бегунох одамларнинг қони тўкилишини тўхтатиб қолувчи бирдан-бир оқилона йўл эканлиги кўрсатилган. 

Афсуски, ҳозир Яқин Шарқда ўта қалтис вазият ҳукмронлик қилмоқда. Ғазо секторида гуманитар инқироз тобора чуқурлашмоқда, бомбардимонлар сабаб бегуноҳ одамлар, болалар ва аёллар ҳалок бўлмоқда, жароҳат олганлар сони тобора ортмоқда. 

Агар ушбу вазият бундан буён ҳам давом этадиган бўлса, халқаро вазият издан чиқиши, Яқин Шарқдаги кўплаб ҳудудлар уруш домига тортилиши, вазият олдиндан башорат қилиб бўлмайдиган мудҳиш оқибатларга олиб келиши мумкин.

Шунинг учун ҳам Президентимиз баёнотида ўзаро курашаётган томонларни муросага келтириш, жанговар ҳаракатларни тўхтатиб, низони тинч йўллар орқали ҳал этишга чақириқ мавжуд. 

Ҳақиқатан ҳам, ҳозирги вазиятда музокаралар энг оқилона йўл ҳисобланади. Ўқ отишни зудлик билан тўхтатиш, гуманитар ёрдам учун коридорлар ташкил қилиш, Фаластин давлати тузилганини эълон қилиш, ўзаро хавфсизликни кафолатлаш жаҳон ҳамжамияти олдидаги кечиктириб бўлмайдиган вазифалар сирасига киради.

Шуни алоҳида таъкидлаш жоизки, Яқин Шарқдаги мудҳиш воқеалар юртимизда ҳукм сураётган олий неъмат – тинчликнинг қадрига етишимиз лозимлигини яна бир бор намоён этмоқда. Ўзбекистон заминида асрлар давомида турли этник ва диний жамоалар дўстлик ва ҳамжиҳатликда ёнма-ён яшаб келишган. Бу бизнинг миллий бойлигимиз, десак асло муболаға бўлмайди. Биз ана шу миллий бойликни кўз қорачуғимиздек асраган ҳолда келгуси авлодларга ҳам етказиб беришимиз лозим. Бу эса узоқ муддатли тинчлик ва барқарорликни таъминлашнинг зарурий шарти ҳисобланади. 

Қодир ЖЎРАЕВ,

Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги 

«Адолат» СДП фракцияси аъзоси

Tegishli xabarlar

ШИРАКАЙФ ХАЙДОВЧИ

admin

САМАРАЛИ МУЗОКАРАЛАР

admin

Макроиқтисодий барқарорлик ва иқтисодий ривожланишни таъминлаш бўйича устувор вазифалар муҳокама қилинди

admin