ADOLAT 24

Аёлларнинг сиёсий фаоллиги янада қўллаб-қувватланади 

Мамлакатимизда аёлларнинг ижтимоий мақомини кучайтириш, хотин-қизлар ва эркаклар учун тенг ҳуқуқ ҳамда имкониятларни таъминлашга қаратилган кенг кўламли ислоҳотлар амалга оширилмоқда. Жумладан, 2019 йилда хотин-қизларнинг жамият ҳамда давлат ишларини бошқаришда, сайлов жараёнида тенг иштирок этиши, шунингдек, давлат ва жамият ҳаётининг бошқа соҳаларида тенг ҳуқуқ ҳамда имкониятлари таъминланишининг қўшимча кафолатларини белгилаган “Хотин-қизлар ва эркаклар учун тенг ҳуқуқ ҳамда имкониятлар кафолатлари тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси қонуни қабул қилинди. Ўзбекистон Республикасининг Сайлов кодексида эса аёлларнинг сони сиёсий партиядан кўрсатилган депутатликка номзодлар умумий сонининг камида ўттиз фоизини ташкил этиши кераклиги белгилаб қўйилди.

Жорий йилда референдум якунлари бўйича халқимиз иродаси билан қабул қилинган янги таҳрирдаги Ўзбекистон Республикаси Конституциясида хотин-қизлар ва эркакларнинг тенглигини таъминлашнинг янги механизмларини назарда тутувчи конституциявий асослар мус­таҳкамланди. Хусусан, Конституция­нинг 58-моддасида “Давлат хотин-қизлар ва эркакларга жамият ҳамда давлат ишларини бошқаришда, шунингдек, жамият ва давлат ҳаётининг бошқа соҳаларида тенг ҳуқуқ ва имкониятларни таъминлайди”, деган қоида мустаҳкамлаб қўйилди. Шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2023 йил, 11 сентябрдаги фармони билан қабул қилинган “Ўзбекистон – 2030” стратегиясининг 25-бандида ҳам “Хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш тизимини кучайтириш, уларнинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини таъминлаш, ижтимоий, иқтисодий, сиёсий фаоллигини ошириш ва гендер тенг­ликни таъминлаш” бўйича вазифалар белгиланди.

Шу билан бирга, ҳозирда мамлакатимизда олиб борилаётган ислоҳотларнинг марказий ўринларидан бири бу, албатта, давлат ва жамият ишларида аёллар фаоллигини янада ошириш ва уларга кенг имкониятлар яратиш ҳисобланади. Дарҳақиқат, бугунги кунда жамиятимиздаги аёллар демократик, фаровон мамлакатни барпо этишда эркак­лар билан баравар ҳисса қўшиб келмоқдалар. 

2019 йилда Қонунчилик палатаси депутатлигига бўлиб ўтган сайловларда аёллар 150 депутатлик ўринларининг 48 нафари, яъни 32 фоизини, Сенат аъзолари ҳамда маҳаллий кенгашлар депутатлари ўрнининг 25 фоизини эгаллаганлиги эътиборга лойиқ. Шунинг­дек, давлат органларида 241 нафар – вазир, вазир ўринбосари, ҳоким ва уларнинг ўринбосарлари каби раҳбар аёллар фаолият олиб бормоқдалар. Бошқарувда аёллар сони 33 фоизни ташкил этади. Сиёсий майдонда ҳам аёлларимизнинг фаоллиги ошиб бормоқда. Буни сиёсий партиялар аъзолигидаги аёлларнинг салмоғидан ҳам кўришимиз мумкин. Жумладан, барча сиёсий партиялар аъзоларининг қарийб 46 фоизи аёллардан иборат. Шунинг­дек, партиялардаги раҳбар аёллар салмоғи 648 нафарни ёки 36 фоизни ташкил этади.

Бугунги кунда юртимизда фидокорона меҳнат қилаётган аёлларимизнинг улуши тиббиётда – 77 фоизни, таълим соҳасида – 74 фоизни, иқтисодиёт ва саноат тармоқларида 46 фоизни, тадбиркорликда 37 фоизни ташкил этмоқда.

Ватанимиз ва халқимиз олдидаги муносиб хизматлари учун аёлларимиздан 17 нафари энг олий мукофот – “Ўзбекистон Қаҳрамони” унвони билан тақдирланган. Хотин-қизларимиз орасида 5 нафар академик, олий таълим муассасаларининг ўзида 700 нафардан зиёд фан доктори, қарийб 3 минг нафар фан номзоди, шунингдек, “Ўзбекистон халқ шоири”, “Халқ артисти”, “Халқ ўқитувчиси” ва бошқа фахрий унвонларга сазовор бўлган кўплаб аёлларимиз бор. Давлат мукофотларига Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари бўлган аёлларимиз ҳам сазовор бўлганлар. Улар сайловчилар билан ишлашда, жамиятимиздаги ислоҳотларни амалга оширишда, партиявий ғояларни юзага чиқаришда тиним билмасдан меҳнат қилмоқдалар.

Кейинги йилларда Ўзбекистон хотин-қизларининг овози халқаро минбарлардан ҳам дадил янграмоқда. Улар минтақавий ва халқаро тузилмалар, нуфузли форум ва анжуманларда фаол иштирок этмоқдалар. Ўтган йили Тошкентда ўтказилган Шанхай ҳамкорлик ташкилотининг Хотин-қизлар форуми ҳам етакчи ва фаол аёлларимизга хотин-қизлар муаммоларини минтақа ва халқаро миқёсда муҳокама қилиш, уларни ҳал этиш бўйича янги ташаббусларни илгари суриш имконини берди. 

Юқоридагилардан кўринадики, аёллар давлат ва жамият ишларида анча фаоллашган ва бугунги кунда жамият ва давлат ишларини бошқаришда аёлларнинг тўлақонли иштирок этишини таъминлаш учун уларнинг вакиллик органларидаги улушини янада ошириш мақсадга мувофиқдир.

Шу сабабли, биз, бир гуруҳ депутатлар, қонун ташаббуси билан давлат ва жамият бошқарувида аёлларнинг ролини янада ошириш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Сайлов кодексининг 70- ва 91-моддаларига Қонунчилик палатаси ва маҳаллий Кенгашлар сайловида сиёсий партия­лар томонидан депутатликка номзодлар кўрсатилаётганда аёллар сонининг энг кам миқдорини номзодлар умумий сонининг ўттиз фоизидан қирқ фоизига оширишни назарда тутувчи ўзгартириш­лар киритишни таклиф этдик. Қонунчилик палатасининг ялпи йиғилишида қонун лойиҳаси кун тартибига қўйилди ва депутатлар томонидан иккинчи ўқишда қабул қилинди. 

Қонуннинг қабул қилиниши Конституцион нормаларнинг амалга кенгроқ татбиқ қилинишига, аёлларнинг жамият ҳамда давлат ишларини бошқаришдаги ролини кучайтиришга, шунингдек, уларнинг сиёсий фаоллигини оширишга хизмат қилади.

Хорижий давлатлар парламентларида ҳам аёллар вакиллигини таъминлаш бўйича турлича ёндашувлар шаклланган. Кўплаб давлатлар, хусусан, Италия, Бельгия ва Францияда аёл номзодлар сони 50 фоиз, Испания, Португалия, Хорватия, Словения, Греция ва Молдовада 40 фоиз, Польшада 35 фоиз, Грузияда 25 фоиз этиб белгиланган. 

Ҳинд сиёсий арбоби Махатма Ганди аёлларнинг жамиятдаги ўрни нақадар муҳим эканлигини таъкидлаб, қуйидаги фикрни билдирган эди: “Бир эркакни ўқитиш орқали биз бир инсонга таълим берамиз. Бир аёлни ўқитиш орқали эса бутун бир оилага таълим берган бўламиз”. Хулоса ўрнида шуни айтиш мумкинки, аёлларимизнинг сиё­сий фаоллигини қўллаб-қувватлаш орқали биз бутун бир ўзбек халқининг сиёсий маданиятини оширишга хизмат қилган бўламиз.

Гулбаҳор САИДҒАНИЕВА,

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати,

“Адолат” СДП фракцияси аъзоси

Tegishli xabarlar

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ ФАНЛАР АКАДЕМИЯСИНИНГ 80 ЙИЛЛИГИ МУНОСАБАТИ БИЛАН БИР ГУРУҲ ОЛИМ ВА ТАДҚИҚОТЧИЛАРНИ МУКОФОТЛАШ ТЎҒРИСИДА

admin

Янгиланаётган Конституция тадбиркорга эркин ишлаш имконини беради

admin

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ ПРЕЗИДЕНТИ ШАВКАТ МИРЗИЁЕВНИНГ “ХИТОЙ – ҚИРҒИЗИСТОН – ЎЗБЕКИСТОН” ТЕМИР ЙЎЛИ ҚУРИЛИШИ БЎЙИЧА СТРАТЕГИК ЛОЙИҲАНИ АМАЛГА ОШИРИШ ТЎҒРИСИДАГИ БИТИМНИ ИМЗОЛАШ МАРОСИМИ ИШТИРОКЧИЛАРИГА ТАБРИК СЎЗИ

admin