ADOLAT 24

Ўрганган кўнгил ўртанса қўймас… Аёл бир йил ичида икки марта пора олаётиб қўлга тушди

Асакалик Шаҳзодбек Салимжонов (исм-шарифлари ўзгартирилган) 2023 йил 24 май куни майда-чуйда харид қилиш учун “Юқори Бўз” маҳалласидаги савдо дўконларидан бирига киради. Шу аснода дўкон сотувчиси Гулсиной Ғайбуллаева билан танишиб қолади ва уларнинг суҳбати қизиб кетади.

Гап орасида Ш.Салимжонов Ўзбекистон Республикаси Миллий гвардияси тизимига ишга кирмоқчи эканлигини айтади. 

– Миллий гвардиянинг Андижон вилояти бошқармасида танишим бор. Хоҳласангиз, ёрдам беришим мумкин. Фақат “харажати”дан қочмасангиз бўлди, – дейди Г.Ғайбуллаева.

– Харажати қанча бўлади? – деб сўрайди йигит.

– Аслида ишингиз икки ярим минг доллар билан битади. Агар имкониятингиз бўлмаса, олдиндан минг бериб тураверасиз. Қолганини имтиҳондан ўтганингиздан кейин беришингиз ҳам мумкин, – дея очиқ-ойдин, тап тортмай гапиради аёл.

– Майли, мен пулни тайёрлаб, сизга хабар қиламан.

Шаҳзод шундай деб дўкондан чиқиб кетади. Бироқ Гулсинойнинг талаби ноқонуний эканлигини ўйлаб қолади. Шу боис бу хусусда Давлат хавфсизлик хизматининг Андижон вилоят бошқармасига ариза билан мурожаат қилади. Эртаси куни – 2023 йил 25 май куни мазкур мурожаат юзасидан тезкор тадбир ўтказилади. Аниқроғи, Г.Ғайбуллаева соат 10:00ларда Андижон шаҳридаги “Мумтоз” савдо маж­муаси ёнида Ш.Салимжоновдан 1000 АҚШ доллари олган вақтида ушланади. Оқибатда унга нисбатан жиноят иши қўзғатилади.

Буни қарангки, жиноят ишини тергов қилиш ва судда кўриш жараёнида Гулсинойнинг нақ 10 ой аввал худди шундай жиноятга қўл ургани аён бўлади. Аниқланишича, Г.Ғайбуллаева 2022 йилнинг июль ойида фуқаро Дилбархон Сафарованинг ўғли Жавлон Рамзиддиновни Асака туман мудофаа ишлари бўлимига ишга жойлаштириб қўйишни ваъда қилган. Ҳатто она-болани бўлимда ишловчи таниши К.Тўйчиевнинг олдига суҳбатга ҳам жўнатган. Сўнг Дилбархон опага “Ўғлингиз суҳбатдан яхши ўтибди, военкоматдагиларга маъқул келибди”, дея ишонтириб, ишга кириш учун 1500 АҚШ доллари бериши кераклигини айтган. Лекин пора бериш жиноят эканлигини билган Д.Сафарова ДХХ Шаҳрихон туман бўлимига мурожаат қилиб, Г.Ғайбуллаевага қонуний чора кўришни сўраган. Натижада “қаҳрамон”имиз 2022 йил 29 июль куни Шаҳрихон туманидаги “Барака” ошхонаси яқинида Дилбархон Сафаровадан 1500 АҚШ долларини олган пайтида қўлга тушган. Бу қилмиши эвазига жиноят ишлари бўйича Шаҳрихон туман судининг 2022 йил 6 декабрдаги ҳукмига мувофиқ, Жиноят кодексининг 25, 168-моддаси 1-қисми ва 28, 211-моддаси 1-қисми билан айбдор деб топилиб, кодекснинг 59-моддаси 2-қисми тартибида иш ҳақининг 20 фоизини давлат даромадига ушлаб қолган ҳолда 1 йилу 6 ой ахлоқ тузатиш ишлари жазосига маҳкум этилган. Аммо….

Аммо юқорида воқиф бўлганингиздек, кўзи очилмаган аёл аҳлоқ тузатиш иши жазосини ўтаётган маҳали такроран коррупциявий жиноятни содир этди. Бинобарин, жиноят ишлари бўйича Андижон шаҳар суди уни Жиноят кодексининг 25, 168-моддаси 3-қисми “б” банди, 28, 211-моддаси 2-қисми “а” банди билан айбдор деб топган ҳолда 5 йилу 2 ой муддатга озодликдан маҳрум қилди. Ҳукм чиқаришда суд кодекснинг 60,61-моддалари тартибида судланувчининг ўталмай қолган 1 йил 3 ойлик ахлоқ тузатиш иши жазосини ҳам инобатга олди.

Эслатиб ўтамиз, Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош Ассамблея­сининг 2003 йил 21 ноябрдаги резолюциясига мувофиқ, 2004 йилдан бош­лаб “9 декабрь – Бутунжаҳон коррупцияга қарши курашиш куни” сифатида нишонлаб келинмоқда. Бош Ассамблея резолюциясида айтилишича, бу кунни белгилашдан мақсад, коррупция муаммосининг туб моҳиятини тушуниб етиш ва коррупция билан курашиш ҳамда унинг олдини олишдан иборатдир. 

Эътироф этиш керак, БМТнинг тенг ҳуқуқли аъзоси сифатида мамлакатимизда ҳам коррупцияга қарши аёвсиз кураш олиб борилмоқда. Бироқ, Г.Ғайбуллаева сингари тавбасига таянмаган кимсаларнинг қилмиши бу борада амалга оширилаётган кенг кўламли ишларга соя солмай қолмайди. Бинобарин, баён этилган ҳолат барчага сабоқ бўлиши лозим. 

Муҳайёхон ТУРДИЕВА,

жиноят ишлари бўйича 

Андижон шаҳар судининг судьяси

Tegishli xabarlar

Муаллифлик ҳуқуқи: ўзгаришлар ҳамда хориж тажрибаси

admin

Ҳомиладорлар ҳуқуқлари: қандай имтиёзлар бор?

admin

ЗАМОНАМИЗНИНГ ЗАБАРДАСТ АДИБИ Халқ ёзувчиси, Ўзбекистон ва Қорақалпоғистон давлат мукофотлари лауреати, профессор, “Адолат” СДП Сиёсий Кенгаши аъзоси, жамоат арбоби Муҳаммад АЛИ адабий портретига чизгилар

admin