ADOLAT 24

Таназзул томон қўйилган қадам

Кейинги пайтларда интернет орқали пул тикиладиган турли ўйинларда иштирок этиш оқибатида катта маблағни ютқазиб қўйиб, хонавайрон бўлган, ҳатто ўз жонига қасд қилганлар ҳақидаги хабарлар пайдо бўла бошлади.

Эътибор берсак, бундай тотализаторлар орқали пул топишга уринаётганларнинг аксарияти ёшлардир. Улар аллақандай мўъжиза сабаб бир лаҳзада катта ютуқларга эришиш мумкин, деб ўйлашади. 

Ваҳоланки, муваффақиятга эришиш учун йиллаб меҳнат қилиш зарур. Буни эса айрим ёшлар англаб етмаяпти. Демак, бунда биз, катталарнинг ҳам айбимиз бор. Фарзандларимизни яхши-ёмон­ни ажрата оладиган қилиб тарбиялашда хатоларга йўл қўйилмоқда.  

Айтиш керакки, таваккалчиликка асос­ланган ўйинлар инсонда умидсизлик ва ночорлик ҳиссини келтириб чиқаради. Йирик миқдордаги маблағни ютқазиш ҳузур-ҳаловатни йўқотишга олиб келади, чорасизлик эса ҳатто ўз жонига қасд қилишгача олиб бориши мумкин. 

Баъзи мамлакатларда қимор ўйинларига қарамлик ўзининг зарарли оқибатлари туфайли соғлиқни сақлаш соҳасининг муҳим муаммоларидан бирига айланган. Статистик маълумотларга кўра, сўнгги бир неча йил ичида глобал миқёсда тотализаторларда ўйнаш даражаси ошган. АҚШда сўнгги йилларда 6 миллиондан ортиқ одам қимор ўйинлари туфайли соғлиғини йўқотиб, даволанишга муҳтож бўлган. 

Бундан ҳам ёмони, тотализаторларда катта маблағни ютқазиб қўйганлар дуч келаётган молиявий қийинчиликлар сабабли улар томонидан содир этилаётган ҳуқуқбузарлик ва жиноятлар сони кўпаймоқда. 

Яқинда бир танишим “1xbet.bet” тотализаторида 100 000 АҚШ доллари миқдорида маблағ ютқазгани, оқибатда нафақат ўзининг мол-мулки, балки таниш-билиш­ларининг дўкон ва автомобилларини ҳам гаровга қўйиб, банкдан катта миқдорда кредит олганини айтиб берди. Энди банкдан олинган қарзни қандай қоп­лашни билмай боши қотган. Бирор чора кўрмаса, гаровдаги объектлар кимошди савдосига қўйилади. Бир сўз билан айтганда, бир кишининг қиморбоз­лиги ортидан унинг ўзи ҳам, атрофидаги одамлар ҳам жабр кўрмоқда. Бунинг устига унинг ҳаётида ёлғончилик, фирибгарлик каби салбий хислатлар одатий ҳолга айланиб қоляпти.

Ютқазганлар бошига тушган мушкул аҳволни ҳаммага ҳам айтавермайди. Уларнинг муаммосидан одатда оила-аъзолари ҳам бехабар қолади. Бироқ қаттиқ яширилган сир охир-оқибат фожиа юз берганидан сўнг фош бўлади. Ачинарлиси, бундай ҳодисаларни кўра билиб туриб ҳам, оқибатини англаб ҳам айрим ҳамюртларимиз қиморга муккасидан кетаяпти. 

Миллий урф-одатларимиз ва менталитетимизга, шунингдек, диний қарашларимизга ёт бўлган қимор ўйинларини ноқонуний равишда ташкил этиш ҳолатлари, айниқса, онлайн тарзда омма­лашиб, ўсмир ва ёшларни ўз домига тортаётгани ачинарли ҳолатлардан биридир. 

Таъкидлаш жоизки, бугунги кунда рес­публикамизда тотализатор ва букмекерлик фаолиятини амалга ошириш ҳамда бундай хизматларни рек­лама қилиш ноқонуний ҳисобланади. Мутасадди идоралар томонидан ноқонуний хизматлар рекламаси аниқланиб, уларга чек қўйилмоқда. 

Ахборот ва оммавий коммуникация­лар агентлиги томонидан мутасадди ташкилотлар билан ҳамкорликда 30 дан ортиқ тотализатор ва букмекерлик рекламасини ноқонуний равишда юритувчи сайтларга кириш чеклаб қўйилди. 

Маълумот учун: ушбу ўйинлар, айниқса, “онлайн” қимор билан боғлиқ жиноятлар 2019 йилда 55 та, 2020 йилда 86 та, 2021 йилда 103 та, 2022 йилда 200 га яқинни ташкил этган.

Мамлакатимизда қимор ва таваккалчиликка асосланган ўйинларни қонунга хилоф равишда ташкил этиш ҳамда ўтказиш Жиноят кодексининг 278-моддасида жиноят сифатида белгилаб қўйилган. 

Қолаверса, бундай ўйинларда қонунга хилоф равишда иштирок этиш, шунингдек, вояга етмаган шахсни қимор ва таваккалчиликка асосланган бош­­қа ўйинларда иштирок этишга жалб қилиш Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 191-моддасида маъмурий ҳуқуқбузарлик сифатида эътироф этилган. 

Жумладан, қимор ва таваккалчиликка асосланган бошқа ўйинларни қонунга хилоф равишда ташкил этиш ёки ўтказиш, шу жумладан, ана шундай ўйинлар учун қиморхоналар ташкил этиш ёки уларни сақлаш етти йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади.

Вояга етмаган шахсни қимор ва таваккалчиликка асосланган бошқа ўйин­ларга жалб қилиш, шундай ҳаракатлар учун маъмурий жазо қўлланилганидан кейин содир этилган бўлса, энг кам ойлик иш ҳақининг йигирма беш бараваридан эллик бараваригача миқдорда жарима ёки икки йилгача ахлоқ тузатиш ишлари ёхуд тўрт ойгача қамоқ билан жазоланади.

Қимор ва таваккалчиликка асосланган бошқа ўйинларни ташкил этиш ёки ўтказиш учун телекоммуникация тармоқларида, шу жумладан, Интернет жаҳон ахборот тармоғи провайдерлари томонидан хизматлар кўрсатиш, тегишли дастурий таъминотдан нусха кўпайтириш, тарқатиш, шундай ҳаракатлар учун маъмурий жазо қўлланилганидан кейин содир этилган бўлса, энг кам ойлик иш ҳақининг эллик бараваридан етмиш беш бараваригача миқдорда жарима ёки уч йилгача ахлоқ тузатиш ишлари ёхуд олти ойгача қамоқ билан жазоланади.

Аслида қимор ва таваккалчиликка асосланган бошқа ўйинларнинг қонунга хилоф равишда ташкил этилиши ва ўтказилиши фуқароларга нафақат руҳий таъсир ўтказади, балки молиявий қарамликка дучор этиб, оилавий низоларга ҳам сабаб бўлади. Шунингдек, ушбу фаолият нақд пулларнинг банкдан ташқари муомаласи кўпайишига, солиқлар ва бошқа тўловларни тўлашдан бўйин товлашга йўл очади ҳамда шу орқали мамлакатимизнинг иқтисодий равнақига путур етказади.

Муқаддас динимизда ҳам ҳалол меҳнат қилиб пул топишга буюрилган. Бировни алдаб, хиёнат қилиб, муттаҳамлик йўли билан унинг мулкига эга бўлиш ҳаромдир. Қимор эса айнан шундай йўл билан пул топишдир. 

Ҳаётда ҳар бир одам омадли бўлишни, муваффақиятга тез эришишни хоҳлайди. Аммо бу орзу-истакларга ҳалол йўл билан эришиш лозим. 

Айтмоқчи бўлганимиз – ҳаёт бизга икки йўлни кўрсатиб қўйган. Бири саодатга олиб борувчи, иккинчиси эса залолатга – боши берк кўчага олиб борадиган йўл. 

Биз ёшларимизни саодат йўлига бош­лашимиз, уларни ҳалол меҳнат билан турмуш кечиришга ўргатишимиз керак. Бундан ўзимиз ҳам, яқинларимиз ҳам, жамият ҳам катта наф кўради. 

Фуқароларнинг огоҳлигини ошириш, давлатнинг бу борадаги назоратини кучайтириш ҳамда ота-оналар томонидан ўз фарзандларининг бўш вақтларидан унумли фойдаланиши устидан мунтазам назорат олиб борилиши юқоридаги каби салбий иллатларнинг олдини олишга хизмат қилади. 

Тошпўлат Матибаев, 

социология фанлари доктори, профессор

Tegishli xabarlar

“Сиз ахир, осмонни оламан десангиз, мен нечун елкамни тутиб бермайин…” Зеро, илм-фан эртасини ёшлар яратади!

admin

“ИСТАНБУЛ ДАФТАРИ”НИ ВАРАҚЛАБ

admin

Андижон томонларда

admin