ADOLAT 24

ШИРАКАЙФ ХАЙДОВЧИ

Одатда коррупция ҳақида гап кетганда, кўпчилик пора олаётган мансабдор шахсни тасаввур қилади. Аммо Жиноят кодексининг 211- ва 212-моддаларида назарда тутилган “Пора бериш” ҳамда “Пора олиш-беришда воситачилик қилиш” жиноятлари ҳам коррупция занжирининг бир қисмидир.

Юнусобод туманида яшовчи Шаҳзод Яндашев (исм-шарифлари ўзгартирилган) ҳам оқибатини, моҳиятини била туриб пора бериш жиноятини содир этди. Гап шундаки, у 2022 йилнинг 26 октябрь куни эрталабдан “оқи”дан отиб олади. Кейин соат 10:00ларда шахсий “Нексия-3” русумли автомашинасига ўтириб, кундалик юмушларини бажариш учун йўлга чиқади. Яшнобод туманидаги 204-мактаб яқинида – Мирзо Улуғбек ва Махтумқули кўчалари кесишмасида унинг ҳаракатланиши Тошкент шаҳар ИИББ ЙҲХБ инспектори Мурод Нарзиевнинг эътиборини тортади. Инспектор тўхташ ишорасини беради.

Албатта, М.Нарзиев машинадан тушган заҳотиёқ ҳайдовчининг спиртли ичимлик ичганини сезади. Негаки Шаҳзоддан ароқ ҳиди гупиллаб анқиб турганди.  

– Ичганмисиз? – деб сўрайди инспектор унинг қизариб кетган кўзларига қараб.

– Ҳа, – дейди Ш.Яндашев айбдорларча.

Шундан сўнг у спиртли ичимлик ичганлиги хусусда тушунтириш хати ёзиб беради. Мурод Нарзиев эса ҳуқуқбузарга нисбатан Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексининг 136-моддаси тартибида электрон маъмурий баённома расмийлаштиради ва автомашинани жарима майдонига олиб боради. Бироқ ҳайдовчи маъмурий баённомани ижобий ҳал қилиб бериш ва ҳужжатларни судга юбормаслик эвазига инс­пекторга 300 АҚШ доллари миқдорида пора таклиф қилади. Бунга жавобан М.Нарзиев пора олиш-бериш Жиноят кодексининг 210- ва 211-моддалари бўйича жиноий жавобгарликка сабаб бўлишини айтиб, уни огоҳлантиради. Шунга қарамай, Шаҳзод Яндашев пул олиб келишини айтиб, уйига кетади. 

Муроджон мазкур ҳолат юзасидан Тошкент шаҳар ИИББ бошлиғи номига билдирги билан мурожаат қилади. Натижада унинг мурожаати асосида тезкор тадбир ўтказилади. Яъни Ш.Яндашев соат 16:00лар атрофида жарима майдонига бориб, инспекторга қўнғироқ қилади. М.Нарзиев унга Тошкент вилояти ИИБ йўл ҳаракати хавфсизлиги бошқармасида эканлигини айтади. Ҳуқуқбузар дарҳол айтилган манзилга етиб боради. Оқибатда у инспекторга 300 АҚШ долларини пора тариқасида бераётган вақтида тезкор ходимлар томонидан ушланади… 

Жиноят ишлари бўйича Мирзо Улуғбек туман суди судланувчини Жиноят кодексининг 211-моддаси 1-қисми билан айбдор деб топиб, қонуний жазога маҳкум этди.

Баҳромжон БЕРДИЕВ,

жиноят ишлари бўйича Мирзо Улуғбек туман судининг судьяси

Tegishli xabarlar

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ ПРЕЗИДЕНТЛИГИГА НОМЗОД БАҲРОМ АБДУРАҲИМОВИЧ АБДУҲАЛИМОВНИНГ Сайловолди Дастури

admin

ИҚТИСОДИЁТ СОҲАЛАРИ УЧУН КАДРЛАР ТАЙЁРЛАШ    ТИЗИМИНИ ТУБДАН ТАКОМИЛЛАШТИРИШ ЧОРА-ТАДБИРЛАРИ ТЎҒРИСИДА

admin

Халқимиз кўнглидаги иш бўлди!

admin