ADOLAT 24

Беш мингга яқин хотин-қизлар “Аёллар дафтари”дан асоссиз чиқарилган. Масъуллар нега уларнинг тақдирига бефарқ?

«Аёллар дафтари»дан чиқариш масаласи 2022 йилнинг 30 декабрь куни бўлиб ўтган Халқ депутатлари туман кенгашининг 66-сессияси кун тартибига киритилмаган эди.

Кенгаш раисининг «Вилоятда фақат бизнинг туман қолибди, туманимиз шаънига яхши бўлмайди», деб билдирган таклифи кўпчилик депутатларнинг ҳақли эътирозига сабаб бўлган бўлса-да, бу масала ихтиёрий-мажбурий тарзда мазкур сессия кун тартибига киритилди.

Шу боис, туман оила ва хотин-қизлар бўлими бошлиғи Г.Каримованинг дафтардан чиқариш бўйича берган юзаки ахборотига ҳам эътирозлар кўп бўлди.

Сессияда бирданига 4974 нафар хотин-қизларнинг ижтимоий ҳолати, турмуш тарзи ўрганилмай дафтардан чиқаришга розилик берилгани чиндан ҳам таассуфлидир.

Сессиядан кейин депутатлар Кенгашига тақдим қилинган рўйхатдан чиқарилган хотин-қизларнинг муаммолари юзасидан баъзи маҳалла фуқаролар йиғини кесимида ўрганишимиз давомида ғоят ачинарли ва ташвишли ҳолатларнинг гувоҳи бўлдик.

“Обод” МФЙда яшовчи 59 нафар ёрдамга муҳтож хотин-қизларнинг барчасини рўйхатдан чиқариш учун гўёки “мактабга”, “ошхонага” фаррошлик, “агропиллага қурт боқувчи”, “Баҳодир Лоғон” МЧЖга ишга жойлаштирилди”, “15-сотих ер берилди” каби ёлғон маълумотлар асос қилиб келтирилган.

Масалан, У. Собирова “Тумандаги касбга тайёрлаш марказида тикувчилик соҳасига ўқитилди”, деб ёзилган. Суҳбатлашганимизда эса у ҳамон ишсиз эканлиги, уни ҳеч ким ўқишга таклиф қилмагани аён бўлди.

Т.Алимовага қоғозда “Тикув машинаси берилди”, деб ёзилган, М.Ҳайитовага эса гўёки “Дилкушо” МФЙ ҳудудидан ўн йилга ижарага ер ажратилган. Хотин-қизлар билан суҳбатлашганимизда мазкур маълумотлар ёлғон экани фош бўлди. 

“Қораянтоқ” МФЙда 70 нафар хотин-қизлар рўйхатдан чиқарилган бўлиб, Ф.Тошибоева, Ш.Олтинбоеваларга 15 сотихдан ер берилгани кўрсатилган. Ваҳоланки, уларнинг ўзлари бундан бехабар. Ҳеч қандай ёрдам кўрсатилмаган.

К.Қобилова, Е.Маматова, Х.Садихоновалар эса гўёки “Ишга марҳамат мономарказига ўқишга йўналтирилган”, “ўзини ўзи банд қилган”. Амалда ҳеч бири адо этилмаган. Рўйхатдан жой олган И.Ўринова, Ф.Мамажонова, О.Мусаева, Ш.Мўминова, Э.Сарибоевалар ҳам “ўзини ўзи банд қилгани”, “15 сотихдан ер берилгани”, “63-мактабга ишга жойлаштирилгани”, “80 ёшдан ўтган қайнонасига қараши” сингари “таърифлар” билан дафтардан чиқарилган. МФЙ масъулларининг маълумотига кўра эса, улар пилла қурти боқишга банд қилинган.

“Юқори Водил” МФЙ ҳудудида яшовчи С.Хабилдинованинг Хоразм вилоятига турмушга чиқиб кетгани рўйхатдан чиқаришга асос сифатида кўрсатилган, лекин ўрганишларимиз давомида бу дастак ёлғон бўлиб чиқди. Т. Мирзаевага 1 200 000 сўм моддий ёрдам берилгани қоғозда ёзилган бўлса-да, у пулни олмай вафот этгани аниқланди.

“Сойбўйи” МФЙда рўйхатга олинган 73 нафар ёрдамга муҳтож хотин-қизларнинг 32 нафари “Агропиллага ишга банд қилинди”, деб рўйхатдан чиқарилган. Лекин Агропилла корхонаси тақдим қилган 1431 нафар пиллага банд қилинганлар рўйхатидан уларнинг исм-фамилиялари топилмади.

“Бирдамлик” МФЙда 73 нафар рўйхатга олинган хотин-қизларнинг 18 нафари ҳам мазкур корхона билан боғланган. МФЙ етакчилари қўлидаги маълумотларда эса уларга “15 сотихдан ер ажратилгани”, “тикув машинаси берилгани”, яна бири Хоразмга турмушга чиқиб кетгани кўрсатилган.

“Янги аср” МФЙда яшовчи Д.Умарова II гуруҳ ногирони, 2 та вояга етмаган фарзанди бор. Меҳнатга лаёқатсиз бўлгани учун 15 сотих ер олишдан бош тортган. Лекин валломатлар “ер берилди” деб ёзгани кас­рига болалари учун берилаётган нафақаси тўхтатилган ва дафтардан чиқарилган.

Хотин-қизларнинг муаммосини аниқлаш ва кўрсатиладиган ёрдам турини белгилаш лозим бўлган Индивидуал дастурлар, “Йўл xapита”лари “хўжакўрсинга” тузилган. Қоғозда ҳаммаси “беш”, лекин реал ҳолат билан танишганда бунинг батамом аксини кўриш мумкин. Ҳужжатлардаги чалкашликлар, сохтакорликларнинг адоғи йўқ.

Вазирлар Маҳкамасининг 2022 йил 31 мартдаги “Хотин-қизлар муаммоларини ўрганиш ва ҳал этиш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги 145-сон қарор ва шу қарор билан тасдиқланган “Аёллар дафтари”ни юритиш орқали хотин-қизлар муаммоларини тизимли равишда ҳал этиш ва уларни ижтимоий кўллаб-қувватлаш тартиби тўғрисидаги Низом”да “Аёллар дафтари”дан чиқариш тартиби белгиланган. Унга кўра, ёрдамга муҳтож хотин-қизларнинг Индивидуал дастурга киритилган масалалари тўлиқ ҳал этилиб, ўзини ўзи таъминлаш даражасида мукаммал даромад манбаига эга бўлсагина дафтардан чиқарилади.

Ҳар йил якунида муаммолари ҳал этилган-этилмаганидан қатъий назар ҳаммасини рўйхатдан чиқариш ҳақидаги қоида Низомда кўрсатилмаган бўлса-да, унга зид иш қилинди. Ваҳоланки, сектор раҳбарлари, оила ва хотин-қизлар бўлими бошлиқлари “Аёллар дафтари”га маълумотларни киритиш ва чиқариш, уларнинг хаққонийлиги бўйича шахсан жавобгар ҳисобланадилар.

Ёрдамга муҳтож хотин-қизларни ёппасига рўйхатдан чиқаришга розилик берилгани туманимизга шараф келтирдими-йўқми, билмайман, лекин шуниси аниқки, сохта ҳужжатлар асосида 4974 нафар хотин-қизларни рўйхатдан чиқаришга розилик бериб, сессия хатога йўл қўйди.

Назиржон ИСАҚОВ,

Халқ депутатлари Фарғона туман кенгаши депутати, ҳуқуқшунос.

ТАҲРИРИЯТДАН:
Муҳтарам Халқ депутатлари Фарғона туман кенгаши депутатлари, халқ вакиллари! Сиз унсиз розилигингиз ёки бир гажакдор имзойингиз билан туманингиздаги беш мингга яқин (!) хотин-қизни бирваракайига рўйхатдан чиқариб ташлабсиз. Наҳотки, уларнинг ҳар бирининг тақдири билан қизиқишингизга, амалда аҳволи қандайлигини суриштириб, текшириб кўришга ҳафсала қилмадингиз? У шўрлик­ларнинг юзига қандай қарайсиз энди? Ахир бу фармойишингиз аслини олганда уларнинг оғзидаги сўнг­­ги бурда нонни тортиб олиш билан баробар эмасми? Аввал шароит яратинг, иш, ўзини ўзи таъминлаб яшай олишига имконият беринг, ана шундан сўнг чиқаринг эди рўйхатларингиздан! Ё қорни тўқнинг қорни оч билан иши бўлмас замонлар келдими? Лекин сизлар депутатсиз, халқ хизматкорисизлар-ку! Инсофсизлик шунчалик бўлурми?.. Сизлар тепага ёлғон ҳисоботлар бериб, кимни алдаяпсиз? Ўзингизни сайлаган элними? Ўзбекистон халқиними? Нимага эришасиз бу билан?
Уят эмасми, ноиб жаноблар?
Ҳар қалай, сизларда таҳририятга мақола муаллифини қоралаб, “душман”га чиқариб эмас, холис, ҳаққоний жавоб ёзишга журъат ва ирода етар, деган умиддамиз.

Tegishli xabarlar

МУСТАҚИЛЛИГИНГ АБАДИЙ БЎЛСИН, ОНА ХАЛҚИМ!

admin

ТАНИШ-БИЛИШ ИЛЛАТМИ? ёхуд ижтимоий юксалиш қонуниятлари  нимада? (2-мақола)

admin

Улуғ алломанинг мангулик тафаккури

admin