ADOLAT 24

ЗЎРАВОН ҚОТИЛЛАРГА ШАФҚАТ БЎЛМАСЛИГИ КЕРАК!

Тошкент шаҳрининг Янгиҳаёт туманида Муслима исмли 12 ёшли қизалоққа нисбатан содир этилган зўравонлик ва қотиллик барчанинг юрагини вайрон қилди ва жунбушга келтирди.

Бу воқеа Ватанимиздаги ҳеч бир кишини бефарқ қолдирмаслиги керак! Зеро, бу биринчиси эмас! Лекин охиргиси бўлиши керак!

Яқин-яқингача Ўзбекистонда кечаю кундуз хавфсиз юриш мумкин, деб ўйлардим. Ҳозир эса ҳар куни турли совуқ хабарларни ўқийвериб ҳақиқатда жиддий чора-тадбирлар кўриш керак, деб ўйладим. Тонг ғира-ширасида, шом қоронғусида ишга, ўқишга кетаётган, қайтаётган аёллар, ёш қизчаларни кўп кўраман. Ичимда “илоҳим хавфсиз бориб қайтишсин”, деб қўяман.

Бу мудҳиш жиноят эса куппа-кундуз куни рўй бермоқда. Демак, 12 ёш қизни олиб кетиб, зўрлаб, ўлдириш учун жиноятчи ҳеч нарсадан қўрқмаяпти! Демак, жиноят оқибатлари унча хавфли эмас, деб билади.

Одамлар орасида “Қўрқса ҳурмат қилади”, деган гап бор. Бу эса юқоридаги каби жиноятларга нисбатан жиноий жавобгарликни ошириш ҳаё­тий заруратга айланганини кўрсатади. Жиноятчи оқибатидан қўрқсагина мудҳиш хатти-ҳаракатдан ўзини тияди. Балки, бугун ўша жиноятчининг ота-онаси ҳам уни “оппоғим, юмшоғим” деб жазони енгиллатишни ўйлаб ётишгандир…

Воқеа муносабати билан юртдош­ларимиз ижтимоий тармоқларда ўз муносабатларини билдирдилар. Кўпчилик ўлим жазосини тиклаш керак деган фикрни илгари сурди. Қонунчилик палатаси депутати, фракциямиз аъзоси Қодир Жўраев эса жинсий характердаги жиноятлар, хусусан, педофилия учун кимёвий кас­трацияни жорий қилиш масаласини ўйлаб кўриш ва хорижий мамлакатлар тажрибасини ўрганиш ҳақида ўз телеграм каналида ёзди.

Жаҳондаги кўплаб давлатлар таж­рибасини ўрганадиган бўлсак, вояга етмаган шахслар, ёш болаларга нисбатан зўравонлик ва қотиллик учун қонунчиликда жуда қаттиқ жазолар белгиланганини кўрамиз. Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексини ҳам қайта кўриб чиқиш, бундай турдаги жиноятлар учун оғирлаштирувчи нормаларни киритиш вақти келди. Қонун асосида бир йўла ва бутунлай бундай иллатлардан қутулиш керак.

Қотил-ку белгиланган жазони ўтаб бир кун ҳаётга тирик қайтар. Аммо биз Муслимани энди қайтара олмаймиз! Ота-онасининг вайрон бўлган қалбини тиклай олмаймиз!

Ушбу воқеа бугун минглаб воқеа­ларнинг бизга ошкор бўлган биригина бўлиши мумкин. Ҳаётдан кўз юммаган бўлса ҳам, зўравонлик қурбони бўлиб, ҳаёти, руҳи синиб кетган қизалоқлар минглаб бўлиши мумкин. Энди бефарқ қараб туриб бўлмайди.

Қонунчилигимизда бундайларга шафқат бўлмаслиги керак!

Гулбаҳор Саидғаниева,

Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги

«Адолат» СДП фракцияси аъзоси

Tegishli xabarlar

“Ухлатилган” божа

admin

ОДДИЙ ОДАМЛАР БИЛАН КЎПРОҚ МУЛОҚОТ АСОСИДА ҚАБУЛ ҚИЛИНГАН ҚАРОРЛАР ИСТИҚБОЛЛИ БЎЛАДИ

admin

Ўзи емас, бировга ҳам бермаслар

admin