ADOLAT 24

Ўзбекистон ва Қирғизистон алоқалари мустаҳкамланмоқда

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Қирғиз Республикасига расмий ташрифи якунланди. Олий даражадаги музокаралар кун тартибидан Ўзбекистон – Қирғизистон дўстлик, яхши қўшничилик ва стратегик шериклик муносабатларини янада мус­таҳкамлаш масалаларининг кенг доираси ўрин олди. Шунингдек, ўзаро савдони кўпайтириш, саноат кооперацияси дастурларини қўллаб-қувватлаш ва минтақавий инфратузилма лойиҳаларини илгари суришга алоҳида эътибор қаратилди.

Ташриф арафасида Бишкек шаҳрида икки мамлакат ҳукуматлари аъзолари, тегишли вазирлик, идоралар, тармоқ бирлашмалари, ҳудудий маъмуриятлар раҳбарлари, ишбилармон доираларининг 350 дан ортиқ вакиллари иштирокида ўтказилган «Қирғизистон – Ўзбекистон» бизнес форумида 1,6 млрд. доллардан ортиқ қийматдаги 50 дан зиёд ҳужжатлар, жумладан, 300 млн. долларлик инвестиция келишувлари ва 1,3 млрд. долларлик савдо шартномалари имзоланганининг ўзиёқ ташрифга нечоғлик катта тайёргарлик кўрилганлигидан далолат беради.

Тан олиш керак, ҳозирда икки қўшни мамлакат ўртасида кўп қиррали алоқалар яхши йўлга қўйилган. Самарали ҳамкорлик замирида икки мамлакат миллий манфаатлари ҳамда давлат раҳбарларининг ўзаро ишончга асосланган доимий мулоқоти мужассам бўлмоқда.

Икки мамлакат ўртасида дипломатик алоқалар 1993 йилда ўрнатилган бўлиб, шундан бери ўзаро муносабатларни тартибга солувчи 213 та ҳужжат қабул қилинган. Улар орасида 1996 йил 24 декабрдаги Абадий дўстлик тўғрисидаги шартнома ҳамда 2017 йил 5 октябрдаги Стратегик шериклик, дўстлик, яхши қўшничилик ва ишончни мустаҳкамлаш тўғрисидаги декларацияни алоҳида тилга олиш лозим.

Ҳозирда ўзаро ҳамкорлик кўплаб соҳаларда ривожланиб, стратегик шерикликнинг янги даражасига кўтарилди. Борди-келди алоқалар мисли кўрилмаган даражада ривожланмоқда.

Савдо-иқтисодий муносабатлар ҳам динамик тарзда ўсиб бормоқда. 2016 йилдан 2022 йилгача бўлган даврда Ўзбекистоннинг Қирғизистон билан товар айланмаси 7 баробарга ўсиб, 167,5 миллион доллардан 1 миллиард 260 миллион долларга етди. Яқин йилларда мамлакатлар бу кўрсаткични 2 миллиард долларга етказишни режалаштирмоқда.

Бунга эса цемент, кўмир, рангли металлар, қишлоқ хўжалиги ва тўқимачилик маҳсулотлари, кимёвий ўғитлар, маиший ва савдо ускуналари, фармацевтика маҳсулотларини ўзаро етказиб беришни кўпайтириш эвазига эришиш мумкин.

Икки мамлакатнинг кўп қиррали ҳамкорлигида парламентлараро алоқалар ҳам муҳим ўрин тутади. Ўзбекистон Респуб­ликаси Президентининг 2017 йилда Қирғизистонга ташрифи давомида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси ва Қирғиз Республикаси Жоқоргу Кенеши ўртасида парламентлараро ҳамкорлик бўйича меморандум имзоланди.

Парламентлар ўртасидаги ҳамкорликни юқори даражага олиб чиқиш мақсадида 2020 йилда Парламентлараро комиссия ташкил қилинди. Бугунги кунга қадар мазкур Комиссиянинг 2 марта (2018 йилда Фарғона шаҳрида ва 2019 йилда Ўш шаҳрида) йиғилиши бўлиб ўтди.

Мамнуният билан қайд этиш жоизки, Ўзбекистон Республикаси Президентининг бу галги ташрифи икки мамлакат ўртасидаги чегара масалалари узил-кесил ҳал қилинган бир даврга тўғри келмоқда.

Маълумки, Ўзбекистон ва Қирғизистон ўртасида узунлиги 1380 километрдан иборат чегара узоқ вақт мобайнида делимитация ва демаркация қилинмасдан келаётган эди. Фақатгина 2017 йилга келиб, Ўзбекистон Республикаси Президентининг Қирғизистонга амалга оширган илк ташрифи мобайнида Ўзбекистон – Қирғизистон давлат чегараси тўғрисида шартнома имзоланди. Унга кўра ўзаро чегаранинг салкам 85 фоизи белгилаб олинди.

Мазкур шартнома имзолангандан сўнг Ўзбекистон – Қирғизис­тон чегарасида 18 та назорат пункти очилди. Бу эса икки мамлакат фуқароларига анча қулайлик яратди.

Шундан сўнг, 2017-2022 йиллар мобайнида чегаранинг қолган 15% (баҳсли) участкаларида делимитация ва демаркация қилиш ишлари олиб борилди. Ҳар икки томондан ҳам алоҳида комиссия тузилиб, гоҳ Ўзбекистонда, гоҳ Қирғизистонда, бир неча бор учрашув ва музокаралар ўтказилди. Таъкидлаш жоизки, комиссия ўта мураккаб масалаларни кўриб чиқди ва катта натижаларга эришди.

Ниҳоят, 2022 йилнинг 3 нояб­рида Бишкек шаҳрида Ўзбекис­тон Республикаси билан Қирғизистон Республикаси ўртасида ўзбек – қирғиз Давлат чегарасининг алоҳида участкалари тўғрисидаги Шартнома ҳамда Андижон (Кампиробод) сув омбори сув ресурсларини биргаликда бошқариш тўғрисида алоҳида битим имзоланди.

Мазкур шартномага мувофиқ ўзбек – қирғиз Давлат чегарасининг 35 та участкаларини ўз ичига олган умумий узунлиги 302,29 км бўлган чегара чизиғини делимитация қилиш ишлари якунига етказилди.

2022 йилнинг декабрь ойида ушбу шартнома ва битим ҳар икки мамлакат парламентлари томонидан ратификация қилинди.

Шубҳасиз, қирғиз – ўзбек чегарасининг алоҳида участкалари тўғрисида шартноманинг ҳамда Андижон (Кампиробод) сув омбори сув ресурсларини биргаликда бош­қариш тўғрисида битимнинг имзоланиши ва ратификация қилиниши икки мамлакат ўртасидаги сиёсий, савдо-иқтисодий, сармоя­вий, транспорт, минтақалараро, маданий-гуманитар ҳамда парламентлараро алоқаларни янада кенгайтиришга, нафақат Ўзбекистон ва Қирғизистон, балки бутун Марказий Осиё минтақаси барқарор тараққиётига ижобий туртки беради.

Қодир ЖЎРАЕВ,

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Халқаро ишлар ва

парламентлараро алоқалар қўмитаси раисининг ўринбосари

Tegishli xabarlar

ЮРАК-ҚОН ТОМИР КАСАЛЛИКЛАРИНИНГ ОЛДИНИ ОЛИШ ВА ДАВОЛАШ СИФАТИНИ ОШИРИШ ЧОРА-ТАДБИРЛАРИ ТЎҒРИСИДА

admin

Ибрат

admin

ТАНИШ-БИЛИШ ИЛЛАТМИ? ёхуд ижтимоий юксалиш қонуниятлари нимада?  (Биринчи мақола)

admin