ADOLAT 24

КОМИЛЛИК ЙЎЛИ

Инсон кўп умр кўриб ҳам комиллик, етуклик мақомига эришиши қийин. Бундай даражага эришиш ҳар кимга ҳам насиб этавермайди. Унга эришиш учун, аввало, одам ўзида энг ибратли хислатларни — Ватанни, ота-онани жон- дилдан севиши, меҳнатсеварлик, ҳушмуомалалик, чуқур билим, ҳурмат-эҳтиром, меҳр-муҳаббатни шакллантириши лозим. Ана шундагина у етук инсон бўла олади.

Кўҳна қалъалар сирдоши, жонфидо раҳбар, ёшларнинг севимли устози, ижодкорларнинг меҳрибон дўсти ва маслакдоши, санъатсевар Неъматулла Худойберганов ана шундай инсонлардан бири. Ундаги ибратли фазилатларни санаб адоғига етолмайсиз.

Неъматулла билан ўтган асрнинг 80-йиллари ўрталаридан танишмиз. Мен республика ёшлар газетасида бош муҳаррирлик қилган пайтларим. Ўшанда у Вазирлар Маҳкамасида масъул лавозимда ишларди. Бунгача у Қорақалпоғистоннинг асрлар бўйи қақраб ётган чўлу биёбони Элликқалъа даштларини ўзлаштиришда ёшларга бош бўлиб суяги қотган, сўнгра ўша ҳудуддаги етакчи қурилиш ташкилотларида ва туман бошқарувида раҳбарлик лавозимларида ишлаб, ўзининг нималарга қодирлигини амалда кўрсата олган қирчиллама йигит эди. Ўша пайтдаёқ ундаги интилишни, ўз устида тинмай изланишни, билимга чанқоқликни, замонавий дунёқарашни шакллантириб, бойитиб бориш хислатларини ўзаро суҳбат ва мулоқотларда ҳис қилганман.

У газетамизнинг ашаддий мухлиси эди. Ҳар бир сонидаги долзарб мақолаларни синчиклаб ўқир, ўша куниёқ қўнғироқ қилиб ўзининг фикр-мулоҳазаларини билдирарди. Гоҳида ишга эрта келиб, газетани дўкондан сотиб олиб, мутолаа қилиб, ёқиб қолган мақолалари юзасидан ҳаяжонланиб қўнғироқ қиларди. Мен бош муҳаррир бўла туриб, чоп этилгандан сўнг нашрни кўздан кечирмасимдан ундан жўяли фикр-мулоҳазаларни эшитардим. У газетанинг ҳақиқий “фанати” эди.

Мустақилликдан сўнг у яна Элликқалъага бош раҳбар — ҳоким бўлиб қайтди. Раҳбарлик, етакчилик унга бобо мерос, Хива хони Ферузшоҳ даврида бобоси Муҳаммадҳожи Аминиддин ўғли ва катта бобоси Аминиддин Ёқуб ўғли Хонқа беклигида ҳоким бўлганлар. Қонида жўш уриб турган ана шу фазилат Неъматуллани янги замонда, мустақиллик даврида боболарининг эзгу-ниятларини амалга ошириш учун унинг ғайрат-шижоатини янада оширди, кучига куч қўшди. У бир туманда қарийб 20 йил бош раҳбар сифатида, фаол ёшлар етакчиси ва қурилиш трестида ишлаган даврларини ҳисобга олганда 34 йил фаолият юритиб, дашту биёбоннинг гуллаб-яшнаган ҳудудга айланишига улкан ҳисса қўшди.

Чўл қўйнида янги, гўзал Бўстон номли шаҳар бунёд бўлди. Замонавий Амфитеатр, Ботаника боғи, Санъат ва тиббиёт коллежлари, Ақчакўл оромгоҳи сингари халқ корига ярайдиган, ёшларнинг орзу-умидларини рўёбга чиқарадиган илм-маърифат масканлари қад ростлади.

Туманда кўплаб миллий-маърифий анжуманлар ташкил этилди. Туман ҳокимининг ташаббуси билан икки йилда бир марта ташкил этилган устоз ва шогирд ижодкорларнинг “Ақчакўл илҳомлари” учрашувидаги мушоирада хоразмлик истеъдодли шоир Матназар Абдулҳакимнинг ўқитувчига бағишланган шеъри уни мафтун этди. Устозларнинг фидойилиги, шогирдларига бўлган меҳр-муҳаббати, билим йўлидаги заҳматли тақдирлари унинг хаёлидан кетмади. Кеча-ю кундуз шеърий сатрлар қалбида чарх урар, шоирдан олиб қолган ижод намунасини қайта-қайта ўқиб, гоҳида мижжа ҳам қоқмай тонг орттирарди. Ахири бир фикрга келди. Устоз муаллимга бирор-бир ёдгорлик ўрнатиш фикри дилидан муқим жой олди.

У ҳайкалтарош излаб топиб, ўзининг фикрини билдирди, шоирнинг шеърини ҳам унга тақдим этди. Шу асосда Бўстон марказида “Устоз муаллимга таъзим” ҳайкали дунёга келди. Бу ёдгорлик айни пайтда республикамизда фидойи ўқитувчиларга бағишлаб ўрнатилган ягона ёдгорликдир.

Неъматулла санъатсевар инсон сифатида ҳам халқнинг тилига тушган. У буюк ҳофиз, бир неча республикалар Халқ артисти Отажон Худойшукуров хотирасига ва бой меросига бағишлаб ўтказиладиган ўзига хос кўрик-танловга ҳам асос солди. Бу анъанавий кўрик-танлов қанчадан-қанча истеъдодларни кашф қилди, не-не ёш санъаткорлар учун маҳорат мактаби бўлди.

Ҳозирги кунда китоб излаётган одамни топиш қийин. Лекин китобни ўзига яқин дўст, маслаҳатгўй, билим манбаи деб билувчи инсонлар ҳам бор. Шундай китобхонлардан бири Неъматулла.

Бир куни телефон қўнғироғи бўлди.

Дарров танидим, бу Неъматулла эди.

Сўрашдик, омон-эсонликдан сўнг мақсадга кўчди:

– Газетада ўқиб қолдим, халқимизнинг буюк шоири Алишер Навоийнинг кўп жилд­­ли асарлар тўплами нашр қилинаётган экан, бир жамланмани топса бўладими?

Ана, қаранг, айримлар китоблардан узоқлашаётган бир пайтда у китоб изласа. Бу ҳақиқий зиёлининг иши, ҳаёти, орзу-умиди.

Неъматулла раҳбарлигида амалга оширилган ишлар, қишлоқ хўжалигида қўлга киритилган ютуқлар, туман маданий-маърифий ҳаётидаги улкан ўзгаришларни санаб саноғига етолмайсиз. Унинг энг ноёб фазилати меҳмондўстлиги, чин одамийлик хислатлари. Буларга гап йўқ. Оилапарварлиги ҳам энг юксак даражада. Умр йўлдоши Гулнорахон ҳам ўзига ўхшаш тиниб-тинчимас аёл – шифокор, ўғил-қизлари зиёли, олий маълумотли етук мутахассис бўлиб етишганлар.

Тарих ўз-ўзидан яралмайди. Уни таниқли олимлар, санъат-маданият намоёндалари, машҳур ижодкорлар, захматкаш раҳбарлар ва фидойи зиёлилар яратишади. Ана шундай комил инсонлар орасида Қорақалпоғистоннинг Тўрткўл туманида туғилиб камолга етган Неъматулла Худойберганов ҳам борлигидан фахрлансак арзийди. У шундай ибратли номга муносиб фарзанд, ҳозирги кунда ҳам юзлаб талабаларнинг севимли устози, халқимизнинг садоқатли ўғлони. Севимли шоиримиз Омон Матжон “Хоразмда Амударё бўйларида баланд чўққили тоғлар йўқ, лекин улардан ҳам баланд инсонлар бор” деганида Неъматулла Худойбергановдай одамларни кўзда тутган бўлса ажабмас…

Жаббор РАЗЗОҚОВ,

Ўзбекистонда хизмат кўрсатган журналист

Tegishli xabarlar

ЖАЗО КУЧАЙМОҚДА: жарима 12 баллдан ошса, ҳайдовчи транспорт бошқариш ҳуқуқидан маҳрум этилади

admin

Меҳр

admin

ТАЛОНЧИЛар тумшуғидан илинди

admin