ADOLAT 24

Қардош икки миллат дўстлиги абадийдир

Қорақалпоғистон Республикасининг Нукус шаҳрида айрим фитначи кимсалар томонидан уюштирилган ноқонуний намо­йишлар нафақат Қора­қал­поғистонда, балки Ўзбекистонда ҳам тинчликни издан чиқаришга қаратилгани, ўзбек ва қорақалпоқ халқлари ўртасида азалий дўстликка совуқчилик туширишга уриниш эканлиги олдиндан аён эди. Буни ижтимоий тармоқларда асоссиз, мантиқсиз, енгил-елпи фейк маълумотлардан кўриб турибмиз.

Халқ билан мулоқот қилиш мақсадида Президент Шавкат Мирзиёев 2 июль куни Нукус шаҳрига ташриф буюрди. Шу куни Қорақалпоғистон Рес­публикаси Жўқорғи Кенгеси депутатлари ва фаоллар билан учрашувда чиқиш қилиш орқали бу фитнанинг олдини олиш бўйича жуда тўғри қарор қабул қилинди. Унда XVII бобдаги 70-71-72-74-75 моддалар халқ хоҳиш-истаги билан ўзгармасдан, ўз ҳолича қолади, дейилди. Бу ўта доно хулоса бўлди.

Узоқ асрлар мобайнида ўзбек ва қорақалпоқ халқлари ҳақиқий оға-иничилик фазилатларига асосланиб, ўзаро муносабатларини шакллантириб келган. Бу икки қавм маънавий-руҳий яқинлигини белгилайдиган асосий омил ва маданиятлар муштараклиги, уларнинг ўзаро яқинлиги эди. Дарҳақиқат, тиллар яқинлиги диллар яқинлигига олиб келади. Маданиятлар бир-бирини бойитади. Қадимий маданият намуналари, умуммиллий қад­риятлар, жондошу қондош бўлган ҳар икки миллат учун тарихий аҳамиятга эга анъаналар шаклланди. Шу асосда иқтисодий ҳамкорлик, ягона иқтисодий макон, ягона мақсад вужудга келди. 

Кейинги 5-6 йил ичида Қорақалпоғистонда юз берган ижобий ўзгаришлар жуда катта: кўпдан-кўп янги корхоналар, обод шаҳарлар, қишлоқлар, маҳаллалар барпо этилди, Орол денгизининг қуриб қолган қисми ўзлаштирилмоқда, Янги Мўйноқ дунёга юз очди, Нукус шаҳри ободонлаштирилмоқда, қорақалпоқ тили, маданияти, санъати, таълим тизими, фани ривожига катта эътибор қаратилмоқда.

2022-2026 йилларда Қорақалпоғистон Респуб­ликаси ҳудудларини комплекс ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш ва аҳоли турмуш даражасини янада яхшилаш назарда тутилмоқда. Ўзбекистон Республикаси Президенти ташаббуси билан Янги Ўзбекистонда Янги Қорақалпоғистонни бунёд этиш йўлида амалга оширилаётган ислоҳотларни халқ билан бамаслаҳат ва биргаликда амалга ошириш муҳимдир.

Хулоса ўрнида, Нукусдаги воқеалар ташқи кучларнинг мафкуравий таъсири экан, унга қарши фақат теран ақл, оғир-вазминлик, соф тафаккур ва мустақил таҳлилий фикр юритган ҳолда тинчликни сақлаб қолиш зарур. Тинчлик энг олий неъматдир. Тинчлик ҳукм сурган юртда ривож­ланиш ва инсон қадри улуғ бўлади. Биз икки қардош миллатмиз, ўзлигимизга ҳеч бир ташқи куч рахна солишига йўл қўймаслик ҳар биримизнинг фуқаролик бурчимиз ҳисобланади.

Tegishli xabarlar

Муаммонинг ечими топилди

admin

“Адолат” СДП янги таҳрирдаги Конституция аудио китобини тақдим этди

admin

Коррупцияга қарши кураш: Давлат дастури яратилди

admin