Ўзбекистонда конституциявий ислоҳотлар юз бераётган айни кунларда «Адолат» СДП томонидан жойларда, партиянинг турли бўғинларида, республикамиздаги турли вазирлик ва ташкилотларда фаоллар, ёшлар ва хотин-қизлар иштирокида конференциялар, давра суҳбатлари, маънавий-маърифий тадбирлар ташкил этилиб, фуқароларимизга кун тартибидаги асосий масала юзасидан атрофлича маълумот бериш баробарида, уларнинг фикр ва таклифлари ўрганилмоқда.

Айни шу мақсадда партия Сиёсий Кенгаши Марказий аппарати ташаббуси билан Ўзбекистон Республикаси Жамоат хавфсизлиги университетида “Конституциявий ислоҳотлар – инсон шаъни ва қадр-қиммати учун” мавзусида тадбир ташкил этилди.

Янги Ўзбекистоннинг тараққиёт стратегиясида белгиланган кенг кўламли вазифаларни ҳаётга татбиқ этиш ҳамда мамлакатимиздаги сиёсий ислоҳотларда фуқароларимизнинг хоҳиш-истакларини акс эттириб, ташаббускорлигини таъминлаш, қолаверса, уларнинг Ўзбекистон Республикаси Конституциясига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш борасидаги таклифларини ўрганишни мақсад қилган ушбу тадбирда Жамоат хавфсизлиги университети раҳбарияти, профессор-ўқитувчилар, талабалар ва курсантлар, “Адолат” СДП Сиёсий Кенгаши Марказий аппарати ходимлари, жамоатчилик вакиллари ҳамда ОАВ ходимлари иштирок этишди.

Ўзаро савол-жавоблар, мунозараларга бой бўлган тадбирда партия фаоллари фикр-мулоҳазалари тингланиб, давлат ва жамият тараққиётига дахлдор қатор таклифлари олинди.

Жамоат хавфсизлиги университети махсус факультети бошлиғи Ойбек Турғунов:

– Ушбу тадбирдан кўзланган асосий мақсад Конституциямизга киритилаётган ўзгартиришларга давлат ва жамият ривожига дахлдор таклифларни тақдим қилишдан иборат. Биламизки, «Адолат» социал-демократик партияси жамиятда қонун устуворлигини таъминлаш, фуқаролар ҳуқуқий эркинликларини мустаҳкамлаш борасида самарали фаолият олиб бормоқда. Шунинг учун ҳам бугун партия билан ҳамкорликда ташкил этилган ушбу тадбиримизда муҳим таклифлар ўртага ташланди. Улардан бири, Конституцияга «жамоат хавфсизлиги» тушунчасини киритиш орқали Бош қомусимизнинг замон билан ҳамнафас бўлишини таъминлашга эришишдир. Биламизки, жамоат хавфсизлигини таъминлаш, фуқаролар ҳуқуқий эркинликларини мустаҳкамлаш, ҳар бир инсоннинг шаъни ва қадр-қимматини ҳимоя қилиш, давлатнинг асосий вазифаларидан бири ҳисобланади. Шундай экан, юқорида таклиф этилаётган норманинг Конституциямизда белгилаб қўйилиши бугунги давр учун жуда ҳам ўринли бўлиши билан бир қаторда, жамоат хавфсизлиги тушунчаси, жамоат хавфсизлигини амалга оширувчи субъектлар, уларнинг мақсад ва вазифалари, албатта, конституциявий жиҳатдан янада мустаҳкамланишига эришилади, деб ўйлаймиз.

Тадбирда Ўзбекистон Республикаси Конституциясига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш бўйича таклифларни «Менинг конституциям» платформаси қабул қилаётганлиги тўғрисида сўз юритилиб, фуқаролар ўз фикр-мулоҳазаларини нафақат онлайн платформага, балки маҳаллалар, халқ депутатлари Кенгашлари, 1341 call-маркази, почта, шу жумладан, электрон почта ҳамда телеграм махсус боти — @meningkonstitutsiyam_bot орқали юборишлари мумкинлиги ҳақида маълумотлар берилди.





“Адолат” СДП матбуот хизмати